Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:19

OzodDayjest: Пичоқ, порнография ва тамаки. Пойтахт мактабларидаги вазият хавотирли деб баҳоланди


Фарғонада ниқобсиз юрганларни жаримага тортиш эътирозларга сабаб бўлмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-майор Азиз Тошпўлатов ҳозирда пойтахт мактабларида юзага келган вазият ташвишланарли эканини айтди. Сурхондарёда палеолит даврига оид янги ёдгорлик топилди. Якунига етаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Фарғонада ниқобсиз юрганларни жаримага тортиш эътирозларга сабаб бўлмоқда

Фарғона вилояти Ёзёвон тумани марказий кўчаларида гоҳ-гоҳида пайдо бўлиб қоладиган милиция ходимлари одамларни тиббий ниқобсиз ҳаракатланаётгани учун жаримага тортаётгани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда (“Ҳуррият” газетаси, 29 декабрь).

“Карантин қоидаларига амал қилиш сўралаётган экан, нега бозорларга киришда антисептик воситалар қўйилмаган? Сотувчилардан нега тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлишлари доимий равишда талаб этилмаяпти? Ҳокимлик томонидан ўтказилаётган тадбирларда нега ҳамманинг ниқобда бўлиши ҳамда оралиқ масофани сақлашлари сўралмаяпти? Лекин кўчада ниқобсиз одамларни “ов” қилиш тўхтамаяпти. Аслида милиция ходимларининг асосий мақсади нима? Чиндан ҳам биринчилардан бўлиб коронавирус қайд этилган бу туманда касаллик яна кенг тарқалишининг олдини олишми ёки асосан мавсумий ишда ишлайдиган ва ишсизлик сони юқори бўлган ёзёвонликлардан кўпроқ жарима ундиришми?” дея мутасаддиларни саволга тутади газета.

Қайд этилишича, бугунги кунда чекка ҳудудлар, ҳатто пойтахтда ҳам ИИБ ходимлари тиббий ниқобсиз фаолият олиб бормоқда. Метро, кўчаю гавжум хиёбонлар, бозорларда ҳам тиббий ниқоб тақиш сўралмаётир.

“Вазият бироз яхшиланди деб бепарво бўлиш ярамайди. Буёқда янги штаммлар пайдо бўляпти деган гаплар бор. Майли, буни тушунамиз. Бироқ жарима ёзаётган ходимларнинг ўзи нега карантин қоидаларига амал қилмайди? Нима учун уларнинг ўзлари фуқаро билан оралиқ масофани сақлаб гаплашмайди? Интизом низоми бўйича ўзини таништиришини-ку айтмай ҳам қўяверайлик. Ашаддий жиноятчи билан муомала қилаётгандек жеркиб гапиришади”, деб ёзади мухбир.

Таҳририят бу борада ИИВдан муносабат сўраган.

Пичоқ, порнография ва тамаки. Пойтахт мактабларидаги вазият хавотирли деб баҳоланди

Ҳозирда пойтахт мактабларида юзага келган вазият ташвишланарли. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-майор Азиз Тошпўлатов маълум қилди, деб хабар беради “Подробно” нашри.

“Ўқитувчилар мактабда ўқувчиларни назорат қилишга, ўқув жараёнини ташкиллаштиришга, ўқувчилар йўқ бўлса, унинг келмагани сабабини билишга мажбур. Бор эътибор фақатгина олий таълим муассасаларига кирган болаларнинг фоизлар нисбатига қаратилиши керак эмас. Энг муҳими, ўқувчилар билан маънавий-ахлоқий тарбия ишларини ўтказиш”, деган А.Тошпўлатов.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, полковник Равшан Султонхўжаевга кўра, умумтаълим мактаблари ўқувчилари орасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўпайган.

Пойтахт мактабларида ўтказилган текширувлар давомида айрим ўқувчилар сабабсиз дарсларга келмаётгани аниқланган. Айримларининг ёнида ўткир тиғли буюмлар топилган бўлса, баъзиларининг мобил телефонида порнографик материаллар борлиги маълум бўлган. Бундан ташқари, вояга етмаганлар орасида электрон тамаки ва снюс (тутунсиз тамаки маҳсулоти тури) чекиш ҳолатлари қайд этилган.

Аввалроқ Тошкентда икки мактаб ўқувчиси ўзаро жанжаллашгани, Тошкент вилоятидаги мактаб спорт залида эса ўқувчилар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлгани тўғрисида хабар берилган эди.

Сурхондарёда палеолит даврига оид янги ёдгорлик топилди

Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Кўҳитанг тоғи ҳудудида палеолит даврига оид ёдгорлик аниқланди (www.gazeta.uz, 30 декабрь).

Археологик дала тадқиқотлари 25 ноябрдан 5 декабргача Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари томонидан олиб борилди.

Кўҳитанг тоғининг ички қисмида тор даралар мавжуд бўлиб, уларда геологик жараёнлар натижасида кўплаб ғор ва унгурлар шаклланган, дейилади хабарда. Уларнинг биридан қадимги даврда ибтидоий одам аждодлари мавсумий бошпана сифатида фойдаланган.

Қазув ишлари натижасида ёдгорлик битта маданий қатламдан иборат экани аниқланди. Маданий қатлам кул ва куйинди қолдиқлари билан қопланган қорамтир, майда тарқоқ тупроқдан таркиб топган бўлиб, кўплаб тош буюмлар ва ёввойи ҳайвон суяк қолдиқлари топилди.

Ушбу ёдгорлик ҳудудда илгари топиб ўрганилган Тешиктош ёдгорлигига хронологик ва маданий жиҳатдан ўхшаш. Ёдгорликдан топилган буюмлар ўрта палеолит даврига тегишли бўлиб, тошга ишлов бериш техникаси айнан Тешиктош ёдгорлиги анъаналарини такрорлайди.

Миллий археология маркази ходимлари мазкур ёдгорликда тадқиқот ишларини давом эттиради.

XS
SM
MD
LG