Линклар

Шошилинч хабар
13 октябр 2025, Тошкент вақти: 20:38

Миллий армияни шакллантирган генерал вафот қилди


Генерал-полковник Рустам Аҳмедов Ўзбекистон миллий армиясини шакллантирган биринчи Мудофаа вазири бўлган.
Генерал-полковник Рустам Аҳмедов Ўзбекистон миллий армиясини шакллантирган биринчи Мудофаа вазири бўлган.

Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири генерал-полковник Рустам Аҳмедов 82 ёшида вафот этди. Ҳарбий экспертларнинг айтишича, у ўзбек миллий армиясини шакллантиришда муҳим рол ўйнаган шахс сифатида тарихда қолади.

Рустам Аҳмедов илгари Совет армияси тизимида хизмат қилган, лекин мустақилликдан сўнг армияни миллий асосда қайта қуриш ташаббусчиларидан бири бўлган. Унинг ташаббуси билан миллий ҳарбий академия ва Қуролли кучлар бош штаби тизими шакллантирилди.

Шу йил июн ойида AlterEgo лойиҳасига берган интервюсида Рустам Аҳмедов ўз фаолиятини шундай баён этган эди:

“Мен умримдан бир кун қолса ҳам давлатга хизмат қилган бўлардим. Сиз ҳозир кўриб турибсизку, миллионлар ишлаган баъзи раҳбарлар билан нима ишлар қилишяпти? Ҳалол ном, тоза ном пулдан кўра қадрлидир”.

Таҳлилчилар фикрига кўра, Рустам Аҳмедов президент Ислом Каримовга ўз нуқтаи назарини қўрқмасдан ифода этиши ва унинг кўзига тик қараб гапира олиши билан ажралиб турган.

У Каримовнинг ҳарбий масалаларга сиёсий аралашувини танқид қилган ва армияни партияга ёки шахсга боғлиқ эмас, давлатга садоқатли тизим сифатида кўришни талаб қилган.

1997 йил сентябрида у лавозимидан озод этилди ва бир йил Фавқулодда вазиятлар вазирлигини бошқарди. Вазирликдан четлатилиш сабабини у бундай изоҳлаган:

“Каримовнинг маслаҳатчилари Олимов ва Ғуломовга мен ҳеч қачон қуролли кучлар ишига аралашишга йўл қўймас эдим, чунки улар учун қуролли кучлар ‘маззали луқма’ эди. Президентнинг ўзига хабар берсам, у ҳам уларни тўхтатарди. Уларга қўлбола, бўйсунувчан вазир керак эди. Мана, бир ҳолат: Ғуломов мени ИИВга 5 минг автомат беринг, деб чақирди. Мен “қайси асосда?” деб сўрадим. У айтдики, президент билан келишилган. Мен Каримовга чиқиб, мана Зокир Алматовдан хат бор экан, сиз рози бўлганмисиз, деб сўрадим. У тасдиқланган тартибда беришни буюрди. Мен ҳам: ‘Ҳар бир автоматга 150 доллардан тўласин’, дедим. Уларга бундай вазир керак эмас эди. Шунинг учун мени ишдан олишди. Чунки бу Каримовнинг энг оғриқли жойи эди”.

Рустам Аҳмедов мудофаа вазири бўлган пайтда ҳарбий тузилмаларда коррупция йўқлиги, армияда “дедовшина”га чек қўйилиши ва аскарларнинг озиқ-овқат таъминоти яхши экани таъкидланган. Унинг вазирлиги даврида бирор жойда ўғрилик ёки сўкиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Тарихчилар ва ҳарбий мутахассислар фикрича, генерал-полковник Рустам Аҳмедов мустақил Ўзбекистон тарихида энг юқори баҳоланган ва ҳурмат қозонган мудофаа вазири бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда энг кучли қуролли кучлардан бири саналади. Аммо Рустам Аҳмедов орзу қилган “фақат халққа хизмат қиладиган, сиёсатдан холи армия” ғояси ҳали тўлиқ амалга ошмаган, деган фикрлар ҳам бор.

Армияда ёшлар тарбияси, кадрлар узлуксизлиги ва замонавий стратегия масалалари ҳануз долзарблигича қолмоқда. Истеъфодаги полковниклардан бири Озодликка шундай деган:

“Тўғри, армияда ислоҳотлар ўтказилган, лекин бюрократия, фарқли маошлар, коррупция каби муаммолар сақланиб қолган. Ҳарбий хизмат кўп ҳолларда фақат карьера воситаси сифатида қабул қилинади. Мудофаа вазирлиги фаолияти жуда ёпиқ, жамоатчилик назорати етишмайди. Армияда кадрлар танлови кўпинча шахсий садоқат асосида амалга оширилади. Ҳозирги тизимда ‘ҳақ сўзни президент кўзига қараб айта оладиган генерал’ қолмаган”.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ёшлар бир йиллик ҳарбий хизматга чақирилади, аммо жисмонан соғлом ва бўйи баланд йигитлар танлаб олинади.

Таҳлилчиларнинг айтишича, бундай ҳарбий хизмат йигитлар учун орзу ҳисобланади, чунки хизматдан сўнг куч ишлатар тизимларига ишга ва олий ўқув юртларига имтиёзли ўқишга кириш имкониятлари пайдо бўлади.

Муқобил, бир ойлик ҳарбий хизмат тўлови эса жуда юқори: 2025 йил августидан 8,085,000 сўмдан 8,897,000 сўмга кўтарилган, бу камбағал оилалар учун қийин.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён мамлакат мудофаа тизими бир неча бор ислоҳ қилинган ва вазирлар тез-тез алмашган.

Илк мудофаа вазири генерал-полковник Рустам Аҳмедов 1991–1997 йилларда лавозимда бўлган. Кейинги йилларда вазирлар орасида Баходир Тошматов, Қобул Бекназаров, Қодир Ғуломов, Ҳикматулла Турсунов, Абдусалом Азизов, Баходир Қурбонов ва бошқалар бор.

Қодир Ғуломов 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин лавозимидан четлатилган.

Мирзиёев даврида 2017 йилда мудофаа вазири этиб тайинланган генерал Абдусалом Азизов кейинчалик Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига ўтди.

2019 йилда мудофаа вазири этиб тайинланган Баходир Қурбонов 2024 йилда ДХХ раиси бўлди. 2024 йил ноябр ойидан бошлаб генерал-майор Шухрат Холмухаммедов Ўзбекистон мудофаа вазири лавозимини эгаллаб келмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG