Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 08:13

АҚШ Эронни огоҳлантириш билан бирга унинг раҳбарларини музокарага даъват қилмоқда


АҚШ Давлат котиби Майк Помпео

Америка Қўшма Штатлари Теҳронга муносабатида “ҳам калтак, ҳа ҳолва” ёндашувидан фойдаланмоқда. Бир тарафдан, Вашингтон Эроннинг ҳар қандай ҳужумига “тез ва кескин” жавоб беришини айтаётган бўлса, бошқа тарафдан, мамлакат раҳбарларини музокара қилишга даъват этмоқда.

Давлат котиби Майк Помпео 9 майда тарқатилган баёнотида “бизнинг ушбу масаладаги босиқлигимизни Эрон қатъиятсизлик деб тушунламаслиги керак”, деб айтди.

‒ Теҳрондаги режимнинг ўзи ёки бирор вакилининг АҚШ манфаатлари ёки ватандошларига ҳужумига Қўшма Штатлар “тез ва кескин” жавоб қайтаради, ‒ деди Помпео. ‒ Биз уришмоқчи эмасмиз. Лекин Эроннинг 40 йил давомида Америка аскарларини ўлдиргани, Америка иншоотларига ҳужум қилгани ва америкаликларни гаровга олгани ўзимизни ҳимоя қилишимиз учун доимий эслатмадир.

Помпео 1979 йилги Ислом инқилоби вақтида АҚШ дипломатлари гаровга олинганини эслатиб шундай деди.

Помпео ушбу изоҳни президент Дональд Трамп Эрон раҳбарларига “менга қўнғироқ қилинг” деганидан сўнг берди.

− Эрон раҳбарларидан менга қўнғироқ қилишини сўрайман, − деди Трамп Оқ Уйда журналистларга.

Президент, шунга қарамасдан, мавжуд таранг вазиятни назарда тутиб, ҳарбий тўқнашувни истисно қила олмаслигини ҳам айтди.

− Сизлар ҳар доим шунақа дейишингиз мумкин, тўғрими? Мен йўқ демоқчи эмасман, бироқ бундай бўлмаслигига умид қиламан, − деди у.

Бир неча фронтда Вашингтон билан Теҳрон ўртасидаги муносабатлар таранглиги юза келди.

Қўшма Штатлар 8 майда Эроннинг металл саноатига қарши санкциялар жорий этди. Ўша куни расмий Теҳрон дунёнинг етакчи мамлакатлари билан ўзининг ядро дастури бўйича 2015 йили эришган айрим мажбуриятларидан воз кечишини билдирди.

Вашингтон эса бир йилдан бери Эроннинг энг асосий чет эл валютаси манбаи бўлган нефть экспортини чеклаш бўйича чоралар кўрди.

АҚШ ҳарбийлари Эрон соҳилларига яқин ҳудудга ҳарбий учоқлар ташувчи кемасини юборди. Помпео 7 майда олдиндан эълон қилмай, Бағдодга келиб Ироқ расмийлари билан АҚШнинг хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлари, яъни Эроннинг “керагидан ортиқ” фаоллашувини муҳокама қилди.

Ушбу қадамлар АҚШнинг Эрон билан имзоланган 2015 йилги битимдан чиқишига бир йил тўлган кунларга тўғри келди.

Расмий Теҳрон Помпео билан Трампнинг сўнгги баёнотларига зудлик билан жавоб қайтармади. Бироқ олдинроқ унинг вакили Эрон бундан буён ортиқча бойитилган уран ва оғир сувни, ядро дастури битимида кўзда тутилганидек, бошқа мамлакатларга сотмаслигини билдирган эди. Яна у етакчи давлатлар янги шартларни муҳокама қилишга кўнмаса, Эрон 60 кун ичида мавжуд уран захирасини қуроллар даражасигача бойитиш билан таҳдид қилди.

АҚШ президентининг махсус ёрдамчиси ва оммавий қирғин қуролларига қарши кураш бўйича етакчи директор Тим Моррисон Эроннинг баёноти “Европани ядро қуроли билан қўрқитишдан бошқа нарса эмас” деб айтди.

Британия, Франция, Германия ва Европа Ититфоқи 9 майда ядро қуроли бўйича битимга содиқ қолишини такрорлади, бироқ шу билан бирга Теҳронни ушбу битим шартларига оид “ҳар қандай ультиматуми”ни рад этишини айтиб огоҳлантирди.

‒ Эрон ушбу битимдан чиқмаслиги керак ва чиқмаслиги учун ҳаммамиз бош қўшишимиз зарур, ‒ деди Франция президенти Эммануэл Макрон. ‒ Асабийлашиб, вазиятни кескинлаштирмаслигимиз лозим. Шунинг учун Франция битимдан чиқмаяпти ва чиқмайди ҳам. Эрон ҳам чиқмаслигига қаттиқ ишонаман.

Ўтган йили Трамп АҚШ битимдан чиқишини эълон қилганда унда Эроннинг баллистик ракеталар дастури киритилмагани “катта хато” бўлганини ва ушбу мамлакат терроризмга ҳомийлик қилаётганини айтган эди. Аммо Эрон бу иддаони инкор қилиб келади.

Британия, Франция ва Германия битимни асраб қолишга ҳаракат қилиш баробарида Теҳрон баллистик ракеталарни синаб кўраётганидан ташвиш билдириб келмоқда. Битимга Россия билан Хитой ҳам қўл қўйган ва ундан чиқмасликка ваъда берган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG