Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:46

UZ/Коронавирус: юқтирганлар камида 1865 нафар, саккизинчи ўлим қайд этилди


Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

- 26 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда камида 1865 кишида вирус аниқланди, 621 бемор соғайди, 8 бемор вафот этди.

- Cоғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, Ангрен шаҳрида яшовчи исми ошкор қилинмаётган аёл 24 апрель куни вафот этган.

- Ўзбекистонда қурилиш материаллари бозорлари, чакана савдо нуқталари, ҳунармандлар, тижорат банклари шаҳоблачари, нотарал идоралар, автомобилларга хизмат кўрсатувчи ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини тиклашга рухсат берилди.

- Вирус юқтирганлар расмий сони дунё бўйича 2 миллион 816 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 197 мингдан зиёд, тузалганлар 796 минг атрофида.

Ўзбекистоннинг айрим жойларида чакана савдо фаолияти тикланмоқда

Ўзбекистоннинг коронавирус тарқалмаган жойларида карантин чоралари юмшатилмоқда.

Қурилиш материаллари бозорлари, чакана савдо нуқталари, ҳунармандлар, тижорат банклари шаҳоблачари, нотарал идоралар, автомобилларга хизмат кўрсатувчи ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини тиклашга рухсат берилди.

Тошкент турполицияси ходимлари 3 ёшли болани табриклади

Тошкент шаҳар турполицияси ходимлари Юнусобод туманида яшовчи уч ёшли болани туғилган куни билан табриклаш учун унинг уйи олдидан машина сиреналарини ёқиб карвон бўлиб ўтишди.

Тошкент милицияси 3 ёшли болани туғилган куни билан табриклади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:58 0:00

Ижтимоий фикр: аксарият коронавирусга қарши чоралар самарасига ишонмоқда, баъзилар пул етмай қолиши мумкинлигидан безовта

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" маркази ўтказган телефон сўровида респондентларнинг 94% - ўзини изоляциялаш тартибига тўлиқ риоя қилаётганликларини айтган.

Сўровда қатнашганларнинг 92,3% - коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни самарали, деб ҳисоблашларини, уларни қўллаб-қувватлашларини билдирганлар.

Сўров иштирокчиларининг бир қисми зарур озиқ-овқат, дори-дармонлар, медикаментлар ва энг зарур товарлар учун пул етмай қолиши мумкинлигидан безовта эканликларини таъкидлашган.

Сўровнинг айрим иштирокчилари фикрига кўра, улар ўзини изоляциялаш тартибини ва коронавирус пандемиясигача бўлган одатий ҳаёт тарзидан воз кечишни қийинчилик билан бошдан кечиришмоқда.

Респондентларнинг айримлари мавҳумлик, мажбурий ҳаракатсизлик ва юзага келган вазиятга қайсидир тарзда таъсир кўрсатиш имкони йўқлиги чўчитаётганлигини тан олишган.

61,7% респондентларнинг фикрига кўра, улар яқин вақт ичида Ўзбекистонда коронавирус тарқалишини тўхтатишга эришилишига қатъий ишонадилар, 21,7% сўралганлар эса умуман олганда, ишонишларини, лекин вазият жуда жиддийлиги ва уни башорат қилиб бўлмаслигини баён қилдилар.

Улар “коронавирус тарқалишини тўхтатишга албатта эришилади, аммо биз хоҳлагандек, тез кунда эмас”, деб айтишган.

Коронавируснинг саккизинчи қурбони

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, Ангрен шаҳрида яшовчи исми ошкор қилинмаётган аёл 24 апрель куни вафот этган.

Вазирликка кўра, аёл 19 апрел куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ўта оғир аҳволда ётқизилган.

Бемор касалхонага тушганидан кейин унда коронавирус борлиги аниқланган ва сунъий нафас олдириш жиҳозига уланган.

Аммо беморда муқаддам бошқа касалликлар борлиги унинг вазиятини оғирлаштирган ва шифокорларга уни ҳаётини сақлаб қолиш имконини қолдирмаган.

ССВ: Юқтирганлар 1836, соғайганлар 621 нафар

Ўзбекистонда 25 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 1836 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Аввалроқ, 24 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, тасдиқланган касалланиш ҳолатлари сони 1804 тага етгани маълум қилинган эди.

Ўзбекистонда 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг саккиз нафари вафот этди, 621 нафари эса соғайиб, реабилитацияга олинган.

Хорижда 73 ўзбекистонликда коронавирус аниқланган (энг кўпи — 42 нафари — Россияда), уларнинг тўрт нафари вафот этган.

ССВ: 23 апрель куни 111 бемор тузалди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, Бухоро вилоятидан яна 58 нафар бемор соғайган.

Шу билан Бухоро вилоятининг ўзида бир кунда соғайганлар 95 нафарга етди.

Мамлакатда бир кунда жами соғайганлар эса 111, жами соғайганлар 561 нафарга етди.

РАСМАН: ўрта аҳволдаги бир беморни даволаш учун давлат 32 миллион сўм сарфламоқда

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов 23 апрель кунги йиғилишда Ўзбекистонда беморларни даволаш учун сарфланаётган маблағни, ваниҳоят, очиқлади:

- Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалиниб даволанаётган ўрта аҳволдаги ҳар бемор учун 32 миллион сўмдан маблағ сарф қилинмоқда.

- Оғир аҳволдаги, жонлантириш бўлимида ётган ҳар бир беморга ўртача 64 миллион сўмдан маблағ сарфланмоқда.

- Карантинда бўлиб турган фуқароларнинг ҳар бири учун 14 кунлик карантин даври учун 2,4 миллион сўмдан, коронавирусдан тузалиб, реабилитацияга олинган ҳар бир бемор тикланиши учун 2,8 миллион сўмдан сарфланмоқда.

Алишер Шодмонов бу маълумотни Халқаро пресс-клубда 23 апрель куни бўлган сессияда маълум қилди.

Сессияда беморлар ва карантиндагилар учун кетаётган сарф-харажатлар тўлиқ давлат томонидан қопланаётгани айтилди.​

Сессияни қуйида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

ҚАРОР: "Саховат ва кўмак" жамғармаси ташкил этилди

Ўзбекистон ҳукумати қарори билан "Саховат ва кўмак" жамғармаси тузилди.

22 апрель кунги селекторда прездент шундай жамғарма ташкил этилишини қувватлаган ва тадбиркорлар ҳамда бошқа саховатпеша инсонларни хайр қилишга чақирганди.

Жамғарма пуллари эҳтиёжмандлар, карантин боис ўз даромадини йўқотган ватандошларга вақтинча ишсиз фуқароларга пул маблағлари ёки кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари учун ишлатилиши айтилмоқда.

ОЗОДМАКТУБ: "Белорусда 300 ўзбекистонлик қолиб кетдик, пулимиз тугади"

Озодликка Белорусда қолаётган ўнлаб ўзбекистонлик номидан йўлланган айтибган мактубда, Ўзбекистонга чартер рейс уюштириб бериш сўралган.

Мактубда ёзилишича, 300га яқин ўзбекистонлик юртга йўл очилишини кутмоқда.

Шунингдек, элчихонанинг ҳам бундан хабари борлиги ва ходимлар ўз ҳисобидан қолиб кетган ватандошларга ёрдам беришга уринаётган айтилган.

Бу мактуб қуйида таҳрирсиз эълон қилинмоқда, имло ва стилистика муаллифники:

"Ассалому алейкум хурматли Озодлик радиоси жамоаси!

Сизлардан илтимос Беларусь Республикасида колиб кетган (аввалги мурожаатимизда 220 та деб кўрсатган ўзбекистонликлар хозирда 300 кишига етди).

Яъни 300 та ўзбекистонлик учун чартер рейс ташкил қилишни Ўзбекистонда пандемияга карши кураш буйича махсус комиссияга ҳукуматга президентимизга етказишда амалий ёрдам беришингизни сўраймиз.

Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси чартер рейсларни қўйиш масаласини улар эмас балки махсус комиссия қарор қабул қилиш оркали хал этишини рўкач қилмоқда.

Элчихона хорижда колиб кетган ўзбекистонликлар учун ҳукумат маблағ ажратмаганлигини улар ўзларини ойлик маошлари ҳисобидан Беларусда қолиб кетган ва ҳозирда ёрдамга муҳтож ўзбекистонликларга озик овкатлар билан ёрдам бераётганликларини чартер рейс ташкил қилиш уларнинг ваколатига кирмаслигини айтмоқдалар.

Жорий йилнинг март ойини 24-кунидан то ҳозиргача элчихона карантин деб эшигига эълон осиб қуйиб, фуқароларни умуман қабул қилаетгани йўқ. Элчихонага бориб эшигидан қайтиб келяпмиз, элчихона ходимлари фақат телефон оркали гаплашади холос.

Сизлар интернетда дуненинг қайси давлатида ўзбекистонликлар қолиб кетган бўлса уларни мурожаатларини Ўзбекистон ҳукуматига етказаётганликларинг учун миннатдормиз.

Беларусда пандемияга қарши карантин қўлланилмаган хозирда коронавирусга чалинганлар 6 мингдан ошиб кетди. Бу ҳолат ўзбекистонликлар учун ҳам хавфли. Агар биронтамиз коронавирус юқтириб олсак унинг даволаниш масаласи нима булади?

Орамизда аёллар хомиладорлар болалар кекса ёшдагилар бор моддий ахволимиз аянчли кўпчиликни умуман пули қолмади".

БРИФИНГ: 4,2 минг киши ёлғиз, ногирон ва парваришга муҳтож кишиларга қараш учун ёлланди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кексаларга кўнгилли ёрдам беришни истаганларни ишга ёлламоқда.

Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Равшанованинг 23 апрель кунги брифингда айтишча, 4 минг 200 киши ишга ёлланган:

- Бандлик вазирлиги иш излаётганларга ёрдамлашиш мақсадида уларни жамоатчилик ишларига, хусусан, парваришга муҳтож шахсларга қараш учун жалб қилмоқда. Карантин шароитида шу тариқа 4,2 минг киши ёлғиз, ногирон ва парваришга муҳтож кишиларга қараш учун ёлланди.

Айтилишича, карантин даврида Бандлик вазирлиги 18 та йўналишда фуқароларни жамоатчилик ишларига жалб қилмоқда.

Шунинингдек, вазирлик мулозими, карантин даврида, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилнинг қонунчиликда белгиланган муддати амал қилмаслигини айтди:

- Иш берувчи ходимга унинг аризасида кўрсатилган санадан бошлаб, тўлиқ муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил беришга мажбур. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-моддасида белгиланган максимал муддат бўйича чекловлар карантин даврида татбиқ қилинмайди.

БРИФИНГ: томорқага субсидия берилади

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Равшановага томорқачиларга онлайн ариза асосида субсидия берилишини айтди:

- Сиз яшаб турган ҳудудингиздаги аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази(АБКМ)га ёзма ёки онлайн тарзда ариза берасиз. АБКМ ходимлари 3 куни ичида томорқани, томорқа ер эгасининг бандлик даражасини ўрганади ва хулоса қилади.

Шунга кўра, фуқаро –“Томорқа хизмати” МЧЖ ва АБКМ ўртасида уч томонлама шартнома имзоланади. Шартномада белгиланган муддатда енгил конструкцияли иссиқхона қурилади ёки уруғлик/кўчат етказиб берилади. Агарда у юмушлар бажарилмаса, суғориш воситаси харид қилиб берилади.

Қуйида брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

ССВ: 14 беморнинг аҳволи оғир

Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, шифлхоналарда қолаётган 14 беморнинг аҳволи оғир:

– Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволанаётган 84 беморнинг 29 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 3 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 82 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 152 бемордан 45 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 6 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.

Аммо, республика бўйлаб, юқумли касалликлар шифохонасида қолаётган бошқа беморларнинг аҳволи ҳақида маълумот берилмади.

Фатво: Коронавирусдан ўлган одам шаҳид

Ўзбекистон мусулмонлар идораси расмий веб портали Ал-азҳар халқаро электрон фатво марказининг коронавирусга оид фатволарини эълон қилди.

Фатвода айтилишча, коронавирусдан вафот этган киши шаҳид мақомида бўлади. Шунингдек, фатвода “маст қилмайдиган спирт” ҳалол бўлиши таъкидлаган ва бундай спирт билан масжидларни дезинфекция қилишга рухсат берилган.

Фатвода шифокорлар рўза коронавирусга чалиниш ва у орқали ҳалок бўлиш хавфини кучайтиради деган тақдирда ва бу нарса илмий жиҳатдан ўз тасдиғини топганда, рўза тутмаслик мумкин бўлади, деб қайд этилади.

СЕЛЕКТОР: президент аҳоли бандлиги ҳақида селектор ўтказди

Шавкат Мирзиёев 22 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида аҳоли бандлигига бағишланган видеоселектор ўтказди.

Йиғилишда у шифокорлар ва мамлакатда карантин чораларини сақлаб турган куч ишлатар тузилмалари ҳамда бошқа давлат хизматчилари, деҳқон ва фермерларга алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Сўнгра, мамлакатда экин-тикин мавсуми бошлангани, томорқачилар иш бошлаши зарурлиги, катта ташкилот ва саноат корхоналари секин-секин иш бошлаганини урғулади:

- Айни пайтда, биз 34 миллионли халқимизни озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар билан кафолатланган ҳолда таъминлаш, фуқаролар даромадларининг пасайиб кетишига йўл қўймаслик, ёрдам ва кўмакка муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлашдек ғоят долзарб вазифани ҳам кечиктирмасдан ҳал қилишимиз керак. Бунинг учун иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқлари барқарор ишлаши шарт, деди президент.

Шунингдек, президент аҳолининг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламлар учун “САХОВАТ ВА КЎМАК” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ҳақидаги ташаббусни қувватлашини билдирди ва тадбиркорларни кўпроқ хайр қилишга ундади:

- Шу маънода, улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг “Саховатли инсоннинг бошига жаннат дарахтлари соя солади” деган сўзларида чуқур ҳикмат бор, албатта.

Мен, мана шу ташаббусни чин дилдан қўллаб-қувватлаб, бу савобли ишга муносиб ҳисса қўшаётган барча ватандошларимизга, саховатли тадбиркорларимизга муқаддас китобларимизда айтилган: “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир”, деган гапни яна бир бор эслатмоқчиман. ​

Таъкидлаб айтаман: ўз навбатида, давлатимиз, жамиятимиз саховатпеша тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Уларга ҳеч қандай оғирлик тушмайди.

Бу йиғилишда президент ўзбекистонликларни Рамазон ойи билан қутлади:

- Мана шу муборак ойда барчамиз тутган рўзаларимиз, қилаётган дуои фотиҳаларимиз, хайрли амалларимиз шарофати билан барча мамлакатлар қатори эл-юртимизни ҳам ушбу офатдан тезроқ халос этишини Яратган Парвардигордан сўраб қоламиз.

ССВ: сўнгги 2 кунда 200га яқин бемор соғайди

Расмий маълумотга кўра, Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан 26 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар буткул соғайган.

Соғайганларнинг барчаси Андижон вилоятидан.

Улар орасида энг ёши каттаси 59 ёшда бўлса, энг ёши кичиги эса 21 ёшда.

"Аҳамиятли жиҳати, кеча 96 нафар бемор, бугун эса, ҳозирча, 93 нафар бемор тузалиб, ўтган икки кун ичида жами 189 нафар бемор буткул соғайиб чиқишди", деб илова қилди ССВ матбуот хизмати.

ЎзА: 241 киши карантиндан чиқарилди, ҳеч бирида вирус топилмади

Россия ва Туркиядан қайтган ватандошлардан 241 нафари 14 кунлик карантиндан кейин уйига қайтарилди.

Белгиланган тартибда кўра, энди бу ватандошлар уйидан туриб тиббий назоратда бўлади.

"Вилоят ҳокимлиги ва тегишли хизматлар томонидан ташкил этилган темир йўл рейслари туфайли 182 нафар юртдошимиз “Бухоро-Андижон” йўналишидаги поездда уйларига кузатилди. Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятидан бўлган 45 нафар ватандошимиз “Бухоро-Нукус” темир йўли орқали оилалари ва яқинлари бағрига қайтди", деб хабар қилади агентлик.

ОЗОДМАКТУБ: "Қозоғистонда қолиб кетганларни ҳам ўйлайдиган борми?"

Қозоғистондан мактуб ёзганини айтган муштарий, 100дан ортиқ ватандош уйга кетолмай сарсон эканини ёзди.

Унинг айтишича, улар Қорақалпоғистондаги чегара постидан 4 минг километр нарида, ҳисобида йўлга етгулик пулни асраб-авайлашмоқда, вақт чўзилса, бу пулни ҳам сарфлаб қўйиб, қайтишга пули қолмаслигидан хавотирда.

Бу мактуб қуйида таҳрирсиз эълон қилинмоқда, имло ва стилистика муаллифники:

"Салом биз Қозоғистондан, Ақтау шаҳридан ўзбек мусофирларимиз. Фақат Россия, Туркиядаги мусофирларни айтаяпти ҳамма журналистлар, бизлар қандай қайтамиз юртимизга? Қозоғистонда қолиб кетганларни ҳам ўйлайдиган борми?

Эллик одам бўлса, битта рейс қатнаймиз, деган элчихона. Бунда ҳам Ақтау шаҳридан то Чимкентдаги Ғишткўприк постигача. 120 доллар илет нархи, дейишди. Майли дедик аммо мана уч ҳафта бўлди, кутаяпмиз. Йўл пулини еб битирмай, етиб олайлик уйимизга.

Чимкентгача 4 минг километр, ёнимизда пост бор. Ҳеч бўлмаса чартер килиб, ҳафтада бир марта автобус қўйиб берсин илтимос! Юздан ошиқ одам кетмоқчи иш йўқ".

Қирғизистон: коронавирусдан саккинчи киши вафот этди

Бишкекдаги юқумли касалликлар клиник касалхонасида 22 апрель куни коронавирусга чалингани тасдиқланган 53 ёшли аёл оламдан ўтди. Бу ҳақда Республика тезкор штаби маълум қилди.

Қайд этилишича, аёл касалхонага оғир аҳволда 5 апрель куни олиб келинган ва жонлантириш бўлимига жойлаштирилган.

Бунга қадар у 1 апрелдан 5 апрелгача Кеминдаги касалхонада даволангани, қатор хасталиклари борлиги айтилмоқда.

Қирғизистонда 22 апрель ҳолатига кўра 612 кишининг COVID-19 вируси юқтириб олгани тасдиқланган, 254 киши соғайиб кетган.

СТАТИСТИКА: Ўзбекистон ташқи савдоси деярли 1 млрд. долларга қисқарди

Коронавирус пандемияси сабабли январь-март ойларида импорт ҳажми 10 фоизга, экспорт эса 11 фоизга қисқарди.

Статистика қўмитаси томонидан биринчи чорак бўйича эълон қилинган ҳисоботга кўра, Хитой 2016 йилдан бери илк маротаба Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори позициясини йўқотган. Унинг ўрнини ташқи савдо айланмасидаги 16,9 фоиз улуш билан Россия эгаллаган.

Январь-март ойлари якунларига кўра, Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 8,14 млрд долларга тенг бўлган. Савдо айланмаси ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 924 млн долларга камайган.

Экспорт ҳажми 400 млн долларга (11 фоизга), импорт эса 500 млн долларга (10 фоиз) қисқарган.

ССВ: Хоразмда 35 бемор, Тошкентда 17 бемор тузалди, орасида 1 ёшга тўлмаган бола бор

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ургенч шаҳар тиббиёт бирлашмасидан 13 нафар, вилоят эндокринология диспансеридан 21 нафар, вилоят юқумли касалликлар шифохонасидад 1 нафар, жами 35 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайган.

Соғайганларнинг 31 нафари барчаси Россиядан чартер рейс билан келишган, коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоятдаги шифохоналарига жойлаштирилган.

Қолган 4 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган.

Улар орасида энг ёши каттаси 58 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 7 ёшда.

Тошкентда Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан яна 17 бемор соғайди.

Улар орасида энг ёши каттаси 69 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2020 йил туғилган (онаси билан бирга реабилитацияга кузатилди).

Мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайган беморлар 424 нафарга етди.

АҚШ: Миссури штати коронавирус пандемияси важидан Хитойни судга берди

Миссури штати бош прокурори АҚШ Хитойга қарши даъво аризаси киритди. Бош прокурор Эрик Шмитт Пекинни янги коронавирус тўғрисидаги маълумотни яширганликда, бунинг ортидан ўз штати аҳолисига зарар келтирганликда айбламоқда.

Даъво аризасида олдини олиш мумкин бўлган пандемиянинг юзага келишида айнан Хитой айбдор экани урғуланади. Шмиттга кўра, Хитой расмийлари мамлакатни тезроқ ёпишлари лозим эди. У хитойлик расмийларни коронавирус одамдан одамга ўтиш йўллари ҳақида огоҳлантирмоқчи бўлган кишиларни жим бўлишга мажбурлаганликда ҳам айбламоқда.

Даъво аризасида мазкур вазият Миссури учун иқтисодий зарар ҳам келтиргани қайд этилади.

ССВ: Наманганда яна бир вирусга чалинган бемор вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Наманганда вирусга чалинган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Шу йилнинг 14 апрель куни Наманган шаҳрида яшовчи Г. оғир аҳволда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Зудлик билан амалга оширилган лаборатор таҳлил натижасида унда коронавирус инфекцияси борлиги тасдиқланган.

54 ёшли бемор (аёл) олдин ҳам гипертония ва қандли диабет ташхиси билан сурункали оғриган.

Ушбу касалликлари ҳисобига у 17 апрель куни вилоят юқумли касалликлари шифохонасининг реанимация бўлимига олинган.

22 апрель кунига келиб, реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Шунинг билан Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясидан вафот этганлар сони 7 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Соғлиқни сақлаш вазирлиги

ОЗОДМАКТУБ: "Россияга 1 ойлик сессияга келгандик, карантинда пулсиз қолдик, орамизда ҳомиладорлар бор"

Россиядан мактуб ёзган ўзбекистонлик талаба, 1 ойга сессия топишириш учун боргани ва карантинда қолиб кетганини билдирган.

24 яшар Маликанинг ёзишича, улар ўзи билан 1 ойлик маблағ ва бумларни олиб келган ва ҳозирга келиб, пул ва егуликсиз ётоқхонада қолиб кетган.

Мактубда, Малика каби Россиядаги олий ўқув юртига сессия топишириш учун борганлар орасида ёш болалалар ва ҳомиладорлар ҳам борлиги айтилган.

Ёзилишича, улар консулликка мурожаат қилишган ва бўлғуси чартар рейсда қайтиш учун рўйхатга олинган, аммо, уларга шу кунда егулик учун моддий ёрдам зарур.

Бу мактуб қуйида таҳрирсиз эълон қилинмоқда, имло ва стилистика муаллифники:

"Ассалому алейкум мен Тошкент вилояти Олмалиқ шахридан бўламан исмим Малика ёшим 24 да.

Ҳозирда биз Россия Федирассияси Томск шахридамиз, ўқиш мақсадида келганмиз, лекин пандимия сабабли карантинда ўқишлар ёпилган. Биз бу ерда 5 март ойидан бери юрипмиз. Фақат сессияга келгандик уйга кетолмаяпмиз.

Пулимиз қомади. Орамизда хомладорлар бор уларни ахволи хам яхшимас, турмиш ўртоғларимиз кўпи ишламаяпти карантин туфайли, уйда ўтиришипти.

Ҳамамиз болаларизни ташлаб кеганмиз кўпимизни болалари жуда кичкина. Мени қизим 7 ойлик қайнонамни мазаси йўқ.

Нима қилишни билмаяпмиз, ҳамма жойга хабар жўнатдик, лекин чартер рейс қачон бўлишини ҳеч ким билмайди. Илтимос сизлардан ёрдам сўрамоқчимиз".

ТОЖИКИСТОН: фуқаролик жамияти ҳукуматдан эпидемиологик вазият ҳақида маълумот беришни талаб қилди

Озодлик радиоси тожик хизматининг ёзишича, жаҳонда коронавирус пандемияси вазияти мураккаблашиб бораётгани муносабати билан Тожикистондаги қатор жамоат ташкилотлари ва фаоллар Соғлиқни сақлаш вазирлигидан мамлакатдаги эпидемиологик вазият ҳақида маълумот беришни талаб қилди.

20 апрель куни вазирликка жўнатилган мактуб 18та жамоат ташкилоти ва фаоллар томонидан имзоланган. Мурожаатда Хитой ва Россиядан коронавирусни аниқлаш учун келтирилган тестлар сифати ҳақида ҳам маълумот бериш сўралган.

Айрим давлат раҳбарлари, жумладан, Беларус президенти Александр Лукашенка ҳам Россияда ишлаб чиқилган тестлар касалликни фақат 30 фоиз ҳолатдагина аниқлаётганини, тестлар сифатсиз эканини билдирган эди.

БРИФИНГ: карантинда пули тугаб қолганлар 11 та банкдан микроқарз олиш таклиф қилинди

Марказий банк Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори ўринбосари Акмал Назаровнинг маълум қилишича, уйида карантинда ўтириб, пули тугаб қолганлар банклардан онлайн тарзда микроқарз олиши мумкинлигини маълум қилди:

- Ҳозирги кунда (доимий иш ҳақига эга бўлган) жисмоний шахслар тижорат банкларининг мобиль илова дастурларидан фойдаланган ҳолда, банк карталари орқали онлайн микроқарз олиш имкониятига эга. Ушбу хизмат турлари 11 та тижорат банки томонидан тақдим этилмоқда.

Тез орада бошқа банклар ҳам онлайн микроқарз бериш хизматини йўлга қўйиши айтилди.

Бундан ташқари, Марказий банк мулозими контракт пулини тўлолмай қолган ва нақд пулида қўлида турган талабалар учун ҳам маълумот берди.

Бундай талабаларга банкларга онлайн мурожаат қилиб, аввал банк карта олиш ва сўнгра, яқинроқ ҳудуддаги банкоматларнинг Cash-in функциясидан фойдаланиб, пулни картага ўтказиш ва сўнгра онлайн тарзда Олий ўқув юртига ҳисобига ётқизиш тавсия қилинди.

Яна бир йўли:

- Бундан ташқари, талаба уйига яқин ҳудудда жойлашган тижорат банки филиалининг "Call markazi"га мурожаат қилиши ва ушбу мурожаат асосида банк ходимлари унинг уйига келиб, барча санитария талабларига қатъий риоя этган ҳолда, контракт пулини олий ўқув юрти ҳисоб-рақамига ўтказиб бериш имконияти ҳам яратилган, - деди банк ходими.

ИИВ: карантинни бузганлар 90 мингга яқинлади

Карантин эълон қилинганидан бери республика бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 89 521 та ҳолат аниқланди.

ИИВ берган маълумотга кўра, карантин қоидасини бузганларнинг каттагина қисми ниқобсиз юрганлар, бемақсад велосипед минганлар, карантинда туриб ИИВ ходимларига бўйсунмаганлар ва қаршилик қилганлардир.

Бундан ташқари, ИИВ хабарларидан, карантин вақтида ўғирлик қилаётган ва ичиб олиб безорилик қилганлар ҳам кўпайгани кузатилмоқда.

Уларнинг аксарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан жарима солинмоқда.

Айрим ҳолларда ушбу кодекснинг 54 ва 183-моддаларига асосан, 5 суткадан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланмоқда.

БРИФИНГ: dist.edu.uz порталидан мобил Интернетда фойдаланиш бепул бўлди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарход Бабашев, 22 апрель кунги брифингда, масофавий таълим учун вазирлик томонидан ташкил қилинган dist.edu.uz порталидан мобил Интернет орқали фойдаланиш бепул бўлганини эълон қилди:

- Талабаларнинг бир қисми республиканинг чекка ҳудудларида яшашларидан келиб чиқиб, платформадан фойдаланиш жойлардаги симли ва мобил интернет тезлигига ҳам боғлиқ бўлиб қолмоқда. Талабаларга барча зарурий қулайликларни яратиш мақсадида барча (GSM стандартидаги) мобил алоқа операторлари томонидан ушбу платформадан фойдаланишда интернет трафиклари ҳисобланиши вақтинча тўхтатилди. Бу ушбу платформадан фойдаланиш мутлақо бепул эканини англатади, - деди Бабашев.

Шунингек вазирлик вакилига кўра, фойдаланувчилар сони кескин ошгани учун бу порталга кириш қийинлашганди, ҳозир порталнинг техник имконияти оширилган:

- Ҳозирги кунда ушбу платформага фойдаланувчилар томонидан бўлаётган кунлик мурожаатлар — 50 мингдан ортиқ. Бу, ўз навбатида, платформанинг реал вақт режимидаги юкламаси ортишига олиб келди. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида платформа жойлаштирилган сервер қурилмаларининг техник имкониятлари кенгайтирилди ва интернет тезлиги 2 баробарга оширилди.

Шунингдек, февраль ойида қўшни давлатлардан ўқишини кўчирган талабаларнинг ҳаммаси ҳам масофавий таълимда қатнаша олмаслиги маълум қилинди.

Боиси, қўшни давлатлардан келиб, 15 февралгача ҳужжат топширган талабалар олий таълим муассасалари томонидан 1 апрелда бошланган масофавий таълимга жалб этилган.

Аммо, 15 февралдан кейин ҳужжатларини топширган талабалар ҳужжатлари Давлат комиссияси томонидан яқин кунларда тасдиқланиши айтилди.

Сўнгги пайтларда Озодликка бўлаётган аксар мурожаатларда талабалар уйидан туриб видеодарсларда қатнашолмаётгани, бунинг учун Интернет тезлиги етмаётгани ёки катта тезликдаги Интернет алоқаси учун маблағ етказиб беролмаётганини айтмоқда.

Шунга қарамай, ўқитувчилар улардан Zoom каби дастурлар орқали онлайн видеодарсларда қатнашиш, акс ҳолда курсдан қолдирилишидан огоҳлантирилаётгани ҳақида шикоятлар кўпайган.

Брифингда ОТВ вакили бу каби муаммолар ҳақида гапирмади.

Қуйида брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

ССВ: Қорақалпоғистонда 15 бемор соғайди

Соғайганларнинг 2 нафари Тошкент шаҳридан, 13 нафари Қорақалпоғистондан, барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олишган.

Улар орасида энг ёши каттаси 63 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2019 йил туғилган.

Ҳозирга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 372 нафарга етди.

Бош санитар инспектор: 12 беморнинг аҳволи оғир

Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 1692 бемор рўйхатга олинган. Мазкур касалликдан тўлиқ фориғ бўлиб, реабилитация марказларига ўтказилаётган беморлар сони кундан кунга ортиб бораяпти. Кечанинг ўзида 96 фуқаро касалликдан тузалиб, реабилитация марказларига ўтказилди. Бугунги кунга қадар касалликдан соғайганлар сони 357 нафарга етди.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволанаётган 100 беморнинг 34 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 76 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 138 бемордан 46 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.

ЭЪЛОН: йирик солиқ тўловчига стикер берилади

Йирик солиқ тўловчиларнинг транспорт воситалари учун махсус рухсат берувчи стикерлар берилади.

Рухсат берувчи ҳужжатни олиш учун солиқ тўловчининг онлайн шахсий кабинети орқали my.soliq.uz порталига ариза киритиши керак.

Рухсат бериш учун ҳеч қандай тўлов олинмайди.

ДСҚ ҳар бир солиқ тўловчига алоҳида стикер квоталари белгилайди.

Стикер олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради.

ССВ: 73 яшар эркак бемор вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, коронавирус инфекцияси тасдиқланган яна бир бемор вафот этган.

Наманган шаҳрида яшовчи Ш. юрак ишемик касаллиги, гипертония иккинчи даражаси, атеросклеротик кардиосклероз, икки томонлама пневмония ва ўткир нафас етишмовчилиги ташхиси билан 14 апрель куни вилоят юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “Covid-19” коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

73 ёшли (эркак) ушбу беморнинг шу кунгача кунлик аҳволи мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам консилиумлар ўтказиб келинган.

Бироқ кардиолог, вирусолог, пульмонолог, терапевт, реаниматологларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этдиган.

Шу тариқа, вирусдан вафот этган беморлар сони 6 киши бўлди.

ССВ: Фарғона, Андижон, Тошкент, Бухоро ва Хоразмда жами 96 бемор соғайди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 21 апрель кун Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясига чалинган 5 нафар соғайган.

Соғайганларнинг барчаси Туркиядан келган.

Бухоро вилоятидан яна 15 нафар, Хоразм вилоятидан эса 4 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор буткул соғайди.

Булар ҳам Туркия ва Россиядан қайтган ватандошлардир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан ҳам 10 нафар бемор соғайди. Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 13 нафари буткул соғайди. Улар орасида энг ёши каттаси 71 ёшда бўлса, энг ёши кичиги эса зтган йили туғилган.

Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидаги 21 бемор соғайди. Улар орасида энг ёши каттаси 67 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 11 ёшда.

Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонасида эса 20 нафар бемор соғайди, булар орасида 5 яшар бола ҳам бор.

21 апрель, соат 20:00га келиб, мамлакатда жами соғайганлар 393 нафарни ташкил этмоқда.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг учинчи қисми.

Аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG