Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:31

UZ/Коронавирус: камида 2160 бемор. Наманганда 29 йил ётоқда ётган ногирон (10-бемор) вафот этди


"Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳайрия акцияси, 2 май, 2020, Тошкент вилояти
"Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳайрия акцияси, 2 май, 2020, Тошкент вилояти

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

- 4 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони 2160, тузалганлар 1319 киши, 10 бемор вафот этди.

- 30 апрелдан Ўзбекистонга кираётган юк машина ҳайдовчиларидан тест олинади, хорижга авиақатновлар 30 июнгача тикланиши мумкинлиги айтилди.

- Россияда вирус юқтирганлар сони қаторасига 2 кун рекорд даражага чиқди, Италияда 4 миллион киши ишга чиқишга тайёргарлик кўрмоқда, бироқ экспертлар пандемияга қарши курашда сергак бўлиб қолишга ундамоқда.

- Вирус юқтирганлар расмий сони дунёда 3 миллион 445 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 244 мингдан ошиқ, тузалганлар 1 миллион 101 мингдан ошиқ.

ССВ: Наманганда 29 йил ётоқда ётган ногирон бемор вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, наманганлик М. шу йилнинг 20 апрелида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган вилоят филиали реанимация бўлимига юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси билан ётқизилган.

Ёндош касалликлари ҳисобига у қарийб икки ҳафта давомида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган. Ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “Covid-19” инфекцияси ҳам аниқланган.

Бундан аввал эса ушбу бемор (эркак) бош мия фалажи, иккиламчи камқонлик оғир даражаси, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги каби қатор ташхислари билан даволанган.

29 йилдан буён ётоқдаги бемор бўлиши билан бирга биринчи гуруҳ ногиронлиги ҳам белгиланган.

"Пульмонолог, терапевт, кардиолог, вирусолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди", дейилади расмий хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси

СЭОА: 59 мингга яқин одам ҳануз тиббий назорат остида қолмоқда

Cанитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг маълум қилишича, 3 майга келиб, Ўзбекистонда 59 мингга яқин одам тиббий назорат остида қолмоқда.

Эпидемик вазият нохуш бўлган ҳудудлардан келган ва COVID-19 коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморлар билан мулоқотда бўлган 58,759 фуқаро саломатлиги устидан тиббий назорат давом этмоқда.

Улардан, 44,689 нафар фуқаролар уй шароитида, 14,070 нафар фуқаролар стационар шароитда карантинга олинган.

Шу вақтга қадар 252,162 нафар фуқаролар, жумладан, уй карантинидан 208,442 нафар, стационар шароитдаги карантиндан 43,720 нафар фуқаро чиқарилган.

Россияда янги вирус юқтирганлар сони қаторасига 2 кун рекорд даражага чиқиб кетди

3 майда Россияда 10 600 дан ошиқ коронавирус юқтирганлик ҳолати қайд этилди. Тиббий текширувдан ўтказиш қамрови кенгайиши ортидан яна бир кунлик рекорд кўрсаткич юзага келди.

Ҳукумат вакилларига кўра, янги 10 минг 633 та вирус юқтирганлик ҳолатидан сўнг жами кўрсаткич 134 687 тага етган ва Россия бу билан жаҳонда 7-ўринга чиқиб кетган.

Бу иккинчи кунги рекорд кўрсаткичдир, 2 майда 9 минг 623 та шундай ҳолат қайд этилган эди.

Россия қайд этилган кунлик вирус юқтирганлик кўрсаткичи бўйича Европада биринчи ўринга чиқди. Аммо расмий ўлим ҳолатлари, Италия, Испания ва Қўшма Штатлар билан солиштирганда, анча паст.

Н. Отабеков: Ўзбекистонда эпидемиологик вазият бир мунча жиловланди​

Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

- Ҳозирги пайтда Жиззах ва Қашқадарё вилоятидан ташқари барча ҳудудлардаги юқумли касалликлар шифохоналари ва мослаштирилган муассасаларда 847 бемор даволаш муолажаларини оляпти.

Улардан 12 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.

59 мингдан кўпроқ фуқаро карантин муддатини ўтаяпти. Уларнинг 45 минг нафари уй шароитида, 14 мингдан зиёди стационар шароитда карантинга олинган.

Куни кеча 12 мингдан кўпроқ лаборатория текшируви амалга оширилди. Шу пайтга қадар 317 мингдан кўпроқ ҳолатда вирусологик текширувлар ўтказилган.

Н. Отабеков мамлакатда COVID-19 тарқалишига оид вазият эпидемиологик вазият "бир мунча жиловланган".

"Ҳар биримиз ўзимизни, оила аъзоларимизни, яқинларимизни ушбу касалликдан сақлашга ҳаракат қиладиган бўлсак, вазиятни барқарорлаштириш имконияти тезлашади", деди Отабеков.

Коронавирус тарқалиши сусайиши ортидан Ғарб давлатлари чекловларни юмшатмоқда

Европанинг айрим мамлакатлари ва Қўшма Штатлар коронавирус тарқалиши сусаяётгани билан боғлиқ аломатлар пайдо бўлгани ортидан чекловларни эҳтиёткорлик билан юмшатмоқда ва ватандошларига бир неча ҳафтадан бери илк марта уйидан ташқарига чиқишга рухсат бермоқда.

Қўшма Штатларда президент Доналд Трамп пандемия ва АҚШ иқтисодиётини қайтадан ишга тушириш ҳақида 3 майда Вашингтондаги тадбирда маъруза қилади. Ушбу мамлакатда 1,1 миллиондан ошиқ вирус юқтирганлик ҳолати қайд этилди ва бу бутун дунёдаги кўрсаткичнинг қарийб 1/3 қисмидир. Ўлганлар сони эса ҳаммадан кўп – 66 мингтадан ошиб кетди.

Италия эса дунёда ўлганлар сони бўйича иккинчи, вирус юқтирганлик ҳолати бўйича учинчи ўринни эгаллаб турибди. Сўнгги ҳафталарда инфекция юқтирганлик, ўлим ва шифохоналарга ётқизилганлик ҳолатлари камайганидан сўнг 4 майда 4 миллион киши ишга чиқишга тайёргарлик кўрмоқда. Дунёдаги энг узоқ давом этган карантин талаблари енгиллатилмоқда.

2 майда Испания ҳукумати мамлакатдаги энг қаттиқ изоляция талабларини енгиллатгач, испанлар илк марта 48 кунлик карантиндан сўнг кўчаларга чиқди. Испанияда коронавирус оқибатида 25 мингдан ошиқ киши ўлди ва бу дунёдаги энг оғир кўрсаткичлардан биридир. Бироқ ҳукумат вакиллари пандемияга қарши курашда сергак бўлишга ундамоқда.

ССВ: яна 24 кишида Covid-19 аниқланди, 59 бемор тузалди

Эрталаб соат 10дан бери яна 24 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 2 май соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2118 нафарни ташкил қилмоқда.​

Бугун 59 нафар бемор тузалиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 1275 нафарни ташкил этмоқда.

Тошкентда яна 16 нафар бемор соғайди, улар орасида 81 яшар отахон ҳам бор

Бугун Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан 16 нафар бемор соғайганлар рўйхатига қўшилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, тузалган 16 киши Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига ўтказилган.

Расмий хабарга кўра, соғайганларнинг 6 нафари Россиядан келгач, карантинга олинган ва касаллик аниқлангач, клиникага ётқизилган.

Қолган 10 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган.

"Уларнинг 11 нафари эркак, 5 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 81 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 12 ёшда.

Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 364 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 380 нафарга етди", дейилади вазирлик хабарида.

Айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар жами 1175 нафарга етди.​

Коронавирус аниқланган ҳомиладор аёл туғди

1 май куни Тошкентда коронавирус аниқланган ҳомиладор аёл фарзандли бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 24 яшар аёлда 10 апрель куни Covid-19 аниқланган.

Аёлнинг аҳволи оғирлашгач унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкентдаги 3-сон туғруқхонасига ўтказилган.

Аёл тиббий кўрикдан ўтказилиб, унга керакли даволаш чора-тадбирлари белгиланган.

1 май куни эрталаб бемор аёл вазни 3 150 грамм, бўйи 52 сантиметр бўлган ўғил бола чақалоқни дунёга келтирган.

Расмий хабарга кўра, жарроҳлик амалиёти мураккаб ўтган, бироқ асоратсиз, муваффақиятли якунланган.

Ҳозирда она-боланинг аҳволи яхшилиги айтилди.

ДУНЁ: Россияда яна бир расмий коронавирусга чалинди​

Россия қурилиш вазири Владимир Якушев коронавирусга чалинди. Хабарларга кўра, вирус унинг ўринбосарларидан бири Дмитрий Волковга ҳам юққан.

ТАСС агентлиги Якушевнинг ўринбосари Никита Статишин амалдаги қурилиш вазири этиб тайинланганини хабар қилди.

Куни кеча Россия бош вазири Михаил Мишустин ўзида коронавирус инфекцияси аниқланганини маълум қилган эди. У хаста бўлган пайтда бош вазир вазифасини бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов бажариб турадиган бўлди.

Россияда март ойи охирида жорий қилинган карантин чораларига қарамасдан, коронавирусга чалинганлар сони мунтазам равишда ўсиб бормоқда.

Сўнгги хабарларга кўра, Россияда 114 431 нафар шахс вирусга чалинди, 1 100 дан ошиқ бемор вирус келтириб чиқарадиган COVID-19 инфекцияси туфайли вафот этди.

Аммо мутахассислар бу кўрсаткич аслида янада юқори бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Россияда ўзини вирусдан ҳимоялаш мақсадида президент Владимир Путин ва ҳукуматнинг бир қатор раҳбарлари масофавий ишлашга ўтган.

Россия қурилиш вазири Владимир Якушев .
Россия қурилиш вазири Владимир Якушев .

ССВ: коронавирус юқтириб олганлар сони 2094 нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2 май соат 10:00 ҳолатига кўра, 2094 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.

Сўнгги соатларда Наманганда 17, Хоразмда 14, Фарғонада 12, Андижонда 3 ҳамда Самарқандда 1 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Айни вақтда Жиззах ва Қашқадарё вирусдан холи ҳудуд ҳисобланмоқда.

Расмий маълумотларда шу кунгача коронавирусдан соғайганлар жами сони 1229 нафарга етгани айтилади. Бу эса вирус юқтириб олганларнинг 58 фоизини ташкил этади.

Коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 30 апрель куни 9 нафарга етган.

Ўзбекистонга кириб келаётган юк машиналари ҳайдовчиларидан коронавирусга тест олинади

30 апрелдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган барча юк автотранспорт воситалари чегара ўтказиш пунктларига энг яқин жойларда ташкил этилган махсус автотураргоҳларга йўналтирилади ва ўша ерда ҳайдовчиларидан коронавирус инфекциясига тест олинади.

Бу ҳақда маълум қилган Транспорт вазирлиги ахборот хизматига кўра, тест натижалари эълон қилингунга қадар автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳайдовчилари махсус автотураргоҳларда бўладилар.

Тест натижалари бўйича коронавирус инфекцияси аниқланмаган тақдирда ҳаракатни тасдиқланган йўналиш чизмаси асосида давом эттиришга рухсат берилади.

Россияда коронавирусга чалинишга оид рекорд кўрсаткич қайд этилди

Россияда сўнгги 24 соат ичида коронавирусга чалингани аниқланганлар сони 7933 тага етди ва бу ҳозирга қадар кунлик рекорд кўрсаткичдир.

Мамлакатда вирус юқтиргани расман қайд этилганларнинг жами сони 1 майга келиб¸ 114 431ни ташкил этади.

Россия расмийларига кўра¸ 1 майга қадар коронавирусдан ўлганлар сони 1169 га етган¸ ўлимларнинг 96 таси сўнгги 24 соат ичида қайд этилган.

Айни пайтда ҳукумат танқидчилари ва мустақил мутахассислар¸ Россияда COVID-19 вирусидан ўлаëтганлар сони бундан бир неча баравар кўплиги¸ аксар ўлимнинг "пневмониядан ўлди" деб қайд этилаëтганини айтмоқда.

Россия бош вазири Михаил Мишустин 30 апрель куни ўзида коронавирус инфекцияси аниқланганини маълум қилди.

Бухорода 25 бемор тузалди, улар орасида қирғизистонликлар ҳам бор

Шифо топганларнинг 22 нафари Россиядан, 1 нафар эса Туркиядан чартер рейс билан Бухорога олиб келинган. Қолган 2 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган.

Соғайганлар худудлар кесимида: Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 4 нафар, Сурхондарё вилоятидан 3 нафар, Хоразм, Андижон, Наманган ва Сирдарё вилоятларидан 1 нафар ҳамда Қирғизистон Республикасининг 2 нафар фуқароси ҳам бор.

Уларнинг 19 нафари эркак, 6 нафари аёл, энг каттаси 55 ёшда, энг кичиги 15 ёш. Бу ҳақда koronavius info хабар қилди.

ЖБ коронавирус таъсирини юмшатиш учун Ўзбекистонга 200 млн доллар ажратади

30 апрелда Жаҳон банки директорлар кенгаши Ривожланиш сиёсатини қўшимча молиялаштириш ҳаракати (SDPF) доирасида Ўзбекистонга 200 миллион доллар ажратишни маҳқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхонасига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Сайт манбасига кўра, бу маблағ соғлиқни сақлаш, ижтимоий фаровонлик ва мамлакат иқтисодиётига COVID-19 коронавирус пандемиясининг таъсирини камайтиришга ва иқтисодий тармоқларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Қирғизистонда уй карантинига риоя қилмаган олти кишининг иши судга оширилди

Бу ҳақда ички ишлар вазирининг ўринбосари Мирлан Қаниметов Республика тезкор штаби мажлисида маълум қилди.

Унга кўра, санитария-эпидемиология қоидаларни қасддан бузган 8 киши Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жавобгарликка тортилган. Яна бир киши Қирғизистон Жиноят кодексининг 281-моддаси (“инсонлар учун хавф туғдирадиган ҳолатга оид маълумотни яширганлик ёки бузиб талқин қилганлик”) бўйича жавобгарликка тортилган.

“Қилмишлар тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси (санитария-эпидемиология қоидаларини бузганлик) бўйича 6 киши жавобгарликка тортилади, уларга оид материаллар судга юборилди. Тартиббузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 293-моддаси (ваколатли идора йўриқномасига риоя қилмаганлик) бўйича 21 киши жавобгарликка тортилган, уларнинг ҳар бири 3 минг сўмдан (35 доллардан кўпроқ) жарима тўлайди. Умумий ҳисобда уй карантини тартибини бузган 36 киши жавобгарликка тортилди”, деди вазир ўринбосари.

Қирғизистонда коронавирус тарқала бошлаганидан кейин фавқулодда ҳолат, фавқулодда вазиятлар ва ҳарбий ҳолат режими амалда бўлган пайтда ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик жорий қилинди.

Uzbekistan Airways: Парвозлар 30 июнгача тикланиши ҳам мумкин

Бу ҳақда авиакомпания ўзининг facebook саҳифасида баёнот берди.

"Хорижга парвозлар ва авиачипталар сотуви тикланиш муддати коронавирус тарқалиши бўйича халқаро вазиятга боғлиқ. Агар 30 июнгача турли давлатлар ва Ўзбекистонда карантин бўйича чекловлар бекор қилинса, хорижий йўналишларга чипталар сотуви ҳам, авиақатновлар ҳам қайта тикланиши мумкин" дейилади хабарда.

Олдинроқ авиақатновлар 30 июнга қадар тўхтатили ҳақида хабар қилинган эди.

Koronavirus Info огоҳлантиради:

COVID-19 вируси алюмин, темир эшик дасталари, шиша ва пластик (болалар ўйинчоғи ҳам киради), ёғоч предметлар (мебель, ром ва декоратив буюмлар), қоғоз ва ҳатто хирургик қўлқоплар устида ҳам сақланиб қолади :

Огоҳлантириш: қўлимиздаги мобил телефонларимизда юқорида санаб ўтилган барча нарсани кўришимиз мумкин. Бундан чиқадики, карантин вақтида вақтимизни кетказаётганимиз – мобил телефонларимиз ҳам ўз юзасида вирус ташувчи ҳисобланади.

АҚШдаги Бухоро яҳудийлари жамоаси вакили коронавирусдан вафот этди

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобовнинг Бухоро яҳудийлари конгресси раҳбари Борис Кандовга таяниб хабар қилишича, Нью-Йоркда истиқомат қиладиган Бухоро яҳудийлари жамоаси вакили коронавирус инфекциясини юқтириб олиши оқибатида вафот этган.

Россия бош вазири коронавирусга чалинди

Россия бош вазири Михаил Мишустин 30 апрель куни ўзида коронавирус инфекцияси аниқланганини маълум қилди.

“Ҳозиргина коронавирусга топширган тестларим ижобий натижа кўрсатгани маълум бўлди”, деди у Россия президенти Владимир Путин билан видеомулоқот чоғида.

У хаста бўлган пайтда бош вазир вазифасини бош вазирнинг биринчи ўринбосари Андрей Белоусов бажариб турадиган бўлди. Мишустин ўзини яккалаш тартибига риоя қилмоқчи эканини, аммо у йўқ пайтда ҳам ҳукумат актив фаолият кўрсатишини, у кабинет аъзолари билан алоқада бўлиб туришини маълум қилди.

Россия президенти Владимир Путин унга “касалхонадан қўнғироқ қилиш”ни сўраган.

Мишустиннинг қайси касалхонага ётиши ҳозирча маълум эмас.

Мишустун дунёда коронавирус инфекциясини юқтириб олган бош вазирларнинг иккинчисидир. 27 март куни Буюк Британия ҳукумати раҳбари Борис Жонсон COVID-19 вирусга чалингани маълум бўлган. У бир муддат уйида бўлган, кейинчалик аҳволи ёмонлашгач, касалхонага юборилиб, 12 апрель куни тузалиб чиққан. Ҳозир Жонсон ишига қайтган ва бор кучи билан ишламоқда.

Қашқадарёда коронавирусга чалинган барча беморлар соғайди

Қашқадарёда коронавирус инфекциясига чалинган олти бемор ҳам соғайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, беморларнинг беш нафари бир оила аъзоларидир.

Расмий маълумотга кўра, шу тариқа мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 1134 нафарга етди. Бу эса вирус юқтириб олганларнинг ярмидан кўпи тузалиб кетганини англатади.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 1 май соат 10:00 ҳолатига кўра, 2046 нафарни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони 30 апрель куни 9 нафарга етган.

Президент онлайн таълимга бағишлаб селектор ўтказди

Президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, пандемия сабабли 10 мингдан зиёд таълим муассасасидаги 7 миллион ўқувчи ва 500 минг талабага онлайн дарс бериш йўлга қўйилди.

Йиғилишда жорий ўқув йилини сифатли якунлаш - битирув имтиҳонларини онлайн шаклда ўтказиш масаласини муҳокама қилинган.

Шунингдек, таълим муассасаларига масофадан, онлайн шаклда, интернет орқали ҳужжат топшириш имкониятини яратиш зарурлиги таъкидланган.

2020 йилдан кириш имтиҳонлари жами 5 та – учта мажбурий ва иккита мутахассислик фани бўйича ўтказилиши белгиланган эди.

"Лекин карантин шароити ёшларнинг имтиҳонга тўла тайёргарлик кўриш имкониятини ҳам чеклади. Қолган қисқа вақтдан унумли фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида, жорий йилда имтиҳонларни соддароқ шаклда ўтказиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди", дейилади хабарда.

Шунингдек, йиғилишда лицейларнинг фаолиятини қайта кўриб чиқиш, селекция ишларини кучайтириш мақсадида таълим жараёнларини такомиллаштириш юзасидан вазифалар белгиланган.

Шунингдек, янги тизим асосида ташкил этилиши белгиланган
касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларни ишга тушириш вазифалари аниқ белгилаб берилган.

Бу борада эски коллеж тизими хатолари такрорланмаслиги зарурлиги таъкидланган.

СЭОА: 74,727 фуқаро устидан тиббий назорат давом этмоқда

Cанитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг маълум қилишича, шу кунда COVID-19 коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморлар билан мулоқотда бўлган 74,727 фуқаро саломатлиги устидан тиббий назорат давом этмоқда.

Улардан, 58,958 нафар фуқаролар уй шароитида, 15,769 нафар фуқаролар стационар шароитда карантинга олинган.

Шу вақтга қадар 226,350 фуқаро, жумладан, уй карантинидан 187,267 нафар, стационар шароитдаги карантиндан 39,083 фуқаро чиқарилган.

Тожикистон: коронавирус юқтириб олган 15 бемор расман маълум қилинди

Бу ҳақда 30 апрель куни мамлакатда коронавирус пандемиясининг олдини олиш республика штабининг ошиғич мажлисида маълум қилинди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги 29 апрель куни коронавирус инфекцияси юқтириб олиш билан боғлиқ 15 та ҳолатни қайд этган. Улардан 10 таси Хўжандда, 5 таси Душанбеда қайд этилган. Шу тариқа республика штаби Тожикистонда коронавирус мавжудлигини расман эътироф этган.

Мажлисда 2000 чоғли одам COVID-19 га чалинганликда гумонланиб, кузатув остида тутиб турилгани таъкидланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Тожикистонда 1 февралдан 30 апрелгача 10 минг 937 киши карантинга жойлаштирилган, улардан 8 минг 438 нафарига уйига кетишга рухсат берилган.

Расмий Душанбе шу пайтгача мамлакатда коронавирус инфекциясига чалиниш билан боғлиқ битта ҳам ҳолат қайд этилмаганини иддао қилиб келаётган эди.

ТИВ уюштирилиши айтилган чартер рейслар масаласида ҳануз аниқ маълумот йўқлигини билдирди

Вазирликда чет элдаги ўзбекистонлик фуқаролар қайтишлари учун чартер рейслар жадвали ҳақида ҳозир маълумот йўқлиги айтилди.

АОКА қошидаги штабда берилган расмий маълумотга кўра, чартер рейсларни ташкиллаштириш тўғрисида Республика махсус комиссияси қарор қабул қилиши лозим.

Махсус комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинганидан сўнг, чартер рейслар ва уларнинг йўналишлари тўғрисидаги хабар интернет ресурсларда эълон қилинади.

Бундан ташқари, хориждаги ватандошларга Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилиш ва чартер рейслар билан ватанига қайтиш истагида бўлганлар рўйхатига киритилиши учун керакли ҳужжатларни (паспорт маълумотлари ва телефон рақами) тақдим этиш тавсияси яна эслатилди.

Аммо, ҳануз чартер рейсларнинг қачон ва қайси давлатларга амалга ошириши маълум бўлмагани учун ТИВ чет элдаги ўзбекистонликларни Ўзбекистон элчихоналари ёки консулликларга батафсил маълумот учун мурожаат қилиб туришни тавсия қилиш билан чекланди.

ҚАРОР: такси хизматларига йўловчи ташиш учун рухсат берилди

Республика махсус комиссияси қарори билан 30 апрелдан бошлаб карантинга оид қатор чекловлар юмшатилди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz» га тасдиқлаган маълумотга кўра, чекловлар юмшатилиши такси хизматларига ҳам тааллуқли.

Бунда ИИВ такси ҳизматларини карантин тадбирларига қатъий риоя қилган ҳолда ва куннинг маълум вақтларида йўловчиларни олиб юришларига чақиради.

«Барча фуқароларга йўловчилар билан биргаликда автоуловда ҳаракатланиш рухсат этилиши муносабати билан, биз „Мини“, „Эконом“, „Комфорт“ ва „Бизнес“ тариф режаларини қайта ишга туширганимизни сизларга мамнуният билан эълон қиламиз! Энди сиз МйТахи хизматларидан куннинг маълум бир қисмларида, яъни соат 07:00дан 10:00гача ва 17:00дан 20:00гача бемалол фойдалана оласиз», дейилади MyTaxi хабарида.

Жумладан, 30 апрелдан соат 06:00 дан бошлаб, юмшатилган қатор чекловлар қуйидагилардир:

- ватандошларга соат 07:00 дан 10:00 га ҳамда 17:00 дан 20:00 га қадар барча турдаги шахсий ва хизмат енгил автотранспорт воситалари (йўловчилар билан бирга), шу жумладан велосипед ва мототранспортларда махсус рухсатномасиз ҳаракатланишга рухсат берилди. Бунда автомобилдан ишга бориб келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи навбатда зарур бўлган маҳсулотларни харид қилиш учун фойдаланиш мумкин;

- ватандошларга шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйларнинг бевосита олдида ва ички ҳовли ҳудудларида ижтимоий масофани (оралиқ масофа 2 метр) сақлаган ва ниқоблар тақилган ҳолда сайр қилишга, бунда 14 ёшгача бўлган болалар ота-оналарининг ҳамроҳлигида сайр қилишга рухсат берилди. Бунда ижтимоий масофа сақланиши ва ниқоб тақилган бўлиши лозим;

- олий таълим ва илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари ва профессор ўқитувчиларига — илмий ишларни давом эттириш мақсадида лаборатория ва кафедралар фаолиятларини тиклашга ҳам рухсат берилди.​

Н. Отабеков: хориждан кунига 500-600 фуқаро олиб келинмоқда

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековнинг АОКА ҳузуридаги штабда ўтган брифингда маълум қилинишича, мамлакатда инфекция топилган беморлар сони камаяётгандай кўрингани карантин тугаб бораётганидан далолат эмас:

- Ундай дегани эмас. Вазият бирмунча юмшаётган бўлса-да, ҳали 1000 дан ортиқ бемор даволанишни давом эттиряпти, 85 мингдан кўпроқ фуқаро карантинда бўлиб туришибди.

Мутахассисларнинг фикрича, коронавирусга чалинган битта одам эътиборсиз қолдирилса ва одамлар орасида юрса, бир ойда 406 та одамга касалликни юқтириши мумкин экан.

Охирги беморимиз шифохонадан чиқиб кетганидан кейин 14 кун давомида янги бемор рўйхатга олинмаса, ўшанда биз хотиржам бўлсак бўлади.

Шунингдек, Нурмат Отабеков ҳануз хориждан кунига 500дан ортиқ фуқаро олиб келинаётганини билдирди:

- Карантин эълон қилингандан кейин ҳам анча пайтгача ҳамюртларимиз чартер рейсларида олиб келинди. Агар Сиз чегарамиз бутунлай ёпилган, деб ўйласангиз, бу хато фикр. Негаки ҳар куни давлатимизга хориждан 500−600 фуқаро кириб келаяпти (Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон орқали). Уларнинг барчаси уюшган ҳолда карантинга жойлаштирилмоқда.

ССВ: Коронавирусга чалинган яна бир бемор вафот этди

1959 йилда туғилган пойтахтлик Г. шу йилнинг 15 апрель куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) билан ётқизилган. Ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “Covid-19” коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

Беморда бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, икки томонлама бронхопневмония, ўткир буйрак етишмовчилиги, гипертония каби қатор хасталиклар бўлганлиги сабабли даволаниш оғир кечиб, 14 кун сунъий нафас олиш аппаратида бўлган.

Бироқ мутахассисларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир респиратор дисстрес синдром, ўткир нафас етишмовчилиги, ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этган.

ССВ: шифохоналарда жами 865 бемор қолди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, 29 апрель соат 20:00 га келиб, Тошкентда яна 30 бемор соғайди.

Шу куннинг 104 бемор тузалиб, мамлакатда коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 1096 нафарга етди.

Айни пайтда коронавирус аниқланганлар сони 1969 нафарни ташкил қилмоқда, шифохоналарда эса 865 бемор қолди.​

Шахсий автомобилдан чекланган соатларда фойдаланишга рухсат берилди

«Ўзбекистон 24 канали»нинг хабар қилишича, 30 апрелдан карантин даврида фуқароларга шахсий автомобилларидан эрталаб 7:00 дан 10:00 гача ҳамда 17:00 дан 20:00 гача фойдаланишга рухсат берилади.

Бунда ишга бориш-келиш, шифохона, дори-дармон харид қилиш асосий мақсад бўлиши керак.

Бу ҳақда Президент томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилган, дея хабар берди телеканал.

Бундан ташқари ота-оналарга фарзандлари билан ўз уй атрофида сайр қилишларига рухсат берилиши ва бунда карантин қоидаларига риоя этиш талаб қилинади.

Хорижга авиақатновлар 30 июнгача тикланмайди

Uzbekistan Airways авиакомпанияси матбуот котиби Ҳабибулло Набиевнинг Kun.uz сайтига маълум қилишича, Covid-19 касаллиги тарқалишининг олдини олиш доирасида хорижга авиақатновлар 30 июнга қадар тикланмайди.

Қатновларни тиклаш масаласи дунёдаги вазиятга кўра қайта кўриб чиқилади.

Ўзбекистон март ойининг иккинчи ярмидан қатор давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тўхтатган эди.

30 март кунидан Ўзбекистондаги мавжуд барча аэропортлар ёпилиб, авиақатновлар бутунлай тўхтатилган.

Карантин қоидаларини бузган шахслар 45,8 миллиард сўм жаримага тортилди

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков АОКА штабидаги брифингда карантин қоидасини бузган 71 дан ортиқ одам жаримага тортилганини маълум қилди:

- Карантин бошлангандан буён, 27 апрель ҳолатига кўра, ниқоб тақмаган ва карантин режимини бузган, санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилмаган 71 028 шахсга нисбатан Давлат инспекцияси, ИИВ, Миллий гвардия ходимлари томонидан баённома тузилди ва 45,8 миллиард сўм жаримага тортилган.

Отабековнинг маълум қилишича, бу сумманинг 14,0 миллиард сўм ундирилган.

Келиб тушган маблағнинг 50% давлат бюджетига йўналтирилган, қолган маблағнинг 50 фоизи ИИВ бюджетига тушган.

Шунингдек, Нурмат Отабеков Ўзбекистонда "даволашдаги 49,4 % самарадорликни зинҳор инкор қилиб бўлмайди. Бундай кўрсаткич ҳатто ривожланган давлатларда ҳам йўқ", деб таъкидлади:

- АҚШ Миллий хавфсизлик вазирининг илмий ишлар бўйича ўринбосари икки ярим ой давомида олиб борган тадқиқотларига кўра, юқори ҳарорат, намлик ва қуёш нури коронавируслар салбий таъсир қилар экан.

Агар ташқаридаги ҳаво ҳарорати 23-24 градус, намлик эса 20% бўлса, нарсалар юзасидаги 50% вируслар ўлиши учун 18 соат вақт керак бўлар экан. Агар ўша ҳароратда намлик 80% гача кўтарилган бўлса, 50% вируслар ўлиши учун 6 соат вақт керак бўларкан. Агар ўша намликда ҳарорат 30 градус бўлса, коронавирус 1 соатда, мабодо у ерга қуёш нури тушиб турса — 1,5 минутда нобуд бўларкан.

БИЗНЕС: лидерлар карантинда аҳволи оғирлашган тадбиркорлар учун маслаҳатлар марафонини ўтказади

1—7 май кунлари бизнесга ёрдам учун MAKON ANTI CRISIS биринчи онлайн-марафони ўтказилади.

Марафондан мақсад: кичик ва ўрта бизнесни мослаштириш ва ривожлантириш соҳасидаги йигирма бешдан зиёд маҳаллий ва хорижий эксперт-амалиётчиларнинг инқирозга қарши маслаҳатлари ҳамда ҳаракатлар режаларини таклиф қилиш.

"Бизнесингиз иккиланишда бўлса, карантин даврида талаб ва даромадлар ўзгарган бўлса, сиз янги воқеликда бизнесингизни қандай ривожлантириш устида мудом бош қотираётган бўлсангиз ва ишни нимадан бошлашни билмаётган бўлсангиз, уйингизда онлайн-эфирни ва машҳур экспертлар маслаҳатларини таклиф этамиз", деб тақдим қилди ташкилотчилар ушбу марафонни.

Маърузачилар ичида Ўзбекистонда бизнеси юришган:

korzinka uz, RedTag, FLO раҳбари Зафар Ҳошимов,

LeBazar.uz етакчиси Ботир Арифжанов,

Havoqand people етакчиси Акҳмад Мелибаев,

Murad Buildings, NRG, NestOne етакчиси Мурад Назаров,

Business Navigator Consulting етакчиси Азиз Гаппаров каби таниқли ишбилармонлар бор.

Н. Отабеков: 8 беморнинг аҳволи оғир

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

- Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 86 беморнинг 16 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 2 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 79 бемордан 1 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 105 бемордан 26 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 4 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

Зинҳор ўзингизни хавф остига қўйманг. Касаллик қўзғатувчиси атрофимизда йўқ, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.

ССВ: тузалганлар сони 1000 нафардан ошди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 29 апрель соат 14:00га келиб, Бухорода 11 бемор соғайиб, жами тузалганлар сони 1005 нафарга етган.

Вирусни юқтиргани аниқланганлар умумий сони эса 1955 нафар бўлиб қолмоқда.

Бухорода тузалган 11 беморнинг барчаси Россиядан қайтарилганлар.

Улар орасида энг ёши каттаси 57 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 16 ёш.

ССВ: жуда оғир аҳволда бўлган 72 яшар бемор соғайди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига оғир аҳволда олиб келинган 72 яшар бемол аёл соғайган.

У вирусни инфекциясига чалинганлардан юқтириб олган.

"Эътиборли жиҳати, жорий йил 30 март куни коронавирусга чалинган 72 ёшли бемор жуда оғир аҳволда мазкур клиникага олиб келинган. Узоқ вақт сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор фидоий шифокорларимизнинг самарали даволаш муолажаларидан кейин инфекциядан тўлиқ тузалган бўлса-да, бошқа ҳамроҳ касаллиги борлиги сабабли ихтисослашган шифохонага реабилитация учун ўтказилди", дейилади расмий хабарда.

28 апрель куни Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан 21 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан 4 нафар, жами 25 бемор соғайиб чиққани хабар қилинди.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар 934 нафарга етди.

Н.Отабеков: 10 бемор оғир, 2 бемор ўта оғир аҳволда

Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

– Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 106 беморнинг 29 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 3 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 67 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 130 бемордан 26 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 5 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.

Отабековга кўра, 1024 бемор юқумли касалликлар шифохоналари ва мослаштирилган шифохоналарда даволаш муолажаларини оляпти.

85 мингдан ортиқ фуқаро карантин тадбирлари билан қамраб олинган ва улардан олинган намуналар доимий тарзда вирусология лабораторияларида текшириляпти.

Куни кеча ҳам 10 мингга яқин лаборатория текширувлари амалга оширилган.

ВАЗИРЛИК: 50 мингта тест-тизими ишлаб чиқишга ҳозирлик кўрилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузованинг маълум қилишича, Илғор технология маркази 50 мингта шундай тест тизимини ишлаб чиқаришга тайёрлаган.

АОКА штабида бўлган брифингда расмий ҳозирда тест тизимларининг лаборатор ва клиник синовлари якунланганини билдирди:

- Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан мазкур тестдан фойдаланишга рухсат берилганидан сўнг уни тезкорлик билан ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Беморлар билан мулоқот қилганларни аниқловчи дастур яратилди

Расмий маълумотга кўра, вазирлик ўзбекистонлик ёш дастурчилар билан касаллиги аниқланган бемор билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш жараённи автоматлаштириш учун "Birga Yengamiz" номли мобил илова яратган.

- Мазкур мобил илова Android ва iOS қурилмалар учун мўлжалланган. Илованинг асосий вазифаси — бемор билан охирги 14 кун ичида яқин масофада ва муайян вақт алоқада бўлган шахсларни аниқлаш ва зарур холларда уларни карантинга жойлаб вирусни янада кенг тарқалишининг олдини олишдир. Оксфорд университетининг олимларининг таъкидлашича, аҳолининг камида 60 фоизи мазкур иловалардан фойдалансагина, у самара беради. Ҳозирда мазкур иловани "PlayMarket" ва "AppStore" платформаларида жойлаштириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда, деди Инновацион ривожланиш вазирлиги вакили.

Ўзбекистонда куздан сунъий вентиляция аппарати ишлаб чиқарилади

Шунингдек, Назокат Абдуқундузова Ўзбекистонда сунъий вентиляция мосламалари шу йилнинг кузидан ишлаб чиқарилишини маълум қилди:

- Словакиянинг "Chirana" компанияси ва россиялик ҳамкорлар билан биргаликда ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари (ИВЛ) ишлаб чиқариш бўйича технологиялар трансфери амалга оширилмоқда. Ҳозирда ИВЛ қурилмасининг прототипи, яъни синов учун намунаси тайёрланди. Тегишли тарзда синовлар ва текширишлардан ўтказилганидан сўнг жорий йилнинг куз ойида ишлаб чиқариш бошланади.

Вазирлик расмийсига кўра, "Олима аёллар грантлари" ташаббускор амалий ва инновацион лойиҳалар танлови ҳам эъон қилинган ва ҳозиргача тадқиқотчи хотин-қизлар томонидан турли мавзулар, жумладан коронавирусга қарши кураш бўйича ҳам жами 101 та лойиҳа қабул қилинган.

ССВ: жами тузалганлар сони 909 кишига етди

27 апрель куни Фарғона вилоятида 7 нафар, Қашқадарё вилоятида эса 1 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор тузалгани хабар қилинди.

Бухорода коронавирусга чалинган 9 бемор соғайди. Улар 25 март куни Россиядан чартер рейс билан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган.

Шу билан мамлакатда жами тузалганлар сони 909 кишига етди.

Сешанба куни тузалиб чиққанлар орасида бир ёшга тўлмаган фарғоналик гўдак ҳам бор.

Тузалганларнинг 5 нафари Туркиядан келган ва карантинга олинган, касаллик аниқлангач шифохонага ётқизилган. Қолган 2 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган.

ССВ: сўнгги 12 соатда коронавирусга чалинганлар сони 20 кишига кўпайди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 28 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони расман 1924 нафарни ташкил қилмоқда.

27 апрель соат 22:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда камида 1904 кишида вирус аниқлангани хабар қилинганди.

27 апрель куни 103 нафар бемор тузалиб, жами соғайганлар сони 892 нафарга етди. 8 бемор вафот этди.

Хорижда 73 ўзбекистонликда коронавирус аниқланган. Уларнинг 42 нафари Россияда. Хорижда коронавирус юқтирган беморлардан тўрт нафари вафот этди. Уларнинг уч нафари Нью-Йоркда, бир нафари Россиянинг Воронеж вилоятида даволанаётган эди.

ҲУЖЖАТ: тадбиркорларга имтиёз бериш ҳамда маош, пенсия, стипендияни узмаслик ҳақида фармон имзоланди

Давлат солиқ қўмитасининг хабар қилишича, «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент фармони қабул қилинган.

Фармонда тадбиркорларга имтиёзлар бериш ҳамда давлат бюджетига қарам ташкилот ишчилари маоши, пенсия, стипендия ва нафақаларни узлуксиз тўлашни таъминлаш кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2020 йилда жисмоний шахсларнинг даромад солиғига тортилмайдиган, ходимларга тўланадиган моддий ёрдам миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 4,22 бараваридан 7,5 бараваригача оширилади.

1 апрелдан 1 октябргача Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Саховат ва кўмак» жамғармаси, «Ўзбекистон Меҳр-шавқат ва саломатлик» жамоат фондига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий ёрдамга муҳтожлар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз берилган пул маблағлари, товарлар ва хизматлар:

даромад солиғини ҳисоблашда ушлаб қолинадиган харажатлар сифатида қаралади;

ҚҚСдан озод этилади;

айланмадан олинадиган солиққа тортиш объектига киритилмайди.

Ижтимоий ёрдамга муҳтожлар рўйхатига киритилганлар Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Саховат ва кўмак» жамғармаси, «Ўзбекистон Меҳр-шавқат ва саломатлик» жамоат фонди, юридик ва жисмоний шахслардан беғараз ёрдам олганда жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди.

Жисмоний шахслар коронавирус пандемияси даврида фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектларига берган нотурар-жой бинолари, жисмоний шахсларга берган турар-жой объектларини ижарага беришдан олинадиган жисмоний шахсларнинг даромад солиғи тўловларини фоизсиз кечиктириш ҳуқуқига эга бўлди.

Бунда, жисмоний шахсларнинг кечиктирилган даромад солиғи суммаси 2021 йил 1 апрелгача тенг улушларда тўланади.

Шунингдек, президент фармонида, текширишлар натижасида аниқланган, ортиқча тўланган пенсиялар бўйича 2020 йил 20 апрель ҳолатига пенсионерларнинг қарздорлик суммаси ҳисобдан чиқарилиши кўзда тутилган.

Таниқли блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, бу ерда гап 20 млрд. сўмлик қарз ҳақида бормоқда.

ССВ: ​Россиядан қайтган 30 бемор соғайди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 22 март куни Россиядан чартер рейс билан келган ва коронавирус инфекцияси аниқланган 30 бемор соғайган.

Улар Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанган.

Бундан ташқари, инфекцияга чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган яна 3 киши соғайган.

Мамлакатда жами соғайганлар 859 нафарга етди.

Вазирлик: ишсизларга иш бериш учун 200 млрд. сўм ажратилган

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Равшановага кўра, карантин боис, вақтинча ишини йўқотганларга иш бериш учун маблағ ажратилган:

- Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасига 200 млрд. сўм ажратилди. Натижада апрель ойининг ўзида 121 мингдан ортиқ фуқаро жамоат ишларига жалб этилди. Бугунги кунда жамоат ишлари 20 га яқин йўналиш бўйича йўлга қўйилган. Аввал мазкур кўрсаткич 8-9 та атрофида эди.

АОКА штабидаги брифингда Равшанова истовчилар қуйидаги ишларга ёлланаётганини билдирди:

- ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиши,
- агар томорқа бўлса, субсидия тақдим этиши,
- кооператив фаолиятига жалб қилиш.


Шунингдек, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш, қурилиш йўналишларидаги жамоат ишларидан ташқари ҳозир қуйидаги йўналишларда иш берилмоқда:

- ёлғиз қарияларни парваришлаш,
- ниқоб ишлаб чиқариш,
- дезинфекция ишлари,
- маҳаллаларда ташкил этилаётган кўчма савдо шохобчалари,
- "Хайрия марказлари"даги фаолият,
- карантинга олинган оила ва хонадонларга ёрдамчи посбон.


Бундан ташқари, Ички ишлар ва Миллий гвардия хизматлари томонидан ташкил этилган блок-постларда халқ посбони сифатида ишлаш мумкинлиги, иш ҳақида ҳар 5 кунда тўлаб берилаётгани айтилди.

Н. Отабеков: атрофимизда бу касалликка чалинганлар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди

Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

- Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 117 беморнинг 32 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 2 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 69 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 144 бемордан 45 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 5 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.

Отабековга кўра, бутунлай соғайганларнинг умумий касалланганлар сонига нисбатан 42,2 фоизни ташкил этиши яхши кўрсаткичдир.

Шу бугунги кунга қадар 250 мингдан ортиқ фуқаро коронавирус касаллигига вирусологик усулда текширилган. 26 апрелнинг ўзида 8 минг 400 фуқарода таҳлиллар ўтказилган.

"Атрофимизда ушбу касалликка чалинган фуқаролар йўқлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Агар баъзиларда касаллик енгил кечар экан, деган фикрга борган бўлсангиз, 3 фоиздан ортиқ ҳолатда касаллик ўта оғир кечиб, ҳатто ўлим билан якун топаётгани сизни сергак торттириши керак", деб огоҳлантирди бош санитар инспектор.

Нурмат Отабеков
Нурмат Отабеков

ОЗОДМАКТУБ: "Украинадаман, 3 ойдирки, Андижондаги университетдан жавоб ололмаяпман"

Украинанинг Запорожье шаҳрида эканини билдирган талаба 3 ойдирки, Андижондаги университетга йўллаган мактубига жавоб ололмаётганини ёзмоқда.

Озодликка йўллаган мактубида талаба ўзи яшаб турган шаҳарда вирусга чалиниш ҳоллари ортаётгани, ортга қайтишга эса йўл тополмаётганини ёзган.

Бу мактуб қуйида таҳрирсиз эълон қилинмоқда, имло ва стилистика муаллифники:

"Ассалому алейкум, ҳурматли Озодлик радиоси мухбирлари. Мен Ҳакимова Мавлуда, Украинанинг Запорожье шаҳри тиббиёт университитети 4-босқич талабасиман. Мурожаат қилишимдан мақсадим мен 13.01.2020 йилда турмуш қурганман ва ўқишни кўчириш мақсадида февраль ойида Андижон тиббиёт университетига ҳужжатларимни топширдим. Мана 3 ой бўлди менга хеч қандай хабар келмади. Ўқишимни кўчирилиши ёки кўчирилмаслиги ҳақида.

Украинада 8125 нафар инсон касалланган бир суткада 417 нафар инсон касалланмоқда. Запорожье вилоятида 178 нафарга етди касалланганлар. Бизга ҳам ёрдам беринглар".

ССВ: карантин ҳудудидан ташқарида ҳам вирусга чалинганлар аниқланмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқиловнинг маълум қилишича, карантин ҳудудидан ташқарида ҳам вирусга чалинганлар аниқланмоқда:

- Афсуски, ушбу касаллик аҳоли орасида ҳам оз бўлса-да, учраб турибди. Аммо улар ҳам касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлган ёки касалликка чалинганлан билан мулоқотда бўлганлар билан мулоқотда бўлган.

Оқилов 27 апрель куни бўлган брифингда шу кунда чекланган режимда ишлаб турган клиникалар ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг жавобидан маълум бўлишича, буларнинг барчаси хусусий клиникалар:

- Бир нечта хусусий клиникалар, жумладан, "Акфа Медлайн", "Шоҳмед", "Витамед" ва "Медион" тиббий марказлари чекланган режимда ишлашмоқда. Уларда беморларни масофалаш ва бинони зарарсизлантириш учун барча шароитлар яратилган.

Ўзбекистон: барча касалхоналарда табибларнинг ишлашига рухсат берилди

Адлия вазирлиги 2020 йил 1 майдан бошлаб қонунчиликда амалга кирадиган ўзгаришлар ҳақида хабар берди.

Маълум қилинишича, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс мақомига эга Республика халқ табобати илмий-амалий маркази ташкил этилади.

Шунингдек, тиббиёт ОТМларида ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ табобатини ривожлантириш марказлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасидаги давлат кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларида халқ табобати хоналари очилади.

Ҳ. Оқилов: Янгийўлда COVID-19 га чалиниш ҳолати ҳақидаги хабарлар қисман тўғри

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқиловнинг тасдиқлашича, Янгийўл шаҳар поликлиникасида коронавирус аниқлангани тўғрисида аҳоли орасида тарқалган хабарлар ҳақиқатдир:

- Ҳақиқатан 22 апрель куни Янгийўл туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги ўрта тиббий ходимда COVID-19 га тест текширувида мусбат натижа тасдиқланган. Тартиб-қоидаларга кўра, поликлиниканинг 198 нафар ходими ва улар билан алоқада бўлганлар Ўрта Чирчиқдаги карантин шаҳарчасига кузатиш учун жойлаштирилди.

Аммо, Оқилов шаҳар маркази ёпилгани, поликлиникани шифокор ва беморлари билан бирга ёпишгани ёки коронавирус аниқланган шифокорларни эски сана билан меҳнат таътилига расмийлаштиришгани ҳақидаги овозаларни инкор қилди.

Қуйида брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

ССВ: тузалганлар 800 нафардан ошди

Бухоро вилоятидаги кўп тармоқли тиббиёт марказида 15 нафар бемор тўлиқ соғайди.

Шифо топганларнинг барчаси Россиядан чартер рейс билан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган.

Тузалганлардан энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 16 ёш.

Шу соатга келиб мамлакат бўйича коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 804 нафарга етди.

ССВ: коронавирусга чалинганлар сони 1887 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 27 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони расман 1887 нафарни ташкил қилди.

Расмий маълумотда таъкидланишича, 26 апрель 21:00 ҳолатига кўра, кун давомида 82 нафар бемор коронавирусдан тузалган. Бу билан соғайганлар сони 789 нафарга етди.

Ўзбекистонда 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг саккиз нафари вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони бўйича 27 апрель ҳолатига кўра бўлган инфографикани ҳам эълон қилди.

CCВ: яқинда фарзандли бўлган аёл ҳамда ҳомиладор аёл соғайиб чиқди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Тошкент шаҳридаги 3-сонли туғруқ мажмуасида илк бор коронавирусга чалинган 2 нафар бемор: яқинда фарзандли бўлган аёл ҳамда ҳомиладор аёл соғайиб чиққан.

Биринчи бемор аёл 38 ёшда бўлиб, Наманган шаҳридан. Жорий йил 31 март куни Тошкент шаҳар перинатал марказида фарзандли бўлган. Онада коронавирус инфекцияси аниқлангач, 3-сонли туғруқ мажмуасига олиб келинган. Унинг фарзандида эса коронавирус инфекцияси аниқланмаган.

Ҳомиладор аёл эса 28 ёшда бўлиб, Самарқанд шаҳридан. У жорий йил 26 март куни Туркиядан Тошкентга келган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси аниқлангач, 3-сонли туғруқ комлексига олиб келинган. Айни пайтда 32 ҳафталик ҳомиласи ривожланмоқда.

Мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 765 нафарга етди.

Испания: 6 ҳафтадан сўнг илк бор болалар кўчага чиқишига рухсат берилди

Испания бош вазири Педро Санчес, 26 апрелдан, болаларга катталар кузатувида бир соатлик сайрга чиқишга рухсат этилиши, аммо улар уйидан 1 км.дан узоқ кетмаслиги шартлигини маълум қилди.

Соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари тез орада қайта очилиш вирус қайтиши эҳтимолини оширишидан огоҳлантираётганига қарамай, Европа ва бошқа қитъалардаги мамлакатлар қатори Испания ҳам шундай қарор қабул қилди.

Ҳукуматларнинг бундай эълон беришига кунлик ўлим ҳолатлари камайиб бораётгани сабаб бўлди.

ССВ: жами 152 нафар тиббиёт ходимлари реабилитацияга кузатилди

Тошкентда 26 апрель куни Вирусология илмий текшириш институти клиникасининг 108 нафар, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқлик клиникасининг 44 нафар - жами 152 нафар тиббиёт ходими 14 кунлик иш сменасини якунлади.

Уларни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадмонов бошчилигида эҳтиром билан реабилитацияга кузатишди.

Эндиликда улар ўрнида навбатдаги тиббиёт ходимлари гуруҳи иш бошлайди.

Н. Отабеков: 11 бемор оғир, 2 нафари ўта оғир аҳволда

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

- Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволанаётган 117 беморнинг 32 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 74 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 145 бемордан 45 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 5 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, деб баҳоланяпти.

Отабековнинг маълум қилишича, 92 мингдан кўпроқ киши тиббий кузатувга олинган.

Шифохоналарга коронавирус касаллиги билан ётқизилган беморларнинг 707 нафари, яъни қарийб 38 фоизи соғайиб, реабилитацияга ўтказилган.

Ҳозирги пайтга келиб яна 1 минг 144 фуқаро юқумли касалликлар профилидаги муассасаларда тегишли даволаш диагностика муолажаларини оляпти.

Тожикистон: коронавирус сабаб футбол мусобақалари қолдирилди

Тожикистонда ҳукумат янги коронавирус билан боғлиқ тарзда чекловлар эълон қилгандан сўнг мамлакатнинг 10 та жамоадан иборат футбол лигаси ўйинларини 10 майга қадар тўхтатиб туришга қарор қилинди.

Мамлакат футбол федерацияси 26 апрелда лига ўйинларини кечиктириш 27 апрелдан кучга киришини маълум қилди.

COVID-19 вируси дунё бўйлаб тарқалишда давом этаётган пайтда Тожикистонда 26 апрелга режалаштирилган ўйинлар томошабинларсиз ўтказилиши керак эди.

Расмий Душанбе шу кунга қадар мамлакатда коронавирусга чалинганлик ҳолатлари мавжудлигини тан олгани йўқ.

Б. Алматов: 207 минг 336 киши карантиндан чиқарилди

Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директори ўринбосари Баҳром Алматовнинг маълум қилишича, шу кунгача Ўзбекистонда вирусга чалинган беморларнинг 40 фоизи соғайган.

26 апрель куни АОКА ҳузуридаги штабда брифинг ўтказган Алматов берган маълумотга кўра, шу вақтга қадар 207 минг 336 киши карантиндан чиқарилган.

Буларнинг 174 минг 441 нафари уйида, 32895 нафари стационар шароитида карантиндан ўтган.

Айни пайтда, уйида 62,825 нафар, стационар шароитда эса 18,254 нафар киши карантинга олинган.

"Бугунги кунда эпидемик вазият нохуш бўлган ҳудудлардан келган ва беморлар билан мулоқотда бўлган 81 079 нафар фуқаролар саломатлиги устидан тиббий назорат давом этмоқда", деб маълум қилди Алматов.

Шунингдек, брифингда маълум қилинишича, мамлакатда жами 242 минг 536та тест синови ўтказилган.

ДУНЁ: Қатор давлатлар карантинни бекор қилишга ҳозирлик кўрмоқда

Жаҳон бўйлаб расмийлар коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган чекловларни бекор қилиш режасини тузмоқда.

Ғарб давлатларида ўлимлар сони озая бошлаган бўлса-да, мутахассислар айрим давлатлар хасталик ёйилишининг ҳақиқий кўлами ҳақида аниқ маълумот бермаётганини тахмин қилмоқда.​

26 апрель куни Испанияда олти ҳафтадан бери карантин туфайли уйда ўтирган болаларга кўчага чиқишга изн берилади.

Бельгия ҳам карантин чораларини аста-секин бекор қилиш режасини эълон қилди. Мамлакатда 4 майдан бошлаб шошилинч бўлмаган тиббий муолажаларни бошлашга рухсат берилади, ниқоб ишлаб чиқариш учун тикув цехлари очилади.

Франция эса 11 майдан бошлаб чекловларни юмшата бошлайди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири кўпроқ тест ўтказиш режасини тақдим этди.

ССВ: вирусни юқтирганлар 1865 кишига етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 26 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1865 нафарни ташкил қилмоқда.​

ССВ: Тошкент ва Хоразмда 18 бемор соғайди, орасида 4 яшар бола бор

25 апрель куни Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан 2 нафар, Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида 16 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар бутунлай соғайди.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида соғайганлардан 1 нафари (4 ёшли бола) Тошкент шаҳридан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган.

Хоразм вилоятида соғайганларнинг 15 нафари жорий йил 22 март куни Россиядан чартер рейс билан келишган ва карантинга олинган.

Мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 707 нафарни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон: чакана савдога иш бошлашга рухсат берилади

Ўзбекистоннинг коронавирус тарқалмаган жойларида карантин чоралари юмшатилмоқда.

Қурилиш материаллари бозорлари, чакана савдо нуқталари, ҳунармандлар, тижорат банклари шохоблачари, нотарал идоралар, автомобилларга хизмат кўрсатувчи ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини тиклашга рухсат берилди.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг учинчи қисми.

Аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG