Линклар

Шошилинч хабар
13 май 2025, Тошкент вақти: 20:39

Россиядаги зўравонлик. Ўзбекистон мигрантларга қачон ёрдам беради?


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Новосибирск шаҳрида полициянинг зўравонлигига учраганини айтган ўзбекистонлик мигрантлар Тошкентдан ёрдам кутяпти. Лекин ҳозирча ўзбек ҳукуматидан бунга расмий муносабат билдирилмаган.

Мигрантларнинг Озодликка маълум қилишича, май бошидан бери “Мандарин” деб номланган бозорда орган ходимларига хос кийинган шахслар кун ора келиб уларни дўппосламоқда. Кремль “қонуний рейд” деб атаган бундай ҳолатлар аввалроқ Москвада ҳам кузатилган.

Май ойи бошида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Россия элчиси билан учрашиб, ҳуқуқбузарликлар ҳақида гаплашган. Экспертлар эса Тошкентдан фақат баёнот эмас, қатъий дипломатик чораларни ва реал қадамларни талаб қилмоқда.

"Сенларга кўрсатиб қўямиз"

Новосибирскдаги “Мандарин маркети”да савдо қилаётган мигрантлар ва Ўзбекистондан шу бозорга мева олиб келувчи тадбиркорлар Россиянинг куч ишлатар органларининг зўравонлигига учраётгани ҳақида Озодликка 8 майда хабар беришган. Сурхандарёдан бориб ишлаётган Илёсбекнинг (исми ўзгартирилган) айтишича, полиция “рейд” деб атаган бу калтаклашнинг сабабини ҳеч ким билмайди:

“Кун ора кириб, ушлаганини ерга ётқизиб, “сенларга кўрсатиб қўямиз” деб дубинка билан уряпти. Йиғиб олиб кетишади, паспорти борларни бўшатиб, ҳужжати йўқларни ушлаб қолиб, бир айбини топади. Бир нечтасининг беш йилга яшашга рухсат берган ҳужжати бор эди, уни йўққа чиқариб, Ўзбекистонга жўнатиб юборяпти. Қариндошларига билет олдиради ва депортация қилади”.

Мигрантларга рейдни видеога ёки расмга олишга рухсат берилмайди. Шунга қарамай, Озодлик таҳририятига етиб келган ягона видеоёзув бу рейдлар полиция ёки бошқа куч ишлатар орган ходимлари томонидан амалга оширилаётганини тасдиқлайди.

Маълумот берганларнинг қайд этишича, май ойи бошларида бир озарбайжонлик мигрант билан полиция ходимлари ўртасида юзага келган тортишув рейд уюштиришга сабаб бўлиши мумкин.

“Бир озарбайжонлик савдогарнинг 10-11 яшар боласи мошинани ичида ўтирган. Полиция ходими унга "ойнани оч" деса, очмаган. Шунда автомати билан мошинанинг ойнасини синдирган. Бола қўрқиб, йиғлаган. Нарироқда турган отаси буни кўриб, югуриб келиб полициянинг иккита ходимини уриб ташлаган. Шуни сабаб қилиб кўрсатишяпти. Лекин бу ҳолат зўравонликка сабаб бўлмаслиги керак эди" - дейди Илёсбек.

Москвадаги ўзбек диаспорасининг аввалги раиси Баҳром Исмоилов бундай рейд Россиянинг қонунларига зид эканини ўзнининг Ютубдаги каналида айтиб чиқди:

“Агарда бу шахслар полиция ёки Росгвардия ходимлари бўлса, бу Россия қонунчилиги бўйича "Расмий ваколатини суистеъмол қилиш" дейилади. Агар улар полицияда ишламаса, ҳолат "бошқа шахсга жароҳат етказиш" моддаси билан кўриб чиқилиши керак. Ҳеч ким ерда ётган одамни беасос уришга ҳаққи йўқ”.

Ишлашга рухсат олиш учун Москва четидаги миграция марказида ҳужжат тайёрлаётган одамлар. Архив.
Ишлашга рухсат олиш учун Москва четидаги миграция марказида ҳужжат тайёрлаётган одамлар. Архив.

12 май куни Озодлик таҳририятига Россиядаги қурилиш объектида ишлаётган мигрантларни таҳқирлашга оид бошқа видеолар етиб келди. Унда қор ёғиб тургани, қурилишда ишлаётганларни номаълум шахслар аямай калтаклаётгани акс этган. Айримлари калтак дастидан қимирлай олмай қолган.

Видеони жўнатганлар бу ҳолат Хабаровскийда содир бўлганини айтишмоқда. Ҳозирча журналистларда воқеанинг аниқ вақти ва жойини тасдиқлаш имкони йўқ. Шу билан бирга, видеода янграётган ўзбекча қўшиқ ва кадрда гапираётганларнинг тилидан зўравонликка учраганлар ўзбек муҳожирлари эканини англаш мумкин.

"Элчихона ўз дунёсида яшайди"

Россияда хавфсизлик кучлари Марказий Осиё давлатларидан бориб ишлаётган мигрантларни калтаклаган, хўрлаган ҳолатлар ёзилган видеолар охирги ойларда кўпайди. 10 апрелда Москвада полиция ходимлари ҳаммомда ювинаётган қирғизистонлик мигрантлар устига бостириб кириб, дўппослаган. Бишкек изоҳ талаб қилиб Кремлга нота йўллаган. Расмий Москва эса бу рейд қонун доирасида ўтказилганини айтиш билан чекланган.

25 апрелда Москвадаги ошхонада овқатланиб ўтирган ўзбекистонлик мигрантларни куч ишлатар тизим аскарлари ур-тепкига олиб, видеокамераларни синдиришган. Нижний Новгородда эса Федерал миграция хизмати идорасида ўз ҳуқуқини талашган ўзбекистонлик муҳожир калтактанланган.

2 майда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияда юрган миллионлаб меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида ташвиш билдирган. Таҳлилчилар буни Тошкентнинг сўнгги йиллардаги илк муносабати деб баҳолашган. Вазирлик бу хавотирларини Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгиновга билдирган ва ундан буни Кремлга етказишни сўраган.

Валентина Чупик
Валентина Чупик

Мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи фаол Валентина Чупик аслида бундай ҳолатлар аввалдан борлигини, охирги пайтларда буни тасдиқловчи видеолар кўпайганини айтди:

“Бундай ҳолларда Тергов қўмитасига мурожаат қилиш керак. Аммо учта тўсиқ бор. Биринчиси — фуқаролар қўрқоқ, расман ариза ёзиш ўрнига, "Вали ака", "Дониёр ака" ва бошқаларга шикоят қилишни афзал билишади. Иккинчиси — элчихона ўз дунёсида яшайди. Ходимлар ўз ҳаётларидан рози, аммо фуқаролар муаммосига бефарқ. Асосий вазифалари — ҳуқуқ ҳимояси, аммо улар бундан қочишади. Вена конвенциясига кўра, элчихоналар фуқаролар манфаатларини чет элда ҳимоя қилишга мажбур. Элчихона ҳуқуқбузарларга ва органларга расмий мурожаат йўллаб, жабрланувчилар аризасини қўллаб-қувватлаши керак. Лекин бунинг учун жабрланувчилар ўзлари ариза ёзишлари шарт. Учинчи муаммо — Россия Тергов қўмитасида нацистлар ишлайди. Уларнинг қонунбузарликлари бўйича прокуратурага мурожаат қилиш самаралироқ бўларди”.

Москвада куч ишлатар тизим ходимлари олиб кетаётган мигрант. Архив.
Москвада куч ишлатар тизим ходимлари олиб кетаётган мигрант. Архив.

Ҳозирча расмий Тошкент қўшни Қирғизистон ва Тожикистондан фарқли ўлароқ, фуқароларининг вазияти учун Москвага нота йўллагани йўқ.

2 майдаги элчи билан суҳбатни ҳисобга олмаганда, бошқа бир расмий баёнот бўлмади. 28-29 апрель кунлари Москвада меҳнат миграцияси ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон–Россия идоралараро ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда икки давлат Бош прокуратуралари Россияда юрган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назорат ва кузатувни кучайтириш масалаларини муҳокама қилган. Аммо бу учрашувлар Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга қилинaётган босимни камайтирмади.

"Ҳавотирдамиз"деб айтган билан ҳеч нарса ўзгармайди. Бу мигрантларни ҳимоя қилувчи қурол эмас. Иккита ҳақиқий қурол бор: бири — расмий ҳужжатлар, иккинчиси — сиёсий босим воситалари. Ўзбекистон қаттиқ овоз чиқармасдан, лекин оммавий равишда Россия раҳбарларига, айниқса ҳуқуқ-тартибот органларига "Агар фуқароларимизнинг ҳуқуқлари поймол бўлишда давом этса, биз ҳам антироссия санкцияларини бажаришни бошлашимиз мумкин" дея сигнал бериши мумкин. Шунда кўрасиз, ўзбек мигрантларининг ҳуқуқлари дарров “олтинга тенг” бўлиб қолади” - дейди Валентина Чупик.

Лекин экспертлар Тошкент стратегик ҳамкори санаган Москвага бундай сигналларни беришга қодир эмаслигини ҳам таъкидлашади.

Новосибирcкидаги воқеага қайтадиган бўлсак, ўзбекистонлик мигрантлар ҳозирча уларнинг ҳолидан элчихона ёки консуллик ходимлари хабар олмаганини айтишмоқда. Расмийлар томонидан ҳам муносабат билдирилгани ҳақида хабар йўқ. Озодлик элчихонага ёки Ташқи ишлар вазирлигига бу борада изоҳ учун микрофон беришга тайёр.

“Ҳеч ким келмади. Эгаси йўқдек, ҳаммани калтаклашяпти. Илтимос қиламиз, бир чорасини кўриб, булардан ҳам бирор нарса сўрасин. Фуқароларимизни одам ўрнида кўришсин. Нима қилишни билмаймиз, бошимиз қотиб турибди” - дея илтимос қилди Новосбирск шаҳридаги бозорда азият чеккан Илёсбек.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Россиядаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари мунтазам равишда иш берувчилар, давлат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан бузилади. Россия томони буни мигрантлар маҳаллий қонунларни бузиши, миграция талабларига бош эгмаслик ҳолатлари кўплигига боғлайди.

Мигрантлар учун янги қоида

Сўнгги пайтларда бир қатор аксилмиграция қонунларини қабул қилган Россияга 30 июндан бошлаб кириш қоидалари ҳам ўзгаряпти. Янги тартибга кўра, мигрантлар Россияга боришдан 72 соат олдин махсус сайт ёки илова орқали ариза топшириши, нима сабабдан келаётган мақсадини тушунтириб бериши талаб этилади. Migrant.uz портали муассиси, юрист Ботиржон Шермуҳаммад бу қўшимча муаммоларни келтириб чиқаришини айтди:

Ботиржон Шермуҳаммад
Ботиржон Шермуҳаммад

“Бу Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги визасиз тизимни жорий қилиш ҳақидаги шартномага қанчалик мос ёки мос эмаслигини Ташқи ишлар вазирлиги ўрганиб чиқиши керак. Чунки визасиз режимнинг ўзига хос қоидалари бор ва биз Россия фуқароларининг Ўзбекистонга келишига ҳеч қандай талабларни қўйганимиз йўқ. Афсуски, бизнинг катта ҳавотиримиз бор, мана шу нарса кўп муаммоларга олиб келиб, кўп ватандошларимиз сарсон бўлиши мумкин”.

Ўтмишда мигрантларни “дангасалар” деб атаган Ислом Каримовдан фарқли 2016 йилда ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев чет элда ишлаётганларнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини эътироф этган ва уларни ўз ватанларида иш билан таъминлашга ваъда берган. Аммо ўтган вақт мобайнида бошқа давлатларга иш ишлаб кетаётган ўзбекистонликлар сони камайгани йўқ.

2024 йил якунидаги расмий маълумотларга кўра, ҳозир Россияда юрган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони 1 миллион 800 минг атрофида. Лекин бу рақам Россиянинг Украинага босқини сабаб пасайгани айтилади. Бунга қадар ўзбекистонликлар расман 2 ярим миллион атрофида эди.


Форум

XS
SM
MD
LG