Линклар

Шошилинч хабар
25 феврал 2024, Тошкент вақти: 19:33

OzodDayjest: Иқтисодчилар импорт автомобиллар божи пасайишидан фақат бойлар фойда кўришини айтмоқда


Кўпкари ўйнаб, мақом куйлаган ҳоким Зоир Мирзаевга муаммолар эслатилди. Ҳаж монополиясини тугатиш таклиф этилди. Импорт автомобиллар божи пасайиши ҳақидаги хабардан хурсанд бўлмаган маъқул. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

“Пиар билан вазият ўнгланмайди!” – кўпкари ўйнаб, мақом куйлаган ҳоким Зоир Мирзаевга муаммолар эслатилди

Қашқадарёда кўпкари ўйнаб, мақом куйлаган ҳоким Зоир Мирзаев Тошкент вилоятида ҳам пиар билан андармон бўлиб қолаётгани иддао қилинди (“Рост24”, 15 февраль).

“Тошкент вилояти ҳокимлигига ҳудуддаги муаммога ечим излаб борсангиз, қабулга ёзилиш деярли имконсиз. Гулхан атрофига аҳолини йиққан Зоир Мирзаев муаммо юзасидан ҳокимлик эшигига бош уриб борганларга осонликча вақт ажратавермайди. Аммо чекка қишлоқдаги кам таъминланган оила хонадонида тунаб қолиш унинг қўлидан келади”, деб ёзади нашр.

Қайд этилишича, З.Мирзаев Қашқадарё вилоятида ҳокимлик қилганда у ҳақда оммавий ахборот воситаларида бир қанча пиар мақолалар тарқалди. Аммо амалда Қашқадарё қаддини букаётган қатор муаммолар билан қолиб кетди: ишсизлик кўрсаткичи 9,4 фоизни ташкил этади; аҳолининг атиги 50 фоизи ичимлик суви билан таъминланган; соғлиқни сақлаш тизимида 1000 дан ортиқ шифокор етишмайди.

“Таҳририятимизга ҳам Тошкент вилояти аҳолиси томонидан кунда мурожаатлар келиб тушади. Вилоятда ўз ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Вилоят Тошкент шаҳрига туташ бўлишига қарамай пойтахтдан тубдан фарқ қилади. Ривожланишда, инфратузилмада пойтахтдан анчагина ортда қолган. Электр, сув, газ таъминотидаги узилишлар ҳудуд аҳолисига бегона эмас. Бугунгача Зоир Мирзаевнинг Тошкент вилоятини қаддини ростлаш бўйича биронта йирик ташаббусини кўрмадик. Оммавий ахборот воситалари ва блогерлар саҳифасидаги пиар эса афсуски, вилоятдаги вазиятни ўнглаб беролмайди”, деб ёзади “Рост24” нашри.

“Қарордан фақат бойлар фойда кўради” – иқтисодчилар импорт автомобиллар учун бож пасайиши ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасига 3 кун муддатда импорт автомобиллар учун божхона божи ставкаларини 30 фоиздан 15 фоизгача пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритишга топшириқ берган (www.gazeta.uz, 15 февраль). Жамоатчилик фаоллари, блогерлар бу борада ўз фикрини билдирмоқда

Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу хабардан хурсанд бўлишга шошилмай туриш кераклигини айтди. У бугунги кунда UzAuto Motors учун рақобат ҳосил қилиши мумкин бўлган импорт автомобилларга (двигатель ҳажми 3000 см³ гача автомобиллар учун) энг юқори бож ставкалари ўрнатилганига эътибор қаратди.

“Агарда божлар 30%дан 15%гача пасайтирилган ҳолатда ҳам, плюс қўшилган ҳар куб см учун махсус ставкалар ўзгармаса, амалда UzAuto Motors монополиясига заррача таъсир бўлмайди”, дейди иқтисодчи.

Шунга кўра у комбинациялашган божлардаги ҳар куб см учун махсус ставкалар бекор қилиниши муҳимлигини таъкидлаган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев божнинг 15 фоизга пасайтирилиши ҳисобига хориждан олиб келинадиган импорт автомобиль нархи ўртача 10% арзонлашиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевга кўра, бу вазиятда фойда кўрувчи гуруҳ аниқ: улар “қиммат автомобиль импорт қилувчи аҳолининг энг даромади юқори қатлами. Яъни аҳолининг даромади юқори кичик гуруҳи ҳозиргача ҳам чет элдан автомобиль олиб келар эди. Чегарадаги божнинг 15 фоизга пасайиши эса улар истеъмол қиладиган автомобиллар нархининг сезиларли пасайишига олиб келади”.

Мутахассисга кўра, божларнинг пасайишидан ўрта даромадли аҳоли қатлами ҳеч нима ютмайди.

“Улар яна ўша “қадрдон” заводимиз чиқараётган автомобилларга навбатда туришга мажбур бўлади. Қарордан асосий фойда кўрадиганлар эса даромади энг юқори ва импорт автомобилларини истеъмол қиладиган бойлар”, дея хулоса қилади М.Холбоев.

Умра ва Ҳаж зиёрати монополиясига доир эътирозли саволлар жавобсиз қолмоқда

Саудия Арабистонининг “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” компаниялар гуруҳи ўзбекистонликлар учун Умра-2022 сафарини ташкил этиш бўйича нисбатан яхши таклиф билдирганига қарамай, тендерда соҳада етарли тажрибага эга бўлмаган транспорт-логистика компанияси ғолиб деб топилди (www.kun.uz, 16 февраль).

Жорий 5 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Саудиянинг “Абу Сарҳад” ширкати билан Умра-2022 зиёратини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолаган. Кейинроқ, бу шартномадан келиб чиққан ҳолда, пандемиядан аввал муборак сафар учун тўловни амалга оширганлар камида 4 млн 770 минг сўм қўшимча тўлов қилиш зарурлиги маълум қилинган.

Янги нарх бўйича Умра сафарига боришни ният қилиб, навбати келган фуқаро 17,8 млн сўм атрофида тўлов қилишга мажбур бўлмоқда. Бу тахминан 1645 доллар демакдир. Пандемиядан олдинги тўлов миқдори 1350 доллар атрофида эди.

“Kun.uz” нашрига кўра, масалан, “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” компаниялар гуруҳи “Абу Сарҳад”га нисбатан мақбулроқ ва арзонроқ таклиф билдирган, аммо комиссия номаълум сабабларга кўра уларни танламаган. Нашрнинг бу борада йўллаган ёзма саволларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси жавоб бермаган.

“Ўзбекистондаги очиқлик сиёсатига қарамай, монополияга асосланган Ҳаж ва Умра зиёратининг ташкил этилиши ва хизмат кўрсатувчи компанияларнинг танлаб олинишида ҳамон шаффофлик йўқ, зиёрат учун тўланган пулдан қайси хизмат учун қанча ишлатилиши эса сирлигича қолмоқда. Соҳадаги монополияни тугатиш ва пуллик хизматлар кўрсатишни хусусий секторга бериш вақти келмадими?” деб ёзади нашр.

“Kun.uz” сайти, айни чоқда, Умра ва Ҳаж харажатлари сметасини ҳамда тендерга доир маълумотларни очиқлашни сўраган.

XS
SM
MD
LG