Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ва видеоларда у ўзбекистонлик экани тахмин қилинган. Аммо буни Ўзбекистон томони ҳозирча на тасдиқлаган, на инкор этган.
Тўсиқ ортига ташланган жасад
Маълумотларга кўра, воқеа 15 май куни туш пайти бўлган. Видеоларда ҳужжат расмийлаштириш учун навбатда турганлар орасида камида уч киши ўзини ёмон ҳис қилаётгани акс этган. Озодлик журналистлари ҳолатни ўрганиб, вафот этган шахс ким эканинини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Ўша куни Сахаровода бўлган ўзбекистонлик мигрант навбат кутганлар орасида бир киши вафот этганини, лекин яқинроқ бориб кўриш имкони бўлмаганини айтиб берди:
"Жудаям одам кўп эди. Мен тахминан 50-60 метр нарида турдим. Бақириб ёрдам сўраётганлар ўзбеклар эди. Лекин ўзбекистонликми ёки бошқа ўлкадан келган мигрантларми, билмайман. Одамнинг кўплигидан, яқинига боришнинг иложи бўлмади", - деди ўзини Жамшид деб таништирган фарғоналиқ йигит.
Telegram’даги “Осторожно, новости” канали маълум қилишича, марказ қўриқчилари у ерда турганларга ҳолатни видеога олишни тақиқлаган, бунга уринганларга эса таҳдидлар бўлган. Каналда ёзилишича, вафот этган эркакнинг жасадини бинo ёнидаги тўсиқ ортига олиб ўтиб, устига қора целофан ёпиб қўйишган, бу пайтда эса юзлаб одамлар ҳужжат расмийлаштириш учун навбатда туришда давом этган.
Россиядаги мигрантлар муаммосини ёритиб келаётган блогер Жўрабек Омонов ўша куни яна бир нечта одам жароҳат олганини айтмоқда
“Менинг кузатувчиларим у Ўзбекистон фуқароси эканини ёзишди. "Ҳеч ким бунга эътибор бермаяпти, консуллик ҳам хабар олмаяпти "дейишди. Одамлар тор клетка йўлакда туришаркан. Ҳавонинг иссиғидан кимлардир ҳушидан кетган. Битта одам вафот этиб, 5-10 киши жароҳат ҳам олган экан”.
Россия ҳукуматига яқин “Baza” канали марҳум юрак хасталиги туфайли вафот этганини иддао қилмоқда. Уларнинг ёзишича, “Тез ёрдам” хизмати етиб келган, аммо ҳушидан кетган одамнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Migrant.uz портали муассиси, юрист Ботиржон Шермуҳаммад бундай вақтда Ўзбекистон томонидан тегишли муносабат билдирилиши ёки суриштирув бўлаётгани ҳақида хабар берилиши лозимлиги таъкидлайди:
“Расман бундай ҳаракатлар бўлаётгани ҳақида хабаримиз йўқ. Муаммо шундаки, консуллик биз билан алоқа қилмайди, биз улар билан алоқа қилмаймиз. Шундай ҳолатларда суҳбатлашиш, бири биримиз билан маълумотларни алмашиш йўқ. Миграция агентилигига маълумотларни юбориб турамиз, улар ҳам баъзан ёрдам беришади. Афсуски, Ташқи ишлар вазирлиги билан, консулликлар билан ҳеч қандай ҳамкорлигимиз йўқ”.
Telegram’даги мустақил “Astra” каналининг ёзишича, бу фожиа ҳақида маълумот тарқатаётган Россиядаги баъзи миллатчи каналлар изоҳларида мигрантларга нисбатан нафрат, камситиш ва ксенофобия руҳидаги фикрлар кўпайган.
Бу биринчи фожиа эмас
Россия президенти Владимир Путиннинг қишда чиқарган фармонига кўра, барча хорижликлар 2025 йил 30 апрелга қадар Россияда қолишни расмийлаштириши ёки мамлакатни тарк этиши шарт эди. Кейин бу муддат 10 сентябргача узайтирилган. Шу боис миграция марказларида навбатлар кескин кўпайган.
“Кенглиги икки-уч метр йўлакни панжара билан тўсишган. Эрталаб бешда борсангиз ҳам ўша йўлакда узун навбатга дуч келасиз. Билмадим энди, бунга эътибор қаратиш учун яна қанча фуқаролар ўлиши керак... Одамлар -20 градус совуқда ҳам шундай навбат кутишган” - дейди блогер Жўрабек Омонов.
Бу фожиа миграция марказидаги биринчи ҳолат эмас. Migrant.uz сайти 5 апрелда ўзбекистонлик 54 ёшли эркак икки кун навбатда туриб, ҳушидан кетган ҳолда вафот этганини хабар қилган. Бунда ҳам расмий муносабат билдирилмаган. 2023 йили яна бир ўзбекистонлик полиция текшируви пайтида юрак хуружидан вафот этганди. 2015 йил апрелда эса тожикистонлик фуқаро патент учун икки кун навбатда туриб жон берган.
2015 йилгача Москвада миграция билан боғлиқ хизматлар — рухсатнома бериш, рўйхатдан ўтказиш, тиббий кўрик ва бошқалар — турли жойларда кўрсатилиб келган. Кейин унинг барчаси ва қонун бузган мигрантларни вақтинча сақлаш пункти ҳам Москва яқинидаги Сахарово қишлоғидаги миграция марказига бириктирилган.
Бу жойдаги узоқ навбатлар ва тиғизлик мигрантлар норозилигига сабаб бўлиб келяпти. Вақтинча сақлаш пунктидаги оғир шароит ва қийноқлар ҳақида ҳам шикоятлар бор.
Юрист Ботиржон Шермуҳаммад эса муаммони ҳал қилишдан манфаатдор эмаслигини айтмоқда:
“Масалани биз ўрганиб чиқдик. Бу Россия ҳукуматининг, яъни маҳаллий ҳокимиятларнинг айби. Чунки, айнан Москвадаги вазият жуда оғир. Президентинг фармони январда чиқди. Лекин Москва шаҳрида ва Москва вилоятида ҳужжатларни расмийлаштириш учун қабул фақат Сахароводо бўлади. Илгари вилоятники алоҳида, шаҳарники алоҳида эди. Иккинчидан, миграция марказида ҳужжатларни қабул қилувчи ва берувчи 30та туйнук бор. Аммо уларнинг фақат еттитаси қабул қилади, 15таси тайёр ҳужжатларни беради. Шунча одам навбатга турганига қарамасдан, 30та туйнукча тўлиқ ишламайди. Агар Россия ҳукуматининг ҳохиши бўлса, ҳаммасини ишлатиб қўйиш имкони бор”.
Юристнинг сўзларига кўра, ҳозирда онлайн навбат тизими бекор қилинган, ҳамма жонли навбатда туришга мажбур. Ташқарида Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлат фуқаролари учун алоҳида, бу альянсга қўшилмаган мамлакатлар фуқаролари учун алоҳида йўлаклар бор. Лекин ичкарига киргач, яна ҳаммаси аралаш навбатга туради. Таҳлилчилар бундай муаммо асосан Сахаровода кучли эканини, бошқа ҳудудларда унчалик кескин эмаслигини қайд этишмоқда.
“Сахароводаги миграция марказига бормоқчи бўлганларга, сумкага сув, тамадди қилиш учун овқат ёки нон солиб олишни тавсия қиламиз. Чунки у ерда озиқ-овқат ташкиллаштирилмайди. Бўлса ҳам, жуда қиммат. Ҳужжатларининг барчасини тахт қилиб, кейин боришсин. Мабодо тиқилинчда қолиб колсангиз, оёғини ерга тўлиқ қўйиб туришга ҳаракат қилсин. Учида босадиган бўлса, тиқилинчда оломон уни кўтариб юбориши ҳавфи юқори. Энг асосийси, боксчи позаси деган тушунча бор, яъни қўли билан кўкрак қафасини ҳимоя қилиб туриши керак. Чунки, одамлар қисганда нафас олиш қийинлашади" - дейди Ботиржон Шермуҳаммад.
Россиядаги муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи қирғизистонлик юрист Эрланбек Тоқтосунов эса Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида Сахаровода мигрантларни Украинадаги урушга жалб этиш ҳаракатлари бўлаётганини таъкидлаган:
“У ерда ҳомиладор аёллар ҳам бор, фарзандлилари ҳам, ҳатто зиёли қатлам вакиллари ҳам бор. Шунга қарамай, ҳаммаси оғир шароитларга дучор бўлмоқда. Гўё одамларни турма орқали депортация қилишмоқда. Қонун бузди деб ушланганлар у ерда камида 10 кун қолиши шарт. Ўша ерда бўлиб чиққанлар эсаайрим ходимлар Россиянинг Украинадаги “махсус операцияси”да қатнашишга даъват қилишини айтишади. Рози бўлганларни озод қилишар, бош тортганларни эса ватанига ҳайдашар экан”.
Давомли камситишлар
2024 йилда Москвадаги “Крокус Сити Холл”да содир этилган, камида 145 кишининг ҳаётига зомин бўлган қуролли ҳужумдан сўнг Россияда Марказий осиёлик мигрантларга нисбатан муносабат янада салбийлашган. Ҳужумга гумонланиб, тожикистонликлар қўлга олинган.
Сахаровода содир бўлган фожеа Россияда сўнгги вақтларда кузатилаётган хавотирли тенденция — ҳуқуқ-тартибот органларининг Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирларига нисбатан зўравонлик, тазйиқ ва камситиш ҳолатлари ортиб бораётгани манзарасида юз берди.
2 майда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияда юрган миллионлаб меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида ташвиш билдирган. Таҳлилчилар буни Тошкентнинг сўнгги йиллардаги илк муносабати деб баҳолашган. Вазирлик бу хавотирларини Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгиновга билдирган ва ундан буни Кремлга етказишни сўраган.
2 майдаги элчи билан суҳбатни ҳисобга олмаганда, бошқа бир расмий баёнот бўлмади. 28-29 апрель кунлари Москвада меҳнат миграцияси ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон–Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда икки давлат Бош прокуратуралари Россияда юрган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назорат ва кузатувни кучайтириш масалаларини муҳокама қилган. Аммо бу учрашувлар Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга қилинaётган босимни камайтирмади.
Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Россиядаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари мунтазам равишда иш берувчилар, давлат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан бузилади. Россия томони буни мигрантлар маҳаллий қонунларни бузиши, миграция талабларига бош эгмаслик ҳолатлари кўплигига боғлайди.
Москва сўнгги вақтларда мигрантларга нисбатан бир қатор чекловчи қонунларни қабул қилди. 2025 йил 30 июндан бошлаб, мигрантлар Россияга жўнашдан 72 соат олдин махсус сайт ёки илова орқали ариза топшириб, келиши мақсадини аниқ тушунтириши талаб этилади. Ҳуқуқбонлар бу талаб амалда юз минглаб мигрант учун яна қийинчиликлар туғдириши, шунингдек, ҳужжатсизлик ва қонунийлик муаммоларини кескинлаштиришидан хавотир билдиришмоқда.
2024 йил якунидаги расмий маълумотларга кўра, ҳозир Россияда юрган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони 1 миллион 800 минг атрофида. Лекин бу рақам Россиянинг Украинага босқини сабаб пасайгани айтилади. Бунга қадар ўзбекистонликлар расман 2 ярим миллион атрофида эди.
Форум