Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:52

OzodDayjest: Андижон вилояти ҳокими яна сувдан қуруқ чиқди


Дастлабки хабарларда дарахтлар вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг буйруғи билан кесилгани хабар қилинган эди.
Дастлабки хабарларда дарахтлар вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг буйруғи билан кесилгани хабар қилинган эди.

Андижон перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп қимматбаҳо дарахт кесилгани юзасидан шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига жиноят иши қўзғатилди. Қонун талабларини қўпол равишда бузгани учун 19 нафар судья ишдан бўшатилди. Имтиёзсевар ширкатнинг баёнотига иқтисодчи жавоб қайтарди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

“Artel” махсус имтиёзга эга эмаслигини иддао қилди, иқтисодчи бунга қарши асос келтирди

“Аrtel” бренди остидаги ширкатларга солиқ бўйича махсус имтиёзлар берилган жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Компания бу борада расмий муносабат билдириб, якка ўзига махсус имтиёзлар берилмаганини иддао қилди (www.kun.uz, 18 январь).

Баёнотга кўра, Ўзбекистон Президенти 2021 йил 2 март куни имзолаган қарорда кўрсатилган имтиёзлардан “Artel” компанияси “Ўзэлтехсаноат” таркибига кирувчи 100 дан ортиқ корхона билан тенг ҳуқуқда фойдаланади.

Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур баёнотда хатолик борлиги, умуман, “Artel” савдо белгиси остидаги корхоналар солиқ имтиёзлари, субсидиялар ва божлар орқали ҳимоя қилиб келинаётганига эътибор қаратди.

Қайд этилишича, “Ўзэлтехсаноат” тизимида 100 дан ортиқ эмас, балки 86 та корхона мавжуд ва улардан фақат 40 таси маиший техника ишлаб чиқаради. Мазкур 40 та корхонанинг эса камида 7 таси “Artel” савдо белгиси остида фаолият юритади. Давлат солиқ қўмитаси сайтида мазкур 7 компанияга бир нечта турдаги солиқлардан миллиардлаб сўмлик имтиёз берилганини кўриш мумкин.

“Қолган 33 та компаниянинг жами ишлаб чиқариш миқдорини қўшсангиз ҳам (бозордаги улуши) бир неча фоизга етмаса керак”, дейди иқтисодчи.

О.Бакиров рўйхатда “Artel” савдо белгисига оид компаниялар кўплигига эътибор қаратиб, бу имтиёзларнинг лоббиси ортида ким тургани, ким учун бу имтиёзлар яратилганини савол остига олади.

“Қўшимчасига булар фалон минг ишчи ўринлари яратилганини айтишдан, такрорлашдан ҳеч қачон уялмайди (аслида ҳар қандай бизнесдан мақсад фойда, агар бундай бўлмаса, бу бизнес эмас, пул ўзлаштириш), ваҳоланки, ўша фалон минг ишчи ўрни баҳона 35 миллион ўзбекистонлик йиллар давомида жазолаб келинмоқда”, дейди иқтисодчи ва блогер О.Бакиров.

Судьялар олий кенгаши раиси: Тизимда коррупция йўқ дейишга ҳозирча тил бормайди

2020 йилда Ўзбекистон суд тизимидан қонун талабларини қўпол равишда бузгани учун 12 нафар судья четлатилган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич 19 нафарга етди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров маълум қилди (www.uza.uz, 17 январь).

“Таъкид этишим шарт, вазифасидан озод этилганларнинг аввалги йилга қараганда нисбатан кўплиги судьяларга қўйилаётган талаблар кучайгани билан изоҳланади. Шунингдек, одил судловни амалга ошириш жараёнида йўл қўйган хато-камчиликлари учун 220 нафар судьяни интизомий жавобгарликка тортишга тўғри келди”, дейди Х.Ёдгоров.

Кенгаш раҳбари тизимда коррупция ҳали мавжудлигини ҳам тан олган.

“Тизим коррупция иллати йўқ дейишга ҳозирча тил бормайди. Қолаверса, бир зарб билан бу балодан халос бўлиш ҳам имконсиз. Муҳими, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини оширишга доир ишларни изчил давом эттиришда”, дейди у.

Қайд этилишича, судьялик лавозимларига муносиб кадрларни танлаш ва тайинлашнинг янги тартиби жорий этилди. Бу борада судьяликка номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур ишга туширилди.

“Мазкур психологик тест электрон дастури ёрдамида номзод ва судьяларнинг қатъийлик, босиқлик, жиззакилик, стрессга чидамлилик, коррупцияга мойиллик ҳамда бошқа психологик хусусиятлари аниқланади”, дейди Судьялар олий кенгаши раиси.

Андижонда дарахткесарлик: ёмоннинг кучи япалоққа етдими?..

Андижон перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп қимматбаҳо дарахт кесилгани юзасидан шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки хабарларда дарахтлар вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг буйруғи билан кесилгани хабар қилинган эди. Мазкур ҳолат бўйича ёзилган эътирозли мақолаларда “Ёмоннинг кучи япалоққа етибди” деган халқ нақли ёдга олинган.

“Тўғри-да, вилоят перинатал марказидаги ҳайҳотдай жойда дарахтлар қирғин қилинсин-у, бундан ҳокимнинг хабари бўлмаса?! Наҳотки вилоят раҳбари шаҳар ўртасида бир яшил макон йўқ қилинаётганини билмаса? Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғини ярим тунда дарахт кесишга нима мажбур қилди экан? Нега бошқарма бошлиғи унга ким буйруқ бергани борасида мужда бермайди? Вилоят ҳокими ҳодисада айбдор экани исботланмаган, аммо бу ишда битта ободонлаштириш раҳбарининг журъати камлик қилишига ёш боланинг ҳам ақли етади”, деб ёзади “Xabar.uz” нашри.

Мақола муаллифи экологларнинг маҳаллий ҳокимлар йўриғига қараб иш кўришига исбот келтиради ва Экология давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродовни қонунбузарларларнинг танобини тортишга чақиради.

“Оила ва табиат газетаси” 20 январь кунги сонида мамлакатда тақиқ ва мораторий амал қилаётганига қарамай, дарахтларга қирон келтириш чинакамига авж олганига эътибор қаратади.

“Рақамларга эътибор беринг: 2020 йилда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш билан боғлиқ 7854 та, 2021 йилнинг дастлабки 6 ойида 2597 та ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилибди. Оқибатда 4516 та қимматбаҳо дарахт кесилган ё шикастланган, ўсимлик дунёсига 6,7 миллиард сўмлик зарар етказилган. Битта дарахт “одам бўлгунча” энг ками 5 йил кетадиган бўлса, 22 580 йиллик дарахтнинг шўри қуритилган бўлиб чиқяпти. Шу муддатни ўша масъул шахсларга бўлиб бериш керак эмасми аслида?!” деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG