Ўзбекистонлик фермерларга сув тежаш технологиясини мажбуран ўрнаттираётган ҳукумат ўзи ваъда қилган субсидияни бермаяпти.
Гарчи президент Мирзиёев бундан икки йил аввал баланд минбардан туриб томчилатиш ёки ёмғирлатиш тизими ўрнатган фермерларга унинг ярим нархини бюджетдан қоплаб беришга ваъда берган бўлса-да, аммо аксарият фермер ҳануз бу ёрдамни ололмаётганидан шикоят қилади.
Оқибатда фермерларга субсидия қилинмаган пул учун ҳам юз миллионлаб сўм кредит ва солиқ фоизларининг кун сайин ошиб бораётгани уларнинг шундай ҳам оғир иқтисодий аҳволига зарба бермоқда.
Ўзбекистон ва минтақадаги қурғоқчилик муаммоси ҳақида президент Мирзиёев БМТ минбарлардан туриб огоҳлантирган эди.
Ўзбекистонда бу муаммони юмшатиш учун махсус дастурлар ишлаб чиқилган, миллионлаб доллар пул ажратилган ва фермерларга ваъдалар берилган эди. Аммо амалда вазият қандай? Бу ваъдалар бажарилдими?
Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан сув тежовчи технологияларни(СТТ) ўрнатган фермерларга бу технологиялар нархининг ярми давлат бюджетидан қоплаб берилиши керак эди.
Аммо, республикадаги фермерларнинг 70 фоиздан ортиғи йиллардан буён бу субсидияни ололгани йўқ. Оқибатда улар ўрнатилган тизимнинг бутун суммасига солиқ тўлашга мажбур бўлмоқда. Бу юз миллионлаб сўм дегани.
Шундоқ ҳам пахта харид нархининг пастлигидан, минерал ўғитлар ва ёнилғи нархларининг қимматлигидан ҳар йили қийинчилик билан йилни якунлаётган фермерлар энди уларга СТТ учун ажратилган субсидияларнинг берилмаётганидан қарз ботқоғига ботиб бормоқда.
Ўзбекистонда сув ниҳоятда исроф бўлаётганини бундан икки йил аввал таъкидлаган президент, СТТ ўрнатган фермерларга унинг қийматини 50 фоизини бюджетдан қоплаб берилишини ваъда қилган эди:
Қурғоқчилик эса Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига йилдан йилга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Фермер учун ҳам СТТ жуда қулай, агар унинг нархи чўнтак кўтарадиган бўлса.
Аммо сўнгги йилларда коррупция аралашгани боис, бу технологиялар фермерларга жуда қиммат нархда ўтказилди.
Фермерлар фақат вилоят ва туман ҳокимлари айтган ва буюрган фирмалардан сотиб олишга мажбурланди. Уларнинг аксарияти эса сифатсиз бўлиб чиқди. Бунинг устига бу технологияларни мутахассислар эмас, балки малакасиз мардикор ишчилар ўрнатди.
Оқибатда фермерларнинг кўпи уларни ишлата олмади ва йиғиштириб қўйди. Фермерларнинг айтишича, агар мустақил текширув ўтказилса камида 80 фоиз фермер сотиб олган СТТ йиғиштириб олиб қўйилган ёки ярим нархида яна ўша ўрнатиб берувчи фирмаларга сотиб юбориляпти.
Фирмалар эса уларни яна бўяб-бежаб бошқа фермерларга ўрнатиб беряпти.
Фермерларга СТТ бир гектар ерга 25 миллион сўм миқдорида ўтказилган. Масалан, 100 гектар ери бўлса 2,5 миллиард сўмга кредит берилган. Президент фармони бўйича бунинг 50 фоизи бюджет ҳисобидан субсидия қилиниши керак.
Аммо республиканинг турли туманларида фермерларнинг аксарият қисми бу субсидияни йиллардан буён ололмагани ҳақида айтадилар.
Ўзбекистон фермерлари Телеграм каналида бу ҳақдаги норози муносабатларни кўплаб кузатиш мумкин:
“Бу гуруҳда вазир ўзими, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарими борми? Сув тежовчи технологияни ўтган йили ўрнатдим. Президент 2023 йил 30 май куни "50% субсидия тўланади" деган гапларидан илҳомланиб технология ўрнатганман, лекин бир йилдирки субсидиядан дарак йўқ. Ишонч рақамига чиқсам фойдаси йўқ. Маьсул борми бирор, илтимос ёрдам қилинг, киссангиздан пул демадим. Президент берган имтиёзни сўрадим”.
“2024йил 13 гектар томчилаш ва 8 гектар ёмғирлаш қилганман. 13 гектарга 150 миллион субсидия тушди, лекин 8 гектар ёмғирлашга мобильный ариза кетмаяпти, субсидия олиб бўлмаяпти”.
“Қашқадарё вилояти Касби тумани “Хўжахитой кўрки” фермер хўжалигида 2025 йил 8 гектар ғаллани ёмғирлатиб суғориш қилдим. Субсидия қачон берилади, вазирликка ўтган дейишяпти тумандагилар”.
“Масалан мана шу субсидия учун ҳар бир бечора фермер камида 5-6 кун ҳокимият ва бошқа ташкилотларга бориб сарсон бўлиб юришибди. Эътибор қилаётган бўлсангиз, йилдан йилга фермерлар тракторларини, сув насосларини, трансформаторларини, молу уйларини сотишмоқда. Сабаби аниқ, субсидияларнинг етиб келмаслиги, солиқ қарзини ошиб бориши, пахта ва ғалламизнинг арзонлиги. Эҳееей, охири йўқ, фермерларнинг дарди ичида”.
Андижон вилоят, Қўрғонтепа ва Шаҳрихон туманида 41 нафар фермер ҳам 2021 йилда ҳоким таклиф қилган МЧЖ билан томчилатиб суғориш тизими ўрнатишга мажбурий шартнома қилдирилган. Аммо, ҳозир томчилатишдан дарак бўлмаган. Сабаби эса...
“Бизни мажбуран шартнома қилдиришди. Банкдан кредит чиқартириб, ҳоким айтган фирмага ўтказиб беришди. Лекин ҳеч қандай иш қилгани йўқ. Бу пуллар шахсан жаноб Ғаниевнинг заводларига чиқиб кетган, бу нарсалар судда очиқ айтилмади. Кейин у фирмадан икки кишини “қурбон” қилиб 7,5 йилданга қамаб юборди. Улар қамоқда, кредит эса бизнинг бўйнимизда қолди. Биз бир сўм ҳам субсидия олганимиз йўқ. Баъзилар кредитни тўлаб бўлди, менда ҳам 50 миллионча қолган”.
Ўзбекистонда бу каби юзлаб ҳолат содир бўлган.
Фермерлар икки томонлама куйиб қолди. СТТ га юз миллионлаб сўм тўлаб, уни жорий қила олмади, боз устига бюджетдан ажратилган субсидияни ҳам ололмаяптилар.
Озодлик нима сабабдан СТТ учун субсидия ажаратилмаётгани сабабини сўраб, Қишлоқ хўжалиги вазири матбуот котиби Дилшодбек Назировга мурожаат қилди.
Саволларни ёзиб олган матбуот котибидан жавоб келмади.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ишлайдиган, хавфсизлик нуқтаи назаридан исми сир қолишини сўраган мулозимнинг Озодликка айтишича, субсидия учун пул Молия вазирлигидан ажратилмаяпти:
“Сўнгги йилларда СТТ ўрнатиш кампанияси авжига чиқди. Тўғри, президент субсидия ваъда қилди. Лекин бу катта пул. Ҳозир бунга 350 миллард сўм керак. Аммо бизга бор-йўғи 70 миллиард сўм беришган. Бизда ҳам фермерларнинг юзлаб мурожаати бор, лекин қўлимиз калта, қаердан топиб берайлик?”
Мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида бир неча миллиардлаб субсидия ва кредитлар ажратилган томчилатиб суғориш бўйича технологиялар ўлда-жўлда қолиб кетаётганини, ишлатилмаган ускуналар учун маблағлар фермерлар бўйнида қолаётганини айтишади.
Мамлакатда қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ва пахта майдонлари интенсивлигини ошириш юзасидан ислоҳотларга Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев масъул қилиб тайинланган.
Томчилатиб суғориш технологиялари учун ажратиладиган субсидия ва маблағлар бевосита Ғаниевнинг кўрсатмаси ва ташаббуси орқали амалга оширилиши айтилади.
Форум