Линклар

Шошилинч хабар
27 октябр 2025, Тошкент вақти: 12:39

Саудия сармояси. Иқтисодий манфаатми ёки сиёсий таъсир?


Visit of the Saudi Arabian delegation to Tashkent. October 15, 2025
Visit of the Saudi Arabian delegation to Tashkent. October 15, 2025

Ўзбекистон расмийлари сўнгги йилларда Саудия Арабистони билан иқтисодий ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражада ривожланаётганини таъкидламоқда. Эр-Риёд ҳам Тошкентга сармоя киритишда фаолликни оширган.

Аммо бу ҳамкорлик фақат иқтисодий манфаатларга асосланганми ёки унда сиёсий таъсир элементлари ҳам мавжудми? Бу савол ҳали очиқ.

27 миллиард доллардан ошган портфел

15 октябрда Саудиянинг инвестициялар вазири Халид ал Фалиҳ ўндан ортиқ йирик компания раҳбарлари ҳамкорлигида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Улар орасида ACWA Power, Al Muhaidib Group, Vision Invest, Data Volt, Saudi Tabreed каби ширкатлар бор.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ташрифни “ҳамкорликнинг янги босқичи” деб баҳолаб, Ўзбекистоннинг иқтисодий трансформациясига ва унинг ривожланишига катта ҳисса қўшаётган саудияликларни юксак қадрлашини белгилади.

“Сўнгги йилларда биргаликдаги саъй ҳаракатларимиз билан икки томонлама алоқаларимизни мутлақо янги босқига кўтарганимиз ўз натижаларини бермоқда. Қўшма инвестиция портфели 27 миллиард доллардан ошди, савдо айланмаси изчил ўсмоқда, ҳаво қатновлари ҳафтасига 63тага етди. Илгари ҳеч қачон бундай рақамлар бўлмаган” - деди Мирзиёев.

Бироқ “27 миллиард доллардан ошган портфел”нинг қай қисми амалда киритилгани, қай қисми ҳали режа даражасида экани ҳақида расмий маълумотлар мавжуд эмас.

“Ўзбекистон 24” телеканали Халид ал Фалиҳ “Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўсиш бутун дунёга намуна бўлади” деганини маълум қилди. Ҳозирча вазирнинг айнан шундай баёноти Саудия Арабистони расмий ахборот манбаларида ёки халқаро оммавий ахборот воситаларида қайд этилмаган.

Президент Мирзиёев шунингдек, Тошкентда қурилаётган янги аэропортни ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг ёрқин тимсоли сифатида тилга олди. У Саудиянинг тараққиётини “оламшумул” деб баҳолаб, Тошкент ва Эр-Риёд муносабатлари бошқалар учун намуна бўлиши кераклигини айтди.

Тошкентда музокара пайтида олинган сурат. 15 октябр, 2025 йил.
Тошкентда музокара пайтида олинган сурат. 15 октябр, 2025 йил.

Расмий хабарларга кўра, Саудия сармоялари асосан яшил энергия - қуёш, шамол ва энергия сақлаш тизимлари соҳаларига йўналтирилмоқда. Бунда асосий ҳамкор - Саудиянинг энергетика гиганти ACWA Power компанияси бўлиб, у бир неча йилдан буён Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Компаниянинг Ўзбекистоннинг яшил энергия секторини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларига Халқаро молия корпорацияси пул беради.

Марказий Осиё - истиқболли бозор

Иқтисодиёт масалалари бўйича таҳлилчи Алишер Илҳомов Тошкент нима учун Эр-Риёдни ишончли ҳамкор кўраётгани ҳақида бундай деди:

“Саудия Арабистони улкан, тахминан 3 триллион долларлик инвестиция салоҳиятига эга бўлиб, бу маблағларни самарали йўналишларга сармоя қилишдан манфаатдор. Марказий Осиё эса улар учун шундай истиқболли бозорлардан бири саналади. Ўзбекистон учун Саудия Арабистонининг энергетика соҳасига сармоя киритиши айни муддао, чунки сўнгги йилларда газ қазиб чиқариш ҳажми пасайган, қолган конларни ўзлаштириш эса мураккаб. Россия билан ҳамкорлик самара бермаяпти, айрим экологик муаммолар ҳам кузатилмоқда. Шу боис президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонини тажрибали ва ишончли ҳамкор сифатида кўриши табиий”.

Саудия Арабистони Ўзбекистонда энергиядан тортиб, рақамли иқтисодиёт ва сув ресурсларигача соҳаларда кенг қамровли иштирок этяпти.

Data Volt компанияси Тошкентда маълумотлар маркази қуриш лойиҳасини бошлаган, кейинги босқичда Бухорода ҳам шундай марказ ташкил этиш режалаштирилган. Miahona компанияси эса Фарғона, Жиззах ва Қорақалпоғистонда сув таъминоти тизимини ривожлантириш устида иш олиб бормоқда. Saudi Tabreed эса коммунал инфратузилмани модернизация қилиш бўйича келишувларга эришган.

Ўзбекистон президенти Саудия Арабистони компанияларини геологик қидирувдан тортиб, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичларда ҳам иштирок этишга чақирди.

Ўзбекистонга келган Саудия Арабистони делегацияси. 15 октябр, 2015 йил.
Ўзбекистонга келган Саудия Арабистони делегацияси. 15 октябр, 2015 йил.

Айрим таҳлилчиларга кўра, Саудиянинг Ўзбекистондаги фаоллиги “Vision 2030” дастури доирасидаги глобал сиёсий ва иқтисодий стратегиянинг бир қисми ҳисобланади. Подшоҳлик ўзини нафақат нефть экспортери, балки ислом оламидаги сармоя маркази сифатида намоён этишни мақсад қилган.

“Саудия Арабистони - Форс кўрфази давлатларининг манфаатларини ифодаловчи йирик ўйинчи сифатида Ўзбекистон ва Марказий Осиё билан ҳамкорликни кенгайтириши икки томон учун фойдали. Бу ҳамкорлик минтақанинг ташқи алоқаларини диверсификация қилиб, кўп векторли сиёсат юритишга ёрдам беради. Албатта, келгусида шариат қонунларига асосланган Саудия Арабистонининг маданий таъсири масаласи долзарб бўлиши мумкин, бироқ ҳозирча бу муносабатлар Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё манфаатларига хизмат қилмоқда” - деди таҳлилчи Илҳомов.

Ислом Каримовнинг президентлик даврида Ўзбекистон ва Саудия муносабатлари асосан диний ва маданий йўналишда шаклланган, инвестиция ҳақидаги баёнотлар эса декларатив тусда бўлган. Шавкат Мирзиёев даврида эса мулоқот инвестиция тилига кўчди.

2024 йили Ўзбекистоннинг энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маҳаллий телеканалга берган интервьюсида Саудиянинг энергосамарадорлик борасидаги тажрибасини юқори баҳолаган ва тежамкорликда уларни намуна қилиб кўрсатганди.

Вазирнинг бу гаплари тармоқларда танқидга учраб, фаоллар Саудия Арабистони билан Ўзбекистонни таққослаш учун шароитларни ҳам шунга яраша қилиш кераклигини айтишган эди.

“Афсуски, Саудияда қилинган ишларни Ўзбекистонда ҳозирча амалга ошириб бўлмайди. Чунки, буни вазир биладими ё йўқми, Ўзбекистонда энергосамарадорликка бўлган ҳар қандай интилиш ҳаракатлар аждарҳо божлар билан жазоланади. Ҳурматли вазир, фикрларингиз самимий бўлса, унда собит ва узвий бўлиб, энергия самарадорлиги “А” ва ундан юқори тоифадаги маиший ва электр техникалари учун барча бож ва нотариф чекловлар олиб ташланишини ҳукуматга олиб чиқинг” - деган иқтисодчи Отабек Бакиров.

Саудия Арабистонининг дунёдаги сиёсий таъсири тўғрисида қисқача фактлар:

  • Жаҳон энергетика бозорида муҳим ўрин эгаллайди. Нефть ва газ экспорти орқали глобал иқтисодий жараёнларга таъсир кўрсата олади.
  • Ташқи сиёсатини мувозанат тамойили асосида юритади: АҚШ, Хитой ва Россия билан бир вақтда яқин ҳамкорликни сақлаб келади.
  • Дипломатик роли ҳам бор, масалан, Украинага оид тинчлик конференциясини ўтказди ва минтақавий баёнотларда фаол иштирок этмоқда.
  • Бошқарув тизими абсолют монархия шаклида. Халқаро ташкилотлар ҳисоботларида сиёсий ва фуқаролик эркинликлари чекланган давлат сифатида қайд этилади.

Форум

XS
SM
MD
LG