Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 23:26

Оддий россияликлар санкциялар оғриғини ҳис қила бошлади


Санкт-Петербургдаги банкомат олдида одамлар доллар ва евро олиш учун навбатда туришибди. 25 февраль, 2022
Санкт-Петербургдаги банкомат олдида одамлар доллар ва евро олиш учун навбатда туришибди. 25 февраль, 2022

Россиянинг Украинага урушига жавобан Ғарб, таъбир жоиз бўлса, иқтисодий уруш билан жавоб қайтарди. Россия ҳукумати, молия тизими, ҳарбий саноати, олигархлари ва шахсан президент Путин мисли кўрилмаган санкциялар остида қолди.

Бу иқтисодий жазо чоралари оддий россияликларнинг ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатиши санкцияларнинг муқаррар оқибати ва Ғарб раҳбарлари бундан ҳар доим таассуф изҳор қилишган.

Россияликлар тўлов тизимлари ишламаслиги, нақд пул олиш билан боғлиқ муаммолар ва айрим нарсаларни сотиб ололмаслик каби кундалик жиддий муаммолар билан юзлашмоқда.

“Apple Pay кечадан бери ишламаяпти. У билан ҳеч қаерда на автобусда, на кафеда тўлов қилиб бўлмади”, — деб айтган Москвада яшовчи Татяна Усмонова Associated Press билан 2 март кунги суҳбатда.

"Бу ҳам етмагандек, битта супермаркетда бир киши сотиб олиши мумкин бўлган асосий товарлар миқдорига чеклов қўйилди."

Apple Россияда IPhone ва бошқа бренд маҳсулотларини сотишни тўхтатганини, Apple Pay каби хизматларини чеклаганини эълон қилди.

Ўнлаб хорижий компаниялар ўз бизнесини Россиядан олиб чиқиб кетди. Йирик автомобиль брендлари Россияга транспорт воситалари экспортини тўхтатди; Boeing ва Аirbus Россия авиакомпанияларига самолёт эҳтиёт қисмларини етказиб бериш ва уларга хизмат кўрсатишни тўхтатди; йирик Голливуд студиялари ҳам фаолиятини тўхтатди. Бу рўйхат яна кенгайишда давом этадиган кўринади.

Москва ва бошқа шаҳарлардаги россияликлар The Аssociated Press билан суҳбатда бу ҳаракатлар уларнинг кундалик ҳаётида қандай акс этгани, рублни хорижий валютага конвертация қилиш билан боғлиқ муаммолар, банкоматлардаги узун навбатлар ва айрим банк карталари ишламай қолганига ишора қилди.

Ярославл шаҳрида яшовчи Ирина Бирюкова ўзининг банк ҳисоб рақамига банкоматлар орқали фақат чекланган миқдорда пул ўтказа олишини айтди.

"Депозит қўядиган кўплаб банкоматлар ишламаяпти", деди Бирюкова.

Озиқ-овқат нархлари ҳам кўтарила бошлагани айтилмоқда.

“Маҳсулотларимиз тайёрланадиган барча асосий ингредиентлар 30-40 фоизга қимматлади”, деди Пермдаги суши-барда етказиб бериш хизмати билан шуғулланувчи Иля Октавин.

Сешанба куни кечқурун Nikе компанияси веб-сайтида "Компания Россиядаги харидорларга товарларни етказиб беришга кафолат бера олмайди" деган баёнот пайдо бўлди. Чоршанба куни H&М мамлакатда "барча сотувлар" тўхтатилганини эълон қилди.

"Биз нархларнинг кўтарилиши, оммавий ишдан бўшатиш, нафақа ва пенсия тўлашдаги кечикишларга дуч келяпмиз", деб ёзди мухолиф сиёсатчи Юлия Галямина чоршанба куни Facebook'да.

“Дори-дармон ва тиббий асбоб-ускуналар тақчиллиги, эскирган, ночор автомобиль ва самолёт парки. ... Биз 1990 йилларни энг ёмон давр сифатида эслаймиз. Лекин менда битта савол бор: нима учун?

Ваҳима олдини олиш мақсадида Россия расмийлари санкциялар босими остида ишлаётган соҳалар ҳақида хабар берадиган “Биз тушунтирамиз” деб номланган махсус веб-сайтни ишга туширди. Нархлар ошаётгани ёки баъзи хизматлар ишламаётгани ҳақидаги хабарларга веб-сайтда "сохта" дея таъриф берилган .

Айни пайтда баъзи россияликларнинг айтишича, уларни нафақат санкциялар, балки Россиянинг ўз қўшнисига қилган ҳужуми ҳам ташвишга солмоқда.

“Биласизми,санкциялар мени унчалик ҳам безовта қилмаяпти. Мен Россиянинг Украинада одамларни ўлдираётганидан хавотирдаман”, деди Москвада яшовчи Иван Козлов. "Мен Россиядаги барча виждонли, раҳм-шафқатли, ақли расо одам хоҳламайдиган уруш тўхташини хоҳлайман."

Россияда урушга қарши кайфият кучайди. Минглаб одамлар босқинни тўхтатишни талаб қилиб очиқ хатлар ва онлайн петицияларни имзолади. Энг кўп қўллаб-қувватланган онлайн петиция бир неча кун ичида 1 миллиондан ортиқ имзо йиғди.

Уруш бошланганидан бери бутун мамлакат бўйлаб маҳаллий аҳоли деярли ҳар куни кўчаларга чиқиб норозилик билдирмоқда. ОВД-Инфо ҳуқуқ ташкилотига кўра, ўтган ҳафтада 7000 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган, чоршанба куни эса 600 га яқин одам ҳибсга олинган.

Айни пайтда ғарблик ҳарбий экспертлар Россия агрессиясини тўхтатиш учун янада кўпроқ санкциялар жорий этиш ва Кремлга босимни кучайтириш кераклигини айтишмоқда.

Озодлик рус хизмати билан суҳбатда АҚШ давлат котибининг собиқ ёрдамчиси Дэвид Крамер вазиятни шундай баҳолайди:

“Украинлар юксак матонат кўрсатишяпти. Ўз юртини чет эл истилосидан қаҳрамонларча қўриқлаётган украинлар қойил қолмасдан илож йўқ. Айни чоғда биз халқаро ҳамжамиятнинг Россия тажовузига нисбатан мисли кўрилмаган реакциясига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу реакция тезкорлик билан билдирилди. Ва бунда тажовуз олдидан иттифоқчиларнинг уйғун ҳаракатини ташкил қилиш учун кўп жон койитган Жо Байден маъмуриятининг, қолаверса, Германиянинг минтақавий хавфсизликка доир стратегиясида инқилобий бурилиш қила олган канцлер Олаф Шольцнинг хизматлари катта, деб ўйлайман. Шольц “Шимолий оқим-2” лойиҳасини тўхтатиб қўйди, Германиянинг мудофаа харажатларини оширди ва ҳарбий можаро бошланганидан сўнг Украинага жанговар қуроллар етказиб берди. Евроиттифоқ ва бошқа иттифоқчиларимиз киритган санкциялар таъсири аллақачон сезиляпти: рубль қулаяпти, Россияда фоиз ставкалари оширилмоқда. Бироқ энг муҳими – Путиндан бутун маданий дунё юз ўгирди. У ўзига ўхшаб халқаро санкцияларга учраган Мадуро, Ким, Асад ва Лукашенколар даврасига қўшилди.

-Нима деб ўйлайсиз, ўз мамлакатларини ҳимоя қилишда украинларга чиндан нафи тегадиган яна бирон восита қолдими ғарблик иттифоқчиларда?

-Менинг таклифим бирмунча қалтис, аммо зарур. Мен Украина осмонини парвозсиз зона деб эълон қилиш керак, деб ҳисоблайман. Қўрқаманки, Путин қуруқликдаги амалиёт муваффақиятидан умидини узиб, Украина шаҳарларига ҳаводан ёппасига зарба беришга буйруқ беради. Парвозсиз зона ғояси хатарли, чунки Россия билан НАТОнинг тўғридан-тўғри тўқнашувига олиб келиши мумкин, бироқ, Путин украин шаҳарларини ер билан битта қилишни бошласа, НАТО барибир ўзини четга ололмайди. Назаримда, Путин ялпи бомбалашга буйруқ бермасидан Украина ҳаво ҳудудида парвозсиз зона жорий этилганини эълон қилиш лозим.

Украина уруши ва Путиннинг ўзбек олигархлари. Санкциялар сиртмоғи тортилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:29 0:00

Шу билан бирга, санкцияларни кенгайтириш, Россиянинг беистисно барча йирик банкларини жазолаш ва уларни SWIFT тизимидан буткул узиш керак. Россиянинг бутун раҳбариятини, жумладан Украинага тажовузни қўллаб-қувватлаган барча депутат ва сенаторларни санкцияга тортиш зарур. Кремль билан алоқа қиладиган барча рус олигархлари санкцияларга ҳадаф бўлсин. Ва, агар ихтиёр менда бўлса эди, Путинга тил теккизмаган ҳолда уруш бошлананидан афсус-надомат изҳор қилиб чиққан айрим олигархларнинг кўз ёшига боқмаган бўлур эдим. Улар ўзлари дастаклаган ва дастаклаб келаётган, бойлик орттиришларига имкон берган одамнинг хулқ-атвори учун товон тўлашлари шарт. Уруш шароитида уларнинг Ғарбдаги мол-мулкларини мусодара қилишга, банк ҳисобларини хатлашга ҳаққимиз бор, чунки улар мана шу урушни бошлаган режимни дастаклашяпти”.

-Душанба куни Россия-Украина музокаралари ҳақида кўп ёзишди, аммо сизнинг ўз тасаввурингиз борми: можарони қандай тугатиш мумкин? Бир тарафдан, Кремль бўлиб ўтган шунча воқеалардан сўнг шармандаларча чекинишга ўлақолса рози бўлмайди, бошқа томондан, украинлар Кремлнинг талабларини қабул қилиши ҳам ақлга сиғмайди?

-Россия армияси буткул чиқиб кетмасидан бу уруш битишини тасаввур қилиш қийин. Бунақа қарор, лоақал айни вазиятда Путин учун мутлақо номақбул. Ҳатто Россиянинг давлат пропагандачилари ҳам ҳарбий кампаниянинг бу тарзда якун топишини Кремль учун фойдали бўлди, деган маънода таърифлаб бера олмасалар керак. Шу боис мен музокаралардан бирон наф бўлишига ишонмайман. Украина Путин талаб қилганидек бетараф давлат бўлишга кўнишига ақлим бовар қилмайди. Президент Зеленский урушаётган мамлакат лидери ўлароқ ўзини жуда муносиб тутмоқда, унинг қарорлари ва журъати ҳурматга лойиқ. Зеленскийнинг АҚШ уни эвакуация қилишни таклиф этганида айтган “менга такси эмас, қурол-яроғ керак”, деган гапини дарсликларга киритса арзийди. Бунақа жасорат билан урушаётган одам Кремлга ён беришига шубҳам бор. Бу уруш пировардида Россиянинг бутун Украина ҳудудини, жумладан, “ЛХР” ва “ДХР” деган қўғирчоқ республикаларни ҳам тарк этиши билан якун топса не ажаб.

-Владимир Путиннинг ядровий кучларни юқори шайлик ҳолатига келтиришга доир буйруғи кўпчиликни безовта қилмоқда. Ўтган куни прездидент Байден Россиянинг ядровий зарбасидан хавфсирамаслигини айтди. Аммо АҚШ Путиннинг бу гапига муқобил жавоб бергани йўқ. Сизнинг-ча, Вашингтон бу хусусда аслида нималарни ҳис этяпти?

-Ғарб Россия президентининг бу гапини осонгина қулоғининг бир чеккасидан ўтказиб юборади деб ўйламайман. Путин испульсив, ўзгарувчан шахс. Агар бу феъл-атвор сабаби қандайдир психологик муаммо билан боғлиқ бўлса, Ғарб унга ниҳоятда жиддий қараши керак. Аммо, менимча, Ғарб Россия раҳбариятидаги, айниқса олий арбий раҳбариятдаги соғлом каллалар бунақа қурол ишга солинишининг олдини олишига умид қилмоқда. Катта эҳтимол билан, бу дағдаға – Путин ҳарбий кампаниянинг аҳволидан ҳафсаласи пир бўлганини билдиради. Афтидан, “махсус амалиёт” мутлақо кутилмаган ўзанга бурилиб кетгани ҳақидаги маълумотлар ҳатто унинг ҳам қулоғига етиб боряпти. Кўпчилик “Путин фақат ўзи хоҳлаган маълумотларни эшитади”, дейди. Лекин бу баёнотга қараганда, Россия президенти украинлар ўзларини у хоҳлагандек тутмаётганини, рус қўшинларини гуллар билан кутиб олиш ўрнига улар билан аёвсиз жанг қилаётганини ниҳоят англаган. Боз устига, халқаро ҳамжамият Россияни санкцияларга кўмиб ташлаб, бутунлай яккалаб қўйди. Хуллас, ядровий қуролга шама қилинган баёнот – тобора тушкунликка тушаётган одамнинг тилидан айтиляпти.

***

Америкалик сиёсатшунос, Вашингтондаги Кеннан институти вице-президенти Ульям Померанц Украинага қарши уруш Россияни иқтисодий ҳалокатга элтиб, Путин режимига таҳдид солади, деб ҳисобламоқда.

“Владимир Путиннинг ягона имконияти – ўзи бошлаган юришни тугатиб, ғалабасини эълон қилиш ва ортга қайтишдир. Аммо у бунга тайёр эмаслиги турган гап. Аммо бир нарсани унутмаслик керакки, авторитар лидерларнинг ҳокимияти баъзан биз ўйлаганимиздек мустаҳкам бўлмайди. Бир неча ой муқаддам Нурсултон Назарбоевни ҳеч ким жойидан жилдира олмайдигандек туюларди. Ҳолбуки у ҳокимиятдаги бутун нуфузини ва эл олдидаги обрўйини бир ҳафтада йўқотди. Владимир Путиннинг тақдири ҳам айнан шундай бўлади, деб башорат қилмоқчи эмасман, бунинг учун унга қарши бошқа салбий омиллар ҳам зарур, бироқ у қисқа фурсатда ғалаба билан тугаши кутилган ҳарбий кампанияни бошлагани ўртага чиқиб бўлди. Агар яқин кунларда ғалабага эришилмаса, унинг жамиятдаги рейтинги тушиб кетиб, ҳокимияти заифлашади. Украина рус армиясига қанақа зарба бераётганини кўриб турибсиз. Қолаверса, халқаро ҳамжамият жипслашиб, Россияда иқтисодий хаос келтириб чиқара оладиган кенг кўламли санкцияларни жорий этди. Эндиги масала – Путин Россиянинг сўнгги 30 йилдаги иқтисодий ютуқларини Украинани босиб олишга қурбон қила оладими, йўқми – мана шунда. Назаримда, у халқаро ҳамжамият бу қадар жипсликда реакция кўрсатишини олдиндан кўра олмади. Шу пайтгача киритилган санкциялар Россияга жиддий талафот етказмагани учун янглишди ва мамлакат иқтисодиётини жар ёқасига элтадиган санкциялар жорий этилиши мумкинлигини ҳисобга олмади”, дейди эксперт.

XS
SM
MD
LG