Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:42

Президент ишдан олиш ҳақида огоҳлантирган Ғаниев Бухорода қолди. У фермерларга гўнг септирмоқда


Самарқанд вилоятига Жиззахдан кириб келаверишдаги йўл ёқасида гўнг ортилган тракторлар - 11 январь, 2021
Самарқанд вилоятига Жиззахдан кириб келаверишдаги йўл ёқасида гўнг ортилган тракторлар - 11 январь, 2021

Президент Шавкат Мирзиёев 22 январь куни Бухорога сафари чоғида Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевни ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириши ортидан Ғаниев вилоятда қолиб, қишлоқ хўжалигида президент айтган “тизимни тўғри йўлга қўйиш”га киришди.

Бухоролик фермерларнинг айтишларича, Шуҳрат Ғаниевнинг топшириғи билан ҳокимлар зудлик билан далага маҳаллий ўғит чиқаришни буюрган.

Пешку тумани ҳокими Телеграм каналида Шуҳрат Ғаниев вертолётдан далаларга гўнг сепилаётганини шахсан назорат қилишини айтган.

Фермерлар ўзларида чорва ва парранда гўнги бўлмагани учун аҳолидан олинаётган бир прицеп гўнг нархи 200 минг сўмга чиқиб кетганини айтмоқда.

Пешкў тумани ҳокими Ваҳоб Қаҳҳоров Озодликка буғдой кеч экилгани ва қаттиқ совуқлар сабаб ривожланишдан орқада қолаётгани учун шундай тезкор тадбир ўтказилаётганини айтди.

Пешку тумани ҳокими Ваҳоб Қаҳҳоров фермерларнинг “Peshku cotton 2021” телеграм каналида қолдирган овозли хабарида шундай дейди:

“Фермерлар ва ҳудуд раҳбарлари. Ҳозир вилоят ҳокимимиз ҳамда Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев топшириқ бердилар. Ҳаммангиз кўриб турибсиз, бу йил ғалла жуда орқада қолди, сабаби қиш ҳеч ким кутмаган даражада келди. Шунинг учун ҳар бир фермер камида 5 прицепдан нури ва 20 тадан одам чиқариб, ишни ташкил этиш керак. Буни ҳудуд раҳбари, профилактика инспектори, ҳокимнинг ҳудудга бириктирилган вакили назорат қилади. Ким ишни қилмаётган бўлса менга, начальник милицияга ёки сектор раҳбарига хабар беринг!”

Фермерларнинг айтишларича, далага бирданига маҳаллий ўғит чиқариш ташаббуси Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятини танқид қилганидан ва Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевни ишдан олиш мумкинлиги ҳақидаги гапидан сўнг бошланди.

Президент Бухоро вилоятини орқада қолаётганини танқид қилар экан:

“Ғаниевни (Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев - таҳр.) ҳам огоҳлантирдим, тизимни тўғри йўлга қўймаса, ишдан кетади”, – деди президент.

Исми сир қолишини сўраган пешкўлик фермерлардан бирининг айтишича, ерга маҳаллий ўғит солиш кераклигини уларнинг ўзлари ҳам яхши билади, лекин "ҳамма муаммо ўша ўғитнинг ўзини топишда":

“Ҳокимимиз ҳамма камида беш прицепдан нури олиб чиқсин, деб топшириқ берди. Агар ўша нури бўлса, биз ўзимиз уни аллақачон ерга солган бўлар эдик. Ҳозир фермалар йўқ, аҳолининг уйидан нури ё чиқади ё чиқмайди. Кўпи ўзимизнинг ерга ишлатамиз, деб бермаяпти. Бир прицепининг ўзи 200 минг сўмга чиқиб кетди. Лекин ўша ҳам йўқда. Гап шунда. Фермерлар изиллаб нури қидириб юрибди. Бош вазир ўринбосари вертолётдан кўради экан деб, ҳокимимиз ҳаммани ҳар куни нури чиқар деб уришяпти”.

Пешкўлик бошқа фермернинг айтишича, ҳатто профилактика инспекторлари ҳам бу ишга жалб қилинган:

“Масалан, ташкилотлар, ички ишлар, маҳалла раислари ҳаммаси гўнг чиқаришга сафарбар этилган. Илгари нури кўп бўларди, ҳозир топилмайди. Бу аҳолида чорва сони ҳам камайиб кетганининг далолати. Бу катта бир кризисга қадам қўйяпмиз, дегани".

Айни ҳолат Бухоро вилоятининг бошқа туманларида ҳам кузатилмоқда.

Жондор туманидаги давлат идораларидан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган мулозимнинг айтишича, Бош вазир ўринбосари Ғаниев кўригидан улар яхши баҳо олган:

“Бизда ҳам шу, айниқса йўл бўйида ерлари бор фермерлар далага нури чиқариши ва уни сочиши керак эди. Бугун Ғаниев жаноблари келиб қолган пайтда бизга биркитилган фермер одамлари ура қилиб буғдойга нури сочаётган эди. Беш баҳо олдик. Бу ҳам бир икки кунлик ура-урачилик. Ғаниев кетганидан кейин ҳаммаси эскича давом этади. Чунки, фермерларда пул йўқ. Туманимиздаги 5 фоиз фермер ўтган йил фойда билан чиқди. 30 фоизи кредитини ҳам ёполмади, зарар кўрди. Қолган 65 фоизи учма-уч бўлиб чиқди. Чўнтагида бир сўм ҳам пул қолмаган. Бир хитоймошин товуқ гўнгини бир миллион сўмгача сотиб оляпти. Қишлоқ хўжалиги тамоман издан чиқиб кетди”.

Пешкў тумани ҳокими Ваҳоб Қаҳҳоров Озодлик билан суҳбатда, далага маҳаллий ўғит чиқариш тадбири аввало фермерларнинг ўзларининг манфаати учун қилинаётганини айтди:

- Авваламбор, ғаллани экишга кеч қолдик, кейин қиш совуғи бу йил қаттиқ бўлди. Ғалламиз яхши униб чиқмади, унгани ҳам панжа ёзолмади. Уни ривожлантиришини тезлатадиган асосий нарса маҳаллий ўғит. Ҳозир шуни чиқариб далага сепмаса максимум 40 центнер, чиқарса 70-80 центнер ҳосил олади. Бу унинг ўзига яхшику.

Озодликнинг “бу нарсаларни фермерларнинг ўзи ҳам яхши билса керак, уларни мажбурлашнинг нима ҳожати бор" деган саволига, Ваҳоб Қаҳҳоров:

- Бизда 300 дан ортиқ фермер бўлса, шундан деҳқончилик мутахассислигига эга бўлган атиги 20 фоизни ташкил этади. Қолгани бошқа соҳалар вакили. Ўша тажрибали фермерларимиз бошқаларга тушунтириб айтиб келяпти. Масалан, ҳозир бир миллион сўмга ўғит сотиб олсак, эртага 10 миллион сўм бўлиб қайтади, деб. Ахир, бу ўзларининг фойдасику. Қанча кўп ғалла олса, режадан ортиғи ўзида қоладику. Буни қиладиганлар бор, бизни мажбурлади, ундай қилди, бундай қилди деб қўлидан иш келмайдиган фермерларимиз ҳам бор. Ерни боқсангиз сизга бир нарса беради-да, унинг асосий озуқаси эса маҳаллий ўғит”, - деб жавоб берди.

Ўзбекистонда фермерлар қонунда мустақил бўлса ҳам, амалда уларнинг эркин фаолият юритиши чекланган.

Қишлоқ хўжалигида фермерларнинг қандай ҳосил етиштириши, қайси пайт ерни шудгор қилиш, далага гўнг чиқариш ва бошқа ишлар маҳаллий ҳокимларнинг топшириғи ва кўрсатмаси асосида олиб борилади.

Айни қиш пайтида ҳам фермерларнинг бекор ўтирмаётганини раҳбарларга кўрсатиш учун театрлаштирилган томошалар ҳам бўлиб туради.

Самарқанд вилоятига Жиззахдан кириб келаверишдаги йўл ёқасида 11 январь куни гўнг ортилган трактор ва "Камаз"ларнинг саф тортгани кузатилган эди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган маҳаллий фермерлар ва ҳайдовчилар ўша куни ҳокимликдан "каттакон келиши"га трассага гўнг олиб чиқиш ҳақида топшириқ олганликларини айтишган.

XS
SM
MD
LG