Линклар

Шошилинч хабар
13 август 2020, Тошкент вақти: 04:53

UZ/Коронавирус: юқтирганлар 9 мингдан ошди. Янги рекорд: 1 кунда аҳоли орасида 113 кишида вирус аниқланди


Коронавирус беморлари ва улар сақланган муассасалар, тиббиёт ходимлари билан бирга, куч ишлатар тузилмаларининг қаттиқ назорати остида қолмоқда.

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

- 2020 йил 2 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони камида 8996 нафар, тузалганлар 5847 дан ошди, 27 бемор вафот этди.

- 1 июлдан бозорлар шанба-якшанба кунлари ёпилади, 23:00дан 7:00гача кўчага чиқиш тақиқланади. Автобус қатнови устидан назорат кучайтирилди.

- Сайёҳларни қабул қилиш учун очилишига рухсат берилган меҳмонхоналар иш тартиби эълон қилинди, истовчиларга карантинни, ҳақини тўлаб, меҳмонхонада ўтказиш ҳаққи берилди.

- Мамлакат бўйлаб ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция мажбурий бўлиб қолмоқда.

- Вирусни юқтирганлар расмий сони дунёда 10 миллион 495 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 511 мингдан, тузалганлар 5 миллион 373 мингдан ошди

Ғузорлик шифокор: коронавирусдан вафот этган бемор жасади 15 соат шифохонамизда қолиб кетди!

Қашқадарёда коронавирус юқтириб олгач, вафот этган 64 яшар беморни қабул қилиб олган Ғузор туман Тиббиёт бирлашмаси Жонлантириш бўлими ходимининг видеомурожаати Озодликка келиб тушди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 июлга ўтар кечаси Қашқадарё вилоят, Ғузор туманида яшовчи 64 ёшли С.Ҳ., коронавирусдан вафот этгани, бунга қадар Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимига икки томонлама ўткир пневмония оғир даражаси, юрак ва нафас етишмовчилиги ва қандли диабет оғир кечиши ташхиси билан ётқизилганини расман маълум қилган.

Озодликка келган видеода COVID-19 инфекциясидан ҳимоя кийимини кийиб олган ва юзига ниқоб таққан ходима 64 ёшли оғир бемор аввалига уларнинг бўлимига олиб келингани ва натижада, бу бўлим карантинга олинганини айтади.

Ходиманинг сўзларидан тушунилишича, бу бўлим COVID-19 инфекциясини юқтириб олган беморларни қабул қилишга мўлжалланмаган, тайёргарлиги бўлмаган.

Юқори тана ҳарорати билан уйидан олинган бемор Юқумли касалликлар шифохонасига эмас, туман тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига олиб келинган.

Сўнгра вафот этган бемор жасади 15 соатдан ортиқ шифохонада қолиб кетган, уни вилоятга жўнатиш учун шифохона ходимлари жуда сарсон бўлишган.

Видеода, шунингдек, ҳозир беморнинг бир қариндоши ҳам оғир аҳволда яна шу шифохонага келтирилгани, туман Юқумли касалликлар шифохонасида эса бу оғир беморга жой етишмаётгани айтилган.

Бундан ташқари, ходима сўзларидан тушунилишича, коронавирус юқтирган бемор келтирилиши ортидан карантинга тушиб қолган шифокорларга етарли дори-дармон, ҳаттоки егулик етказилмаётир.

Ушбу видеода гапирган тиббиёт ходими билан Озодлик боғлана олмади. Шунингдек, Ғузор тумани Тиббиёт бирлашмаси ва Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасидан ҳам расман изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Nasafnews.uz ахборот порталининг ёзишича, 29 июнь куни марҳумнинг айни бўлимда сақланган акаси ва турмуш ўртоғига ҳам коронавирус юққанининг эҳтимоли юқоридир.

"Ҳозирда улар бўлимдан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига юборилган. Биз мазкур ҳолат бўйича ҳамма нарсани яшираётган ва ҳолат бўйича аниқ ахборот бермай турган Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан эмас, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан аниқ изоҳ кутамиз", деб қўшимча қилди ушбу нашр.

Ғузорлик шифокор видеосини Озодликка йўллаган қашқадарёлик тиббиёт ходимига кўра, улар коронавирус бутун шифохонага тарқалиб кетганидан гумон қилмоқда, аммо шифохонанинг айрим бўлимлари ҳануз очиқ турибди:

"Қашқадарёнинг Ғузор туманида вазият жуда оғир, лекин қизил ҳудудга ҳам киргизишмади. Ҳамма ўзича яшаб юрибди. Туман Тиббиёт бирлашмаси шифохонаси тўлиқ ёпилсин! Бу касаллик бутун шифохона бўйлаб тарқаб бўлди. Қайсидир бўлимлари ёпилди, лекин алоқа бор барибир. Ёпилсин шифохона карантинга!"

COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чоралар кўриш лойиҳаси амалга оширилади

“Жаҳон банки иштирокида “Ўзбекистонда коронавирус COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чоралар кўриш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан мамлакатда COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чоралар лойиҳаси тасдиқланди.

Лойиҳага биноан, соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, карантин тадбирлари амал қилиши даврида кам таъминланган оилалар ва ишсизларга вақтинчалик нафақалар бериш тизимини кенгайтириш кўзланмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 106 757,1 минг долларни ташкил этади.

Қашқадарёда коронавирусдан яна бир бемор вафот этди

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи 64 ёшли С.Ҳ., Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 27-бемор бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 июлга ўтар кечаси хабар берди.

Хабарда айтилишича, С.Ҳ., шу йилнинг 7 июнь куни Тошкент вилояти Янгийул туманига бориб, 12 июнь куни Тошкент-Қарши тезюрар поездида уйига қайтган. 15 июнь куни тана ҳарорати кўтарилган ва у узоқ вақт уй шароитида даволаниб келган.

“Бемор (эркак киши) бундан аввал, охирги 5 йил давомида қандли диабетнинг оғир кечиши ташхиси билан диспансер назоратида туриб, даволаниб юрган”, -дейилади расмий билдирувда.

29 июнь куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли шифокорга кеч мурожаат қилгач, Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимига икки томонлама ўткир пневмония оғир даражаси, юрак ва нафас етишмовчилиги ва қандли диабет оғир кечиши ташхиси билан ётқизилган.

“Мутахассислар томонидан стандартлар асосида кўрсатилган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди”, - деб билдирди вазирлик.

Коронавирусга чалинганлар сони 9 мингга яқинлашди, 25 беморнинг аҳволи оғир

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 2 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 8904 нафарни ташкил этмоқда. Бу билан сўнгги 12 соатда беморлар сони 123 нафарга кўпайди.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 101 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 12 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 7 нафари Наманган вилоятида (шундан 1 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 6 нафари аҳоли орасида), қолган 3 нафари Тошкент вилоятида аҳоли орасида аниқланган”, -дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинган 5847 нафар бемор соғайди, 27 киши коронавирусдан вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 3030 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 16 нафари оғир, 9 нафари ўта оғир аҳволда.

Коронавирус беморлари муолажасида антибактериал препаратлар қўлланмоқда

АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда Оқилов, коронавирусга чалинган беморларга берилаётган дори-дармонлар ва препаратларни маълум қилди:

- Ҳозирги вақтда бир нечта дори-воситалардан фойдаланилмоқда, хусусан, антибактериал препаратлар - Азитромицин, қон суюлтиришга - Гепарин, Клексан, вирусга қарши-Лопинавир/Ритонавир, Авиган ва Гидроксихлорохин каби дорилар кўпроқ ишлатилмоқда. Оксигенотерапия (кислород билан даволаш) хам яхши самара кўрсатяпти. Оғир турларда симптоматик даво ўтказилади, яъни сунъий нафас олиш аппаратига уланади.

Карантин зоналаридаги тиббий ходимлар ҳам тест топширмоқда

Ҳ. Оқиловнинг айтишича, карантин зоналарида касалларга қарайдиган тиббиёт ходимлари ҳам вирусга мунтазам тест топшириб турибди:

- Нафақат карантин зонасида, стационарда беморлар билан ишлайдиган шифокорлар, лаборат-врачлар, ҳамширалар, кичик тиббиёт ходимлари, тиббий транспорт хайдовчилари ва бошқа ёндош мутахасисликларда ишлайдиган ходимларнинг барчаси ҳар 5 кунда 1 маротаба ПЦР таҳлилидан ўтиши шарт! ПЗР ёрдамида таҳлил қилиш учун 6 соатдан 8 соатгача вақт керак. Лекин таҳлиллар сони ошиб кетётганлиги сабабли навбат кўпайиб, натижани олиш муддати 1-2 кунга чўзилиши мумкин.

Автобусдаги тиқилинч назорати мутасадди органларга юклатилган

Брифингда штаб вакили Ҳ. Оқиловга: "Нима сабабдан таксиларда целофан ўрнатиб 2 кишидан кўп одам ташиш мумкин эмас-у, автобусларда тиқилинч қилиб йўловчи ташилмоқда. Яна автобусларда одамлар бу учун жаримага ҳам тортилмоқда?" деган савол берилди:

- Махсус комиссия қарорларида транспорт воситалари ҳудудлар рангига қараб хизмат кўрсатиши қайд этилган. Бунда автобусларда йўловчилар орасида ижтимоий масофа сақланган ҳолда хизмат кўрсатилиши белгиланган ва бу ҳолатни назорати мутасадди органларга юклатилган, деб жавоб берди Ҳ. Оқилов.

Назорат белгиланганига қарамай, шаҳар ичи ва атрофида қатнаётган автобуслардаги тиқилинчлар кузатилаётгани, ижтимоий масофа сақланмаётганига штаб вакили аниқ изоҳ бермади.

5 июлдан касаллик енгил кечаётган коронавирус беморлари уйда даволанади

Республика махсус комиссиясининг 30 июнь кунги қарори билан бундан буён коронавирус беморлари 3 тоифага ажратиладиган бўлди:

- коронавирус инфекциясининг енгил шакллари аниқланган (касаллик аломатларсиз ўтаётган) беморлар;

- коронавирус инфекцияси ўртача оғир кечаётган (тана ҳарорати кўтарилаётган) беморлар;

- коронавирус инфекцияси оғир кечаётган беморлар.

Жорий йил 5 июль санасидан бошлаб коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволаш билан боғлиқ қуйидагиларни назарда тутувчи янги тартиб жорий этилади:

- касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар шифокор тавсиялари асосида уйида даволанишига рухсат берилади;

- шифохона ва уйида даволанаётган касаллик аломатларисиз кечаётган енгил беморлар, 10 кун ичида клиник белгилари кузатилмаса, назоратдан чиқарилади;

- коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор билан бирламчи мулоқотда бўлганлар 14 кунлик карантин муддатини уй шароитида ёки тасдиқланган рўйхатга асосан меҳмонхоналарда барча санитария-эпидемиология ва карантин чекловларига риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади.

Коронавирус юққанлар сони бўйича яна бир рекорд қайд этилди

Ўзбекистонда 30 июнда 281 кишида коронавирус аниқланди. Бу бир кунда коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича рекорд кўрсаткичдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 281 кишидан 255 нафари Карантин муассасаларида, 25 нафари аҳоли орасида (шундан 13 нафари Тошкент шаҳрида, 9 нафари Тошкент вилоятида, 3 нафари Самарқанд вилоятида), 1 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

30 июнда Тошкент шаҳрида 135 нафар, Хоразм вилоятида 44 нафар, Навоий вилоятида 3 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида 2 нафар, Сурхондарё вилоятида 2 нафар, жами 186 нафар бемор соғайди. Бу билан шу кунгача коронавирус юққан 8503 нафар бемордан 5682 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил этди.

Айни пайтда касалхоналарда 2795 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 21 нафари оғир, 5 нафари ўта оғир аҳволда.

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 40 218 нафар, стационар карантинда эса 24 168 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Ўзбекистонда коронавирусдан 26-бемор вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1 июлга ўтар кечаси билдиришича, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида яшовчи, 62 ёшли Б.Я., коронавирусдан вафот этган 26-бемор бўлди.

Хабарда айтилишича, у 10 июнь куни Қозоғистондан келганлиги сабабли Карантин марказига жойлаштирилган. 19 июнь куни унда коронавирус аниқланган ва Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига ўтказилган ҳамда ўтган кунлар давомида реанимация бўлимида бўлган.

Унга юрак ишемик касаллиги, стенокардия, сурункали юрак, буйрак, жигар етишмовчилиги каби қатор касалликлар бўйича ташхис қўйилган.

“Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўпка ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этди”, -дейилади хабарда.

62 ёшли Б.Я., Ўзбекистонда 30 июнда коронавирусдан вафот этган иккинчи бемор бўлди. Аввалроқ Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида яшаган ва коронавирусга чалингани тасдиқланган 70 ёшли аёл Ф. О. оламдан ўтгани хабар қилинган эди.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлган беморлар сони 26 нафарга етди

Беморлар сони 8600дан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 1 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 8627 нафарни ташкил этмоқда. Бу 30 июнь соат 23:00даги кўрсаткичдан 124 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 85 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 24 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 11 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 13 нафари аҳоли орасида), 2 нафари Тошкент вилоятида (барчаси халқаро юк ташувчи автомобил ҳайдовчиси), 5 нафари Бухоро вилоятида (шундан 1 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 4 нафари аҳоли орасида), 7 нафари Хоразм вилоятида (шундан 3 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 4 нафари аҳоли орасида), 1 нафари Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли орасида аниқланган”, -дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирус юққанлардан 5682 нафари соғайди. 26 бемор вафот этди. Ҳозирда касалхоналарда 2919 нафар бемор даволанмоқда.

Бозорлар шанба-якшанба кунлари ёпилади, 23:00дан 7:00гача кўчага чиқиш тақиқланади

Республика махсус комиссиясининг 30 июнь куни мамлакатдаги карантинга оид қўшимча чора-тадбирларни эълон қилди.

Комиссия тарқатган ахборотга кўра, 1 июль санасидан бошлаб:

- республиканинг барча ҳудудларида йирик буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилади;

- қизил ва сариқ ҳудудларда соат 07:00 дан 23:00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда 23:00 дан 07:00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш ТАҚИҚЛАНАДИ;

Бунда саломатлиги ёмонлашганлар, ҳомиладорларга шифокор кўригидан ўтиш учун шифохонага ёки дорихонага бориб-келишига рухсат берилади.

Мазкур талабларни бузган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Бундан ташқари, қизил ва сариқ ҳудудларда ҳафтанинг шанба ва якшанба кунларида жамоат транспорти ҳаракати камайтирилади.

Махсус комиссия сайёҳларни қабул қиладиган меҳмонхоналар иш тартибини маълум қилди

Республика махсус комиссиясининг 30 июнь куни мамлакатдаги карантинга оид қўшимча чора-тадбирларни эълон қилди.

Комиссия тарқатган ахборотга кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан рўйхати тузилган меҳмонхоналарнинг ишлаш тартиби, нархи ва қўйиладиган талаблар ишлаб чиқилган:

- Рўйхатга киритилган меҳмонхоналар уларга тегишли объектларни 24 соат узлуксиз қўриқлаш бўйича Миллий гвардия билан шартнома тузади;

- ушбу меҳмонхоналарда тиббиёт муассасалари томонидан шартнома асосида кундалик тиббий хизмат ташкил этилади;

- фуқаролар республиканинг халқаро аэропортлари ва чегара ўтказиш пунктларидан меҳмонхоналаргача йўл патруль хизмати вакиллари кузатуви остида транспорт воситалари билан етказилади.

Бундан ташқари барча юқорида қайд этилган талабларга қатъий риоя этган ҳолда, карантин назорати даврини ўтказиш учун меҳмонхоналарда жойлаштириш шарти билан хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларни туроператорлар ва авиаташувчилар томонидан ҳам республикага етказиб келиш рейслари ташкил қилинишига рухсат берилган.

Жиззахлик 70 ёшли аёл турмуш ўртоғининг ортидан вафот этди

Жиззах вилоятининг Ш.Рашидов туманида яшаган ва коронавирусга чалингани тасдиқланган 70 ёшли аёл Ф. О. оламдан ўтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига мувофиқ, аввалроқ унинг турмуш ўртоғи - 72 ёшли Қ.Р. ҳам коронавирус юқтириб олгани ортидан вафот этган.

Маълумотларга кўра, Ф. О. 20 июнь куни коронавирусга гумон қилиниб, карантинга олинган. 23 июнь куни эса Жиззах вилояти юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган.

ССВ, мутахассислар муолажаларига қарамай, аёл ўткир миокард инфаркти, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этганини билдирган.

Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалинган ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 25 нафарга етди.

Жиззахда коронавирусдан яна бир одам вафот этди

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи, 72 ёшли Қ.Р., коронавирус оқибатида вафот этгани ҳақида 30 июнга ўтар кечаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Расмий хабарда айтилишича, Қ.Р., жорий йил 20 июнь куни коронавирусга гумон қилинган ва карантинда тиббий кузатувга олинган.

22 июнь куни эса Жиззах вилояти юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Унда 25 июнь куни коронавирус аниқланган.

Беморга “Коронавирус инфекцияси оғир кечиши, чап томонлама бронхопневмония, нафас етишмовчилиги 2-даража” ташхиси, шунингдек, “Юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония касаллиги, сурункали юрак етишмовчилиги, қандли диабет оғир кечиши” қўшимча ташхиси ҳам қўйилган.

Сўнгги кунларда нафас, юрак ва ўпка етишмовчилиги сабабли беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, реанимация бўлимига ўтказилган ҳамда тиббий ёрдам кўрсатилган.

“Тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир миокард инфаркти, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди”, - дейилади хабарда.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони 24 кишига етди. 29 июнь куни Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшаган ва коронавирус юқтириб олгани тасдиқланган 58 ёшли аёл ҳам вафот этган эди.

28 июнда ҳам Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасининг коронавирус юққан шифокори ва Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи, 42 ёшли Д.Х., коронавирусдан вафот этгани билдирилган.

Июнь ойида коронавирусдан вафот этганлар сони Ўзбекистонда 9 кишини ташкил қилди.

Нукус 30 июндан бошлаб “қизил” ҳудудга айланди

Нукус шаҳрида 30 июндан бошлаб бир қатор чекловлар қайта жорий қилиниб, карантин чоралари кучайтирилади. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Министрлар Кенеси матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Нукус 30 июндан бошлаб “қизил” ҳудуд тоифасига киритилгани боис жамоат транспорти, буюм бозорлари, кафе-ресторанлар, сартарошхоналар, автомактаблар фаолияти тақиқланади.

Бундан ташқари диний муассасалар, жумладан, масжидлар ҳам вақтинча ёпилиб, диний тадбирларни ўтказиш тўхтатилади.

Бугунги кунда Қорақалпоғистонда коронавирусга чалинган 151 киши қайд этилган.

Сўнгги 12 соатда коронавирусга чалинганлар сони 76 кишига кўпайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 30 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 8298 нафарга етганини билдирди. Бу 29 июнь соат 23:00даги кўрсаткичдан 76 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 44 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 23 нафари Тошкент вилоятида (шундан 19 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 3 нафари аҳоли орасида, 1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси), 9 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 4 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 5 нафари аҳоли орасида) аниқланган”, - дейилади билдирувда.

Айни пайтда 5496 нафар бемор соғайди ва соғайиш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил қилмоқда. Шу кунгача беморлардан 24 нафари вафот этди. Ҳозирда касалхоналарда 2778 нафар бемор даволанмоқда.

Коронавирусга чалинган шофирконлик аёл оламдан ўтди

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшаган ва коронавирус юқтириб олгани тасдиқланган 58 ёшли аёл 29 июнь куни вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, 21 июнь куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган аёл “юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония касаллиги, семизлик 3-даражаси, ўпка артерияси тромбоэмболияси, нафас етишмовчилиги 3-даража” ташхиси билан реанимация бўлимига ётқизилган.

Мутахассислар ўтказган реанимацион муолажаларга қарамай, бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган.

Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 23 нафарга етган.

Яшил ҳудуд бўлиб қолаётган Фарғонада блокпост ва танклар пайдо бўлди

29 июнь куни эрталабдан Озодлик таҳририятига Фарғона шаҳрида тезлик билан ҳаракатланаётган танклар ва бошқа зирхли ҳарбий техника акс этган видеолар кела бошлади.

Видеоларни йўллаётган фарғоналиклар шаҳарнинг кириш-чиқиш йўлларига блокпостлар қўйилаётгани, блокпостлар ёнига ҳарбий техникалар келтирилаётганини айтмоқда.

"Постларимиз жойига қайтаяпти мана, бугундан Табассумга (кўчаси) яна қайтадан ўрнатишяпти", дейилади 29 июнда олингани айтилган ушбу видеолардан бирида.

Фарғоналиклар:блокпостлар тикланмоқда, зирхли ҳарбий машиналар юрибди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:03 0:00

Республика махсус комиссияси 29 майдан Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳаридаги сўнгги эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, туман (шаҳар)лар тоифаси - яшил, сариқ ва қизил зоналар рўйхатини яна ўзгартирди.

Янги тартибга кўра, Фарғона вилояти тўлиқ яшил бўлиб қолмоқда. Вилоятда сариқ ёки қизилга айланган бирор туман ёки шаҳар йўқ.

Бу ҳолатда шаҳарда нега блокпостлар тикланмоқда, деган савол билан Озодлик Фарғона вилояти ҳокими матбуот котиби Муҳаммаджон Обидовга боғланди.

Матбуот котибининг билдиришича, шаҳарда зирхли техникалар ҳаракатланиши доимий ҳолдир ва бу техникалар Шарқий ҳарбий округнинг Фарғона гарнизонига қатнайди.

"Бунинг коронавирусга алоқаси йўқ, ваҳимага асос йўқ. Шарқий ҳарбий округнинг ўқув машгулотлари доирасида у қисмдан бу қисмга ҳаракат килаётган техникалардир. Бу ўқув эртага хам давом этиши мумкин", деди М. Обидов.

Айни пайтда, матбуот котиби блокпостлар ёнига келтирилгани айтилган зирхли ҳарбий техникалар ҳақида қўшимча маълумотни Мудофаа вазирлигидан олишни тавсия қилди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидан бу борада бирор аниқ жавоб олишнинг имкони бўлмади. Миллий гвардия матбуот хизмати ҳам Озодлик мурожаатларига ҳануз жавоб бермади.

Ўзбекистон бўйлаб, COVID-19 эпидемияси олдини олиш мақсадида жорий қилинган карантин давом этаётган бир пайтда, Фарғона вилояти каби яшил ҳудудлар - эпидемик вазият яхши бўлган вилоятларда блокпост ёки зирхли ҳарбий техникалар йўқ.

Ўзбекистонда 29 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 8031 нафарни ташкил этмоқда

Бу 28 июнь соат 23:30 ҳолатига нисбатан 83 кишига кўпдир. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 47 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 32 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 18 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 14 нафари аҳоли орасида), 4 нафари Жиззах вилоятида (барчаси аҳоли орасида) аниқланган”,- дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусдан 5329 нафар бемор соғайди ва тузалиш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил қилди.

Ҳозирда касалхоналарда 2680 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 19 нафари оғир, 6 нафари ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28 июнда 266 одамда коронавирус аниқлангани ва беморлардан икки нафари вафот этганини билдирган эди. Бу билан коронавирусдан ўлганлар сони 22 кишига етди.

Тошкентда бир кунда коронавирусдан икки киши вафот этди. Ўлганлар сони 22 кишига етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 29 июнга ўтар кечаси Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи, 42 ёшли Д.Х., коронавирусдан вафот этганини билдирди.

Вазирлик хабарида таъкидланишича, 2018 йилда биринчи маротаба инсульт бўлган Д.Х., (эркак) жорий йил 20 июнь куни бош мия қон айланиши ўткир бузилиши (инсульт)нинг қайталаниши билан ўта оғир ҳолатда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморда 22 июнь куни коронавирус аниқланган ва унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ўтказилган ҳамда аҳволи кескин ёмонлашганлиги сабабли сунъий нафас бериш аппаратига олинган.

“Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи тажрибали шифокорлар томонидан ҳам назоратга олиниб, бир неча бор консилиумлар ўтказилган. Бироқ шу соҳа мутахассисларининг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўткир нафас ва ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди”, -дейилади хабарда.

28 июнь куни Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокорининг коронавирусга чалингани, оқибатда миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани хабар қилинганди.

Эндиликда ўлим ҳолатлари сони 22 тага етди. Июнь ойининг ўзида 7 нафар бемор ҳаётдан кўз юмган.

21-бемор - тошкентлик шифокор вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 28 июнь куни коронавирусга чалинган тошкентлик шифокор миокард инфарктидан вафот этган.

Хабарда айтилишича, пойтахтдаги Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокори бўлган 52 яшар А.У. шу йилнинг 14 июнидан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги Ўртасарой карантин марказида фуқароларга тиббий хизмат кўрсатишни бошлаган.

23 июнь - иш бошлаганидан 9 кун ўтиб, аҳволи оғирлашган ва шифохонага ётқизилган.

26 июндан юрак, нафас ва ўпка етишмовчилиги кузатилиб, аҳволи оғирлашгани учун реанимация бўлимига олинган.

28 июнга келиб, миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Шу билан Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олгач, вафот этганлар сони 21 нафарга етди.

4 кишида вирус аниқлангач, Янгиер шаҳри қатъий карантин тартибига ўтди

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги Наврўзобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшайдиган 4 фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган.

Бунинг ортидан шаҳар 28 июнь кунидан қатъий карантин тартибига ўтказилди - шаҳарга эркин кириш-чиқиш тўхтатилди.

Янгиер шаҳрига кириш-чиқиш йўлларига блокпостлар ўрнатилмоқда, 28 июнь, 2020
Янгиер шаҳрига кириш-чиқиш йўлларига блокпостлар ўрнатилмоқда, 28 июнь, 2020

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, шаҳарга эпидемиологик нохуш ҳудудлардан кириб келган фуқаролар ҳамда беморлар билан мулоқотда бўлган 525 та оила (1994 та фуқаро) айни пайтда тиббий кузатувда сақланмоқда. Бундан 45 та фуқаро шифохонада, 480 та оила (1949 та фуқаро) уй кузатувида.

Янгиер шаҳридаги бозор дезинфекция қилинмоқда, 28 июнь, 2020
Янгиер шаҳридаги бозор дезинфекция қилинмоқда, 28 июнь, 2020

Ҳокимлик берган маълумотга кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Янгиер шаҳрини 13 июнь куни изил ҳудуд деб белгиланган, орадан бир ҳафта ўтиб - 20 июнь куни яна яшил тоифага қайтарилган эди.

Янгиерда жамоат жойларига кираётганлар қўлларини дезинфекция қилмоқда, 28 июнь, 2020
Янгиерда жамоат жойларига кираётганлар қўлларини дезинфекция қилмоқда, 28 июнь, 2020

ССВ: 19 бемор оғир, 6 нафари ўта оғир аҳволда

28 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони камида 7725 (+43) нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг:

- 30 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида,

- 11 нафари Тошкент вилоятида (шундан 10 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 1 нафари аҳоли орасида),

- 2 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 1 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 1 нафари аҳоли орасида) аниқланган.

2465 бемор шифохоналарда қолмоқда. Улардан 19 нафари оғир, 6 нафари ўта оғир аҳволда.

27 июнь куни аҳоли орасида вирусни юқтирган сони бўйича янги рекорд қайд этилди

Шанба, 27 июнь куни мамлакат бўйлаб, аҳоли орасидан аниқланган коронавирус беморлари сони камида 54 нафарга етди.

Бу рақам шу пайтгача бир кунда қайд этилган аввалги рақамлардан баланддир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 54 киши қуйидаги вилоятларда аниқланган:

- 39 нафари Тошкент шаҳрида,

- 6 нафари Тошкент вилоятида,

- 4 нафари Сирдарё вилоятида,

- 4 нафари Сурхондарё вилоятида,

- 1 нафари Бухоро вилоятида аниқланган.

27 июнь куни коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар жами сони камида 255 нафардир.

Шундан 169 нафари Карантин муассасаларида, 54 нафари аҳоли орасида, яна 32 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

Ғишткўприк” пости эпидемиологи, Бухорода ўқиётган афғонистонлик магистр вирусга чалинди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 26 июнь куни аҳоли орасида 25 кишида вирус аниқланган.

26 июнь куни аҳоли орасида аниқланган беморлар орасида “Ғишткўприк” чегара постининг навбатчи эпидемиологи, Бухоро давлат университетининг афғонистонлик магистри, Хоразмнинг Хонқа туманида яшовчи бир оиланинг 7 аъзоси бор.

"Аҳолини имкон қадар фаол мулоқотдан, турли тадбирлар ўтказишдан тийилишларини, ва албатта, ижтимоий масофа сақлаш, қўлларни яхшилаб қайта-қайта ювиш, кўчага чиққанда ниқоб тақиш каби карантин қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қолади", дея огоҳлантиради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

ССВ: 20-бемор - Сурхондарёда 59 яшар оғир хаста аёлга вирус юққани вафотидан сўнг маълум бўлди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида вафот этган бир нафар беморда коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Маълум қилинича, 59 яшар деновлик марҳум бемор Б.Х. сўнгги 5 йилдан буён икки томонлама ўпканинг ўткир бронхопневмонияси ташхиси билан даволаниб келган.

Шу йилнинг 19 июнь куни бемор (аёл) мурожаатига кўра, олинган намунада коронавирус инфекцияси мавжудлигига гумон қилинган ва бемор тез ёрдам машинасида туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Шифохонада беморга “Икки томонлама ўткир бронхопневмония. Ўткир юрак ва ўпка етишмовчилиги оғир даражаси, коронавирус инфекциясига гумон” ташхиси қўйилган.

Бундан ташқари, беморда “Ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, сурункали пиелонефрит, камқонликнинг ўрта оғир даражаси” ёндош касалликлар ташхиси ҳам қўйилган.

"Беморга кўрсатилган тезкор тиббий ёрдам ва реанимацион муолажаларга қарамасдан у юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган", дейилади хабарда.

Республика санитария-эпидемилогик осойишталиги агентлигининг махсус референс лабораторияси хулосасига кўра, марҳумдан олинган намунада коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

У билан мулоқотда бўлган оила аъзолари, яқинлари ва бошқа фуқаролар қатъий карантинга олинган бўлиб, ушбу ҳолат юзасидан эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилаётгани айтилди.

Шу билан Ўзбекистонда коронавирус юққач, вафот этганлар сони 20 нафарга етди.

Атиги 3 ҳолат аниқланиб, яшил ҳудуд бўлиб турган Жиззахда аҳоли орасида вирус аниқланди

Аҳоли орасида коронавирус қайд этилиши ҳолатлари мамлакат бўйлаб барча вилоятларда кузатилмоқда.

ССВнинг хабар қилишича, Жиззахда ҳам икки ҳолатда аҳоли орасида касаллик қайд этилган. Бу вилоятда атиги 3 та ҳолатда касалланиш аниқланган ва 27 апрелдан бери коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турган эди.

25 июнга келиб, Тошкент шаҳрида 18 нафар, Самарқанд вилоятида 8 нафар, Тошкент вилоятида 5 нафар вирусга чалинган бемор аҳоли орасидан аниқланди.

Коронавирусга чалинганлар сони 7 минг кишига яқинлади

Ўзбекистонда 25 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 6990 нафарни ташкил этмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу кўрсаткич 24 июнь соат 23:30даги кўрсаткичдан 89 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 40 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 38 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 28 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 10 нафари аҳоли орасида), 7 нафари Тошкент вилоятида чегара пост орқали юртимизга кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида, 2 нафар Жиззах вилоятида, 1 нафар Андижон вилоятида аҳоли орасида, қолган 1 нафар Сурхондарё вилоятида аниқланган”, - дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинган 4685 нафар бемор соғайди.

Ҳозирда касалхонадарда 2286 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 14 нафари оғир, 5 нафари ўта оғир аҳволда.

24 июнь куни 239 кишида вирус топилди, 31 нафари аҳоли орасида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 24 июнь соат 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 6901 кишига етгани ҳақида хабар берди.

Бу 23 июнь соат 23:00даги кўрсаткичдан 239 нафарга кўпдир.

Мазкур кўрсаткич Ўзбекистонда шу кунгача бир кунда коронавирус аниқланиши бўйича рекорд натижадир.

Бунгача 7 июнда 237 кишида вирус аниқланган эди.

"Акам 10 кундан буён чегарада ётибди"

Озодликка қўшни давлатлар билан чегараларда Ўзбекистонга киритилишини кутиб ётган ватандошлардан мурожаатлар келишда давом этмоқда.

Шундай мурожаатлардан бири акаси 10 кундан буён қўшни Қозоғистон билан чегарада ётганини билдирган ватандошдан келди.

Қуйида ушбу мактуб таҳрирсиз берилмоқда, имло ва стилистика муаллифга оид:"Ассалом алейкум. Чегаралар қачон очилади? Ўзбек халқи яна қанча қийналиши керак? Мани акам 10 кундан бери чегарада, одамларни ўтқазадида яна қайтариб юборади. Ахир у ерда соғ одам хам касал буладию? яна энди вирусга чалинганлар ўзи даволанармиш, қайси пулига даволанади? Бор пулини қиммат сифатсиз нарсаларини еб, 1 ой 2 ойлаб ўша ерда яшаб келаётган юртдошларимиз бор".

Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасида мамлакатга киритилишини кутиб ётганлар, 20 июнь, 2020
Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасида мамлакатга киритилишини кутиб ётганлар, 20 июнь, 2020

Бу муштарий Озодликка чегарада 20 июнь куни акаси олган қуйидаги видеони ҳам тақдим қилди. Видеода чегарада кутаётганларнинг оқшом бетон ерда ётгани аниқ акс этган:

Қозоғистондан киришни кутаётганлар пули тугаб, қуруқ ерда тунамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:16 0:00

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “бугунгача чет элдан олиб келинган фуқароларимиз сони 47 мингтани ташкил этмоқда”, деб айтганди.

Ўшанда президент кейинги 10 кунида 3,5 минг одам ҳаво йўллари, 7 мингга яқин фуқаро чегара постлари орқали Ўзбекистонга кириб келиши кутилаётгани, бунга қўшимча яна 100 минг нафардан зиёд ўзбекистонлик ватанга қайтиш истагини билдириб, навбат кутаётганини билдирган.

Ярим кунда 185 кишида коронавирус топилди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 24 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 6847 нафарни ташкил этмоқда. 24 июнь соат 10:00гача, 93 кишида, соат 10дан кейин то шу вақтгача 92 кишида, жами 185 кишида коронавирус аниқланди.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 64 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 28 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 15 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 13 нафари аҳоли орасида) қайд этилган”,- дейилади хабарда.

Эрталабдан бери 28 киши коронавирусдан соғайди ва тузалганлар сони 4588 нафарга етди.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг ўнта худудидаги шифохоналарда 2240 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 18 нафари оғир, 4 нафар беморнинг аҳволи ўта оғирлигича қолмоқда.

ССВ: 23 июнь куни 201 кишида вирус аниқланди, 30 нафари аҳоли орасида

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 23 июнь куни мамлакат бўйлаб жами 201 кишида вирус аниқланган.

Булардан 30 нафари аҳоли орасида:

- 9 нафари Тошкент шаҳрида,

- 6 нафари Хоразм вилоятида,

- 4 нафари Қашқадарё вилоятида,

- 3 нафардан Наманган ва Тошкент вилоятида,

- 2 нафардан Андижон ва Сурхондарё вилоятида,

- 1 нафар эса Сирдарё вилоятида,

- қолган 3 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида.

Касалхоналардаги 2176 бемордан 22 нафарининг аҳволи оғир

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 24 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус юққанлар сони сўнгги 12 соат ичида 93 кишига кўпайди ва 6755 нафарни ташкил этмоқда.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 51 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 37 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 35 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 2 нафари аҳоли орасида), 5 нафари Тошкент вилоятида (шундан 3 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, яна 1 нафари аҳоли орасида) аниқланган”, -дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинган 4560 нафар бемор тузалган ва соғайиш кўрсаткичи 68 фоизга етган.

Ҳозирда касалхоналарда 2176 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 18 нафари оғир, 4 нафари ўта оғир аҳволда.

Коронавирусга чалинганлар сони 6,5 мингга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 23 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 6500 нафарни ташкил этмоқда. Беморлар сони сўнгги 12 соат ичида 39 кишига кўпайган.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 15 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 13 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 12 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 1 нафари аҳоли орасида), 11 нафари Сурхондарё вилоятида (шундан 9 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 2 нафари аҳоли орасида) аниқланган”, -дейилади расмий билдирувда.

Айни пайтда Ўзбекистонда 4450 нафар бемор соғайди, 19 бемор вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 2031 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 15 нафари оғир, 4 нафари ўта оғир аҳволда.

Ўзбекистон санитария-гигиена назорати яна кучайтирилди

Республика махсус комиссияси мамлакатда "санитария-гигиена назоратини кучайтириш"га қаратилган бир қатор чора-тадбирларни белгилади.

Расмий маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида коронавирус инфекцияси аниқланган қизил ҳудудларни блокпостлар ўрнатган ҳолда маҳалла, даҳалар ва кўчалар кесимида ёпиш, карантинга олинган фуқароларнинг уйи олдида 24 соатлик навбатчилик ташкил этиш белгиланган.

Истовчилар карантинни ҳақини тўлаб, меҳмонхонада ўтказиши мумкин

Коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларга 14 кунлик карантинни, уларнинг ҳоҳишига кўра ҳамда ҳақини ўзи тўлашга рози бўлса, меҳмонхонада ўтказиш ҳуқуқи берилди.

Фуқаролар карантинни ўтказиши мумкин бўлган меҳмонхоналар рўйхатини эса Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тузиб берадиган бўлди.

Бундан ташқари, супермаркет ва бошқа йирик дўконларга киришда харидорларни бепул қўлқоп билан таъминлаш назарда тутилаётгани айтилди.

Автобус қатнови устидан назорат кучайтирилади

Республика махсус комиссиясининг қарори билан, 2020 йил 8 июндан бошлаб сариқ ва яшил ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига рухсат берилган эди.

Бироқ, автобуслар салонида ижтимоий масофа асло сақланмагани, тирбан ҳолда йўловчи ташилаётгани кузатилаётган эди.

"Шу муносабат билан Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Транспорт вазирлигига автобус рейсларида тирбандликка йўл қўймаслик ҳамда бошқа санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш топширилди", деб хабар қилди ССВ.

OzodMikrofon: "ИИВ ходими билан тортишмани тармоққа қўйганимдан кейин уйимга келишди"

Зарафшон шаҳрида куч ишлатар тузилмалари ходимлари билан кўчадаги тортишувини ижтимоий тармоққа қўйган йигитнинг уйига ИИВ ходимлари борган.

Исми сир қолиши шарти билан OzodMikrofon рукнига гапирган зарафшонлик йигитга кўра, 21 июнь куни дорихонага чиққан пайтида уни кўчада ИИВ ходимлари тўхтатган. Ходимлардан бири хизмат ваколатини суистеъмол қилиб, унга нисбатан қўпол муносабатда бўлган.

Бу ҳодисани тасвирга олган йигит уни Инстаграм тармоғида эълон қилгач, видео тармоқларда тарқалиб кетди.

Видеода юзи кўринмаган куч ишлатар тузилмаси ходимининг, кўчага доир олишга чиққанини айтган йигит билан тортишувда, бир неча бор дағдаға қилгани акс этган:

Йигитнинг OzodMikrofon рукнига айтишича, шундан сўнг бу мунозарага Миллий гвардия ходимлари қўшилган ва йигитни ИИВ бўлимига олиб боришган.

Бўлинмадаги бошлиқлардан бири эса йигитнинг кўрсатмасини тинглаган ва уни қўйиб юборишга кўрсатма берган. Аммо, бир кун ўтиб, ИИВ ходимлари унинг уйига боришган:

- Бу воқеа 21 июнь куни бўлди. Бугун (22 июнь куни - таҳр.) эрталаб ИИВ ходимлари уйимга келиб, мен билан тушунтириш ишларини олиб боришди. Нега тармоққа қўйдинг бу видеони, ўзимизга айтсанг ҳал қилардик, дейишди. Мен эса сабабларни айтдим: шу коллегаларингизнинг муомаласи ёқмагани учун қўйдим, дедим. Улар видеонинг остига мана шу сабабларни шарҳ қилиб қўшиб қўй, бошқалар нотўғри тушунмасин, дейишди. Видеони олиб ташла, узр сўра, дейишмади. Ҳаммасини тўғри гап билан, яхшилаб тушунтиришди, уларга катта раҳмат! Лекин, айрим ИИВ ходимлари ўз ваколатини суистеъмол қилишга ўрганиб қолганидан норозиман, шунга видеони тармоққа қўйдим, - дейди зарафшонлик йигит.

Қуйида бу йигит билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

OzodMikrofon: "ИИВ ходими билан тортишмани тармоққа қўйганимдан кейин уйимга келишди"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:47 0:00
Бевосита линк

Прокуратура Ўртасарой карантин лагерида ўзини осган шахс иши бўйича маълумот берди

Ўзбекистон Бош прокуратураси Ўртасарой карантин марказида 42 ёшли шахс ўз жонига қасд қилгани ҳолати юзасидан қўшимча маълумот берди.

Bayonot.uz расмий Телеграм канали, 20 июнь куни соат тахминан 4:00-5:00 оралиғида 42 ёшли, асли Фарғона вилоятидан бўлган фуқаро контейнери ичида ўзини осиб қўйгани ҳақида 21 июнь куни хабар қилган эди.

Прокуратура баёнотида айтилишича, 21 июнь куни ижтимоий тармоқларда берилган хабар ўрганилган.

Аниқланишича, Фарғона вилоятида яшаган фуқаро С.С. 20.06.2020 йилда Юқоричирчиқ туманидаги “Ўртасарой” карантин марказидаги контейнернинг кондиционери паррагига чойшаб билан ўзини осиши оқибатида вафот этган.

Бу суиқасд мотивлари ҳануз номаълум экани айтилмоқда.

Айтилишича, С.С. 15 июнь куни чартер рейсда Ўзбекистонга олиб келинган ва Юқоричирчиқ туманидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган. Ундан коронавирусга суртма олинган.

Ҳодиса ҳақида кўрсатма берган гувоҳлардан бири - А.Э. у билан бир контейнерга жойлаштирилган марҳум С.С. "ўзини ёмон тутиб касалликка чалинганини айтиб улар билан туришни хоҳламагани, ярим соатларча хонанинг ҳовлисида ўтиргани, шундан сўнг шифокорлар келиб у билан суҳбатлашиб, уни алоҳида хонага жойлаштирганини баён қилган".

Шунингдек, карантин зонасидаги шифокор ҳам бу шахс ҳудудга жойлаштирилган кунданоқ "ўзини агрессив тута бошлагани, овқат ейишни хоҳламагани", бошқалар билан бир контейнерда туришни истамагани ҳақида кўрсатма берган.

Натижада, С.С. бошқа хонага ўтказилган, 16 июнь психиатр кўригидан ўтказилган. Вирусология маркази эса С.С.да коронавирус аниқланмаганини билдирган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Юқоричирчиқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Зарафшонда бозорлар ёпилгач, кўчаларда карантин қоидалари бузилаётган ёймалар кўпайди

Озодликка Зарафшон шаҳрида яшовчи бир гуруҳ аҳоли вакилларидан бир мактуб келиб тушди.

Унда шаҳар аҳолиси коровирус юқтириб олган беморлар сони кўпайиши ортидан қизил ҳудуд, деб белгиланган Зарафшон шаҳрида бозорлар ёпилгани, натижада, кўчаларда ёймалар кўпайиб кетганидан шикоят қилган.

Зарафшон шаҳридаги ёймалардан бири, июнь, 2020
Зарафшон шаҳридаги ёймалардан бири, июнь, 2020

Шикоятга кўра, сабзавот ва зарур истеъмол товарлари сотилаётган қўлбола ёймалар маҳаллалар, кўпқаватли уйлар остида пайдо бўлган:

"Шаҳар кўчалари ва кўпқаватли уйлар олдидаги ҳовлиларда "мини-бозорча"лар пайдо бўлди. Бу жойларда савдо пайтида санитария ва гигиена талаблари бузилмоқда. Бозорлар ёпилгани учун Навоий Тоғ металлургия комбинати фахрийлари, пенсионерлар ва кексалар айрим ҳудудларда ўзига зарур озиқ-овқат ва буюмларни олиш учун пиёда йўл босаяпти, узоқ масофага юк ташияпти. Набиралари ёки вояга етмаганлар уларга ёрдам беролмаяпти, чунки уларни кўчага чиқиши билан Миллий гвардия аскарлари тутиб олиб, автобус ва машиналарга босиб олиб кетаяпти", дейилади ушбу мактубда.

Шикоятчилар Озодликка йўллаган суратларда кўчалар ёқаси ва кўпқаватли уйлар остида пайдо бўлган қўлбола ярмаркалар акс этган.

Бу жойларда санитария ва гигиена талабларига риоя этилмаётганини кўриш мумкин. Аксар ҳолларда харидор ва сотувчилар орасида ижтимоий масофа сақланмаган.

Ана шундай ёйма бозордан маҳсулот харид қилган зарафшонлик бир боғча тарбиячисининг Озодликка айтишича, сотувчиларнинг ўзлари ҳам бундан норози:

"Домимни остида савдо қилаётган эркак сотувчи дардини тўкди, ҳали тушгандим. "Шуни ўрнига бозорда савдо қилсак яхши эди, ҳамма дезинфекция тунелидан кириб-чиқаётган эди, тоза эди. Бу ерда ким касал, ким соғ - билиб бўлмайди. Буни устига иссиқ, йўлни усти", деб менга роса арз қилди. Рости ҳам шу-да. Карантинга деб бозорни ёпганини нима фойдаси бор ахир, ҳамма ёймада тиқилиб савдо қилиб ўтирган бўлса?!" деди исмини ошкор этмаслик шарти билан Озодликка гапирган зарафшонлик тарбиячи.

Зарафшон шаҳридаги кўпқаватли уйлардан бирининг ёнида пайдо бўлган ёйма бозорча, июнь, 2020
Зарафшон шаҳридаги кўпқаватли уйлардан бирининг ёнида пайдо бўлган ёйма бозорча, июнь, 2020

Шунингдек, ушбу мактубда Миллий гвардия ходимлари ва шаҳар маъмуриятининг карантин пайтидаги ҳаракатларидан норозилик ҳам акс этган:

"Миллий гавардия ходимлари сув ичиш учун ниқобини туширган одамларни қўлга олган, бекатларда ишга бориш учун автобус кутиб турган одамларни ижтимоий масофа сақламадингиз, деб ушлаб кетган ҳолатлар бор. Ҳарбийларнинг бедодлигини суратга ёки видеога олмоқчи бўлганларнинг телефонларини тортиб олиб, муҳрланган видео-фотоларни ўчириб ташлашга мажбурлашган ҳолатлар бор. Зотан, улар бу ҳаракатлари учун жазоланмаслигини билган ҳолда, аҳоли билан шундай қўпол муомала қилаяпти. Наҳотки, уларнинг бунга ҳаққи бор?"

Ушбу мактубда шаҳар карантинга ёпилгани учун озиқ-овқат таъминотида узилиш сезила бошлагани, сут ва колбаса маҳсулотлар танқислашгани, натижада нархлари ҳам ошаётгани айтилган.

Ушбу мактубни ҳамшаҳарлари номидан Озодликка топширганини айтган зарафшонлик тингловчига кўра, улар айни мазмундаги шикоятни, аввалига шаҳар ҳокимияти ва президент порталига ҳам йўллаган, аммо тегишли жавобни олмаган.​

ССВ: 21 июнь куни аҳоли орасидан яна 22 киши - учувчи, сотувчи, банк, хориж корхонаси ходимида вирус аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, сўнгги кунларда аҳоли орасида коронавирусга чалинганларнинг кўпчилиги профилактика мақсадида таҳлил топширганлар орасидан чиқмоқда.

"Бу эса ён-атрофимизда коронавирусга чалиниб, ҳеч қандай касаллик белгиларисиз юрган фуқаролар бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Айни ҳолат барчамиздан янада хушёр бўлишни талаб этади", деб огоҳлантирди вазирлик.

Расмий маълумотга кўра, 20 июнда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 207 бемордан 19 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 21 июнь куни 162 бемордан 22 нафари аҳоли орасида тасдиқланди, яъни аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати ошган:

- Бухоро вилоятида 11 нафар,

- Тошкент шаҳрида 7 нафар,

- Сирдарё, Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятларида 1 нафардан.

Касалликни юқтириб олганлар орасида:

- “Ипотекабанк”нинг Чилонзор туман филиали ходими,

- “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ ходими,

- Тошкент шаҳридаги “AMG” МЧЖ ходими,

- Бухоро вилоятидаги хорижий корхонанинг 4 ишчиси,

- Самарқанд шаҳар санитария-эпидмиология осойишталиги маркази ходими бор.

Ўрта Чирчиқ "қизил" ҳудудга айланди, 4 та кўча ёпилди

27 майдан бери "сариқ" ҳудуд бўлиб келган Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани “қизил” ҳудудга айланди.

“Тошкент вилоятида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда Ўрта Чирчиқ тумани 20 июнь ҳолатига «қизил» ҳудуд, деб белгиланди”, - дейилади Тошкент вилоят ҳокимлиги расмий хабарида.

Хабарда айтилишича, Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги вино заводида ишловчи 5 нафар ўртачирчиқлик фуқарода инфекция аниқлангани боис, ҳозирда уларнинг хонадонлари қатъий назоратга олинган. Шунингдек, улар билан мулоқотда бўлганлар ҳам тиббий кузатув остида.

Ўрта Чирчиқдаги 4 та ички кўчалар карантинга ёпилди. Ушбу кўчаларда ҳаракатланиш тақиқланди. Бундан ташқари, йўл ёқалари ва кўзга кўринарли жойларга “қизил ҳудуд” белгилари ўрнатилди.

Коронавирусга чалинган беморлардан 18 нафарининг аҳволи оғир

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 22 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 6358 нафарни ташкил этмоқда. Бу 21 июнь соат 23:00даги кўрсаткичдан 43 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 43 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида аниқланган”, -дейилади хабарда.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 4377 нафар бемор соғайди.19 бемор вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 1962 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 15 нафари оғир, 3 нафари ўта оғир аҳволда.

Яшил ҳудуд - Андижонда аҳоли орасида коронавирус аниқланди

21 июнь соат 17:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 6272 (+56) нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг:

- 13 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида,

- 19 нафари Тошкент шаҳри (шундан 16 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 3 нафари аҳоли орасида),

- 10 нафари Самарқанд вилоятида (шундан 9 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 1 нафари аҳоли орасида),

- 9 нафари Қашқадарё вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида,

- 3 нафари Андижон вилоятида аҳоли орасида,

- 2 нафари Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида қайд этилган.

Ўртасаройдаги карантин марказида бир киши контейнер ичида ўзини осиб қўйди

Bayonot.uz расмий Телеграм каналида хабар қилинишича, 20 июнь куни соат тахминан 4:00-5:00 оралиғида 42 ёшли, асли Фарғона вилоятидан бўлган фуқаро контейнери ичида ўзини осиб қўйган ҳолда топилган.

У коронавирус учун таҳлил топширган, бироқ натижалари ҳали чиқмаган.

Фуқаро айнан қачон, қаердан келгач, Ўртасаройдаги карантин марказига жойлаштирилгани ҳозирча маълум эмас.

Gazeta.uz сайтининг Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, ҳозирда Юқоричирчиқ тумани прокуратураси дастлабки тергов ишларини олиб бормоқда.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани Ўртасарой ҳудудидаги карантин маркази 10 минг кишига мўлжалланган. Марказ шу апрелида фойдаланишга топширилган.

COVID-19 пандемияси даврида дунё давлатларидан қайтарилаётган ўзбекистонликларнинг аксари шу марказга 14 кунга карантинга жойланмоқда.

Карантин марказида шароитнинг талабга жавоб бермаслиги, бу ерга жойланган кишиларга тиббий хизмат кўрсатувчи ходимларнинг етарли эмаслиги ҳақида Озодликка кўплаб шикоятлар келган.

20 июнь куни аҳоли орасида 19та вирусга чалиниш ҳолати қайд этилди​

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, 20 июнь куни 19 ҳолатда аҳоли орасида касаллик қайд этилган.

"Айни пайтда, нафақат пойтахт ёки Тошкент вилояти, балки олис Сурхондарё вилоятидан тортиб, Хоразм воҳасида ҳам аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар аниқланмоқда", деб билдирди вазирлик.

Профилактика мақсадида намуна топширган фуқароларда ҳам касаллик тасдиқланаётгани айтилди.

19 июнь куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган 179 нафар бемордан 29 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 20 июнь куни эса 207 нафар бемордан 19 нафари аҳоли орасида тасдиқланди.

15 бемор оғир аҳволда қолмоқда, аҳоли орасида яна 13 кишида вирус аниқланди

2020 йил 21 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 6216 (+63) нафарни ташкил этмоқда.

Янгик касалланиш ҳолатларининг:

- 48 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида,

- 13 нафари Бухоро вилоятида (шундан 2 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 11 нафари аҳоли орасида),

- 2 нафари Сирдарё вилоятида (шундан 1 нафари хориждан чегара пост орқали кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида, 1 нафари аҳоли орасида) аниқланган.

Ҳозирда мамлакатимизда 1907 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Улардан 15 нафари оғир, 1 нафари ўта оғир аҳволда.

Юнусободдаги тўйда ўндан ортиқ одам вирусга чалинди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум маълум қилишча, Тошкентдаги тўйда 12 киши вирусга чалинган, кўплаб одам карантинга олинган.

"Куни кеча эса Юнусобод туманида яшовчи фуқаро икки нафар фарзандини тўрт кун ичида кетма-кет ўтказган никоҳ тўйи сабаб ҳам келин, ҳам 12 нафар маросим иштирокчиси ушбу инфекцияга чалинади. Айни пайтда кўплаб одамлар ушбу инфекцияни юқтириб олганликда гумон қилиниб, таҳлил натижаларини кутмоқда", дейилади ССВ баёнотида.

Баёнот 20 июнь куни эълон қилинди. Тўйнинг аниқ сана ва манзили эълон қилинмади.

Ушбу баёнотдан бироз олдин Тошкентда бир туғилган кун базми ўтказилгани ва унда 13 киши вирусга чалингани маълум бўлгани хабар қилинганди.

ССВ шифохонада нафас етишмасдан қийналаётган бемор видеосини эълон қилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида вирусни юқтириб олганлар сони ортиб бораркан, аҳолини янада огоҳ бўлиш ва хотиржамликка берилмасликка чақирмоқда.

Сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва бир қанча вилоятларда аҳоли орасида вирусга чалинганлар сони ортаётган кузатилмоқда.

"Кўриб турганингиздек, эҳтиёт чоралари кўрилмас экан, баъзи ҳолатларда туғилган кун, тўй ва бошқа шу каби тадбирлар фуқароларнинг оммавий касалликни юқтириб олишига сабаб бўлмоқда. Бу барчамиздан зарурат бўлмаганда оммавий ва оилавий тадбирлар ўтказишдан ҳамда унда иштирок этишдан вақтинчалик тийилиб туришимиз кераклигини кўрсатмоқда", деб огоҳлантирди вазирлик.

Вазирлик 20 июнь куни оқшом Тошкентдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасида коронавирусга чалинган 49 ёшли беморнинг нафас етишмовчилигидан қийналаётгани акс этган 10 сониялик видеони эълон қилди.

Тадбиркор: 3 тармоқли бизнесим карантинда синди, киракашлик қилишдан бошқа йўлим қолмади

Озодликка Термиз шаҳридан боғланган тадбиркор 3 ойлик карантинда бизнеси сингани, у ишлаб турган бозорнинг бузилиши эса ҳаётини тамомила издан чиқаришини айтмоқда.

Термиз марказий деҳқон бозорида 3 та объект - ошхона, озиқ-овқат ва зарур истеъмол моллари сотиладиган дўкон ҳамда битта қассобхонаси бўлган 35 яшар тадбиркор шу кунда бор бизнесидан айрилиш даражасига тушиб қолган.

Исмини сир сақлаган тадбиркорнинг айтишича, март ойи ўртасидан бошланган карантингача 3 йўналишда 10 одамга иш берган:

- Бир вақтда 20-30 кишига хизмат кўрсатадиган ошхонам бор эди. Озиқ-овқат ва зарур истеъмол моллари сотиладиган дўкон ва битта қассобхонам бор эди. Карантинда 2таси ёпилди, фақат қассобхонам ишлаб турганди. Лекин, унинг ҳам даромади тушиб кетди, чунки одамлар карантинда унақа килолаб гўшт ҳам ололмай қолди, - дейди тадбиркор.

Айтишича, ҳукумат қарори билан май ойидан карантин чоралари сал юмшатилган кезда ошхонасини қисман очган:

- Овқат етказиб бериш хизматини очдим. Ошхонам бозорда, сотувчиларга ош етказиб беришни бошладим. Лекин, бу аввалги даромаднинг 4 дан бирига ҳам етамяпти. 5-6 килограм ош дамлаяпман, - дейди тадбиркор.

Айтишича, 8 июндан карантин чоралари юмшатилиб, яшил зоналарда бозорлар очилган кезда эса дўконини ҳам тўлиқ очишга умид қилган эди, аммо очолмаган:

- Дўконни очолмадим, чунки одамлар озиқ-овқатни унақа харид қилмай қўйди. Чунки, одамлар ҳам ўтириб қолди-да! Картошка, пиёз, ун, ёғ, макарон - фақат шу маҳсулотлар сотилаяпти, қолган маҳсулотларнинг савдо жуда пастлаб кетган. Шунинг учун, дўконни очолмадим, - дейди тадбиркор.

Унинг айтишича, карантин тугаб, эркин ҳаракат ва савдога рухсат берилган тақдирда ҳам у бизнесини тиклолмас аҳволга келган:

- Озиқ-овқат дўконимни асло очолмайман, тамом бўлди. Ошхонам бозор тўлиқ очилса, балки юришиб кетар. Қассобхонам ҳам шу. Лекин, асосий масала - одамлар ҳам ўтириб қолдида 3 ой ишсиз-пулсиз қолиб! Ҳаммаёқ очилиб кетганда ҳам, тадбиркорлик аввалгидай бўлмайди энди, - дея ташвиш билдирди бу тадбиркор.

Тадбиркор Термиз шаҳридаги марказий деҳқон бозорида унинг каби синиб қолган ёки синиш даражасига тушиб қолган тадбиркорлар кўплигини айтмоқда.

Оғир аҳволдаги тадбиркорларга ҳукумат ёрдами ҳақидаги президент чиқишларини мунтазам кузатаётганини айтган тадбиркорнинг иддао қилишича, айрим имтиёзлар учун ҳужжатларни ҳам топширган, аммо конкрет ёрдам ҳали етиб келгани йўқ.

Аксинча, уни қийнаган яна бир жиддий муаммо пайдо бўлган - унинг уччала объекти жойлашган бозор бузила бошлаган:

- Термиз марказий деҳқон бозорини бузиш бошланди. Бошқа жойдан жой берамиз, дейишяпти. Лекин, яна аввалгидай отанга бор, онагга бор, қилишади. Жойларни қайтадан яна сотишади. Яна битта аянчли тарафини айтайми, карантинга ёпилган бозор ҳудудидаги ошхонамдан нарсалар йўқола бошлади. Стол-стуллар йўқ. Ўзи карантин билан бўларимиз бўлган, энди камига талон-тарожга учраяпмиз. Яъни, аҳволимизга қайси тарафдан қарасангиз, вой-да! Бунақа бедодлик қаерда бор?! - дейди тадбиркор.

3 фарзанднинг отаси бўлган тадбиркор шу кунда, болалари оч қолмаслиги учун, киракашлик қилишга ҳозирланаётганини айтмоқда:

- Бошқа йўлим қолмади. Қассобхонам ва чала-ярим ишлаб турган ошхонани пули ижарадан ортмаяпти. Солиқдан қарзлар йиғилган. Бола-чақани боқиш учун киракашлик қилиш қолди. Ўзим олий маълумотли иқтисодчиман, тасаввур қилаяпсизми, қандай аҳволга тушиб қолганимни?! Президентимиз ваъда қилган ёрдамни сўраб бораяпман, лекин ҳали ҳануз конкрет бир ёрдам, дастак етиб келмади, Термизда президент айтаётган ёрдамлар қуруқ гап, қуруқ қоғозда ҳалиям, минг афсус! Жуда ҳам ночор аҳволга тушиб қолдим, - дейди термизлик тадбиркор.

@SizdanTelegram: “Бозор бузилади. 3 ой карантиндан кейин ҳам оёққа туришга имкон йӯқ".

Фарғона вилоятидан Озодликка ёзган фарғоналик тадбиркорлар улар ишлаб турган бино карантин пайтида бузила бошлаганидан шикоят қилмоқда.

Озодликка йўлланган видеода карантинга ёпилган бозорнинг бўшаб қолган пештахтаю дўконлари акс этган.

"Фарғона вилояти Марғилон шаҳар “Ипакчи файз тонг” мажмуасидан ёзмоқдамиз. Мажмуа бузилмоқда. Шунча йилдан бери бинойидек ишлаб келаётган бозорни бузиш кимга керак бўлиб қолди? Фақат пул қилишни ўйлайдими булар?!” дея мурожаат қилади исми сир сақланаётган фарғоналик тадбиркор.

Озодлик бу тадбиркорлардан бири билан боғланди. Ундан олинган маълумотга кўра, коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида карантин чоралари жорий этилгани боис, “Ипакчи файз тонг” мажмуасида иш қарийб 3 ойга тўхтаган.

"Куни кеча очилди бозор. Савдогарлар мана 3 ой деганда энди иш бошлашяпти. Энди нима бўлади, савдони аҳволи қанақа бўлади, иш юришадими-йўқми - ҳали номаълум", деди тадбиркор оилалардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз аъзоси.

@SizdanTelegram: “Коронавирусни баҳона қилиб Термиз марказий бозорини бузишмоқчи”

SizdanTelegram​ рукнига Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри тадбиркорлари номидан ҳам мактуб келди:

"Коронавирусни баҳона қилиб Термиз марказий деҳқон бозорини бузишмоқчи. Электр симларни кесишди, бутун бозор ҳудудини тўсиб қўйилди, махсус қўриқчилар тайинланди. Карантинда шундоғам қийналиб қолгандик. Энди нима қиламиз – ҳайронмиз! Президентимиз камбағалликни қискартир, иш жойи ярат деса, бу ҳокимтўралар бозорда кунини кўраётган қанча савдогарларни ишсиз қолдирди. Шавкат Миромонович! Бозорни очишга рухсат беришингизни сўраймиз”.


ССВ: 17-18 июнь кунлари аниқланган беморлар орасида банкир, терговчи, авиация ва Вазирлар Маҳкамаси ходимлари бор

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 17 июнь куни давомида вирус аниқланган беморлар орасида турли соҳа вакиллари бор.

"Аввал хабар қилганимиздек, 16 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 230 нафар беморнинг 20 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, кеча 17 июнь куни эса 189 нафар бемордан 13 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи ҳам, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати ҳам кишида хавотир уйғотиши табиий", дейилади расмий хабарда.

17 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатлари ҳудудлар кесимида:

- Тошкент шаҳрида 5 нафар,

- Бухоро вилоятида 3 нафар,

- Тошкент вилоятида ҳам 3 нафар,

- Сурхондарё вилоятида эса 2 нафар.

Касаллик аниқланган беморлар:

- Тошкент шаҳри ички ишлар тизими терговчисида, Миробод туманида яшовчи фуқарода (иккаласида ҳам тана ҳарорати кўтарилган ва томоқда оғриқ кузатилганлиги сабабли ўзлари бориб намуна топширган),

- “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖнинг 2 нафар мутахассисида (ишга чиқиш учун намуна топширган) касаллик қайд этилган.

- Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Халқ банки филиали ходими ва унинг онасида,

- Сирдарё вилоятидаги электр станцияси ишчиси ва унинг ўғлида (тана ҳарорати кўтарилган ва Бекобод туманидаги шифохонага ётқизилган),

- Чирчиқ туманида яшовчи фуқарода (тана ҳарорати кўтарилган ва тез тиббий ёрдам хизмати орқали юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган),

- Бухоро вилояти кўз касалликлари шифохонасининг 3 нафар тиббиёт ходими.

18 июнь маҳаллий вақт соат 14:00га қадар аниқланган 15 бемордан 9 нафари эса Тошкент шаҳрида аҳоли орасида қайд этилган.

Жумладан, улар орасида Вазирлар Маҳкамасининг икки нафар ходимида ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

Сўнгги икки кун ичида бу расмий рақамлар коронавирус инфекциясининг мамлакатнинг айрим ҳудудларида аҳоли орасида шитоб билан ёйилаётганини кўрсатмоқда.

Шифохонадаги беморлар сони 1500 нафардан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 июнь кун давомида коронавирус эпидемияси билан боғлиқ аниқланган рақамлар таҳлилини эълон қилди.

Расмий рақамлардан кўринишича, 17 июнь кечга қадар мамлакат шифохоналарида қолаётган коронавирус беморлари сони илк бор 1532 нафарга етган. Бу бемордан 12 нафари эса оғир аҳволда экани айтилди.

Сўнгги кунларда вирус аниқланган беморлар сони, хориждан чартер рейсларда қайтарилган ватандошлар ва аҳоли орасидан аниқланаётган беморлар ҳисобига кескин ошаётгани кузатилмоқда.

Жумладан, 17 июнь куни мамлакатда 189 ҳолатда касаллик қайд этилди.

Шундан 169 нафари Карантин муассасаларида, 13 нафари аҳоли орасида (шундан 5 нафари Тошкент шаҳрида, 3 нафари Бухоро вилоятида, яна 3 нафари Тошкент вилоятида ҳамда 2 нафари Сурхондарё вилоятида), қолган 7 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

Уй карантинида 28 636 нафар, стационар карантинда эса 22 055 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Тошкентда ҳукумат биноси карантинга олинди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги департамент мудирларидан бирида коронавирус аниқланган. Бу ҳақда “Дарё” нашри ҳукуматдаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, айни пайтда ҳукумат биноси қатъий карантинга олинган.

Бу орада бош вазир Абдулла Арипов 17 июнь куни Қашқадарё вилоятида юргани маълум бўлди. Маълумотларга кўра, ҳукумат раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ чоршанба куни Шаҳрисабз шаҳрига ташриф буюриб, 2-Халқаро Мақом фестивалига тайёргарлик жараёни билан танишган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги четга чиқаётганларни огоҳлантирди

АОКА ҳузуридаги штабда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов иштирокида брифинг ўтказилди.

Қурбонов 15 июндан бошлаб хорижга йўл очилиши ортидан, четга чиқмоқчи бўлган ватандошларни огоҳлантирди:

- Хорижий давлатларга сафарга чиқишдан аввал ўша мамлакатда коронавирус инфекциясига нисбатан олиб бораётган сиёсат ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар билан танишиш зарур. Агар бораётган давлатда ушбу талаб мавжуд бўлса, лаборатория таҳлилидан ўтиб, тегишли маълумотномани олишлари керак бўлади.

Тўйхоналар очилишига рухсат берилмаслиги айтилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов тўйхоналарнинг очилишига рухсат берилмаётганига изоҳ берди:

- Тўйларни ихчам ҳолда ва фақат яқин қариндошлари даврасида уй ховлисида 30 кишидан ошмаган ҳолда ўтказиш юзасидан Республика махсус комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинган. Тўйхоналарда фуқароларнинг бир вақтда йиғилиши касалликка чалиниш эҳтимолини оширади. Ошхоналарга фақатгина қатьий санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда, тегишли талабларни бажариш шарти билан рухсат берилган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалиши олдини олиш учун шу йилнинг 23 мартдан тўйлар, маросимлар бекор қилинган, хусусан тўйхоналар ҳам ёпилганди.

Республика махсус комиссиясининг 30 майдаги қарори билан 1 июндан яшил ҳудудларга оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишга рухсат берилди.

Аммо, оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимлар фуқароларнинг уйи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган ҳажмда ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилган.

Қуйида Ботир Қурбонов билан брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

ССВ: “Малика” савдо мажмуаси сотувчисида вирус аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 16 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларининг ҳудудлар кесимидаги нисбати ва вирус аниқланган ҳолатларга оид қўшимча маълумотларни эълон қилди:

- Тошкент шаҳрида 14 нафар,

- Бухоро вилоятида 3 нафар,

- Самарқанд вилоятида 2 нафар,

- Наманган вилоятида эса 1 нафар.

Расмий маълумотга кўра, Тошкентда:

- Олмазор туманида яшовчи оиланинг 3 нафар аъзосида (дам олиш ҳудудига ҳордиқ чиқариш учун оилавий боришган, бир кун ўтиб, тана ҳарорати кўтарилгач, таҳлил топширишган),

- Учтепа туманидаги тикувчилик цехи ишчисида, ишга жойлашиш учун намуна тоширган шахсда ҳамда тана ҳарорати кўтарилгани сабабли поликлиникага мурожаат қилган фуқарода,

- “Малика” савдо мажмуаси сотувчисида (ишга чиқиш учун намуна топширган),

- Юнусобод туманида яшовчи ҳомиладор аёлда (шифохонага ётиш учун намуна топширган),

- Сергели туманида яшовчи вақтинча ишсиз фуқаро (тана ҳарорати кўтарилгач, уй шароитида шифокорга мурожаат қилмасдан даволанган) ва унинг 4 нафар оила аъзосида,

- республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволаниш учун намуна топширган фуқарода инфекция аниқланган.

Самарқанд вилоятида:

- Самарқанд туманида яшовчи нафақадаги беморда (онкология касаллиги сабабли шифохонага ётиш учун намуна топширган),

- Самарқанд шаҳридаги 24-мактаб фарроши (кўкрак бези касаллиги бўйича намуна топширган),

Бухоро вилоятида:

- Шофиркон туманида яшовчи ҳайдовчида ҳам касаллик тасдиқланган.

Урганчда хонадонлар карантинга олинди, дарвозаларига ёрлиқлар ёпиштирилди

Озодлик мобил мухбирининг хабар қилишича, Урганчда коронавирусга чалинганлар сони ортиши ортидан шаҳар карантинда қолмоқда.

Шаҳарга кириш-кириш чиқиш ёпилганича қолмоқда. Маҳаллалардаги алоҳида хонадонлар эшишига эса: "Ушбу хонадон карантинга олинган" дейилган ёрлиқлар ёпиштирилган.

Урганчдаги хонадонлар бирига ёпиштирилган ёрлиқ, 10 июнь, 2020
Урганчдаги хонадонлар бирига ёпиштирилган ёрлиқ, 10 июнь, 2020

Мобил мухбир 10 июнь куни Урганч шаҳридаги UZ TRUCK AND BUS CENTR ширкати эшишига ҳам айни ёрлиқ ёпиштирилганига гувоҳ бўлган.

Мобил мухбирга кўра, ширкатдаги юк машиналари ҳайдовчилари орасида коронавирус юқтириш ҳоллари қайд этилгани ортидан ушбу ширкат карантинга олинган. Озодлик Урганч филиалидаги вазият бўйича ширкатга боғланди, аммо маълумот ололмади.

Ушбу ширкат - JV MAN Auto-Uzbekistan - Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасига қарашли. Ўзбекистон томонидан муассис ҳисобланган "Ўзавтосаноат" актсиядорлик ширкати ҳамда Германиянинг "Man Truck&Bus Group" дунёга машҳур "Ман Труcк&Бус Гроуп" ширкати ҳамкорликда Ўзбекистонда оғир юк кўтарадиган "МАН" автомобилларини ишлаб чиқаради.

Қуйидаги қисқа видеода шаҳарда карантинга олинган хонадонлар ва номига тилга олинган ширкат дарвозларига ёпиштирилган ёрлиқлар акс этган:

Урганч карантин
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:34 0:00

​Аммо, Хоразм вилояти Санитария эпидемиология осойишталик агентлигидаги бир манба Озодликка йўллаган ҳужжатда акс этишича, шу йилнинг 4 июнида вилоятнинг Урганч шаҳри, Ҳонқа, Гурлан, Шовот ва Қўшкўпир туманларида коронавирусга чалинган ўндан ортиқ бемор аниқланган.

5 июндан бошлаб эса вирусни юқтириб олган кишилар аниқланган маҳалла, ташкилот ва жамоат жойлари карантинга олинган.

17 июнь куни Урганчдаги хусусий ширкатлардан бирининг ходими шаҳар ҳануз карантинда қолаётгани, шаҳарга кириш ва чиқиш йўллари ёпиқлигини билдирди.

"Зарафшонда вирусни юқтирганлар кундан кунга ошиб бормоқда"

Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида коронавирусни юқтириб олганлар сони ортаётгани, шаҳарда карантин чораларига етарли даражада эътибор қилинмаётгани ҳақида Озодликка кўплаб хабар ва мактублар келмоқда.

Ана шундай мактублардан бирида шаҳарнинг ташқи олам билан алоқаси бутунлай узилгани айтилади. Шунингдек, ушбу мактубда маҳаллий мутасаддиларнинг вирус аниқланган беморлар яқинларига беэътибор муносабатда бўлаётгани, мулоқот доирасидаги кишилар тўлиқ карантинга олинмаётгани иддао қилинади.

Қуйида ушбу мактубни тўлиқ ўқишингиз мумкин.

Мактуб таҳрирсиз берилмоқда, имло ва стилистика муаллифга оид:

"Салом озодлик Зарафшон шаҳридан ёзяпман, шаҳар бутунлай ташқи муҳитдан узулди. Қизилқум саҳросидаги кичик шаҳарча вилоят марказидан 250 км узоқликда жойлашган, касалликни юқтирганлар кундан кун ошиб бормоқда.

Танишимиз касаллик юқтириб олди ва касалхонада ётқизилди, лекин бизни хавотирга солгани у эмас. Касал билан яқин муносабатда бўлганларни негадир карантинга ҳам олмади, ҳатто касалдан ким билан муносабатда бўлганини сўрамади ҳам. Бемор гаплашиб турибмиз, яқин муносабатда бўлган қариндошлари карантинга олинмади. 2 ҳафтадан бери ҳид там билмай қолган, онаси уй карантинига олинди.

Мутасаддилар муносабати жуда паст, ҳукумат қанча ташқи қарзлар эвазига касаллик билан курашиб келаётган бир пайтда, ИИБ ходимлари кўчада тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Лекин ички тизимга путур етганлиги кўзга ташланиб қолди. Атайин касалликни кўпайтириш орқасидан моддий манфатдорликни оширмоқчи бўлганлар билан ишлаш бўйича ишчи гуруҳ ташкил қилса мақсадга мувофиқ бўларди..."

Айнан Зарафшон шаҳрида коронавирус эпидемияси билан боғлиқ вазият оғир бўлиб қолмоқда.

Озодликка келган шикоятлар мазмунига кўра, Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар ва карантинга олинганлар, егулик, даволаш ва гигиена воситалари таъминоти тобора ғариблашиб бормоқда.

Вилоятдаги юқумли касалликлар шифохонаси ва карантин ҳудудларидан келган видео ва фото мурожаатларда, 20 кишининг битта ҳожатхонадан фойдаланишга мажбурлиги, беморларнинг ичимлик суви, совун ва антисептик воситаларни ўзлари сотиб олаётгани билдирилган.

Зарафшон шаҳар ҳокими ўринбосари Обид Ҳакимов шикоятларда тилга олинган муаммоларни қисман тан олган. Унинг айтишича, шаҳардаги турли ҳудудларда вақтинчалик карантинга жойланганлар, икки кун муқаддам Зарафшон шаҳри четида қуриб битирилган янги карантин ҳудудига кўчирилган ва муаммолар ҳал бўлган.

"Ўрикзор" бозори дезинфекция ишлари учун ёпилди

17 июнь куни Тошкентдаги озиқ-овқат ва кийим-кечак моллари сотиладиган йирик бозор дезинфекция ишлари учун ёпилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан акс этишича, бу бозор ҳудудига куч ишлатар тузилмалар вакиллари ташланган, бозор атрофида автомобил қатнови чекланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, шу йилнинг 23 майида "Ўрикзор" бозоридаги сотувчида вирус аниқланган ва бозор вақтинча ёпилган эди. Сўнгра бу сотувчининг икки фарзандида ҳам вирус аниқланди.

1 июнь куни ҳам айни бозорнинг яна бир сотувчисида вирус аниқлангани хабар қилинган эди.

ССВ 17 июнь куни берган маълумотга кўра, Тошкентдаги “Малика” савдо мажмуаси сотувчисида ҳам вирус аниқланган.

Сўнгги бир ярим кунда камида 300 кишида вирус аниқланди, 22 нафари аҳоли орасида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, 17 июнь эрталаб соат 10:00га қадар мамлакатда яна 68 кишида вирус аниқланган.

16 июнь куни эса жами 230 ҳолат қайд этилган. Шундан 196 нафари Карантин муассасаларида, 20 нафари аҳоли орасида (шундан 14 нафари Тошкент шаҳрида, 3 нафари Бухоро вилоятида, 2 нафари Самарқанд вилоятида ҳамда 1 нафари Наманган вилоятида), қолган 14 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

ССВ берган сўнгги маълумотга кўра, ҳозирда мамлакатда уй карантинида 29 378 нафар, стационар карантинда эса 21 365 нафар тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Сўнгги кунларда берилган расмий маълумотларга кўра, аҳоли орасида вирус аниқланган вилоятлар сони ҳам ортмоқда. Ҳозирга келиб, аҳоли орасида энг кўп ҳолат - 14 киши Тошкент шаҳрида.

ССВ маълумотига кўра, Тошкент шаҳрида сўнгги кунларда Олмазор, Сергели, Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Учтепа туманларида аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланган.

Жумладан, «Чорсу» буюм бозори сотувчисига, «Смарт ҳаус» хусусий қурилиш фирмаси дастурловчисига, «Пойтахт» савдо мажмуаси кийим дўкони сотувчисига, Сергелида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг лойиҳа бошқарувчисига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Термизда қизил зонага айланган туманлар сони ошди

Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳрига 16 июндан бошлаб кириб-чиқиш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Тўра Боболов маълум қилди.

“Кузатилаётган эпидемик вазиятни ҳисобга олиб, биз бугундан Термиз шаҳрига кириб-чиқишни тўхтатдик ва бир қатор юмшатишларни бекор қилдик. Эпидемик вазият мураккаб бўлган Термиз, Денов, Музработ, Шўрчи, Қумқўрғон ва Бойсун туманларида ҳам карантин талабларини қатъийлаштирамиз”,- дейилади ҳоким мурожаатида.

Боболов аҳолидан зарур бўлмаган ҳолатларда кўчага чиқмасликларини, жуда зарурият туғилганда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ниқоб тақиб чиқишларини, шифокорлар тавсиясига кўра юз-қўлларини гигиена воситаларида доимий тозалаб туришларини илтимос қилган.

Сурхондарё вилояти 20 майдан “яшил” ҳудудга айланган эди. Бироқ вилоятга яна коронавирус қайтди ва Термиз шаҳри, Бойсун тумани, Музработ тумани, Термиз тумани, Шўрчи тумани “қизил” ҳудудга айланди.

Тиббиёт ходимлари: Бизга иш ҳақимиз ва президентимиз ажратган рағбатлантириш пуллари тўлиқ берилмади

ТЕРМИЗ. “Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган вилоят юқумли касалликлари шифохонасидан ёзмоқдамиз. Биз – бир гуруҳ врач, ҳамшира ва санитаркалар 8 майдан 22 майгача коронавирус билан касалланган беморлар билан мулоқотда бўлдик. Кейин 14 кун реабилитацияда бўлдик. Бир ой оиламиздан узоқда яшадик. Лекин бизга иш ҳақимиз ва президентимиз ажратган рағбатлантириш пуллари тўлиқ берилмади. Биз, ахир, ҳаётимизни хавфга қўйиб қийналиб ишлаяпмиз-ку!”

Тошкентда 551 ҳолатнинг 482 таси аҳоли орасидан аниқланди

Тошкент шаҳрида сўнгги икки ҳафтада касалланган 551 нафар фуқародан 482 таси аҳоли орасидан аниқланди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, 57 ҳолатда вирусни юқтириш манбаи номаълум қолган.

Бу рақамлар 16 июнь куни президент раислигида хизмат кўрсатиш соҳасига бағишлаб ўтказилган селектор йиғилишида маълум қилинди.

Айни пайтда, Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида ҳам шундай хавотирли ҳолат кузатилаётгани айтилди.

Буларнинг барчаси коронавирус билан боғлиқ вазият тобора мураккаб тус олаётганини кўрсатиб турибди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бугун пандемияга қарши курашишда ҳушёрлик ва масъулиятни ўн карра оширадиган янги босқич бошланмоқда, десак тўғри бўлади. Қанчалик қийин бўлмасин, бу босқичда карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт. Ҳар бир ишимизни эҳтиёткорлик билан, оқибатини пухта ўйлаб, нафақат ўзимиз, балки оиламиз ва фарзандларимиз олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб бажаришимиз керак. Акс ҳолда, барча саъй-ҳаракатларимиз йўққа чиқиши ҳеч гап эмас. Ишончим комил, анча билим ва тажриба орттирган, бағрикенг ва матонатли халқимиз бу босқичдан ҳам, албатта, муносиб ўтади.

Йиғилишда айтилишича, президент хизмат кўрсатиш лойиҳалари учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ёки 1 триллион сўмдан зиёд кредит ресурслари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Бу маблағлар ҳам давлат, ҳам хусусий банклар орқали ажратилади ва кредит ставкаси 15 фоиздан ошмайди.

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев бу йилги битирувчиларни ўқиш ва ишга жалб этиш масалаларига алоҳида тўхталиб, бу йил 451 мингдан зиёд ёш йигит-қизлар мактабни ва 188 минг нафари коллежни тамомлаганини урғулади.

Бу йил қабул қамрови кенгайгани натижасида уларнинг 103 минг нафари олий таълим муассасаларига ва 90 мингтаси коллеж-техникумларга ўқишга кирганда ҳам, бошқаларининг бандлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, 71 минг нафар талаба олий ўқув юртларини битирганини ҳам қўшимча қилди.

– Қайси ҳоким бу масалада бош қотириб, битирувчилар билан шахсан учрашди? Ёш ўғил-қизларимиз эртага қаерга ва кимга иш сўраб мурожаат қилади? Ҳудудда улар учун иш ўринлари захираси шакллантирилганми? – дея ҳокимларга саволлар қўйди президент.

Президент Марказий банкка ўзини ўзи банд қилган шахслар учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 300 миллиард сўм кредит маблағлари ажратиш, Молия вазирлигига тадбиркорликни бошлаётган ишсиз фуқарога 3 ой мобайнида бино-иншоотнинг ижара тўлови учун субсидия бериш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берди.

Коронавирусдан тузалганларни реабилитациядан ўтказиш амалиётидан воз кечилди

Коронавирусдан тузалганларни реабилитацияга жўнатиш амалиётидан воз кечилгани тўғрисида 15 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди. Билдирилишича, даволанишдан кейинги 14 кунлик реабилитация амалиёти фақат Ўзбекистонда эҳтиёт чораси сифатида қўлланилган.

“Ҳатто дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам нафақат бу амалиёт, балки коронавирусга чалинганлар ҳам фақат оғир ҳолатлардагина шифохонага ётқизилади, қолган пайт керакли дори-дармонлар тавсия қилиниб, уйда даволаниш буюрилади”,- дейилади хабарда.

Вазирликнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда вирусга чалинган ҳар қандай бемор белгиланган муддатда жиддий кузатув остида тўлиқ бепул даволанади. Даволаниш сўнгида вирус бўйича текширувлар манфий натижа берганидан кейин ҳам бу намуналар Тошкентдаги СЭОМнинг махсус вирусология лабораторияларида қайта таҳлилдан ўтказилади ва фақат шундан кейингина узил-кесил ташхис қўйилади. Ана шундай такрорий чуқурлаштирилган текширувдан кейингина бемор тузалган ҳамда хавфсиз ҳисобланади.

Ўз навбатида, ушбу беморларни даволаган тиббиёт ходимлари ҳам ана шундай такрорий текширув таҳлилларидан ўтишади.

“Энди реабилитация амалиёти тўхтатилганига келсак, тажриба бу амалиётга зарурат йўқлигини кўрсатди. Чунки реабилитацияга вирусдан батамом халос бўлганлар жўнатиларди ва улар орасида касаллик қайталаниш ҳолати ҳам кузатилмади. Шундан кейин бу тажрибадан воз кечилди”, - дейилади хабарда.

Коронавирусга чалинганлардан 16 нафарининг аҳволи оғир

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 16 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 5293 нафарни ташкил этмоқда. Бу 15 июнь соат 23:00даги кўрсаткичдан 30 кишига кўпдир.

Янги касалланиш ҳолатларининг 9 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 19 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 15 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинган, 4 нафари аҳоли орасида), 2 нафари Тошкент вилоятида хориждан юртимизга кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида аниқланган”, - дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинганлардан 4019 нафари соғайди, 19 бемор вафот этди. Ҳозирда касалхоналарда 1255 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 14 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Тошкент яна сариқ, Андижон эса яшил ҳудуд бўлиб қолди

Ўзбекистонда ҳудудлар, эпидемиологик аҳволига кўра, қайтадан тоифаланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, аҳоли орасида коронавирусга чалинганлар сони юқори бўлган Тошкент тўлиғича сариқ ҳудуд бўлиб қолган. Пойтахтдаги 11 туманнинг ҳаммаси сариқ.

Андижон, Фарғона ва Жиззах вилоятлари тўлиғича яшил ҳудуд, деб тоифаланди.

Бошқа вилоятларда эса туман ва шаҳарлар эпидемиологик вазиятга кўра, қизил, сариқ ва яшил тоифаларга ажратилди.

Қуйида янгиланган туман ва шаҳарлар рўйхати билан вилоятлар кесимида танишишингиз мумкин:

Тошкент метроси очилмайди

АОКА ҳузуридаги штабда 15 июнь куни ўтган брифингда Тошкент метроси ёпиқ қолаётгани сабаблари изоҳланди.

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабековнинг айтишича, метрода коронавирус тарқалиши хавфи катта:

- Метролардаги ҳавони доимий янгилаб турувчи умумий вентиляция тизими коронавирус инфекцияси тарқалиш хавфини оширади. Шу сабабли метрога ҳозирча рухсат йўқ!

Бу ёзда 80 га яқин ёзги оромгоҳ ишлайди

Отабеков брифинг чоғида ёзда болалар оромгоҳлари очилишини маълум қилди:

- 80 га яқин болалар оромгоҳи иш бошлаши режалаштирилган - оромгоҳга дам олиш ва ишлашга борадиган болалар ва тарбиячилар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишади, ота-оналар ва қариндошларга болаларни кўриш учун оромгоҳларга бориши ва озиқ-овқат маҳсулотларини олиб боришга рухсат берилмайди.

- мактаблар фаолият юритмаётгани сабабли мактаблар қошида оромгоҳлар ташкиллаштирилмайди.

Карантин пайтида кўчада музқаймоқ сотилмайди

Отабековга: "Мен музқаймоқ ва газли сув сотиш билан шуғулланаман. Лекин алоҳида стационар жойим йўқ. Карантин вақтида савдо қилсам бўладими?" деган саволни беришди.

Жавоб:

- Карантин чекловлари тўлиқ бартараф этилгунига қадар ушбу маҳсулотларнинг савдосига рухсат этилмайди. Ҳатто карантин тадбирлари тугаганидан сўнг хам фақат рухсат этилган стационар нуқталарида бу каби маҳсулотлар билан савдо қилишингиз мумкин.

Коронавирусга чалинганлар сони 5103 нафар, 14 беморнинг аҳволи оғир

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 15 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 5103 кишига етганини билдирди. Бу 14 июнь соат 23:00даги ҳолатдан 23 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 8 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 11 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида, қолган 4 нафари эса Тошкент вилоятида Россиядан чегара пост орқали юртимизга кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида аниқланди”, - дейилади вазирлик расмий баёнотида.

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат аниқланган 15 мартдан бери то шу кунгача коронавирус инфекциясига чалинган 3943 киши соғайди.19 бемор вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 1141 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 12 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда.

15 июндан хорижга авиақатнов қисман очилади

14 июнь куни Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори эълон қилинди.

Қарорда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият яхшиланиб бораётган мамлакатлар билан халқаро авиақатновларни қайта йўлга қўйиш, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда инвестиция лойиҳалари доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар қатнови учун шароит яратиш мақсадида айрим чекловлар бекор қилинди.

Жумладан, 15 июндан қуйидаги тоифадаги шахсларга авиақатновлар орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган давлатларга чиқиш ва қайтиб кириши учун рухсат берилди:

- хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари;

- инвестиция лойиҳалари доирасидаги Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий компания ва бошқа ташкилотлар мутахассислари;

- даволаниш учун келаётган (чиқаётган) шахслар;

- хорижда яқин қариндошлари ёхуд оғир касал бўлган қариндош-уруғлари мавжуд бўлган шахслар;

- хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари сўровларига асосан Ўзбекистон Республикаси орқали бошқа давлатларга олиб ўтилаётган (транзит ҳаракатланаётган) шахслар;

- Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтган хорижий давлат фуқаролари, доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, хорижий давлатда доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

- ўқиш ва меҳнат фаолиятини давом эттириш учун фуқаролар.

Бунда, авиақатновлар санитария қоидалари ва нормаларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилади.

Сариқ ва яшил тоифаларга ажратилган ҳудудлар ўртасида поезд қатновига рухсат берилди

Махсус комиссиянинг 14 июнь куни эълон қилинган қарори билан сариқ ва яшил тоифаларга ажратилган ҳудудлар ўртасида поезд қатновига рухсат берилди.

Қатновлар санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда тикланиши лозим.

Қатнов қуйидаги йўналишларда тикланиши мумкин:

Тошкент - Бухоро - Тошкент;
Тошкент - Термиз - Тошкент;
Тошкент - Хива - Тошкент;
Тошкент - Нукус - Тошкент;
Андижон - Хива - Андижон;
Андижон - Бухоро - Андижон;
Андижон - Термиз - Андижон.


Поездлар қатнов режасини Транспорт вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги биргаликда белгилаб боради.

Шунингдек, Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда “Афросиёб” поездларининг қатновлари йўлга қўйилишига ҳам рухсат берилди.

Бундан ташқари, автотранспорт воситаларида ёлғиз ҳаракатланаётган ҳайдовчига ҳам тиббий ниқобдан фойдаланмасликка рухсат берилди.

15 июндан “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда ​хусусий боғчалар очилади

14 июнь кунги қарор билан 2020 йил 15 июндан бошлаб “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилди.

Бунда мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш тўғрисидаги чеклов ҳам бекор қилинди.

Нодавлат боғча тарбияланувчилар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин чекловларига қатъий риоя этилиши лозим.

Бу бўйича масъулият мактабгача таълим ташкилоти маъмурияти ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига бирдек юклатилади.

Давлатга қарашли боғчаларга эса жорий йилнинг 1 августидан бошлаб рухсат берилади.

Эпидемиологик вазият барқарор давлатлардан қайтганлар карантинга олинмайди

Махсус комиссиянинг 14 июнь куни эълон қилинган қарори билан Япония, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси ва Исроилдан кириб келган шахслар карантинга олинмайдиган бўлди.

Улар сўнгги 14 кун давомида номи тилга олинган мамлакатларда турган бўлиши лозим. Бундай давлатларда келган рейслар, комиссия қарорида яшил рейслар, деб тоифаланган.

Коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камайган ҳудудлар - Европа Иттифоқи, Малайзия, Таиланд, Сингапурдан (сариқ рейслар) келганлар 14 кун уй карантинида сақланади.

Улар ҳам сўнгги 14 кун давомида номи тилга олинган мамлакатлардан чиқмаган бўлиши лозим.

Коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган бошқа давлатлар, шу жумладан, БАА, Туркия, Эрон, Афғонистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан (қизил рейслар ёки эвакуация рейслари) кириб келган шахслар 14 кун карантинда сақланади.

Комиссия қарорига кўра, санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган ва яхшиланаётган мамлакатларда, узлуксиз 14 кундан кам бўлганлар, шунингдек, оғир санитария-эпидемиологик вазият сақланиб қолаётган давлатлардан транзит орқали келаётган шахсларга Ўзбекистон учун авиабилет сотилмайди.

Қоидани бузган карантин ҳаражатларини тўлайди

Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан карантин қоидаларини бузган тадбиркорларга, бунинг оқибатида келиб чиқадиган ҳаражатларни тўлаш мажбурияти юкланди.

Telegram тармоғидаги Koronavirusinfouz каналининг хабар қилишича, комиссия қарори билан карантин талабларини бузган тадбиркорлик субъектлари:

- қурилиш,

- умумий овқатланиш,

- хизмат кўрсатиш объектлари

ва бошқаларга тегишли объектларда белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этмаслик оқибатида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда ушбу объектларни ва шахсларни карантинга олиш ҳамда сақлаш билан боғлиқ харажатлар мазкур субъектлар ҳисобидан қопланади.

Жумладан, Тошкент шаҳрида бир кунда 195 кишида коронавирус аниқлангани ва уларнинг 183 нафари Мирзо Улуғбек туманидаги қурилишда ишлаётган қурувчилар экани маълум қилинган.

Қашқадарёда эса Enter Engineering компаниясининг 28 нафар чет эллик ходими бирдан коронавирусга чалингани хабар қилинган.

Бундан буён шунақа ҳолатларда - вирус аниқланган шахслар ва улар билан бевосита мулқотда бўлгани учун карантинга олинган одамлар учун кетадиган сарф-ҳаражатни тадбиркорлик субъектларининг ўзлари тўлайдиган бўлди.​

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг учинчи қисми.

Аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG