Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:09

МХХнинг коррупция билан кураш бoшқармаси тугатилди


Тошкент ҳукуматига яқин бир неча мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бутунлай тугатилган.

Бу бошқармани тугатиш ҳақидаги расмий буйруқнинг ким томонидан¸ қачон чиқарилгани ҳозирча Озодликка маълум эмас. Озодлик бундай буйруқни бевосита кўргани ҳам йўқ.

Бундай буйруқ борлиги ва унинг ижроси дарҳол бошланганини билдирган ҳукуматга яқин мулозим¸ МХХнинг кўчадаги "пистафурушдан тортиб Бош вазиргача - барчани коррупция сиртмоғи билан террор қилиб келган бошқармаси" расман тугатилганини иддао қилди.

СНБдаги коррупция бошқармаси шунчаки коррупция эмас¸ балки ҳокимият юқори бўғинларидаги коррупция билан шуғулланарди. Адашмасам¸ номидаям “коррупция в висших эшелонах власти”¸ деган жойи бор эди. (Ўзбекистон МХХси мамлакатдаги энг ëпиқ ташкилот бўлиб қолмоқда¸ шу боис унинг таркибий тузилиши¸ бошқарма ва бошқа тизимлари номланиши жамоатчиликка маълум эмас – таҳр.) Оддий халқ ëки тадбиркор у ëқда турсин¸ бутун Ўзбекистон раҳбарлари¸ ҳоким¸ вазир¸ прокурор ва мелиса раҳбарларини қўрқувда ушлаб келган айнан шу бошқарма бўлади. Мирзиëев "истаган одамини ғийбат билан ўғрига чиқаради¸" деганда айнан шу бошқармани назарда тутди¸” деди Озодликка шахси очиқланмаслигини сўраб маълумот берган мулозимлардан бири.

Бу суҳбатдошга кўра¸ "тугатилган бошқарма бошлиғи ҳозирча уйида ўтирипти¸ 20 йил ишлаган ходимлари пенсияга кузатилмоқда¸ қолганлари шунчаки ишдан ҳайдалмоқда.

"Коррупцияга қарши кураш бошқармасини тугатиш 20 кунча аввал бошланганини айтган МХХга яқин мулозимлардан яна бири¸ бу ўзгариш ортидан "ИИВнинг Жиноят қидирув бош бошқармасининг коррупцияга қарши кураш ваколатларини кучайтириш масаласи муҳокама қилинаëтгани"ни билдирди.

Жамоатчилик ва матбуот Ўзбекистон МХХси билан боғланиш имконига эга эмаслиги боис (МХХ- Ўзбекистондаги расмий сайти йўқ ягона давлат идораси бўлиб қолмоқда - таҳр.) ¸ Озодлик бундай маълумотга бевосита МХХнинг ўзидан муносабат ола олмади.

Шавкат Мирзиëев президентликка сайланганидан сўнг қабул қилинган дастлабки қонунлар орасида 2017 йил 3 январь куни имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ҳам бор.

Бу қонуннинг “Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари” деб номланган 7-моддасига кўра¸ коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари рўйхатига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси¸ Миллий хавфсизлик хизмати¸Ички ишлар ва Адлия вазирлиги киритилган ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти алоҳида тизим сифатида қайд этилган.

Айни пайтда¸ бу моддада “коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади”¸ деган қўшимча бор¸ бироқ "бошқа органлар" номи очиқланмаган.

"Коррупцияга қарши кураш тўлиғича прокуратурага берилди "

Республика ҳуқуқ тизимлари расмийларидан бири Озодлик билан мулоқотда¸ бундай ҳаракат МХХдаги дубликат тизимларни йўқотиш доирасида амалга оширилганини билдирди.

Биласиз¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузурида Солиқ¸ валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бор. Мирзиëев келганидан кейин бу департамент ваколатлари кучайтирилди¸ ходимлари сони ҳам кўпайди. МХХдаги бу бошқарма айни шу ишга ваколатланган иккинчи структура ўзи аслида. Президент иккинчисини йўқотди. Бундан кейин Ўзбекистондаги коррупцияга қарши кураш прокуратура ваколатида бўлади. Ҳокимият ичидаги коррупцияни текшириш фақат прокурорнинг иши бўлади бундан кейин¸” деди ҳуқуқ тизимидаги мулозимлардан бири.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодлик 12 февраль куни боғланган расмийси прокуратуранинг мамлакатдаги коррупцияга қарши курашишга ваколатланган асосий тизим бўлажаги ҳақидаги маълумотни на тасдиқлаш¸ на инкор эта олишини билдирди.

МХХ раиси Рустам Иноятов ишдан олинган 31 январь кунги чиқишида президент Мирзиëев “махсус хизмат доирасига кирмайдиган вазифалар билан шуғулланадиган, бошқа давлат тузилмалари фаолиятини такрорлайдиган бўлинмаларни тугатиш”ни буюрган эди.

Тошкент ҳукуматига яқин мулозимлар ўтган ҳафта Озодликка бу топшириқ асосида МХХ таркибида сара қуролли бўлинмаларнинг Ички ишлар вазирлигига қайтарилганини хабар қилган эди.

“МХХ замони тугади”

Президентликка келиши билан прокуратура¸ Ички ишлар вазирлиги ва суд тизимини порахўрлик ва адолатсизликда айблаган Шавкат Мирзиëев¸ 2018 йилга қадар МХХ номини ўз чиқишларида тилга олмай келди.

Аммо президентнинг шу йил 19 январь куни Сурхондарë вилоят, Қизириқ туманида вилоят фаоллари билан ўтказган мажлисидан сўнг МХХ ва унинг Каримов давридаги фаолияти прездент танқидининг бош нишонига айланди.

Президент матбуот хизмати томонидан расман эълон қилинмаган бўлса-да¸ жамоатчиликка Озодлик орқали тарқаб кетган бу мажлисдаги гапларида Мирзиëев¸ “кабинетдан чиқмайдиган МХХ ходимларининг ҳокимият тизимларини доимий қўрқувда ушлаб келганини ғазаб билан тилга олди ва бу давр тугаганини қайта-қайта таъкидлади:

- Ҳоким ҳеч киммасди. Ҳамма вилоят ҳокими уларнинг (МХХ маҳаллий раҳбарлари назарда тутилмоқда – таҳр.) кабинетида эди. Салгина гап кўтарса¸ ғийбат қилиб дарров ишдан опташарди. Бу ўғри¸ бу тўғри. Жуда бўлмаса¸ битта ғийбатти бўйнига қўярди улар. У замон тугади. Ман бирортасига ишонмайман. Манга бирортасининг буларнинг маълумоти керак эмас. Ҳеч киммас булар. Буларни ғўдайишлари бизнинг давлатга жуда оғир тушди¸ деди 19 январь куни Сурхондарëда ўтказилган йиғинда президент жумладан.

2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг Ислом Каримов ҳокимиятининг бош таянчига айлангани айтиладиган Миллий хавфсизлик хизмати Ички ишлар¸ Мудофаа ва Адлия вазирликлари¸ қолаверса¸ Бош прокуратура ваколатларини ўз қўлига олди.

Кейинги ўн йиллик давомида коррупция ва иқтисодий жиноятларда айбланган минглаб давлат ва ҳукумат мулозими айнан МХХ очган иш бўйича жазога тортилди.

(Президент Каримовнинг ўзи 2010 йилнинг 17 декабрь куни Самарқандда қилган чиқишида¸ 2008-2010 йиллар орасида 1391 нафар мансабдор шахснинг коррупцияда айбланганини тилга олган эди. Улар аксариятининг МХХ томонидан ҳибсга олингани айтилади.)

Улар орасида президент давлат маслаҳатчисидан тортиб¸ вилоятлар ҳокимларигача бор.

Ўтган йиллар давомида иқтисодий жиноятларда айбланиб¸ оғир жазога ҳукм қилинган маҳаллий ва хорижий тадбиркорларнинг аниқ сони жамоатчиликка маълум эмас.

Айни пайтда¸ МХХнинг коррупцияга қарши кураш бошқармасининг ҳуқуқ тизимлари ичидаги энг коррупциялашган тизим бўлгани айтилади.

2014 йил сўнггида¸ МХХнинг бугунга келиб тугатилган Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши бошқармаси бошлиғи, полковник Жавдат Шарифxўжаевнинг ўзи ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинган эди.

МХХ раисининг собиқ ўринбосари¸ қудратли генераллардан бири Ҳаëт Шарифхўжаевнинг укаси¸ Озодликка ўз ишончли манбаларидан келган маълумотга кўра¸ 4 йил озодликдан маҳрум этилган ва Бекободдаги хавфсизлик идоралари собиқ ходимлари сақланадиган 64/21-сонли жазони ижро этиш муассасасига юборилган.

53 яшар МХХ полковнигининг Мирзиëев ҳокимиятга келгандан кейинги тақдирига оид тафсилотлар ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Бу тафсилотлар¸ қолаверса¸ МХХ ичида бораëтган ўзгаришлардан бевосита хабардор бўлсангиз¸ бу жараëн сизнинг ҳаëтингизга бевосита дахлдор бўлса¸ бу ҳақда Озодликка маълумот йўллашингиз мумкин. Шахсингиз сир қолиши кафолатланади.

XS
SM
MD
LG