Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 04:59

Халқаро янгиликлар

Эрон янги савдо механизми икки ҳафтада ишга тушишини кутмоқда

Эрон мамлакатга қарши жорий қилинган санкцияларни четлаб ўтиб, Теҳрон билан бизнес ҳамкорлик қилиш имконини яратувчи янги савдо механизми икки ҳафта ичида ишга тушишига умид қилмоқда

Ўтган йилнинг май ойида АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Теҳрон ядровий дастури бўйича Эрон ва жаҳоннинг қудратли давлатлари ўртасида 2015 йил имзоланган келишувдан чиқишини эълон қилди ва Теҳронга қарши қайтадан санкция жорий қила бошлади.

Аммо Европа давлатлари келишувни сақлаб қолишга курашиб келади. Шу сабаб йил бошида Германия, Франция ҳамда Британия АҚШ санкцияларини четлаб ўтиб, Эронга молия юборишга йўл очиб берувчи механизмни эълон қилди. Ушбу механизмга INSTEX номи берилган.

Механизм бошида АҚШ санкция жорий қилмаган соҳаларда иш олиб боришга замин яратишни кўзлайди. Хусусан, мазкур режа бошида “дори-дармон, тиббий хизматлар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари каби эронликлар учун ўта муҳим бўлган соҳаларда” иш олиб боришга йўл очиб беради.

Расмийларнинг маълум қилишича, Европа Иттифоқи INSTEX механизмини қўллайди, аммо унда тўғридан-тўғри иштирок этгани йўқ.

Механизмни йўлга қўйишдан мақсад Европа ширкатларини АҚШ судларидан ҳимоя қилиш ҳамда улар санкциялар туфайли кўрган зарарини қайта тиклаши учун имконият яратиб беришдир.

Кун янгиликлари

Инсон ҳуқуқлари гуруҳи: Донбассдаги мактабларда украин тили йўқ қилинмоқда

Украина шарқида россияпараст айирмачилар бошқарувида бўлган ҳудудлардаги мактабларда украин тилини ўқитиш деярли йўқ қилинган.

Бу ҳақда Харьков инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи билдирди.

Донецклик журналист Дмитро Дурнев ҳисоботига таянган ҳолда гуруҳ украин тилини ўқитиш 2014-2016 йилларда кескин қисқартирилгани ёки бутунлай йўқ қилинганини хабар қилди.

“Бу ошкора руслаштириш дастури”, дейилади гуруҳ баёнотида.

Россия Украинадан аннексия қилиб олган Қрим яриморолида ҳам айни ҳолат кузатилмоқда. Қримда 2014 йилдан бери украин тилидаги жами 7 мактаб ёпилган. Шунингдек, Кремль бошқарувидаги расмийлар қримтатар тилида таҳсил бериладиган мактаблар сонини ҳам кескин озайтирган.

Харьков инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳига кўра, Донбасснинг Киев бошқарувида бўлмаган ҳудудларида ўқувчилар ҳафтасига бир соат украин тилини ўрганади. Рус тили учун эса беш ёки олти соат ажратилган, бошқа фанлар ҳам рус тилида ўқитилади.

Кремль дастаклаб келаётган маҳаллий расмийлар бу ўзгаришларга маҳаллий аҳоли талаблари сабаб бўлганини айтиб келади.

Вашингтон Саудия нефть заводларига қилинган дрон ҳужумларида Эронни айблади

14 сентябрь куни дронлар ёрдамида амалга оширилган 10 ҳужум натижасида Саудия Арабистонининг нефть ишлаб чиқариш қобилияти икки баробарга озайди.

АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турибди, деб баёнот берди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эрон глобал энергия тармоқларига “мисли кўрилмаган ҳужумлар” бошлади, деб таъкидлади.

Республикачи сенатор Линдси Грэм Эрон “провокацияларни давом эттирса” ёки уранни бойитишни тўхтатмаса, Эрон нефть заводларига ҳужум қилиш ҳақида ўйлаш вақти келганини айтди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аббос Мусавий эса ҳужумларга Эроннинг алоқаси йўқлигини айтган. Мусавий ушбу ҳолат юзасидан баённома эълон қилиб, унда мазкур айбловлар Эронга қарши бўлғуси ҳужумларга баҳона бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Саудия Арабистони шарқида амалга оширилган ҳужумлар учун масъулиятни Эрон қўллаб келаётган шиа Ҳути исёнчилари ўз бўйнига олди.

Хабарларга кўра, ҳужум ортидан Саудия Арабистонида бир кунда нефть қазиб олиш кўлами 5,7 миллион баррелга озайган.

Трамп Усома бин Лодиннинг ўғли ўлдирилганини тасдиқлади

Ҳамза бин Лодин - “Ал Қоида” террор ташкилоти асосчиси Усома бин Лодиннинг ўғли

АҚШ президенти Дональд Трамп “Ал Қоида” террор ташкилоти асосчиси Усома бин Лодиннинг ўғли - Ҳамза бин Лодин Афғонистон-Покистон чегарасида амалга оширилган ҳарбий амалиёт давомида ўлдирилганини тасдиқлади.

Оқ уй 14 сентябрь куни эълон қилган билдирувда “Ҳамза бин Лодиннинг ўлими “Ал Қоида”гуруҳини муҳим етакчи ва отаси Усама бин Лодин билан рамзий алоқадан айирибгина қолмай, гуруҳнинг минтақадаги фаолиятига ҳам путур етказади”, дейилади.

31 июль куни айрим матбуот нашрлари АҚШ разведкаси расмийларига таянган ҳолда Ҳамза Бин Лодин ҳалок бўлганини хабар қилган эди. Аммо бу хабарларда бин Лодин қачон, қаерда ўлгани тафсилотлари берилмади.

Ҳамза Бин Лодин Усома Бин Лодиннинг 20 боласи орасида 15-сидир. Ҳамзанинг ўлган пайтида 30 ёшда бўлгани айтилмоқда.

Февраль ойида АҚШ ҳукумати Ҳамза Бин Лодин боши учун 1 миллион доллар мукофот эълон қилган.

Айтилишича, Ҳамза мусулмонларни АҚШ ва бошқа давлатларга қарши ҳужумга чорлаб, аудио ва видео ёзувларни эълон қилган. Хусусан, у ўз мурожаатларида диндошларини отаси 2011 йилда АҚШ томонидан ўлдирилгани учун қасос олишга чорлаган.

Саудия Арабистони нефт конларида дрон ҳужуми оқибатида ёнғин келиб чиқди

Саудия Арабистони ҳукуматига қарашли бўлган Aramco нефт компанияси ҳозирча ёнғин юзасидан журналистлар саволларига жавоб бермаётир.

14 сентябр кунига ўтар кечаси Саудия Арабистонининг иккита йирик нефт конида ёнғин содир бўлди.

Мамлакат Ички ишлар вазирлигига кўра, ёнғинга дрон ҳужумлари сабаб бўлган.

Букайкдаги нефт конлари дунёдаги энг йирик конлардан саналади. Форс кўрфази орқали дунё бозорига олиб чиқиладиган нефтнинг катта улуши шу конлар хиссасига тўғри келади.

Саудия Арабистони ҳукуматига қарашли бўлган Aramco нефт компанияси ҳозирча ёнғин юзасидан журналистлар саволларига жавоб бермаётир.

Саудия Арабистонидаги нефт конларига дрон ҳужуми биринчи марта бўлаётгани йўқ.

Шу йилнинг май ойида Саудия Арабистонидаги “Шарқ – Ғарб” нефт қувурининг иккита насос станциясига дронлар ҳужум қилган, оқибатда 8 станцияда ёнғин содир бўлган, лекин у тезда ўчирилган эди.

Ўшанда ҳужумни Эрон тарафидан дастакланувчи Ямандаги ҳусит жангарилари уюштиргани айтилганди.

"Толибон" делегацияси АҚШ билан музокаралар барбод бўлиши ортидан Москвага келди

Гарчи "Толибон" Россияда расман террорчи ташкилот деб эълон қилинган эса-да, ушбу ташкилот делегацияси Москвага биринчи марта сафар қилаётгани йўқ.

Толиблар делегацияси АҚШ билан музокаралар барбод бўлиши ортидан Москвага келди.

Делегация жума куни Москвада Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов билан учрашди.

“Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий офиси расмий вакили Муҳаммад Суҳайлга кўра, учрашувда Афғонистондаги тинчлик жараёнлари мухокама қилинган.

Бир неча кун аввал АҚШ президенти Дональд Трамп "Толибон" делегацияси билан Вашингтон чеккасидаги Кэмп Дэвид базасида бўлиши режалаштирилган учрашувни бекор қилган эди.

Толиблар Афғонистондаги навбатдаги теракт учун жавобгарликни зиммасига олганидан сўнг Трамп “Толибон” билан тинчлик музокаралари ўтказиш бекор қилинганини билдирганди.

Гарчи "Толибон" Россияда расман террорчи ташкилот деб эълон қилинган эса-да, ушбу ташкилот делегацияси Москвага биринчи марта сафар қилаётгани йўқ.

Шнобель мукофотлари топширилди. Пули - 10 триллион Зимбабве доллари

Шнобель мукофотини топшириш маросими бошловчиси Марк Абраҳам. 2019, 12 сентябрь.

Ҳарвард университетида Шнобель мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Илм-фаннинг 10 соҳаси бўйича энг бемаъни кашфиётлар учун ҳар йили бериладиган бу мукофот бу йил 29- марта топширилди.

Шнобель мукофотига бу йил сазовор бўлганлар орасида Буюк Британия, Саудия Арабистони, АҚШ ва Сингапурлик олимлар бор. Улар одам қитиқлашдан оладиган роҳат миқдорини ўлчашга уринган.

Эронлик олим эса, гўдаклар кўтлигини алмаштирадиган мослама ясагани учун олди.

Италиялик олим очган кашфиётга ишониладиган бўлса, пицца кўплаб касалликлар учун доридир. Фақат бунинг учун пицца Италияда пиширилган бўлиши шарт.

Шнобель мукофотини Нобель мукофоти соҳиблари топширади. Ғолиблар қаҳва қадағи, бир қути сақич, бир қути сигарет ва тиш чўткаси олади. Шунингдек, ғолибларга 10 триллион Зимбабве доллари берилади. Бу пул АҚШнинг 40 центига тенг.

HRW удмурт олимининг ҳалок бўлгани ортидан Москвани бошқа тилларни камситмасликка чақирди

Ижевск шаҳрида 10 сентябрь куни ўзига ўт қўйган 79 ёшли удмурт олими Альберт Разин.

Москванинг тил сиёсатидан норозилик билдириб миллати удмурт олимнинг ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлгани ортидан Хьюман Райтс Вотч (HRW) ташкилоти Россия ҳукуматини мамлакатдаги миллий озчиликлар дуч келаётган “чуқур илдиз отган муаммоларни” ҳал қилишга чақирди.

“Россия бошқа тилларнинг бевосита ёки билвосита камситилишини бартараф этиш учун ўзининг тил сиёсатини қайта кўриб чиқиши ва тиллар ранг-баранглигини йўқотадиган сиёсатидан воз кечиши лозим” дейилади ташкилот баёнотида.

Ўз она тилининг ҳимояси учун Россиянинг Удмуртия Республикаси пойтахти Ижевск шаҳрида 10 сентябрь куни ўзига ўт қўйган 79 ёшли удмурт олими Альберт Разин касалхонада оламдан ўтди.

Альберт Разин Ижевск парламенти биноси олдида “Тилим эртага ўладиган бўлса, мен бугун ўлишга тайёрман” ҳамда “Менинг ватаним борми?” деб ёзилган плакатларни кўтариб пикет ўтказган ва ўзига ўт қўйган эди. Тергов қўмитаси ҳодиса бўйича иш қўзғади.

Разин танасининг деярли 100 фоизи куйиб кетган ва у оғир аҳволда шифохона ётқизилган. Бу ҳодисадан кейин Удмуртия парламенти режалаштирилган сессиясини кейинга қолдирган.

Разин маҳаллий тилларни ўқитиш бўйича қонун лойиҳасига қарши Удмуртия парламентига мактуб юборган фаоллар орасида бўлган. Ушбу қонун лойиҳаси Россиядаги этник озчиликлар норозилигига сабаб бўлиб келади.

Ёқутистонда маҳаллий аёлни зўрлаганликда айбланган қирғизистонликлар судланди

Ëқутистон ҳукумати раҳбари Айсен Николаев 18 март кунги аксилмуҳожир митингида.

Қирғизистоннинг уч нафар фуқароси Россиянинг Саха-Ёқутистон республикасида март ойида маҳаллий аёлни жинсий зўрлаганликда айбдор деб топилди.

Судланганлардан бири 11 сентябрда ўтган жараёнда қизни ўғирлашда ва зўрлашда айбдор деб топилди ва 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Қолган икки қирғизистонлик қизни ўз ихтиёрига қарши ушлаб турганликда ҳамда зўрлашда айбланди. Улардан бири тўрт йилга, иккинчиси эса 6 йилга қамалди.

Ёқутистон пойтахти Якутск шаҳрида март ойида юз берган бу зўравонлик ҳолати ортидан катта норозилик тўлқини бошланиб кетган эди.

17 март куни бошланган ва бир ҳафтадан кўпроқ давом этган аксилмуҳожир чиқишларидан кейин 27 март куни Ёқутистон ҳукумати раҳбари Айсен Николаев меҳнат муҳожирларини минтақада ишга қабул қилишни тақиқловчи қарор қабул қилган эди. Норозилар эса муҳожирларни республикадан бадарға этишни талаб қилганлар.

Суриядаги қочқинлар лагерида 575 нафар тожикистонлик аёл ва бола бор

Суриядаги қочқинлар лагерларидан бири.

Тожикистон ҳукуматидаги манба Озодлик радиоси тожик хизматига Суриядаги қочқинлар лагерларида “Ислом давлати” гуруҳи сафларида жанг қилганларнинг оилаларига мансуб бўлган 575 нафар аёл ва бола жон сақлаётгани ҳақида маълумот берди.

Ўз номи айтилишини истамаган манба 12 сентябрь куни радиога тожик қочқинларининг асосий қисми Сурия шимоли-шарқидаги Ал Хол лагерида эканини билдирди.

“Улардан 90 нафарга яқини аёл, 200 нафари қиз ва 240 нафари ўғил боладир. Айримларининг ёши бирга ҳам тўлмаган, болаларнинг кўпчилиги етимдир”, деди манба.

Унга кўра, 2019 йил бошида Боғхуз шаҳри “Ислом давлати” жангариларидан озод қилинганидан сўнг бу лагерда тожикистонликлар пайдо бўлган.

БМТнинг Сурия бўйича комиссияси 11 сентябрь куни Ал Хол лагеридаги вазиятни “ўта ачинарли”, деб баҳолаган ҳамда бу лагердаги 3500 нафар бола ҳеч қандай ҳужжатларга эга эмаслигини маълум қилиб, бунинг ортидан улар фуқароликдан маҳрум бўлиб қолишлари мумкинлигидан ташвиш билдирган эди.

Комиссия раиси Пауло Пиньейру "Ал Хол лагерида 70 минг одам ўта ачинарли ва ўта ноинсоний шароитларда яшамоқда. Уларнинг асосий қисми аёллар ва 12 ёшгача бўлган болалардир”, деб айтди.

Унга кўра, кўп давлатлар “12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар экстремистик мафкура билан боғлиқ бўлиши эҳтимол” деган сабаб билан уларни ўз ватанларига олиб кетишни истамаяпти.

АҚШ Россиядан яширинча олиб чиқиб кетгани айтилаётган агент масаласида Москва Интерполга мурожаат қилди

Олег Смоленковнинг Виржиниядаги уйи.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШда Россия президенти маъмуриятининг собиқ ходими Олег Смоленков топилгани муносабати билан Интерполга мурожаат қилди. Аввалроқ қатор нашрлар Олег Смоленков Марказий Разведка Бошқармаси агенти бўлганини тахмин қилган эдилар.

New York Times, CNN ва The Washington Post 9 сентябрь куни Марказий Разведка Бошқармаси 2017 йилда президент Путин ва унинг 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловига аралашуви тўғрисида қимматли ва махфий маълумотларни етказиб берган агентини Россиядан яширин равишда олиб чиқиб кетганини хабар қилганди.

Расман билдирилишича, Смоленков Россияда бедарак йўқолган шахс мақомида бўлган.

-Россия фуқароси ва унинг оиласи хориж давлати ҳудудида бедарак йўқолган. Менга маълум бўлишича, шундан сўнг Россияда жиноят иши очилган. Орадан икки йил ўтгач АҚШ матбуоти бу одам Қўшма Штатлар ҳудудида эканини маълум қилмоқда. Албатта, бу маълумот барча тартиб-қоидаларга асосан текширилиши зарур. Шунинг учун биз Интерполга сўров жўнатдик, - деди Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова.

Озод Европа-Озодлик радиоси мухбирининг аниқлашича, Смоленков 2018 йилнинг июнида Виржиниянинг Стаффорд округида уй сотиб олган. Умумий майдони 760 квадрат метр бўлган уй 925 минг долларга баҳоланган. Смоленковнинг қўшниларидан кўпчилиги Федерал Тергов Бюроси, АҚШ Қуролли Кучлари ходимлари ва фахрийларидир.

Прага кенгаши маршал Конев ҳайкалини олиб ташлаш тўғрисида қарор чиқарди

Коневга қўйилган ҳайкалга сўнгги марта 21 август куни вандаллар зарар еткизган эди.

Прага округ кенгаши 12 сентябрь куни Совет Иттифоқи маршали Иван Коневга ўрнатилган ҳайкални олиб ташлаш ва бошқа ерга кўчириш тўғрисида қарор чиқарди.

Ҳозирча ҳайкал қаерга кўчирилиши номаълум, у музейлардан бирига топширилиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда. Бу қарор Россиянинг кескин танқидига учради.

Айримлар Конев Иккинчи жаҳон урушида Чехословакиянинг асосий қисмини ва Прагани фашист босқинчиларидан озод қилган деб ҳисоблайди.

Праганинг Дейвице мавзесида жойлашган Конев ҳайкали бир неча марта вандаллар ҳужумига учраган.

Сўнгги бор 21 август куни Конев ҳайкалига қизил бўёқ чапланган ва пастига "қонхўр маршал" деб ёзиб кетилган эди. Шу куни Совет Иттифоқининг 1968 йилда Чехословакияга бостириб кирганининг навбатдаги йиллиги хотирланаётган эди.

1945 йилда Прагани фашистлардан озод қилган, 1956 йилда эса Венгриядаги советларга қарши исённи қонли бостирган Коневга қўйилган ҳайкал Чехияда турли баҳсларга сабаб бўлиб келади. Айримлар уни олиб ташлашни талаб қилсалар, бошқалар ҳайкал пойига гуллар қўядилар.

12 сентябрь куни Россиянинг Чехиядаги элчихонаси Конев ҳайкалини олиб ташлаш тўғрисидаги қарорни “Чехословакияни нацизмдан озод қилган қизил армия, чех ва словак аскарларининг хотирасини ҳақоратлаш кампанияси”, деб баҳолади.

Ўзининг Россия президенти Владимир Путин билан яқин муносабатларда эканини очиқ намойиш этувчи Чехия президенти Милош Земан Иван Конев ҳайкали ўз ўрнида қолдирилиши тарафдори эканини билдирди.

Исроил Эронга нисбатан эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга бўлишни истайди

Россия президенти Владимир Путин ва Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяҳу Сочида учрашди.

Исроил Эронга нисбатан эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга бўлишни истайди. Бу ҳақда 12 сентябрь куни Сочида Россия президенти Владимир Путин билан учрашган Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяҳу маълум қилди.

Учрашувда Суриядаги вазият ва хавфсизликни таъминлаш масаласини мувофиқлаштириш муаммолари муҳокама қилинди.

Исроил бир неча маротаба Суриядаги Эрон ҳарбий кучларига ҳужум қилган. Бундан мақсад Эроннинг Суриядаги ҳозирлигига қаршилик кўрсатиш экани айтилган. Исроил Эронни ўз хавфсизлиги учун таҳдид солувчи мамлакат қаторида кўради.

Бинямин Нетаньяҳу Исроил-Россия алоқаларига тўхталар экан:

-Мен икки томонлама муносабатларимизнинг ривожланиб бораётгани иккита асосий омилга боғлиқ деб ҳисоблайман. Биринчиси, ҳар икки томоннинг баланслашган сиёсат олиб бораётганидир, иккинчидан эса, ўзаро шахсий муносабатларимиз. Бу муносабатлар ҳарбийларимизнинг ўзаро кераксиз бўлган жанжалларининг олдини олди ва масъулият билан айта оламанки, бу минтақа хавфсизлиги учун муҳим омиллардан биридир, - деб айтди.

АҚШ Украинага 250 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

Президент Трамп маъмурияти Украинага ҳарбий ёрдам тариқасида 250 миллион доллар маблағ ажратди.

Оқ Уй бу ҳақда 12 сентябрь куни Сенатда молиявий масалалар муҳокама қилиниши арафасида билдирди. Сенаторлар Трампни Сенат тасдиқлаган бюджет маблағларини ушлаб тургани учун танқид қилмоқдалар.

Аммо Сенат Украинага ҳарбий ёрдам сифатида маблағ ажратилганини қўллаб-қувватлаши кутилмоқда. АҚШ бу ёрдам Украинанинг Россия агрессиясига қарши туришида муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.

Киев ва Москва ўртасидаги муносабатлар 2014 йилда Россия Қримни аннексия қилгани ортидан ёмонлашган эди.

Россия бўйлаб Навальний штабларида рейд ўтказилмоқда

Алексей Навальний.

Мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Россиянинг 30 шаҳридаги штабларида 12 сентябрь куни полиция рейд ўтказди.

"Агора" халқаро ҳуқуқ гуруҳи раҳбари Павел Чиковнинг ëзишича¸ бир пайтнинг ўзида 100 дан ошиқ тинтув ўтказилган.

"ОВД Инфо" хабарига кўра¸ Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Навальнийнинг Кемерово, Липецк, Балакова, Краснодар, Тюмень, Екатеринбург, Чебоксари, Хабаровск, Нижний Новгород, Воронеж, Пермь, Томск¸ Новосибирск, Владивосток, Ижевск, Казань, Красноярск, Курган, Мурманск, Омск¸ Саратов ва Ставрополдаги тарафдорлари сўроқ ва тинтув қилинган.

Санкт-Петербургда эса Навальний штаби раҳбарлари Александр Шуршев и Ольга Гусевалар уйида тинтув ўтказилган.

Навальний сафдошларидан бири Леонид Волков¸ бу рейдлардан кўзланган асосий мақсад штаблардаги техникани имкон қадар мусодара қилиш эканини билдирди.

Россия Тергов қўмитаси Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармасига нисбатан август ойида жиноий иш очган. Жамғарма¸ Россия матбуотига кўра¸ пул ювишга алоқадорликда айбланмоқда.

Беларусда мактабга пичоқ билан ҳужум қилган ўсмир 13 йилга қамалди

Қотилликда айбланаётган ўсмир.

Беларуснинг Ступци шаҳрида мактабда синфдошлари ва ўқитувчиларга пичоқ билан ҳужум қилган ўсмир 11 сентябрь куни суд ҳукми билан 13 йилга қамалди.

Матбуотда Вадим деб аталаётган ўсмир бундан ташқари ҳалок бўлганларнинг оилаларига 110 минг беларусь рубли, яъни 53 минг АҚШ доллари миқдорида товон пули ҳам тўлаб бериши лозим.

Ступци шаҳридаги 2-сонли мактабнинг 15 ёшли ўқувчиси бўлган Вадим шу йилнинг 11 февралида дарс пайтида ўқитувчи ва синфдошларига пичоқ билан ҳужум қилган эди. У 53 ёшли тарих ўқитувчисини ва 17 ёшли мактабдошини ўлдирган. У яна икки нафар ўқувчини яралаганди.

Беларусда бундай воқеа биринчи марта содир бўлди. Суд ўсмир безорилик қилиш истагида мана шундай ишга қўл урган, деб ҳисобламоқда. Судда судланувчи ўз айбига қисман иқрор бўлди.

Фаластин маъмурияти Нетаньяҳу режасини "ҳарбий жиноят" деб атади

Фаластиннинг бош музокарачиси Саёб Эрекат.

Фаластин бош музокарачиси Саёб Эрекат Исроилнинг босиб олинган Ғарбий соҳилни аннексия қилиш режасини ҳарбий жиноят деб атади.

- Исроил Бош вазирининг Иордан дарёси соҳилини аннексия қилиш мақсадида ўз халқидан мандат сўрагани ҳарбий жиноятнинг энг биринчи даражали белгисидир. Босиб олинган ҳудудларнинг аннексия қилиниши бу ҳарбий жиноятдир,-деди Эрекат.

Эрекат бу масала БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясида муҳокама қилиниши айтиб, халқаро ҳамжамиятни муаммога бефарқ қарамасликка чақирди.

Бош вазир Бинямин Нетаньяҳу 10 сентябрда ўз тарафдорлари билан учрашув пайтида бир ҳафтадан кейин ўтадиган сайловда ғалаба қозонса, Иордания билан чегарадош ҳудудда босиб олинган Ғарбий соҳилнинг бир қисмини аннексия қилишга ваъда берган эди.

Исроил Ғарбий соҳилини Ғўлон тепаликлари, Шарқий Қуддус ва Ғазо минтақаси билан биргаликда 1967 йилнинг июнидаги олти кунлик уруш мобайнида босиб олган эди.

Исроил 1980 йилда Шарқий Қуддус аннексиясини юридик жиҳатдан расмийлаштирган. Бир йилдан сўнг расман Ғўлон тепаликлари аннексия қилинган. Халқаро ҳамжамият Исроил аннексиясини тан олган эмас.

АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ Уйнинг Яқин Шарққа нисбатан аввалги сиёсатидан воз кечиб, Шарқий Қуддус ва Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди сифатида тан олган.

Рус олигархи Малофеевга Болгарияга кириш 10 йилга тақиқланди

Болгария парламентининг жосусликда айбланаётган собиқ депутати Николай Малинов.

Болқондаги жосуслик жанжали ортидан Болгария нуфузли рус олигархи Константин Малофеевга мамлакатга киришни ўнг йилга тақиқлади.

Болгария Бош прокурори Сотир Цацаров тақиқ 11 сентябрдан кучга кирганини билдирди. Бундан бир кун олдин эса парламент собиқ депутати Николай Малиновга хориж давлати фойдасига жосуслик қилганлик айблови билдирилган эди.

Тергов материалларида қайд этилишича, Малинов Россиянинг Икки бошли бургут жамияти ва Стратегик тадқиқотлар институтига махфий ҳужжатларни тақдим этиш эвазига пул мукофоти олган.

Бундан ташқари Социалистик партиясининг собиқ аъзоси бўлган Малинов мазкур икки ташкилот билан Болгарияни Кремль таъсир доирасига қайтариш йўналишида ҳамкорлик қилган.

Бош прокурор Сотир Цацаров айни пайтда Николай Малиновнинг рус олигархи Константин Малофеев билан муносабатлари ўрганилаётганини билдирди. Украина шарқидаги россияпараст исёнчиларни қўллаб-қувватлагини ортидан Малофеевга Европа Ититифоқи ва АҚШга кириш тақиқланган. Малофеев Икки бошли бургут жамияти раҳбари ҳамдир.

Аввалроқ жосуслик жанжали оқибатида 2009 йилдан 2017 йилгача Россия Стратегик тадқиқотлар институти раҳбари бўлган ташқи разведка хизмати генерал-лейтенанти Леонид Решетниковга ҳам Болгарияга келиш 10 йилга тақиқланганди.

Украина Россия билан 113 нафар украинни озод қилиш юзасидан музокаралар ўтказмоқда

Россия қамоғидан 7 сентябрда бўшатилиб, ватанига қайтган Александр Колченко оиласи билан.

Киев ва Москва расмийлари Россия қамоқларида сақланаётган 113 нафар украиналикни озод этиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Украина Омбудсмени Людмила Денисова 10 сентябрь куни матбуотга маълум қилди.

Денисова 113 нафар украиналик, жумладан, 89 нафар қрим татар айнан қачон қамоқдан озод этилиши ва Украинага қайтарилиши мумкинлигини билмаслигини айтди. Бироқ у бу иш йил охиригача амалга ошади, деб умид қилмоқда.

7 сентябрь куни Россия ва Украина ўзаро 70 нафар асир билан алмашган эдилар. Мазкур қадам Ғарб давлатлари томонидан олқишланди. Қримга Россия томонидан қайтарилган 35 асир орасида фақат бир нафари қрим татардир.

Украина президенти Володимир Зеленский Озод Европа-Озодлик радиосига 7 сентябрь куни Россия қамоқларида қолаётган украиналиклар “асирлар билан алмашинишнинг иккинчи босқичида озод этилиши”ни айтди.

“Биз бир йил, икки йил, уч йил ҳақида гапирмаяпмиз. Биз бу ишни жуда тез амалга оширмоқчимиз”, деди президент.

Қозоғистондаги аксилхитой норозиликлар фонида Тоқаев Пекинга сафар қилди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 10 сентябрь куни икки кунлик ташриф билан Хитойга келди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 10 сентябрь куни икки кунлик ташриф билан Хитойга келди. Шу куни Facebook’даги саҳифасида президентнинг матбуот котиби Берик Курмангали Тоқаев Қозоғистон-Хитой ишбилармонлар кенгашининг олтинчи мажлиси очилишида иштирок этиши борасида хабар берди.

Шунингдек, унинг Хитой раиси Си Цзиньпин ва Хитой Давлат Кенгаши бош вазири Ли Кэцян билан музокоралар олиб бориши, шунингдек Хитой сиёсатчилари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказиши режалаштирилган, дея хабар берди матбуот котиби.

Президент этиб сайланганидан кейинги Тоқаевнинг Хитойга илк ташрифи ўтган ҳафта Қозоғистон шаҳарларида Хитой билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳаларга қарши чиқишлар фонида бошланди.

2011 йилда меҳнат шароитларини яхшиланишини талаб қилиб норозилик ўтказган нефтчилар намойиши бостирилган Қозоғистоннинг Мангистау вилоятидаги Жанаўзен шаҳрида 2 сентябр куни кўчаларга юзлаб одамлар чиқди. Улар Тоқаев 11–12 сентябрга режалаштирган Хитойга сафарини бекор қилишини талаб қилдилар. Олмаота, Нур-Султон, Ақтўбе ва Чимкент шаҳарларида ўтган ҳафтада кам сонли иштирокчилар бирдамлик акциясини ўтказдилар.

Намойишчилар, жумладан Қозоғистон расмийларига мурожаат қилиб Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги ва саноатда 55та корхона қуришни назарда тутган Қозоғистон-Хитой хукуматлараро Шартномасиниг ҳаётга татбиқ этилишидан воз кечишга чақирдилар. Намойишчилар Жанаўзенда 9 сентябрь куни шаҳар майдонида яна тўланиб «Хитой экспансиясига йўл қўйиб бўлмаслик» лозимлигини айтишди. Намойиш иштирокчилари мамлакат Ғарбдан инвестиция олиши керак дея чақириқ билан чиқишди.

Россияда удмурт тили ҳимояси учун ўзига ўт қўйган олим вафот этди

Ижевск шаҳрида 10 сентябрь куни ўзига ўт қўйган 79 ёшли удмурт олими Альберт Разин.

Ўз она тилининг ҳимояси учун Россиянинг Удмуртия Республикаси пойтахти Ижевск шаҳрида 10 сентябрь куни ўзига ўт қўйган 79 ёшли удмурт олими Альберт Разин касалхонада оламдан ўтди.

Альберт Разин Ижевск парламенти биноси олдида “Тилим эртага ўладиган бўлса, мен бугун ўлишга тайёрман” ҳамда “Менинг ватаним борми?” деб ёзилган плакатларни кўтариб пикет ўтказган ва ўзига ўт қўйган эди. Тергов қўмитаси ҳодиса бўйича иш қўзғади.

Разин танасининг деярли 100 фоизи куйиб кетган ва у оғир аҳволда шифохона ётқизилган. Бу ҳодисадан кейин Удмуртия парламенти режалаштирилган сессиясини кейинга қолдирган.

Разин маҳаллий тилларни ўқитиш бўйича қонун лойиҳасига қарши Удмуртия парламентига мактуб юборган фаоллар орасида бўлган. Ушбу қонун лойиҳаси Россиядаги этник озчиликлар норозилигига сабаб бўлиб келади.

Эронда футбол ишқибози бўлган аёл стадионга киритилмагани ортидан ўзига ўт қўйди

Футбол ишқибози бўлган эронлик аёллар.

Эронда стадионларда аёллар камситилишига норозилик билдириб ўзига ўт қўйган аёл вафот этди.

Саҳар Худоёрий жорий йилнинг март ойида ўзи ишқибоз бўлган футбол жамоаси ўйинини кўриш учун стадионга киришга уринган пайтда полиция томонидан қўлга олинган эди. Уч кун ҳибсда сақланганидан сўнг у гаров эвазига озод қилинган ва олти ой давомида унинг иши судда кўриб чиқилишини кутган.

Белгиланган куни Саҳар Худоёрий судга келган, бироқ суд судьянинг шахсий муаммолари туфайли бошқа кунга қолдирилган. Бироқ Худоёрий суд ходимларининг гапларидан ўзи олти ойдан икки йилгача қамалиши мумкинлигини билиб олган.

Шундан сўнг у суд олдидаги майдонга чиқиб ўзига ўт қўйган. Орадан бир ҳафта ўтгач у касалхонада жон берди.

Эронда 1981 йилда эркаклар мусобақалашаётган стадионга аёлларнинг киритилиши тақиқланган қонун қабул олинган.

ОАВ: АҚШ разведкаси Россиядан агентини махфий равишда олиб чиқиб кетди

АҚШ матбуоти Марказий Разведка Бошқармаси – МРБ 2017 йилда президент Путин ва унинг 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловига аралашуви тўғрисида қимматли ва махфий маълумотларни етказиб берган агентини Россиядан яширин равишда олиб чиқиб кетганини хабар қилди.

New York Times, CNN ва The Washington Post 9 сентябрь куни бу одам АҚШ разведкаси учун қимматбаҳо агент бўлганини ёзди.

Хабарларда айтилишича, агент бевосита президент Владимир Путиннинг аёнлари доирасида бўлмаган, лекин у Россияда хавфсизликка ва бошқа соҳаларга оид махфий ахборотни олиш имкониятига эга бўлган.

Россия ва Оқ Уй расмийлари матбуотда эълон қилинган мазкур маълумотларни инкор қилмоқда.

“Коммерсант” газетаси “агент Россия президенти маъмуриятида, ундан аввалроқ эса Россиянинг Вашингтондаги элчихонасида ишлаган бўлиши мумкин”, деган тахминни билдирди.

“Коммерсант”нинг ёзишича, бу одам Олег Смоленков бўлиши мумкин. У Путин 2008 йилдан 2012 йилгача Бош вазир бўлиб турганида унинг маъмуриятида ишлаган. Бунга қадар Смоленков Россиянинг Вашингтондаги элчихонасида иккинчи котиб бўлган.

Исроил босиб олинган Ғарбий соҳилни аннексия қилмоқчи

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху.

Бош вазир Бинямин Нетаньяху бир ҳафтадан кейин ўтадиган сайловда ғалаба қозонса, Исроил Иордания билан чегарадош ҳудудда босиб олинган Ғарбий соҳилнинг бир қисмини аннексия қилмоқчи. Нетаньяху Иордан дарёси соҳили ва Ўлик денгизнинг шимолий соҳилида Исроил суверенитетини ўрнатишга ваъда бермоқда.

Нетаняху билан ҳамкорликда коалицион ҳукумат тузадиган ўнгчи партиялар бу қарорни қўллаб-қувватлашлари кутилмоқда. Айни пайтда Бош вазир мухолифатдаги фаластинликларнинг қаттиқ қаршилигига дучор бўлади.

Исроил Ғарбий соҳилини Ғўлон тепаликлари, Шарқий Қуддус ва Ғазо минтақаси билан биргаликда 1967 йилнинг июнидаги олти кунлик уруш мобайнида босиб олган эди.

Исроил 1980 йилда Шарқий Қуддус аннексиясини юридик жиҳатдан расмийлаштирган. Бир йилдан сўнг расман Ғўлон тепаликлари аннексия қилинган. Халқаро ҳамжамият Исроил аннексиясини тан олган эмас.

АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ Уйнинг Яқин Шарққа нисбатан аввалги сиёсатидан воз кечиб, Шарқий Қуддус ва Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди сифатида тан олган.

АҚШнинг Кобулдаги элчихонасида 11 сентябрь куни ракета портлади

Кобулдаги АҚШ элчихонаси биноси.

АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси ҳудудида 11 сентябрь эрта тонгда ракета портлади. Элчихона ходимлари овоз кучайтиргич орқали «Комплекс ҳудудида ракета портлади», деган огоҳлантирувни эшитганлар.

Ҳозирча ҳодиса юзасидан АҚШ ёки Афғонистон ҳукумати расмий билдирув тарқатмади. Бу портлаш Қўшма Штатларда 11 сентябрь террактлари содир этилганига 18 йил тўлган куни юз берди. Мазкур воқеа АҚШнинг Афғонистонда ҳарбий амалиётларни бошлашига сабаб бўлган эди.

Элчихонада ракета портлатилишидан бир кун олдин президент Дональд Трамп Толибон билан олиб борилаётган тинчлик музокаралари тўхтатилганини эълон қилган эди.

-Биз узоқ вақтдан бери полициячи вазифасини бажараяпмиз, аммо бу масъулиятни афғон ҳукумати ўз зиммасига олиши лозим. Мен Афғонистондан яқин орада чиқиб кетамиз, деб ваъда берганман. Биз жуда яхши ишларни амалга оширдик, - деди Трамп.

Трампнинг баёнотидан кўп ўтмай Толибон ўзларининг сайтларига музокараларнинг тўхтатилиши Қўшма Штатларнинг ўзига зарар келтириши борасидаги огоҳлантиришни жойлаштирдилар.

Forbes: Россиялик тадбиркор Йордан марихуана ортидан миллиардер бўлди

Бизнесмен Борис Йордан (чапда)

Россиянинг "Ренессанс Страхование" ширкати эгаси ва НТВ телеканалининг собиқ раҳбари Борис Йордан марихуана ишлаб чиқариш ортидан миллиардерга айланди. Бу ҳақда Forbes хабар берди.

Маълумотда айтилишича, Йордан психоактив моддаларни ишлаб чиқарувчи Curaleaf ширкати акцияларининг учдан бирига эгалик қилади.

АҚШда марихуана федерал даражада легаллаштирилмаган, бироқ ўтган йили Curaleaf Канада бозорига чиқди, бу ерда марихана истеъмолига рухсат берилиши тўғрисида қонун қабул қилинган эди.

Бугунги кунда Curaleaf капитали 3,5 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Россияда Йордан “Ренессанс Страхование" ширкатининг 50 фоизига эгалик қилувчи "Спутник" инвест гуруҳига эгалик қилади. Бу ширкатга Йордан 21 йил аввал асос солган.

2001 йилда НТВ телеканалида ходимлар оммавий равишда ишдан бўшатилиб, каналнинг хўжайини Владимир Гусинскийга мансуб активлар “Газпром” назоратига ўтганидан сўнг Борис Йордан НТВга бош директор этиб тайинланган эди. Бу лавозимда у 2003 йилнинг январигача - канал сиёсатини Кремль тўлиқ ўз назоратига олгунга қадар ишлади.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG