Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:25

OzodDayjest: Бир шишаси 500 минг сўмлик “олтин” сув Тошкент шаҳар ҳокимининг қизига тегишли экани айтилди


Ocard сувининг бир шишаси 515 минг сўм.
Ocard сувининг бир шишаси 515 минг сўм.

Таниқли тадбиркор ҳоким таклифи билан “Жеймс Бонд” бўлганини очиқлади. Актриса Раъно Шодиева илоҳий мўъжиза сабаб яна ҳаётга қайтгани ҳақида гапирди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Бухородаги кўҳна обида таъмири пайсалга солинмоқда


Бухоро шаҳрида XII асрда бунёд этилган Абдулазизхон мадрасаси ички ва ташқи деворларидаги миниатюралар турли услубда ишлангани билан мутахассислар эътиборига тушган. Аммо мазкур бебаҳо тарихий обидани реставрация қилиш пайсалга солинмоқда (“Ишонч” газетаси, 17 февраль).

2018 йилда меъморий ёдгорликнинг шарқий пештоқининг бир қисми ва ёндош ҳужралар қулаб тушган. Ёдгорликнинг бошқа қисмлари ҳам нураб бормоқда. Мадрасани консервация ва реставрация қилиш 2021 йил дастурига киритилганига қарамай, ҳозиргача бирон бир амалий иш қилинмади.

“Мадраса жуда мураккаб таъмирлаш, тиклаш ишларини талаб қилади. Айниқса, ундаги миниатюралар, безакларни тиклаш илмий экспертиза кенгашини тузишни ва ушбу кенгаш назоратида иш олиб боришни тақозо этади. Мадраса таъмири учун илмий экспертлар кенгаши қачон тузиладию консервация ва реставрация ишлари қачон бошланади?” дея мутасаддиларни саволга тутади “Ишонч” газетаси.

Ўтган ҳафта Бухородаги бошқа бир тарихий обида – XVI-XX асрларда бунёд этилган Чор Бакр ёдгорлик мажмуасининг муҳофаза ер участкалари кимошдига қўйилгани ошкор бўлган эди. Ушбу мажмуа ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш учун номзод сифатида кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 февраль куни моддий-маданий мерос объектларига зарар етказганлик учун жазо чораларини кучайтиришга қаратилган қонун кучга кирди.

Бош прокуратура томонидан мамлакат бўйича сўнгги уч йилда 320 та моддий маданий мерос объектида амалга оширилган таъмирлаш-тиклаш ишлари ҳужжатлари ўрганилган ва кўплаб қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.

Олтин зарраси қўшилган Ocard сув бренди Ортиқхўжаевнинг қизига тегишли экани маълум қилинди

Murad Buildings компанияси асосчиси Мурод Назаров Шоира Мирсодиқовага берган интервьюсида олтин зарраси қўшилган Ocard сув бренди Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қизига тегишли эканини маълум қилди (www.daryo.uz, 15 февраль).

Маълумот учун, Мурод Назаров Ocard сувига олинган реклама ролигида Жеймс Бонд ролини ижро этган.

Журналист Ш.Мирсодиқова тадбиркордан “Ocard учун рекламага тушдингиз. Сув ўзингизникими?” деб сўраган.

“Йўқ-йўқ, сув устозимиз Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қизлариники. Кўп жойлардан рекламага таклиф қилишади, қарамайман, биз актёр, реклама агентлиги эмасмиз. Лекин Ocard суви рекламасига биргина телефон қўнғироғида рози бўлганман”, дея ролик тарихини сўзлаб берган М.Назаров.

Тадбиркорнинг айтишича, Жеймс Бонд образида рекламага тушиш ғояси ҳоким Ж.Ортиқхўжаевдан чиққан. М.Назаров унинг сўровига кўра рекламада текинга ўйнаб берган.

“Икки кун вақтимиз кетган. Ҳаммаёғим қонаб, кўкариб кетганди. Каскадёрлардан фойдаланмадик, ўзим қилдим ҳаммасини. Бир ҳафта қонаб юрди, актёрларга ҳам осон эмас экан”, дейди М.Назаров.

Orginfo.uz маълумотларига кўра, Ocard савдо белгиси патенти 2021 йилнинг 23 март куни J-United Group МЧЖ томонидан рўйхатдан ўтказилган. Мазкур ширкат таъсисчиси эса Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳисобланади. Аввалроқ маҳаллий матбуот Ocard сувининг бир шишаси 515 минг сўм экани ҳақида хабар берган эди.

“Мени қутқариб қолиш варианти жуда кам эди”. Актриса Раъно Шодиева саратон хасталигига чалинди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари фаоли Раъно Шодиева саратон касаллигига чалинди. Актриса яқинда Туркияда мураккаб операцияни бошдан кечирган (www.qalampir.uz, 15 февраль).

“Тошкентдаман. Яқинда қайтдик. Яна бироз кимё терапия муолажаларини қабул қилишим керак. Саратон касаллигига чалинганларга мотивация бўлсин, ҳаётдан умидларини узмасинлар, деб бетоблигим ҳақида очиқ айтдим”, дейди актриса.

Маълум бўлишича, унда жуда кам учрайдиган жигар саратони хасталиги аниқланган.

“Соғлиғимга жуда жиддий эътибор қаратар эдим. Атрофимдаги дўстларим ва ҳамкасбларим яхши билишадики, мен газли ичимликлар ва фаст-фуд истеъмол қилмайман. Касалликка эса кучли зўриқиш сабаб бўлганини айтишмоқда”, дейди актриса.

Раъно Шодиева бошидан ўтганларни ҳикоя қилар экан, даволаниш учун Туркияни танлаганини урғулайди.

“Мени қутқариб қолиш вариантлари жуда-жуда кам эди. Операция 11 соат ўтди ва яна ҳаётга қайтишим Худонинг мўъжизаси эди. Аслида операция 6 соат бўлиши керак эди, айрим сабабларга кўра 11 соатгача чўзилди. Шифокорим эса натижадан жуда хурсанд. Ҳолатим яхшимас эди. Шунинг учун шифокорим “Аввал очиб кўрамиз, агар вазият ёмон бўлса, қайта ёпиб қўямиз, қолгани Аллоҳнинг инояти”, деган эди. Лекин Аллоҳ менга яна бир бор ҳаёт берди, бундан жуда-жуда хурсандман”, дейди Шодиева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик яна бир таниқли актриса Саида Раметовада саратон хасталиги аниқланган, у ҳам Туркияда даволанган эди.

XS
SM
MD
LG