14 октябрь куни Наманган вилоятида 7 яшар қизни 38 ёшли қариндоши зўрлагани ҳақида хабар тарқалди. Жиноятчи қамалди, болалар омбудсмани терговни назоратга олганини билдирди.
Бир ҳафта ўтиб, Оҳангаронда манзил-колониядан қочган 31 ёшли шахс 3-синф ўқувчисини зўрлагани маълум бўлди. У маҳаллий аҳоли томонидан қўлга олиниб, милицияга топширилди. Қамоқдан қочишига йўл қўйган ходимларга нисбатан жиноят иши очилди.
2024 йили Ўзбекистонда 412 болага жинсий зўравонлик кўрсатилгани қайд этилган. Бу маълумот жорий йилнинг 26 май куни Тошкентда Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамкорлигида уюштирилган тадбирда айтилган.
Тиббиёт фанлари номзоди, профессор Зарифбой Ибодуллаев педофилия масаласига жиддий эътибор қаратишга чақириб келаётган мутаҳассислардан бири.
“Психологияда шундай назария бор: ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳар бир нохуш ҳолат - жамиятдаги воқеликнинг фақат юздан бири. Нега? Чунки бундай вазиятга дуч келганларда маълумотларнинг 85 фоизи онг остида яширинади, фақат 15 фоизи очиққа чиқади. Бу тенденциянинг кучайиши менда жиддий хавотир уйғотмоқда" - дейди у.
2024 йилда Ангренда 14 ёшли қиз мунтазам зўрлангани, Самарқандда эса 8-синф ўқувчиси бедарак йўқолиб, икки ҳафтадан сўнг зўравонлик белгилари билан топилгани жамоатчиликни ларзага солган.
2023 йилда Урганчда Меҳрибонлик уйидаги қизларнинг 10 ой давомида амалдорлар томонидан зўрлангани, Янгиҳаётда эса 12 яшар қизнинг жасади топилгани ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлган.
Жинсий зўравонликка нафақат қизчалар, балки ўғил болалар ҳам дуч келади. Маҳаллий ахборотда бу каби ҳолатлар саноғини яна давом эттириш мумкин. Болаларни зўрлагани учун судланганлар, жазоланганлар хақидаги хабарлар, улар кимлар экани хақидаги маълумотлар кам.
Болалар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган қатор миллий қарорлар қабул қилинганига ва Ўзбекистон халқаро ҳужжатларга қўшилганига қарамасдан, кузатувчилар муаммо бартараф этилмагани айтадилар.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, бу каби жиноятлар аввалдан бўлган, аммо уларнинг ошкор қилиниши ва оммага етказилиши сўнгги йилларда фаоллашган медиа ва фуқаролик жамияти туфайли амалга ошмоқда:
“Бизга мурожаат қилган кўплаб фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят қилишдан қўрқишади,"шарманда бўламиз" дейишади. Баъзилар эса "қизимизни келажакда ўша эркакнинг никоҳига берамиз" деган келишувларга таянишади. Миллий менталитетга кўра, номусга боғлиқ ҳолатлар кўпинча яширилади, шикоят қилинмайди. Бундай жиноятлар сони расмий статистикадан анча кўп бўлиши эҳтимол”.
Инстаграмда Doraburkhan номи билан танилган блогер Диёра Бурхонова ушбу масалани мунтазам муҳокамага олиб чиқади. У муаммонинг асосий сабабларидан бири сифатида айрим эркакларнинг ўзидан ожизларга фақат “сексуал объект” сифатида қарашини тилга олади ва бу ҳолат ортида ётган жамиятдаги умумий маъсулиятсизликни кескин танқид қилади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни доим кескин қоралаб келади. Аммо кузатувчиларга кўра, бу чақириқлар кўпинча амалий натижа бермайди.
Президентнинг иккинчи қизи Шахноза Мирзиёева эса Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида раҳбар ўринбосари лавозимда фаолият юритиб, болалар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, зўравонликка қарши курашиш соҳасидаги ишлар учун масъул бўлган. Матбуотда бу борада анча ижобий ишларни амалга оширгани айтилса да, мавжуд статистика амалдаги ҳолатлар ушбу чора-тадбирларнинг самарадорлигига оид саволларни ўртага қўяди.
Болаларга нисбатан жинсий зўравонликка қарши кураш дунё мамлакатларида турлича амалга оширилади.
АҚШ, Британия, Жанубий Корея каби давлатларда жиноятчилар реестрга киритилади, улар хақидаги барча маълумот жамоатчиликка очиқ бўлади, педофилга тақилган махсус билагузук орқали унинг юрган жойи кузатиб борилади.
Қирғизистон президенти болалар ва аёлларга нисбатан тажовузкор жиноятлар учун ўлим жазосини тиклаш бўйича референдум ўтказиш фикрини билдирган. Қирғиз парламентида зўравонларга билагузук тақиш тажрибасини амалга тадбиқ қилиш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган.
Ўзбекистонда болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун 10–20 йиллик қамоқ жазоси белгиланган. Парламент депутати Дилноза Азизова бундай жиноятчиларга умрбод қамоқ жазосини жорий этишни таклиф қилмоқда. У 17 октябрда Телеграмдаги каналига:
“Менинг талабим қатъий, болаларга нисбатан ҳар қандай жинсий зўравонлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини қонун даражасида белгилашнинг вақти келди” - деб ёзган.
Ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташанов Бош прокуратура ёки Ички ишлар вазирлиги каби идоралар ҳозирча педофилияга қарши ҳуқуқий асос яратиш бўйича ташаббус кўрсатмаётгани таъкидлайди:
"Фақат оқибатларига қарши курашиш билан чекланиб қолишмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида биз бу жиноятларни алоҳида модда сифатида малакалаш, "педофилия" деб номланган қонун нормасини киритиш, бундай жиноятчиларни умрбод қамоққа маҳкум қилиш ёки кастрация қилиш масаласини муҳокамага олишни таклиф қилганмиз. Яқинда Жиноят кодексининг 126 ва 128-моддаларига кескин ўзгартиришлар киритилиб, жинсий зўравонлик қилганларга 15–20 йиллик жазо белгиланган бўлса-да, педофилияга оид алоҳида модда ҳали ҳам йўқ. Афсуски, бу борадаги таклифларимиз ҳозирча инобатга олинмаяпти”.
Педофилия - катта ёшдаги одамнинг болаларга нисбатан жинсий мойиллиги билан тавсифланадиган психик бузилиш.
Психиатрияда у “сексуал хулқ-атворнинг бузилиши” сифатида қайд этилади. Мутаҳассилар инсондаги бундай хулқнинг асосий тўртта сабабини кўрсатадилар: болаликдаги зўравонлик, психологик травма, миядаги ўзгаришлар ва жамиятдаги ахлоқий инқироз.
“Педофилия - руҳий касаллик. У фақат бизда эмас, кўплаб давлатларда ҳам кенг тарқалган. Бу муаммони чуқур ўрганиш ва ечим топиш учун бизга клиник психологлар керак, Ўзбекистонга камида 10 мингта мутахассис зарур. Шундагина педофилия ва психопатиянинг сабаблари аниқланади. Аниқланган педофилларнинг расмларини жамоатчилик жойларига илиб қўйиш ва унинг болаларга нисбатан жинсий зўрлик кўрсатишини ёзиб қўйиш лозим. Бу мураккаб муаммога қарши фақат оммавий равишда, тизимли ёндашув орқали курашиш мумкин” - дейди профессор Зарифбой Ибодуллаев.
Ўзбекистонда ҳозир қанча клиник психолог борлиги ва уларнинг фаолияти хақида ҳозирча "Озодлик" расмий муассалардан маълумот ола олмади.
Айни дамда, Ўзбекистонда болаларга нисбатан жинсий зўравонликдан ташқари, жисмоний зўравонлик, яъни калтаклаш ҳолатлари ҳам муаммолигича қолмоқда. ЮНИСЕФнинг жорий йил 13 октябрда эълон қилган минтақавий таҳлилига кўра, мамлакатда 14 ёшгача бўлган болаларнинг тахминан учдан бири, яъни 30% боғча, мактаб ёки уйда жисмоний жазога дучор бўлади.
Ҳалқаро ҳисоботда асосий эътибор болаларга нисбатан умумий зўравонлик турларига, жисмоний жазо, психологик босим, таълим муассасаларидаги муомала ва оиладаги муносабатларга қаратилган. Жинсий зўравонлик мавзуси умумий контекстда тилга олинган бўлса-да, Ўзбекистонга оид конкрет мисоллар ёки статистикалар келтирилмаган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлда қабул қилган 440-сонли қарорига кўра: Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, хавф даражасини баҳолаш ва ҳимоя режасини ишлаб чиқиш тартиби белгиланган; "Инсон” марказлари боланинг ҳаётий вазиятини бир кун ичида ўрганиши керак; Хавф даражаси “юқори” деб баҳоланса, болани ҳимоя қилиш бўйича шошилинч чоралар кўрилади.
Форум