2025 йил сентябрда Нью-Йоркда ўтган БМТ Бош Ассамблеясида икки давлат раҳбарларининг иштироки эса бу баҳсни янада кучайтирди. Айниқса, Вашингтон билан алоқаларда Тошкент гўёки "олдинга чиққани" ҳақида фикрлар айтилди.
“Озодлик”нинг қўшни давлатлар профилига бағишланган лойиҳаси доирасида бугун Қозоғистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига назар ташлаймиз. Лекин мақсадимиз - Остона ва Тошкент ўртасидаги рақобатни исботлаш эмас.
"Сиёсий барқарорлик тўлиқ таъминланганича йўқ"
Экспертлар таъкидлашича, ҳозир Қозоғистон “Янги ислоҳотлар даври”ни бошдан кечирмоқда. Айрим фикрларга кўра, президентлик тизими асосида бошқарилаётган мамлакатда ислоҳотлар орқали ҳокимият халқ овозини эшитишга ҳаракат қиляпти. Шу билан бирга, мухолифат ва сўз эркинлигининг чекланиши асосий муаммолигича қолмоқда.
“Бугунги Қозоғистон халқаро саҳнада ўрта даражадаги давлат сифатида намоён бўлиб, минтақавий ва глобал жараёнларда муайян масъулиятни ўз зиммасига олишга интилаяпти. Ички сиёсатда эса у сиёсий ислоҳотлар даврини бошдан кечираётган республика сифатида кўзга ташланади. Шунга қарамасдан, ҳали ҳам президентлик республикаси сифатида қолмоқда ва амалда кучли президентлик тузуми сақланиб турибди, бу эса маълум даражада авторитарликни англатади” – деди "Озодлик" билан суҳбатда қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Рустам Бурнашев.
Қирғизистонлик сиёсий эксперт Эмил Жураев эса ўлкада сиёсий барқарорлик ҳали таъминлангани йўқ деб ўйлайди:
“Қозоғистон бугунги кунда Марказий Осиёда иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган давлат ҳисобланади. Сиёсий соҳада эса изланишлар давом этмоқда. Илгари у барқарорлик ороли сифатида танилган бўлса, 2022 йилдаги Январь воқеаларидан сўнг “Янги Қозоғистон” деб аталиб, халқ овозини эшитадиган ҳокимият сари интилаяпти. Шунга қарамасдан, президентлар алмашганидан кейин сиёсий барқарорлик тўлиқ таъминланганича йўқ”.
Марказий Осиёда иқтисодиёт кўрсаткичлари бўйича етакчи давлат саналган Қозоғистоннинг ялпи ички маҳсулоти 250 миллиард доллардан ошиши айтилади. Халқаро рейтингларда ҳам мамлакат иқтисодиёт бўйича минтақада юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
Таъсир талашиш
Қозоғистон сиёсати хақида гапирганда, икки президент даврларини солиштирмасдан илож йўқ. Нурсултон Назарбоев даврида мамлакатга катта инвестициялар кирган, аммо сиёсий тизим ёпиқ эди. Қасим-Жомарт Тўқаев “Янги Қозоғистон” ғояси билан чиқди: коррупцияга қарши кураш, активларни қайтариш ва шаффофликни оширишга уринди. Аммо элита таъсири ва маҳаллий сайловлардаги муаммолар ҳали ҳам сақланиб турибди.
Эмил Жураев аввалги ва ҳозирги президентлар ўртасида таъсир талашиш ҳалиям борлигини айтди:
“2019 йилда Назарбоев Тўқаевни президентликка тавсия қилган, Тўқаев эса Остона номини Нурсултон деб ўзгартиришни таклиф қилган. Бу ташаббус ортида Назарбоевнинг ўзи тургани айтилган ва ҳаракат уни мақташга қаратилган сиёсий перформанс сифатида баҳоланади. Тўқаев бу билан Назарбоевни рози қилишга уринган. Аммо тез орада иккаласининг жамоаларининг ўртасида рақобат бошланди. Буни Дариға Назарбоеванинг Сенатдан четлатилишида кўриш мумкин, у муҳим шахс эди ва ҳатто президент бўлиши мумкин деган гаплар бор эди. Лекин унинг четлатилишига эришилди ва бу тўғри қарор бўлган”.
2023 йилда Қозоғистонда "Биринчи президент – Элбоши" тўғрисидаги қонун тўлиқ кучини йўқотди. 13 январь куни Мажилис депутатлари собиқ президент Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзоларига кўплаб имтиёзлар берган конституциявий қонунни бекор қилди.
Тўқаев суперпрезидентликдан кучли парламент тизимига ўтиш ташаббусини илгари сурди. Бироқ парламент ваколатлари кенгайганига қарамай, амалда ижро ҳокимияти устунлиги сақланиб қолаётгани айтилиб келмоқда.
Сўз эркинлигининг аҳволи
Экспертлар сиёсий плюрализм чекланганини, сайловларда асосан ҳокимиятга яқин партиялар ғолиб чиқишини, мухолифат ва мустақил номзодлар учун тўсиқлар борлигини таъкидлашади.
Конституцион суд таъсис этилиши ижобий қадам сифатида баҳоланса-да, унинг мустақиллиги ҳали тўлиқ синовдан ўтмаган. Freedom House ҳалқаро ташкилоти ҳам Қозоғистонни ҳозирча эркин давлатлар қаторига киритмайди.
2024 йилда қабул қилинган Оммавий ахборот воситалари хақидаги янги қонун матбуот ва онлайн нашрларни рўйхатга олиш ҳамда хорижий журналистлар аккредитацияси учун қўшимча талаблар жорий этди. Human Rights Watch буни сўз эркинлиги учун хавфли деб баҳолади. Айрим ҳалқаро медиаларнинг журналистларига аккредитация берилмаётгани, жумладан “Эркин Европа Озодлик радиоси” ҳолати бунга мисол бўлмоқда.
“Умуман олганда, Қозоғистонда демократия кўпайган ҳам, камайган ҳам эмас. Тўқаевнинг ислоҳотларига қаралса, демократиялашувга ҳаракат бор. Кам бўлса-да, президентлик маъмуриятининг устунлиги камайди, Назарбоев даврига нисбатан камайди. Аммо Миллий хавфсизлик хизматининг роли ҳали ҳам катта. Фикр эркинлиги босим остида деса бўлади. Сиёсий рақобат, айниқса маҳаллий даражада мавжуд. Лекин буни қониқарли даражада ижобий ўзгариш деб айтишга асос йўқ” – дейди Жураев.
Ташқи сиёсатдаги мувозанат ва хавфсизлик
Экспертлар фикрича, Қозоғистон ташқи сиёсатда мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда. Россия ва Хитой билан стратегик ҳамкорликни давом эттирса, Ғарб ва халқаро ташкилотлар билан ҳам яқин муносабатларни сақлайди. “Бир камар, бир йўл” доирасида йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани ва Европа бозорига транзит имкониятлари бу сиёсатнинг асосий йўналишлари ҳисобланади. Москва билан стратегик ҳамкорлик ҳақида кўп айтилади, аммо тил ва суверенитет масалаларида Остона Кремлга ишорали жавоблар бериб турибди.
2024 йилнинг ноябрида Россия президенти Владимир Путин Остонага ташриф буюрган ва дабдаба билан кутиб олинган. Путиннинг Қозоғистонни “рус тилида сўзлашувчи давлат” деган сўзи жамоатчиликда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлиб, қозоқ тилининг мақоми ҳақидаги ташвишларни кучайтирган.
Шу билан бирга, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев барча расмий музокараларда фақат қозоқ тилида гапирган. У шундай тарзда она тилига ҳурматини ва унинг муҳим аҳамиятини кўрсатди деб баҳоланган.
Британиялик журналист Жоанна Лиллис Озодликнинг қозоқ хизматига ўша пайтда изоҳ берар экан, Путин учун Қозоғистон каби ҳамкор мамлакат эканини таъкидлаган:
“Путин, албатта, Қозоғистон ҳали ҳам Россиянинг таъсир доирасида эканини кўрсатишга уринади. Менимча, унинг Остонага сафари ана шу ҳаракатнинг муҳим қисми ҳисобланади”.
Маълумот учун, Украинага уруш бошлаганидан бери Путин Қозоғистонга уч марта, Тўқаев эса Россияга ўн икки марта ташриф буюрган.
Озодликнинг қозоқ хизмати расмий маълумотларга таяниб билдиришича, икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми сўнгги йилларда ўсишда давом этди: 2021 йилда 24 миллиард доллар бўлган кўрсаткич 2022 йилда 27 миллиарддан ошган, 2023 йилда эса 26 миллиардгача камайган. 2024 йилнинг саккиз ойида қарийб 20 миллиард долларга етган.
Аммо 2022 йилда Россия қўшниси Украинага уруш бошлагандан бери Қозоғистоннинг хавфсизлиги масаласи ҳам кун тартибининг энг муҳим мавзуларидан бирига айланган.
Мамлакат Россия билан деярли 7600 километрлик чегарага эга эканини ҳисобга олганда, ташқи таҳдидлар ва хавотирлар табиий равишда ортиши кузатилмоқда.
“Менимча, Қозоғистон учун энг муҳим масала – хавфсизлик. Нурсултон Назарбоев ҳам президентлик пайтида буни тўғри тушуниб, хавфларга эътибор қаратган. Россиянинг турли даражадаги таниқли шахслари Қозоғистонга қарши риторикани давом эттирмоқда. Бу Қозоғистон учун энг катта геосиёсий муаммо” - дейди Эмил Жураев.
Таҳлилчи Рустам Бурнашев эса мамлакатнинг ташқи сиёсатини шундай таҳлил қилади:
“Қозоғистондаги мувозанат ёки "кўп векторли сиёсат" бу мамлакат ташқи сиёсатидаги стратегик ёндашув бўлиб, тадқиқотчиларга кўра 1990-йиллар охири ёки 2000-йиллар бошида шаклланган. У узоқ муддатли ва барқарор бўлиб, бугунги кунда пайдо бўлган эмас. Шу сабабли, “Қозоғистон қандай мувозанат сақламоқда?” деган савол ўрнига, “Қозоғистон қандай қилиб кўп векторли сиёсатни шакллантирди ва унга қандай амал қилмоқда?” дегани тўғрироқ бўлади. Минтақада турли давлатлар иштирок этмоқда ва уларнинг манфаатлари ҳар доим ҳам мос келмайди. Шерикларимиз Қозоғистонни муайян позицияга мажбурлаш - самарасиз эканини тушунишади, чунки объектив шароитлар бундай йўл тутишга имкон бермайди. Манфаатлар мувозанати ва босим орқали ютуққа эришиб бўлмаслигини англаш - кўп векторли сиёсатни самарали олиб боришга шароит яратади” - дейди Бурнашев.
Эмил Жураев эса Қозоғистон ташқи сиёсатда мувозанатли сиёсати самара берятганини таъкидлайди:
“Масалан, Январь воқеаларида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг қўшинлари киритилган ва уларнинг бир қисми чиқарилмай, Қозоғистонда қолиб кетиши мумкин деган хавотир бор эди. Лекин Хитой томонидан кескин ва аниқ баёнот берилди: “Қозоғистон суверен давлат, унинг ҳудудий яхлитлиги биз учун принципиал масала” деган мазмунда. Демак, ўшанда Хитой Россия таъсирини чеклашга уринди. Умуман олганда, Қозоғистон кўп векторли , мувозанатли сиёсат юритмоқда. Менимча, бундан бошқа иложи ҳам йўқ”.
"Рақобат тасаввурини кузатувчилар шакллантиради"
Энди эса мақола бошида айтилган мавзу – Остона ва Тошкент ўртасидаги ошкора айтилмаган рақобат хақида сўз юритайлик. Марказий Осиёдаги лидерлик масаласида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар кўпинча рақобат сифатида талқин қилинади. Аммо айрим таҳлилчилар буни рад этишади.
Икки давлат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 2024 йилда 4,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани, жорий йилда эса ўсиб бораётгани расмий хабарларда қайд этилади. Бундан ташқари, Қозоғистон – ўзбекистонлик оддий фуқаролар меҳнат мигранти сифатида бориб, қурилиш, чорвачилик, новвойчилик ва бошқа соҳаларда фаолият юритадиган давлатлардан бири ҳам ҳисобланади.
“Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида рақобат йўқ, бу тасаввурни асосан ташқи кузатувчилар шакллантиради. Улар Марказий Осиёни рақобат схемасига солишни афзал кўради, аммо вазиятни тўлиқ тушунмайди. Икки давлат турли соҳаларда фаолият юритади: Қозоғистон углеводород хомашёсини қазиб олиш ва экспорт қилишга ихтисослашган, Ўзбекистон эса бу сегментда деярли иштирок этмайди. Қишлоқ хўжалигида ҳам кесишиш йўқ, Туркистон вилоятидаги маҳсулот ҳажми ва тури Ўзбекистонникидан анча фарқ қилади. Мевалар, сабзавотлар ва бошқа маҳсулотлар бўйича ҳам фарқ катта. Инвестициялар соҳасида ҳам рақобат эмас, балки секторларга йўналтирилган шериклик мавжуд: нефт-газга қизиққан инвесторлар Қозоғистонни танлайди, Ўзбекистонда эса бу соҳа анча чекланган. Шу боис, муносабатлар рақобат эмас, балки ўзаро тўлдирувчи форматда шаклланади”- дейди Рустам Бурнашев.
Хуллас, географик жойлашуви ва ресурслари туфайли Қозоғистон Марказий Осиёда стратегик аҳамиятга эга давлат ҳисобланади. Мустақилликнинг 34 йиллигини нишонлаш арафасида турган мамлакат халқаро майдонда кўп векторли сиёсат орқали мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда.
Бироқ ички сиёсий жараёнларда ислоҳотлар самараси тўлиқ намоён бўлмагани, сўз ва сиёсий эркинлик чекловлари сақланаётгани ҳақида халқаро ташкилотлар танқид билдиришда давом этмоқда.
Ўзбекистон билан рақобат ҳақидаги баъзи гап-сўзларга қарамай, мутахассислар таъкидлашича, бу икки Марказий Осиё давлати ўзаро рақобатчи эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи ҳисобланади. Ҳар бири ўзининг алоҳида иқтисодий йўналишини танлаган ва минтақавий барқарорликни таъминлашда умумий мақсадларга эга.
Форум