Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:01

Светлана Тихановская: “Режимнинг шафқатсизлиги мени курашни давом эттиришга мажбур қилмоқда”


Лукашенко режимига қарши норозилик ҳаракати етакчиси Светлана Тихановская “Настояшчее время” телеканалига катта интервью берди.

Мулоқот чоғида у ҳибсга олинган Роман Протасевич ва Ғарб санкцияларининг Лукашенко ҳокимиятига таъсири ҳақида сўзлади, шунингдек, мамлакатдан чиқиб кетишидан олдин Беларусь МСКда кечган ўша машҳур суҳбатда унга нима билан таҳдид қилишганини айтди.

– Айтинг-чи, Беларусь норозилик ҳаракати ҳозир қайси босқичда?

– Умид қиламанки, финал босқичида. Ўша лаҳзалар тезроқ келиши учун зарур барча ишни қиляпмиз. Беларуслар нафақат мамлакат ичида, халқаро майдонда ҳам жанг қилмоқда. Жуда кўп ишлар беларусларнинг ўзи томонидан яширин, махфий тарзда олиб бориляпти. Одамларимиз шу қадар ижодкорки, режимнинг кучини қирқишнинг янги-янги усулларини ўйлаб топмоқда.

Имкониятимиз у қадар катта эмас, аммо унинг ҳар бир мисқолидан фойдаланяпмиз, токи биз ўтган йилнинг августидаги каби кўп сонли эканимизни, кўздан ғойиб бўлмаганимизни, шу ерда, қатағонларга қарамай режим билан олишаётганимизни кўришсин. Мен эса Беларусь мавзуси халқаро майдонда кун тартибидан тушиб қолмаслиги учун имкони бўлган барча ишни қиляпман. Токи биз ҳақимизда гапиришсин, ўйлашсин, бизга юраклари ачишсин. Режим айрим хатоларга йўл қўя бошлаганига қараганда, у жон бериш олдидаги талваса ҳолатини бошидан кечирмоқда.

– Халқаро кун тартибини эсга олдингиз. Тушунишимча, энг муҳим омиллардан бири бу Ғарб санкцияларидир. “Ryanair” учоғининг мажбуран қўндирилиши ортидан Роман Протасевичнинг ҳибс қилиниши билан боғлиқ вазиятда қанақа санкцияларни кутяпсиз? Кутганимиз бўлади, деб ўйлашга асосларингиз борми?

– Ҳозирда санкциялар тайёрланмоқда ва, адашмасам, 17 июнга қадар эълон қилинади. Уларнинг мазмунидан хабарим йўқ, мен юқорида персонал санкцияларни назарда тутдим. Шу билан бирга, иқтисодий санкциялар ҳам қўлланишидан умидвормиз.

Барчамиз яхши англаймизки, милиция ва ҳарбийларга пул тўлаш имкони қолмаслиги учун режимни иқтисодий қамал қилмоқ даркор. Бу одамлар тузумга ич-ичидан хайрихоҳ эмас, бироқ улар буйруқни бажаришга мажбур.

Агар ҳаммаси биз тилагандек бўлса, айни вазиятда режим вакилларининг фуқаролик ҳамжамияти билан мулоқотини бошлашдан ўзга чора қолмайди. Янги, адолатли сайловлар ўтказиш учун шунга интилмоқдамиз.

– Европа Кенгаши Беларусдаги инқирозни бартараф этишда Россия муҳим ўрин тутиши мумкинлигини айтди. Бу фикрга нима дейсиз?

– Лукашенко режимини дастакловчилар кўп эмас, улардан бири – Кремль. Россиянинг беларусь инқирозига ечим топишда конструктив рол ўйнаш имкони бўлганида эди, улар бу масалани ҳал қилишда ўртакаш сифатида иштирок этган бўларди.

Мисол учун, Беларусь инқирози мавзусида олий даражада конференция ташкил қилиши ёки фуқаролик жамияти билан режим ўртасида воситачи сифатида қатнашиши мумкин эди. Лекин яна такрорлайман: Беларусда юз бераётган воқеалар – бу унинг ички муаммолари. Бу геосиёсат масаласи эмас, бу – режимга қарши кураш. Бироқ режим Кремлнинг ўзига ҳам малол кела бошлади.

– Россиядан кимдир билан музокара олиб боряпсизми?

– Расмий алоқалар бўлгани йўқ, норасмий мулоқотларга келсак, улар ҳақида гапира олмайман.

– Беларусь халқи куч ишлатар тузилмалардан қанчалик дастак олмоқда? Сиз ҳамиша буни жуда муҳим омил, лекин маълумот ошкор қилинмайди, дегансиз. Сўнгги ой ичида нима ўзгарди?

– Кўп нарса ўзгарди, ўзгармаган ягона нарса – ушбу маълумотларнинг махфийлиги. Бироқ бизда инсайдерлик маълумотлари жуда кўп. BYPOL тузилмамиз бор, у куч ишлатар тузилмалар вакиллари билан мунтазам ҳамкорлик қилиб келмоқда. Улар бизга одамларнинг қийноққа солиниши акс этган видеоларни, ички маълумотлар, ҳужжатларни етказиб беришади.

Турган гапки, ҳаммаси мутлақо махфий қилинади, уларнинг фош бўлиши оқибатлари нақадар даҳшатли бўлишини тушунамиз. Бироқ, шунча хавф-хатарга қарамай, куч ишлатар идоралар BYPOL билан ҳамкорлик қилиб, маълумот етказиб беришмоқда. Ҳокимият номенклатураси билан ҳам худди шундай алоқаларимиз мавжуд. Булар биргаликда, мақсадимизга етишимизда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

– Бу яширин дастак бериш, август ойидаги норозилик авж палласи билан таққослаганда, фаоллашдими?

– У пайтда вазият бошқача эди. Биз одамларни норозилик белгиси сифатида куч ишлатар идоралар ва давлат органлари хизматидан кетишга чақирдик. Кўплар шундай қилди: ишдан бўшаб, хорижга чиқиб кетди. Ҳозир аҳвол ўзгача. Барча ишлар ўта махфий олиб борилмоқда. Биз куч ишлатар идоралардаги кайфиятдан хабардормиз, ходимларнинг руҳи тушиб кетган. Бунақа жойда ишлаш қўрқинчли бўлиб қолган. Одамлар бир-бирларига ишонмайди, ким дўст, ким душманлигини тушунмайдилар. Ва бу уларнинг иш сифатига таъсир этмай қолмайди, албатта.

– Келгусида куч ишлатар ходимларни ёппасига бўшатиш масаласида фикрингиз ўзгаргани йўқми?

– Бу масалани беларуслар ўзаро муҳокама қилишлари лозим. Чунки одамларнинг бир қисми мана шу алғов-далғовлар тезроқ тугаши учун ҳамма нарсани кечиришга тайёр. Бироқ аксари аҳоли, менга ўхшаб, оғир ва ўта оғир жиноят содир этган кимсалар одил суд қаршисига чиқарилиши кераклигини тушунади.

– Путин ва Байденнинг бўлажак музокараларидан нималарни кутяпсиз?

– Албатта, музокаралар якунлари бўйича янгиликлар бўлади деб умид қиламан. Учрашув кун тартибидаги масалаларни аниқ билмайман-ку, аммо у ерда икки президент, жумладан, Беларусдаги вазиятни муҳокама қилишига ишончим комил.

– Беларусга қачон ва қандай шартларда қайтасиз?

– Қачонки бу мен инқилоб учун қилишим мумкин бўлган, ижобий ёки салбий маънодаги сўнгги иш бўлса.

– Ўшанда МСКда сизга нима билан таҳдид қилишганди?

– Фарзандларимни орага суқиб, менга босим ўтказишганди.

– Чарчамадингизми? Таслим бўлмасликка сизни нима ундайди?

– Чарчадим. Бу шафқасизликни, адолатсизликни кўришдан, ўз жонига қасд қилиш ва қийноққа солиш ҳақидаги хабарларни эшитишдан чарчадим. Аммо курашдан чарчаганим йўқ. Чунки уларнинг бераҳмлиги, бегуноҳ кишиларни таҳқирлаб, исканжага солишлари мени ҳаракатни давом эттиришга мажбур этади.

XS
SM
MD
LG