Аслида ўзбек бозоридаги Хитой моллари янгилик эмас. Лекин аввал кўчада тонналаб мой ёйиш ҳолатлари деярли кузатилмаган.
Таҳлилчилар бу ҳолат кам даромадли истеъмолчилар учун қулай бўлишини таъкидлайдилар. Аммо бундай шароитда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши айтилмоқда. Айрим экспертлар Хитойга бўлган иқтисодий боғлиқликни табиий жараён сифатида кўрадилар.
Кузатувчиларнинг тахминича, реклама кўламининг кескин кўпайганига қараганда Хитой ўз маҳсулотларининг ўзбек бозорига демпинг* қилишни бошлаган.
Демпинг - товар ёки хизматларни сунъий равишда арзон нархларда сотиш амалиётидир. Бу нархлар кўпинча бозордаги ўртача нархлардан ёки ҳатто таннархдан ҳам паст бўлади.
"Брендлар"нинг тренди
2025 йилнинг сентябрь, октябрь ойларида пойтахт кўчалари гўё кўчма бозорга айланган: тротуарлар ва йўл ёқаларида пойабзал, идиш-товоқ, кийим-кечак ва ҳатто маиший техника йиғилиб ётибди. Бу ҳолат нафақат Тошкентда, балки Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам кузатиляпти.
Интернетда хилма-хил хитой маҳсулотларини "бренд" дея реклама қилаётган тадбиркорларнинг видеолари трендга айланди.
Маълумотларга кўра, кўчада сотилаётган молларнинг аксарияти Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган хитойликларга тегишли бўлса, қолган қисмини ўзбекистонликлар Хитойдан олиб келишмоқда.
Бу тенденция дунёда Chinese oversupply wave, яъни ортиқча ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорларга сотиш сиёсатининг бир қисми ҳисобланади.
Бишкеклик иқтисодий таҳлилчи Нургул Акимова бу ҳолатга қуйидагича баҳо берди:
“Хитойнинг арзон моллари нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун муҳим иқтисодий масалага айланган. Илгари асосий ҳамкор сифатида Россия кўрилган бўлса, ҳозирда бу ўринни Хитой эгалламоқда. Хитой моллари импорт орқали ва хитой капиталига эга корхоналар шаклида кириб келмоқда. Уларнинг сони Ўзбекистонда 3400 тага етган. Бундай тенденция маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун рақобат шароитини қийинлаштириб, тенгсизликни келтириб чиқариши мумкин”.
Акимовага кўра, арзон нархлар ва кенг танлов истеъмолчи учун қулайлик яратса-да, иқтисодий мувозанатга таҳдид солиши мумкин. Масалан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар 150–180 минг сўмга сотадиган пойабзаллар Хитойдан 70–100 минг сўмга келмоқда.
“Маълумки, Хитой Халқ Республикасида импорт ва экспортчиларга катта субсидиялар берилади. У ерда кўплаб қонуний имтиёзлар мавжуд, агар ўзбек тадбиркорларига шундай шарт-шароитлар яратилмаса, улар рақобатда ютқазиши ва савдони тўхтатиши мумкин. Шуни англашимиз керакки, валюта чиқиб кетиши ёки миллий валюта қадрсизланиши билан бирга янада жиддий оқибатлар келиб чиқиши мумкин. Бу иш ўринларининг қисқаришига олиб келади, чунки тадбиркорлар харажатларни камайтиришга мажбур бўлади, шу жумладан миллий харажатларни ҳам” - деди Акимова.
Бу ғайриоддий вазият эмас
Маҳаллий ахборот воситалари 2025 йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ташқи савдо айланмаси қарийб 9,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этганини, бу 2024 йилга нисбатан 21,1% кўплигини ёзишди. Статистик ҳисоб-китоблар эса Ўзбекистонга бу йилги импортнинг тахминан 30% қисми Хитойдан келаётганини англатади.
Иқтисодчи Темур Умаров бу тенденцияни у қадар муаммоли эмас, балки табиий жараён сифатида баҳолайди:
“Хитойдан келаётган товарлар фақат арзон эмас, балки маҳаллий маҳсулотларга нисбатан сифатли ҳам бўлиб, ўзбекистонлик истеъмолчиларнинг талабларига жавоб беради. Шунинг учун бу маҳсулотлар ички бозорда кенг тарқалган бўлса-да, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга жиддий салбий таъсир кўрсатмаётган бўлиши мумкин. Агар таъсири кучли бўлганида, бозорда улар учун бунчалик кенг йўл очилмас эди. Демак, ёки рақобат унчалик кучли эмас, ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бу рақобатга бардош бера оляпти. Хитойга бўлган иқтисодий боғлиқлик эса табиий жараён бўлиб, бу Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда кузатилаётган умумий тенденциядир. Шу боис, бу ҳолат мамлакат учун янгилик ёки ғайриоддий вазият эмас”.
Хитой компаниялари анъанавий импорт билан чекланиб қолмай, TEMU, Alibaba каби онлайн платформалар орқали ҳам ўз товарларини кенг тарқатмоқда. Маркетплейслар ўзбекистонлик истеъмолчилар орасида оммалашиб, тўғридан-тўғри Хитойдан етказиб бериш орқали арзон нархларда маҳсулот таклиф қилади.
Бир қатор қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётгани важидан жорий йил 20 мартдан эътиборан Ўзбекистонда TEMU платформасидан фойдаланиш чекланиши эълон қилинганди. Лекин бу санага бир кун қолганда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатиб, TEMU Ўзбекистон резиденти сифатида рўйхатдан ўтганини маълум қилган ва рўйхатдан ўтгунча бўлган давр учун солиқ тўлаши кераклигини билдирган.
Совет даврини кўрганларга қаратилган стратегия
Иқтисодчилар таъкидлашича, бундай онлайн савдо усули маҳаллий бозор тизимига таъсир кўрсатиб, рақобат муҳитини ўзгартирмоқда.
Кузатувчилар арзон нархлар ва “чегирма” каби реклама сигналлари истеъмолчиларнинг қарорларига кучли таъсир кўрсатишини айтадилар. Бундай маркетинг усуллари эҳтиёждан кўра ҳиссиётга асосланган харидларни рағбатлантиради.
“Бу ҳолат аҳолининг молиявий саводхонлиги билан боғлиқ эмас, балки савдогарлар томонидан қўлланилаётган самарали маркетинг стратегия натижасидир. Марказий Осиё давлатлари совет лагеридаги дефицит муҳитини бошдан кечиргани учун арзон товарлар психологик жиҳатдан “ютуқ” сифатида қабул қилинади. Бу стратегия, асосан, совет даврида ўсган авлодга қаратилган. Иқтисодий хулқ маданиятга боғлиқ бўлиб, авлодлар орасидаги тарбия ва тажриба орқали шаклланади. Ҳозирги 30 ёш атрофидаги авлод постсовет инқирозини бошдан кечирган ва уларни тўлиқ бозор иқтисодиёти авлоди деб бўлмайди. Уларнинг иқтисодий ва моддий кўникмалари кўп ҳолларда фарзандларида ҳам шаклланади” - дейди Нургул Акимова.
Молия ва иқтисодиёт таҳлилларига мўлжалланган pinkod.uz сайти маълумотларига кўра, 2025 йилybyu биринчи ярмида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 44,4 миллиард долларга етган, шундан 8,1 миллиард доллари Хитой билан бўлган.
Жорий йилнинг 1 июнидан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида уч ойлик визасиз режим бошланган. Расмий маълумотларда ушбу қарор туризмни рағбатлантириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтиришни кўзлаши айтилган.
Ўзбекистоннинг ташқи қарзининг катта қисмини, жумладан энергетика ва инфратузилмаларга сармояни Хитой берган. Таҳлилчилар таъкидлашича, Пекиндан миллиардлаб доллар қарз олган Тошкент савдо чекловларини жорий этишга анча эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Айрим ҳудудларда хитойлик тадбиркорларга деҳқончилик учун ер берилаётгани ҳақида Озодликка фермерлар маълум қилишган.
Таҳлилчи Темур Умаров Хитой билан алоқанинг ижобий томонларига тўхталди:
“Хитой бугунги кунда Россияга нисбатан асосий иқтисодий альтернатива сифатида кўрилмоқда. Ўзбекистон фақат Россияга эмас, Хитойга ҳам боғланиб бормоқда, аммо бу боғлиқлик мувозанатли тарзда ривожланмоқда. Мамлакат бошқа ҳамкорлар билан ҳам фаол иш олиб бормоқда ва Хитойга тўлиқ боғланиш нияти йўқ. Жаҳон иқтисодиётидаги тенденциялар туфайли Ўзбекистон ҳам глобал жараёнларга қўшилмоқда. Баъзи давлатлар ташқи боғлиқликка қарамасдан, ўз минтақаларида мустақил иқтисодий сиёсат юритишга қодир. Шунинг учун Хитойга бўлган боғлиқлик Ўзбекистоннинг барқарорлигига жиддий таҳдид солади, деб бўлмайди. Чунки Хитой дунёдаги етакчи иқтисодиётлардан бирига айланмоқда ва барча давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам, бу янги реалликка мослашишига тўғри келади”.
Хитой маҳсулотларининг Ўзбекистон бозоридаги экспансияси – бу фақат савдо масаласи эмас, балки иқтисодий стратегия синови сифатида ҳам кўрилади. Қисқа муддатда арзон нархлар аҳоли учун енгиллик туғдирса, узоқ муддатда бу мамлакатнинг иқтисодий мустақиллигига таъсир кўрсатиши мумкин.
Темур Умаров айтганидек, бу глобал реаллик, ундан қочиб бўлмайди. Аммо Нургул Акимова таъкидлаганидек, ушбу реалликни бошқариш учун аниқ сиёсий ва иқтисодий чоралар зарур.
Форум