Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2025, Тошкент вақти: 20:20

Анқаранинг қондошларга имтиёз сиёсати ортидан тахминлар кучайди


Туркиянинг байроғини кўтариб турган аёл. Расм иллюстрация учун ишлатилди.
Туркиянинг байроғини кўтариб турган аёл. Расм иллюстрация учун ишлатилди.

Анқаранинг турк миллатига мансуб чет эл фуқароларига ишлаш имкониятини кенгайтирган қарори турли тахмин ва баҳсларга йўл очди. Ҳужжатни 9 октябрь куни президент Ражаб Таййиб Эрдоған имзолаган.

Аввалига кўпчилик бу хабарни эшитгач, уни “Туркия энди ўзбек, қирғиз, қозоқ ёки туркман фуқароларига ҳам давлат ва хусусий муассасаларда ишлаш имконини беради”, деб талқин қилишди. Яқин келажакда Туркияда қардош эллардан борган мигрантлар сони кескин ошиши хақида ҳам фикрлар билдирилди.

Баъзилар эса қарор Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлмаган ҳудудлардаги туркий халқлар, масалан, Хитойдаги уйғур, Россиядаги татар ёки Афғонистондаги ўзбекларга қаратилган, деб тушинди.

Аммо аслида ҳужжат бошқа мақсадга эга экани хақида кейинроқ маълум бўлди. Туркия ҳукумати ушбу қарор бошқа давлатлардаги туркларга оид ҳуқуқий тартибни янгилаган холос.

Қарорнинг асл моҳияти нима?

Ҳокимиятдаги Адолат ва тараққиёт партияси (AK Parti) раиси ўринбосари Куршад Зўрлу Anadolu агентлигигаберган интервьюсида бу қарор 1981 йилдан амал қилиб келаётган қонунга тааллуқли эканини айтган.

Унга кўра, турк наслига мансуб чет элликларнинг Туркияда касб ва санъат фаолияти билан шуғулланиши, ҳамда давлат ёки хусусий ташкилотларда ишлашига оид қонунга ўзгартиш киритиш ишлари жорий йилнинг апрелида бошланган.

“Бу ўзгариш Турк Давлатлари Ташкилотига аъзо мамлакат фуқароларига эмас. Бу - ҳозир Туркияда яшаб келаётган, фуқаролиги бошқа бўлган, лекин насли турк илдизидан келиб чиққан шахсларга қаратилган” - деган Зўрлу.

Унинг таъкидлашича, қарор асосида “айрим касблар фақат фуқаролар учун "деб белгиланган бўлса-да, энди бу соҳаларда ҳам муайян рухсат асосида ишлаш имкони берилади. Шу билан бирга, у бу тоифага кирадиган шахслар сони чекланганини ҳам қайд этди.

Зўрлунинг маълум қилишича, ҳозир Туркияда туркий давлатлардан келган тахминан 358 минг одам яшаш рухсатномасига эга. Шунингдек, 89 мингга яқин турк миллатига мансуб чет элликларга ишлашга рухсат берилган.

Бу қарорни айримлар 22 йилдан бери ҳокимият тепасида ўтирган Эрдоғаннинг идеологик қадами сифатида ҳам баҳолашмоқда. Бишкеклик таҳлилчи Адил Турдуқулов қуйидагича фикр билдирди:

“Туркия давлати бошқа турк тилли мамлакатлар, жумладан Марказий Осиёдаги давлатлар билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш сиёсатини олиб бормоқда. Сўнгги ташаббусларидан бири - бошқа турк тилли давлатларни ягона алифбони тезроқ қабул қилишга чақириши бўлди. Айнан шу алифбога оид муҳокамалар давом этаётган пайтда мазкур қарор имзолангани турли тахминларни келтириб чиқарди. Кўпчилик буни турк тилли барча халқларга тегишли қарор деб тушиниб олди”.

“Турк наслиданман” дейишнинг ўзи етарлими?

Qırım Media нашри ёзишича, “қарорга кўра, келиб чиқиши турк илдизига мансуб чет эллик шахслар ўз мамлакатларида турли сабаблар туфайли ишлай олмаса ва Туркияда яшаса, ўз касб ва санъат фаолиятини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

"Мен туркман” деб даъво қилишнинг ўзи етарли эмас, буни тегишли расмий ҳужжатлар билан исботлаш талаб этилади:

  • Туркия элчихонаси ёки консуллиги берган расмий тасдиқ хати;
  • Ата-боболарининг турк наслидан эканини кўрсатувчи архив ёки аҳоли рўйхати маълумотлари;
  • Турк тилини билиш ёки маданий боғланишни тасдиқловчи қўшимча далиллар.


Türk soylu yabancılar

Янги қарордаги “Türk soylu yabancılar” атамаси ҳам муҳокамаларнинг асосий мавзусига айланди.

Туркиянинг Аҳоли ва фуқаролик бошқармаси маълумотларига кўра, бу атама келиб чиқиши турк миллатига мансуб шахслар учун ишлатилади. Уларнинг Туркияда ишлаш имкониятлари ҳақида маълумот Халқаро меҳнат бошқармаси сайтида ҳам баён этилган.

TRT канали туркий келиб чиқишга эга шахсларни қўллаб-қувватлаш дастури тарихий илдизларга эга экани хақида ёзди. 20 октябрда чоп этилган мақоладаги маълумотларга кўра, 1940 йилдан 1981 йилгача бўлган даврда Ғарбий Фракия ва Қибрисдан кўплаб этник турклар Туркияга кўчиб келгани айтилади. Улар тарихий ватанига етиб келганларида кутилмаган муаммога дуч келишган, яъни ўзлари ўрганган касблар Туркияда фақат мамлакат фуқароларигагина рухсат этилган эди. Бу муаммони ҳал қилиш учун 1981 йилда 2527-сонли қонун қабул қилинган. У туркий келиб чиқишга эга шахсларга ишга рухсатнома олган меҳнат қилиш имконини берди. Дастлаб бу қонун иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволда бўлган муайян гуруҳга ёрдам бериш учун қабул қилинган эди. Кейинги ўн йилликларда дастур сезиларли даражада кенгайди. 1990-йилларда СССР парчаланганидан сўнг, у постсовет республикалардан келган этник туркларни қабул қилишда қўлланила бошлади. 2000-йилларда эса иштирокчилар доираси янада кенгайди болгар турклари, месхет турклари ҳам қўшилди.

Хуллас, Туркиядаги янги қарор турк нашрларида таъкидланишича, мамлакатнинг “тарихий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш” сиёсати доирасида қабул қилинган.

Чет элларда яшовчи миллатдошларни тарихий ватанига қайтариш ва уларни иш билан таъминлашга қаратилган сиёсат Қозоғистон билан Қирғизистонда ҳам амалга оширилади. Қозоғистонда бу дастур "Ўралман" номи билан юритилса, Қирғизистонда эса "Қайрилман" деб аталади.

Туркия - ўзбек мигрантлари энг кўп бориб ишлайдиган хорижий давлатларнинг бири ҳисобланади. Мамлакатнинг миграция хизмати маълумотларига кўра, 2025 йил апрелида Туркияда 58 мингдан ортиқ ўзбекистонлик расман рўйхатга олинган. Бироқ, Ҳалқаро миграция ташкилоти (IOM) баёнотида таъкидланишича, Туркияда ҳужжатсиз ишлаётган ўзбекистонликлар ҳам кўп.


Форум

XS
SM
MD
LG