Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2019, Тошкент вақти: 03:46

Арманистон бош вазири суд тизимини кескин ислоҳ қилишга чақирди


Арманистон. Бош вазир Никол Пашинян (ўртада) суд эшигини тўсиб қўйган тарафдорлари орасида. 2019, 20 май.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян қонсиз инқилобнинг “иккинчи босқичи” сифатида мамлакат суд тизимини кескин ислоҳ қилиш даъвати билан чиқди. Айни инқилоб уни бир йил олдин ҳокимиятга олиб келган эди.

20 майда Арманистон ҳарбий хизматчилари, суд тизими ва сиесий раҳбарлари иштирок этган конференцияда сўзлаган нутқида Пашинян ўтган 12 ой мобайнида мамлакатда легитим ижроия ва қонун чиқарувчи тармоқлар шакллангани, бироқ суд ҳокимияти собиқ “коррупциялашган ҳукумат” таъсири остида қолгани ҳақида гапирди.

У Европа инсон ҳуқуқлари суди қарорларини ноқонуний деб топган барча судьялар лавозимидан бўшатилиши кераклигини ва ушбу соҳада зарур ислоҳот ўтказиш учун конституцияга ўзгартиришлар киритишга тайёр эканини айтди.

‒ Жарроҳлик аралашуви учун вақт келди, ‒ деди у судларнинг эшикларини тўсиб қўйишга ватандошларини чақирганидан бир кун ўтиб. Бунга ўзининг ашаддий душмани, давлат тўнтариши ва коррупцияда айбланаётган собиқ президент Роберт Кочаряннинг ҳибсдан озод қилингани сабаб бўлди.

Пашинян ўтган йил баҳорида узоқ вақтдан бери Арманистонни бошқариб келган Серж Саргсяндан мамлакат миқёсидаги норозилик намойишларидан сўнг ҳокимиятни тортиб олган эди. У барча судьялар “текширув жараёни”дан ўтиши кераклигини ва бу жараён уларнинг мустақил судьялар сифатида ишлай олиш-олмаслигини аниқлаб беришини айтди.

− Мен суд тизими чиқарган қарорларнинг қонуний ёки ҳақиқий экани ҳақида фикр билдира олмайман, буни истамайман ҳам. Бу менинг ваколатимга кирмайди... Бундан қатъиназар, суд тизими қарорларига одамлар умуман ишонмайди, − деди у. − Арманистон халқи ҳалигача суд ҳокимиятини илгариги халққа қарши фитна режалаштириладиган ва амалга ошириладиган собиқ коррупцион тизимнинг қолдиғи деб ҳисоблайди. Ушбу тахмин қанчалик ҳақиқатга яқин ёки асосли экани бошқа масала, лекин суд ҳокимиятига одамлар ишонмаслиги унинг ишлашга қонуний ҳаққи йўқ эканини кўрсатади.

Арманистоннинг етакчи мухолифат кучлари суд бинолари эшиклари тўсилишини қоралади. Уларнинг фикрича, бу ҳол конституциянинг суд ҳокимияти ишига аралашиш тақиқланиши ҳақидаги моддасига зиддир.

‒ Агар Пашиняннинг айрим кишилардан ҳафсаласи пир бўлган бўлса, у буни судларга босим ўтказиш, уларнинг ишига халал бериш ёки уни фалажлаб қўйиш орқали изҳор қилмаслиги керак, ‒ деди “Гуллаб-яшнаётган Арманистон” (BHK) партиясининг етакчи вакили Геворг Петросян. BHK Арманистон парламентидаги иккинчи йирик партиядир.

64 яшар Кочарян жорий ой бошида 2008 йил апрелида конституцион тузумни ағдариб ташлашга уринганлик айби билан судга тортилган эди.

2008 йил мартида Кочарян намойишни тарқатиб юбориш учун хавфсизлик кучларини жўнатгандан сўнг 8 намойишчи ва 2 нафар полицияси ҳалок бўлган эди. У уч ҳафталик фавқулодда ҳолат жорий қилгандан сўнг шу буйруқни берган эди.

У 1998 – 2008 йилларда Арманистон президентлигидан олдин Тоғли Қорабоғ раҳбари бўлган.

Асли Озарбайжонга тегишли бўлган ҳудудни 1994 йилдан бери арманилар назорат қилиб келади. Ўша йили узоқ йиллардан бери давом этиб келган уруш тўхтатилган эди. Уруш вақтида 30 минг киши қурбон бўлди, юз минглаб кишилар яшаб турган жойларидан ҳайдалди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG