Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:16

OzodDayjest: Россиянинг Украинага босқини ўзбекистонликларга ҳам қимматга тушиши мумкин


Украинага бостириб кирган рус танкларидан бири.
Украинага бостириб кирган рус танкларидан бири.

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан жорий этилаётган санкциялар товонини фақат руслар эмас, оддий ўзбекистонликлар ҳам ўз чўнтагидан тўлашга мажбур, дейди иқтисодчилар. ССВ ўринбосари Сенат раисидан дакки эшитди. Тарихий обида ва ёдгорликларга ҳурматсизлик қилганларга нисбатан қамоқ жазоси жорий этилмоқда. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

“Украинага агрессиянинг товонини ўзбекистонликлар ҳам тўлайди” – иқтисодчилар Россияга қарши санкциялар оқибати ҳақида

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан жорий этилаётган санкциялар товонини фақат руслар эмас, оддий ўзбекистонликлар ҳам ўз чўнтагидан тўлашга мажбур, дейди иқтисодчилар (www.gazeta.uz 2 март).

“Ўзбекистон иқтисодиёти республика ташқарисидан, айниқса РФдан келиб тушадиган пул ўтказмаларига ниҳоятда боғланган. Биргина 2021 йилнинг ўзида РФда ишлайдиган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Ўзбекистонга пул ўтказмалари 7,6 млрд долларга етиши кутилганди. Бу мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг деярли 12% га тенг. Бу жуда катта рақам. Мана шу пул оқимининг шартли 20%-30% га қисқариши (ва у қисқариш бошқа манбадан қопланмаслиги) мамлакатимиз иқтисодиётига салбий таъсир этади”, дейди иқтисодчи Ботир Қобилов.

Эксперт Миркомил Холбоев ҳам шундай фикрда.

“Россиядаги инқироз асосан аҳоли жон бошига ялпи даромади пастроқ бўлган вилоятларимиз учун оғирроқ зарба бўлиши мумкин. Чунки у ерлик мигрантларнинг аксарияти паст малакали, тил билмайдиган, аниқроғи, рус тилидан бошқа тилни билмайдиган мигрантлар бўлиб, асосий қисми Россияда фаолият олиб боради. Бу эса, айтайлик, ўша вилоятлар умумий даромади даражасига жиддий зарар етказиши мумкин”, дейди у.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 20 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади. Санкциялар эса бу кўрсаткичга таъсир этмай қолмайди.

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров молиявий жазо чоралари истеъмол маҳсулотлари нархи қимматлашувига олиб келишидан огоҳлантиради.

“Оддий ўзбекистонликлар истеъмолчи ўлароқ, аввало, истеъмол товарларида буни сезади. Ун, буғдой, ўсимлик ёғи, гўшт каби муҳим озиқ-овқатлар, металпрокат, ёғоч каби қурилиш материлаллари импортида низолашаётган тарафлар, қўшни транзит давлатларнинг ўрни юқори. Афсуски, бу уруш ўзи бусиз ҳам мураккаблашиб, қимматлашиб бораётган логистикани янада қимматлаштиради”, дейди эксперт.

“Ухлаб ўтирибсизлар” – ССВ ўринбосари Сенат раисидан дашном эшитди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Корея Миллий ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссияси илк йиғилишида масъулларни кескин танқид қилди (www.kun.uz, 28 февраль).

Йиғилишда Сенат раиси 2021 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича ваколатли ташкилотларни саволга тутди.

Ушбу ҳужжатга кўра, 2022/23 ўқув йилидан Жиззахда Корея билан ҳамкорликда тиббиёт университети фаолият бошлаши керак. Бироқ муҳокамаларда бу вазифага масъул соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги сусткашлик қилгани маълум бўлди.

Т.Норбоеванинг саволига жавобан соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов Жиззахда Корея тиббиёт университетини ташкил этиш топшириғи ҳақида эшитмаганини билдирган.

А. Иноятов Т. Норбоеванинг “Мажлисга тайёргарлик кўриб келмайсизларми?” деган танбеҳига “Вазиримиз “Сиз тез боринг, қатнашиб келинг” деганлари учун келдим”, дея жавоб қайтарган. Сенат раиси ССВ ўринбосарига дашном берган.

Корея университетини очиш вазифасига масъул иккинчи вазирлик – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вакилининг мажлисга кечикиб келгани ҳам Т.Норбоевани асабийлаштирган.

“Президентимиз у ёқда жон куйдириб бошқа давлатлар президентлари билан келишади, “у ишни қилайлик, бу ишни қилайлик”, дейдилар-да, бу ерда вазирликлар ҳали ухлаб ўтирибди. Ваҳоланки, сизлар бизга маълумот беришингиз керак эди. Ҳали иккалангиз бирор марта бир-бирингиз билан гаплашмабсизлар. Бу мутлақо қониқарсиз. Чора кўриш керак”, деган Сенат раиси.

Тарихий обида ва ёдгорликларга ҳурматсизлик қилганларга нисбатан қамоқ жазоси жорий этилмоқда

Кейинги йилларда айрим ёшларимизнинг миллий ва умуминсоний қадриятлар, муқаддас қадамжоларимизга нисбатан ҳурматсизлиги кучайди, деб ёзади “Миллий тикланиш” партиясининг шу номдаги расмий нашри 2 март куни сонида.

Аммо қонунчиликда бундай ҳаракатларга нисбатан етарлича жавобгарлик белгиланмагани боис ҳуқуқбузарларга нисбатан чора кўришнинг имкони бўлмаётган эди.

Жиноят кодексининг 132-моддасида бундай ҳуқуқбузарга нисбатан жавобгарлик белгиланган. Лекин бунда моддий маданий мерос объектларига катта миқдорда шикаст етказганларгина жазоланади, холос. Шу сабаб маданий мерос объектларига кам миқдорда зарар етказганлар арзимаган жарима билан қутулмоқда, деб ёзади нашр.

Қайд этилишича, “Миллий тикланиш” партиясининг парламентдаги фракцияси йиғилишида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилган.

Ушбу қонунга биноан тарихий обидаларга ҳурматсизлик қилганлар, бундай объектларга уятсиз сўзлар ёзиб, расм чизганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваргача миқдорда жаримага тортилади. Бир йил давомида такроран содир этилса, 15 сутка қамоқ жазоси тайинланади.

“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров ушбу қонун лойиҳаси партия мақсадларига ҳамоҳанг эканини қайд этиб, бундай шахсларга нисбатан муросасиз курашиш кераклигини таъқидлаган.

XS
SM
MD
LG