Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2025, Тошкент вақти: 16:47

Озодлик журналисти Носир Зокир вафот этди


Носир Зокир
Носир Зокир

14 октябр куни машҳур ўзбекистонлик журналист ва собиқ мухолифат фаоли Носир Зокир 73 ёшда вафот этди. 1997 йилнинг мартидан Озодликнинг Ўзбекистондаги мухбирлари сафига қўшилган наманганлик журналист радионинг энг узоқ ишлаган маҳаллий мухбирлардан бири эди.

73 ёшида вафот этган журналист Носир Зокир Озодликдаги фаолияти давомида Фарғона водийси ҳамда Ўзбекистондаги жиддий сиёсий, иқтисодий, ижтимоий муаммоларни кўтарган.

Ўзбекистоннинг Наманган, Фарғона вилоятларини пойи-пиёда кезган бу мухбир Тошкент бюроси иш бошлаганидан икки йил ўтиб, Озодлик радиоси ва унинг Носир Зокир каби мухбирларига нисбатан шаклланган муносабатни шундай таърифлаган эди:

- Мен янги ишга кирган вақтларда Озодликни ҳали кўпчилик эшитмас эди. Лекин, бюро очилгандан кейин аста-секин эшитувчилар кўпайди. Бора-бора ҳокимиятдагилар ҳам танийдиган бўлиб қолишди. Президентнинг Озодлик мухбирларига айтган гапи бор эди: "Бу раҳбарлар интервю беришга қўрқади. Агар улар бу эшикдан қувса, сиз анави дарчадан киринглар", деган гапи бор эди. Мен раҳбарларга ўша гапларни эслатар эдим.

Носир Зокир 2005 йил 13 майдаги Андижон воқеаси ҳақида биринчилардан бўлиб хабар берган мухбир сифатида хотирланади.

Айнан, Андижон фожеаси ва ундан кейин мамлакат бўйлаб воқеа иштирокчилари ҳамда бу ҳақда гапирган фаоллар ортидан ҳукумат бошлаган аёвсиз тақиб-тазйиқларни очиқ ёритгани учун Носир Зокирнинг ўзи ҳам Ўзбекистон ички ишлар ходимлари ва миллий хавфсизлик томонидан мунтазам таъқиб қилинди.

Коронабаҳорнинг сўнгги иш кунида Носир Зокир билан Намангандаги вазият ҳақида чойхона-гурунг
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:57 0:00
Бевосита линк

Носир Зокир ўз фаолияти давомида икки бора қамоққа ташланганди.

Биринчи бор, 1992 йилда 1 ярим йиллик қамоқ жазосини ўтади. Иккинчи бор 2005 йилнинг 25 августида Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати ходимини ҳақорат қилганлик айби билан 6 ой қамоққа ҳукм этилди. Журналист жазо муддатини “қўнғироқдан қўнғироққача” ўтади.

Нью Йоркдаги журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Чегара билмас мухбирлар ташкилоти, Хюман Райтс Уотч ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳозирга қадар Носир Зокир ноҳақ равишда - журналистик фаолияти учун қамалган, деб ҳисоблайди.


“Андижон воқеаларидан сўнг, Ўзбекистонда матбуот учун муҳит сезиларли даражада ёмонлашди. Андижон воқеалари ҳақида мустақил тарзда маълумот берган ва тергов ҳамда жавобгарликка тортишни талаб қилган журналистлар ва бошқалар таъқибга, асоссиз қўлга олишларга, жиноий айбловларга ҳамда жисмоний ҳужумларга дуч келган. Жумладан, 26 август куни суд "Озодлик" радиоси журналисти Носир Зокирни хавфсизлик ходимини ҳақорат қилгани учун олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди”. Human Rights Watch, 2005

“Август ойида, "Озодлик" радиосининг Намангандаги мухбирларидан бири бўлган Носир Зокиров, хавфсизлик ходимини ҳақорат қилгани айблови билан олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Носир Зокиров 26 август куни Наманганда судга чақирилди. Ҳисоботларга кўра, Носир Зокиров ҳимоячи адвокат иштирокисиз ва гувоҳлар сўроқ қилинмасдан суд қилинди ҳамда хавфсизлик хизмати аъзосини ҳақорат қилиш учун жиноят кодексининг 140-моддаси асосида айбли деб топилиб, тўғридан-тўғри қамоққа юборилди. У 2006 йил февраль ойида озод қилинди”. Amnesty International, 2005

Озодликда иш бошлагунга қадар Носир Зокир "Бирлик" мухолиф партиясининг аъзоси бўлган.

У 1991 йилнинг 9 декабрида юз берган Наманган воқеаларида - Ўзбекистонда ҳокимиятга янги келган президент Ислом Каримовнинг водийда шаклланган радикал диний гуруҳлар етакчисига айланган Тоҳир Йўлдош билан зиддиятли музокараларига гувоҳ бўлганди.

Носир Зокир Наманган воқеаларининг 30 йиллигига бағишланган махсус дастурда ўз фаолияти ҳақида ҳам ҳикоя қилган эди.

Қуйида ушбу филмни томоша қилишингиз мумкин:


Форум

XS
SM
MD
LG