Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:05

Мирзиёев Тоқаевни сайловдаги ғалабаси билан табриклади. Норозилик акциясига чиққанлар тутиб кетилди


Қозоғистон 20 ноябрь куни эрталабдан президент сайловига старт берилди. Марказий сайлов комиссияси қайдича, якшанба куни эрталабдан мамлакат бўйлаб 10 минг 33 та, Қозоғистоннинг хорижий ўлкалардаги дипломатик ваколатхоналари қошида 17 та сайлов участкаси очилган. Қарийб 12 миллион сайловчи овоз бериш ҳуқуқига эга.

Навбатдан ташқари сайлов ўтказишга оид фармонни амалдаги президенти Қосим-Жомарт Тоқаев икки ой муқаддам имзолаган. 23 сентябрдан 11 октябргача президент лавозимига номзод кўрсатиш жараёни бўлиб ўтган. 21 октябрь куни номзодларни рўйхатга олиш якунланиб, кейинги бир ой давомида сайловолди ташвиқоти олиб борилган.

69 ёшли амалдаги президент ва президентликка номзод Тоқаевга оммага яхши таниш бўлмаган 5 номзод “рақиблик қилмоқда”. Хабарларга кўра, президентликка номзодларнинг барчаси якшанба куни тушга қолмай сайлов участкаларига бориб, овоз бериб бўлишган.

Мирзиёев Тоқаевни сайловдаги ғалабаси билан биринчилардан бўлиб табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни телефон орқали Қасим-Жомарт Тоқаевни “умумхалқ сайлови муваффақиятли ўтгани ва унда ишончли ғалаба қозонгани билан самимий муборакбод этди”. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Бўлажак олий даражадаги учрашувларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо, саноат, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги каби устувор йўналишларда ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Мирзиёевдан аввалроқ Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоев Тоқаевни сайловдаги ғалабаси билан табриклаган эди.

Қозоғистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини эълон қилгунига қадар Тоқаев Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон президегнтлари билан телефон орқали мулоқот қилган. Улар Тоқаевни сайловдаги ғалабаси билан табриклаган.

Марказий сайлов комиссияси эрталаб дастлабки натижаларни эълон қилди. Натижаларга қараганда, Тоқаев камида 81,31 фоиз овоз олган.

Сайловда 11 953 465 сайловчидан 8 300 046 киши ёки 69,44 фоизи иштирок этган.

Экзит-пол: Тоқаев сайловда 82 фоиз овоз олди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев навбатдан ташқари президентлик сайловида ғалабага эришгани айтилмоқда. Қозоғистондаги “Очиқ жамият” институти ўтказган экзитпол натижаларига қараганда, Тоқаевга сайловчиларнинг 82 фоизи овоз берган. Сайловчиларнинг 5 фоизидан кўпроғи “ҳаммага қарши” эканини билдирган. Сайловда иштирок этган қолган 5 номзод 2-3 фоиздан овоз олган.

Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, сайловга келганлар сони 68 фоиздан ошган. Ҳозирча МСК саналган овозлар бўйича расмий маълумот бермади.

Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайлови якшанба куни ўтказилди. Кўпчилик таҳлилчилар унда Тоқаев ғалабага эришишини прогноз қилганди. Қозоқ мухолифати Тоқаевга рақиб бўлган номзодлар оммага яхши таниш бўлмаганини ва улар сайловда “гўёки рақобат мавжудлигини кўрсатииш учунгина” иштирок этганини айтмоқда.

Кузатувчилар сайловдаги қонунбузарликлар ҳақида турли маълумотларини бермоқдалар. Жумладан, Олмаота шаҳрида мустақил кузатувчи эрталаб сайлов учаткасига кетаётганда ушланди ва полиция участкасига олиб борилди. Уни бир неча соат ушлаб туришгач, қўлга олингани сабабларини тушунтирмай қўйиб юборишган.

Қатор мустақил кузатувчиларнинг овоз бериш участкаларидаги ҳаракатлари чекланди, улар участкалардан чиқариб юборилди ёки киритилмади, сайловчилар ва бюллетенлар сони тўғрисида маълумотлар берилмади. Қозоғистон расмийлари эса бу каби маълумотларни инкор қилмоқда.

Сайлов куни мухолифат асосан Олмаотада норозилик акцияларини ўтказди. “Уйғон, Қозоғистон” ҳаракатининг ўн нафар фаоли “Ҳалол сайловлар учун” шиори остида митинг ўтказаётганда қўлга олинди. Рўйхатга олинмаган Қозоғистон Демократик партиясининг беш нафар аъзоси “Танловсиз сайловларга йўл йўқ” плакатларини кўтариб, норозилик билдирди. Улар ҳам полиция томонидан ушлаб кетилди. Сайлов арафасида бир неча мухолифат фаоли ҳибс қилинди.

МСК: Остона вақти билан соат 22 гача сайловчиларнинг 69,43 фоизи овоз берган

Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси қайдича, 20 ноябрь куни Остона вақти билан соат 22 гача сайлов рўйхатига киритилган сайловчиларнинг 69,43 фоизи овоз берган.

Давомат бўйича, расмий маълумотларга кўра, Жетисув вилояти сайловчилари (81,42 фоиз) олдинда бормоқда. Ундан кейин Қизилўрда вилояти (81,07 фоиз) сайловчилари туришибди. Мамлакатнинг жанубий пойтахти бўлган Олмаотада эса мамлакат бўйлаб энг паст кўрсаткич қайд этилган – у ерда сайловчиларнинг 28,72 фоизи овоз беришган.

МСК маълумотига кўра, соат 20 га қадар жами 8 миллион 299 минг 501 сайловчи бюллетенларни қўлларига олишган. Сайлов рўйхатга киритилган сайловчиларнинг умумий сони эса 11 миллион 950 минг 485 кишини ташкил қилади.

Норозилик акцияларидаги қўлга олишлар

Олмаотада полициячилар томонидан тутиб кетилаётган норозилик акцияси иштирокчиларидан бири, 2022 йил 20 ноябри
Олмаотада полициячилар томонидан тутиб кетилаётган норозилик акцияси иштирокчиларидан бири, 2022 йил 20 ноябри

Қозоғистонда президент сайлови куни мухолифатдаги сиёсий партиялар тарафдорлари ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида бир неча жойда норозилик тадбирлари ўтказишга уринишлар бўлган. Хусусан, Олмаота шаҳридаги Абай ҳайкали олдида 20 ноябрь куни эрталаб рўйхатга олинмаган Қозоғистон Демократик партияси вакиллари норозилик акцияси ўтказишга ҳаракат қилишган.

“Танловсиз сайловга қарши” эканларини билдиришган иштирокчилардан беш нафари акция бошланганидан бир неча дақиқа ўтар-ўтмас полиция томонидан тутиб кетилган.

Тушга яқин қозоғистонлик ҳуқуқ-тартиботчилар Олмаотанинг Республика майдонида митинг ўтказаётган Oyan, Qazaqstan! ҳаракати фаолларидан 10 нафарини тутиб кетишган. Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, акция иштирокчилари қўлларида “Одил сайловга етадиган кунимиз борми?” деб ёзилган плакатни кўтариб туришган ва “Биз сайловлар ҳалол ўтказилиши тарафдоримиз” дея ҳайқиришган.

“Власть” нашри ҳисоб-китобига кўра, Остона вақти билан соат 14 гача сайловга норозилик билдириб чиқиши ортидан ушлаб кетилган кишилар сони 30 нафарга яқинлашган.

Қозоғистон: Сайлов куни “ноқонуний митингга чақиргани” учун тўрт киши жавобгарликка тортилди

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги 20 ноябрь куни “ноқонуний митингга чақиргани” учун қўлга олинган тўрт киши жавобгарликка тортилгани ҳақида маълумот тарқатди.

Вазирлик бу тўрт нафар шахсга қандай жазо берилганига аниқлик киритган эмас.

ИИВ қайдича, яна 15 кишига нисбатан тузилган маъмурий баённомалар судга йўлланган.

“Бу фуқаролар акцияларнинг ноқонунийлиги ва уларни тўхтатиш лозимлиги ҳақида маҳаллий ижроия органлари ва прокуратура идоралари томонидан бир неча бор огоҳлантирилганлар”, дея иддао қилинган вазирлик хабарномасида.

Қозоғистонлик мустақил кузатувчилар: Сайловда қонунбузарликлар кузатилмоқда

Амалдаги президент Тоқаев овоз берган участкада кузатувчилар учун ажратилган жой, Остона, 2022 йил 20 ноябри
Амалдаги президент Тоқаев овоз берган участкада кузатувчилар учун ажратилган жой, Остона, 2022 йил 20 ноябри

“Еркіндік қанаты” жамоатчилик бирлашмаси ва Қозоғистон Ёшлар ахборот хизматидан (ҚЕАХ) бўлган мустақил кузатувчилар 20 ноябрь куни бўлиб ўтаётган президент сайловини кузатиш жараёнида аниқланган қонунбузарликлар ҳақида маълум қилишди.

ҚЕАХ лойиҳаси бўлган Ёш сайловчилар лигаси маълумотига кўра, сайлов кунининг биринчи ярмида 25 та қонунбузарлик қайд этилган. Энг кўп қонунбузарликка (16 та) кузатувчиларнинг ўзлари нишон бўлган.

“Уларнинг ҳаракати чекланмоқда, ўтиш жойлари қизил тасмалар билан тўсиб қўйиляпти, улардан курсида қимирламай ўтириш сўралмоқда, давомат, сайлов участкасининг очилганига оид баённомалар ҳақида сўраганларга “халақит берманг” дея, сайлов участкасидан ҳайдаб чиқариш таҳдид қилинмоқда”, дейишган Ёш сайловчилар лигаси вакиллари.

Аниқланган қонунбузарликлар орасида сайлов комиссияси аъзосининг имзосисиз бюллетень бериш, кузатувчилар ҳаракатланишини чеклаш, ҳукмрон “Аманат” партиясидан битта участкада икки нафар кузатувчи иштирок этаётгани ва бошқа қонунбузарликлар бор.

Расмийлар эса овоз бериш жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйилганига оид маълумотларни рад этишмоқда.

Танловсиз сайлов

Президент сайлови арафасида пойтахт Остона кўчаларидан бири
Президент сайлови арафасида пойтахт Остона кўчаларидан бири

Қозоғистонлик ва халқаро қатор шарҳловчиларга кўра, Оқўрданинг кардинал сиёсий ислоҳотлар ўтказиш ваъдаларига қарамай, мамлакатда президент сайлови бу гал ҳам ҳақиқий рақобат бўлмаган бир шароитда ўтказиляпти. Амалдаги президент Қасим-Жомарт Тоқаев ўзи осонликча мағлуб қилиши мумкин бўлган бешта рақиб билан мусобақалашмоқда.

Президент сайловолди ташвиқоти ва мамлакат минтақаларига "иш сафарлари"нинг қўшилиб кетиши, ҳақиқий рақобатнинг йўқлиги, сайлов натижаси аввалдан тайинлиги Тоқаевнинг 82 ёшли салафи, авторитар собиқ президент Нурсултон Назарбоев давридаги сайловларда одатий ҳол эди. Бироқ йил бошида ҳалокатли тартибсизликларни бошдан кечирган Тоқаев ўтмишдан узилишга чақирмоқда, бу эса, кузатувчиларнинг фикрича, ўхшашликларни янада очиқроқ кўрсатади.

“Тоқаевнинг Янги Қозоғистонидаги эскича сайловлар ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатишга уринаётган президент учун ёмон”, деган бешинчи бора президент сайловини ёритаётган қозоғистонлик журналист ва “Қоронғи соялар: Қозоғистоннинг махфий дунёси ичида” китоби муаллифи Жоанна Лиллис.

Лиллисга кўра, бу Тоқаев учун демократлаштиришга қанчалик содиқлигини кўрсатиш имконияти эди, лекин бунинг ўрнига у Назарбоев каби сайловларни микро даражада бошқаришга қарор қилган.

“Қайта сайловлар Тоқаевнинг ҳокимиятини мустаҳкамлашга ёрдам беради ва реваншист кучларга ўйин бошлангани ва у ҳақиқий раҳбарлиги ҳақида сигнал беради”, деган Жоанна Лиллис Озодликнинг қозоқ хизмати билан суҳбатда.

Бугунги сайловга ҳозирлик чоғида камида олти нафар мухолифат фаоли ҳибсга олиниб, 15 суткагача қисқа муддатли ҳибсга ҳукм қилинган.

Улар орасида январь ойида тартибсизликлар ортидан ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани ва қийноқларга солингани хориж матбуотида кенг ёритилган Асет Абишев ҳам бор эди.

16 ноябрь куни Олмаотада сўзлаган Тоқаев давлатнинг “жасур ва қатъий жавобини” олқишлаб, айбни яна тинч намойишдан фойдаланиб вайронагарчилик келтириб чиқарган “бандитлар”га юклаган.

Аммо тартибсизликлар пайтида ҳукумат қўшинларига “ отиш”ни буюрган Тоқаев, шунингдек, воқеалар арафасида баъзи одамлар “мамлакатдаги вазиятни атайлаб издан чиқармоқчи” бўлаётганини таъкидлаб, кейинги намойишларга чақиришдан огоҳлантирган.

Қозоғистонда конституцияга киритилган сўнгги ўзгартишлардан кейин президент ваколати муддати 5 йилдан 7 йилга чўздирилган, аммо бир кишининг бу лавозимга икки марта сайланиши мумкинлигига оид модда олиб ташланган. Амалдаги президентнинг муддати эса “ноллаштирилган” – у сайловда гўё янги номзод сифатида қатнашмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG