Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:59

OzodTarmoq: Ўзбекистондаги газета илк бор сиёсий мухолифатчи билан суҳбатлашди


OzodTarmoqда ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган, Озодлик тингловчиси (ўқувчиси, томошабини) қизиқишини уйғотиши мумкин материаллар бериб борилади.

Рукннинг бугунги сонида узоқ йиллардан буён Ўзбекистондан ташқари яшаётган журналист Жаҳонгир Муҳаммад Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилган суҳбат матнини эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

Суҳбат, албатта, ўқувчиларнинг қизиқишини уйғотиши мумкин, лекин бу суҳбатнинг эътиборли жиҳати унинг Ўзбекистонда чоп этиладиган "Адабиёт" газетасида эълон қилинганидир.

Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлиб, чет давлат берган сиёсий бошпанада яшаётган мухолифатчи билан Ўзбекистонда чиқадиган газетанинг суҳбат уюштириши илк марта кузатилаётган кутилмаган воқеадир.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган суратда "Адабиёт" газетаси Бош муҳаррирининг Ватанга сиғмаган Ватандоши билан суҳбати" босилган саҳифаси акс этган.

Жаҳонгир Муҳаммаднинг "Адабиёт" газетасига берган интервьюси
Жаҳонгир Муҳаммаднинг "Адабиёт" газетасига берган интервьюси

OzodTarmoq суҳбатнинг қуйидаги эълон қилинаётган матнини газетада эълон қилинган матнига қиёслаб қўргани йўқ.

***

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Жаҳонгир Муҳаммад (Маматов) билан суҳбат

1. Сиз чорак асрдан буён Ўзбекистондан четда яшаб келмоқдасиз. Иммиграция қилишингизга нима сабаб бўлган?

Жаҳонгир Муҳаммад: Диссидентлар орасида бир ҳазил бор:

"Нега Ватанингдан кетдинг?"

"Сиғмадим"

"Ватанинг шунча кичкинами?"

"Йўқ, мен шунча катта!".

Бу ерда фикри, сўзи, қарашлари кенглиги туфали Ватанга сиғмасликка ишора бор.

Камина ихтиёрий иммиграция қилганим йўқ, аксинча йиллар давомида одамларни ҳаётий таҳлика бўлмаса, ватанидан кетмасликка ундадим. Ўзимнинг, оиламнинг ва фарзандларимнинг ҳаёти хавф остида қолгандан кейингина Ўзбекистондан кетганман. Ўшанда ЎзТВда раҳбарликдан истеъфо берганимдан сўнг Каримов ғазаб отига минди. Сабабини истеъфономани ўқисангиз тушуниб оласиз.

ИСТЕЪФОНОМА: “Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида рўй берган фожеа юртимизда ошкоралик, ростсўзлик йўқлиги, инсон ҳуқуқларини топташ ҳали бери барҳам топмаслигини исботлади. Мен раҳбар бўлган жумҳурият телевидениесидан кўрсатувлар олиб қўйилди. “Муносабат” рукни билан ҳозирланган махсус кўрсатув экранга чиқарилмади. Ошкоралик учун кураш йўллари бекитиб ташланди. Мени истеъфо беришга ундаган сабаблар қуйидагилардир:

1.Ҳар қанча уринмайлик, Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар ҳақида ошкора фикр билдирилишига йўл берилмагани;

2.Паркент воқеалари юзасидан тузилган комиссиянинг хулосаси сир сақлангани каби Талабалар шаҳарчасидаги фожеа юзасидан ҳам ўша услуб қўлланилаётгани;

3.Яна яккаҳокимлик, диктатура бошлангани. Халқнинг оғир аҳволини енгиллатиш ўрнига фақат ваъдалар бериш, алдаш билан банд бўлинаётгани;

4.Сиёсатда барқарорлик йўқлиги, миллий бирлашув ҳақида тинимсиз гапирилгани ҳолда амалда тескарисини қилиб, низо-адоват келтирилиб чиқарилаётгани;

5.Кадрларни танлашдаги жиддий хатолар, бу борадаги ўпирилиш, раҳбар кадрларга ишончсизлик, уларни асосан шахсий садоқатига қараб танлаш, қобилияти, билими эътиборга олинмаётгани;

6.Маҳаллийчилик иллатининг илдизига сув қуйиш, одамларни бир-бирига қарши қўйиш касалини даволаш ўрнига унинг авж олдирилаётгани;

7.Халқ тақдири ва келажаги билан шуғулланиш ўрнига икр-чикирлар, қувғинлар, инсон ҳуқуқларини топташ билан банд бўлинаётгани;

8.Мухолифатдаги партия, ҳаракат ва уюшмаларга нисбатан минбарлардан яхши гап айтилиб, амалда улар таъқиб қилинаётгани;

9.Халқнинг аҳволи кун сайин оғирлашиб бораётгани, бунинг олдини олиш учун аниқ дастур йўқлиги.

10.Миллатвакилларининг эркин баҳслари, бор гапни айта олишлари учун шароит яратилмагани ва аксинча оғир, носоғлом вазият вужудга келтирилгани, фикрлар, таклифларга эътибор қилинмаётгани…

Ана шу ва бошқа сабабларга кўра, ҳукумат таркибидан чиқаман ҳамда ўзимни унга нисбатан мухолифатда, деб ҳисоблайман. Ҳукумат таркибида туриб, бу иллатларга қарши кураш йўлини топмадим. Ҳукумат аъзолари учун йўллар берк ва очилмасдир…”

Бунинг устига “ЭРК партиясига мафкура масалалари бўйича котиб ва “ЭРК” газетасининг Бош муҳаррири(1993-1994) этиб сайлангач, суиқасдлар, қувғинлар бошланди. Бир неча марта ўлимдан қутулиб қолдим. Бу ҳақда китобларимда батафсил ёзганман. Охири Тошкентдан куч билан Самарқандга сургун қилишди ва у ерда қамоққа олишди. Тергов жараёнида ўлдириб юбориш топшириғини олишгандан кейин дўстларим ёрдамида чиқиб кетганман. Милиция ва прокуратура органларида виждонли одамларбор, мамлакатлар орасида ҳали чегаралар ўрнатилмаганди. Озарабайжонга кетдим. У ердан Туркия ва сўнг Америка. Четга кетганим билан бир зум ҳам Ўзбекистон хаёлидан узилган эмасман. Доим демократия тарафдори бўлдим ва халқ бошқарувиЎзбекистонни келажак сари етаклашини англатишга уриндим.

2. Ижтимоий тармоқларда сизнинг Каримовга парламент минбаридан туриб қизил карточка кўрсатганингиз видеоси кенг тарқалган. Ўша видеода сиз “Ислом Абдуғаниевич, сиз бу дунёга устун бўла олмайсиз, Ўзбекистонни сизнинг онангиз яратган эмас,” дея кескин мурожаат қилгансиз. Нима сизни бундай мурожаатга мажбурлаган эди?

Жаҳонгир Муҳаммад: Совет Коммунистик тизимининг номи коллектив бошқарув бўлгани билан амалда тоталитар диктатура режими эди. Каримов янгисини қурмасдан эскисини бузмаймиз, деб ўша тизимни сақлаб қолди. Нафақат бошқарувда, ҳатто давлат символларида ҳам. Масалан, гимнда эски мусиқа айнан қолдирилди. Гербда эски шаклнинг ўртасига семурғ акси қўшилди, холос. Байроқ ҳам шундай, косметик ўзгаришлар билан қабул қилинди. Конституцияга демократик принциплар киритилмади, яъни уч ҳокимиятнинг бир бирини назорат қилиш қоидаси бузиб талқин қилинди. Президентга ишончсизлик билдириш, импичмент бўлими олиб ташланди. Депутатлар калтакланди, оилалари қўрқитилди, уй-жойлари ёқиб юборилди ёки тортиб олинди ва ўзлари қамоққа тиқилди. Конституция у ёқда турсин, ҳатто қонунлар ҳам бир тийинга олинмади.

Қонун бўйича депутат дахлсиз эди. Фақат Олий Кенгаш дахлсизликни бекор қиларди. Ўшанда Олий Кенгашнинг хабари бўлмасдан депутат Иномжон Турсунов устидан иш очилди. Шовруқ Рўзимуродов қамалди. Мурод Жўраевга сиқасд бўлди. Самандар Қўқоновни терговга тортишди. Мухолифатнинг кўзга кўринган фаоллари калтакланди, қамалди, туҳмат ва қийноқларга учради. Халқ қийин ҳаёт кечира бошлади. Тепада бир гуруҳ бойлар ва пастда бечоралар. Каримов бутун Ўзбекистон меники деб ўйларди, истаган одамимга бераман, истаган одамимдан оламан - унинг ҳаёт фалсафаси шу эди.

Шундай кезда Каримовга мамлакат халқники эканлигини эслатиб қўйиш зарурати пайдо бўлганди.

3. Сиз ўз мемуарингизда, “ИАК” китобида депутатлар таклиф этган мустақиллик декларациясининг қабул қилинишига Каримов қаттиқ қарши чиққан жараёнларини эслагансиз. Шунингдек, биринчи президент мустақилликни “хоинлик”, “орқадан пичоқ уриш” деб атаганини ёзгансиз. У бу гапларида нимани назарда тутган ва нега мустақиллик декларациясига қарши чиққан эди?

Жаҳонгир Муҳаммад: Ислом Каримов Совет коммунистик партиясининг ҳақиқий курашчиси эди. У совет коммунисти эди ва бу “шарафли” номни охирига қадар эъзозлади. Гарчи тилида бошқа гап айтган бўлса ҳам, амалда у ўз эътиқодига содиқ қолди.

Агар уни ҳақиқий коммунист эди деб улуғлашса, бу унга берилган тўғри баҳо бўлади.

1990 йилда Мустақиллик декларация қабул қилинган сессияда Котибият раиси эдим. Шунинг учун ҳам Каримов билан сессия жараёнида бир неча марта баҳслашдик. У биз мустақил бўлолмаймиз, деган қатъий фикрда эди. Чунки ҳаёти ва келажагини фақат Совет давлати билан боғлиқ тасаввур қиларди. КПСС съездида Кремл минбаридан туриб раҳбариятни кескин танқид қилган ва партияни сақлаб қолиш учун барча имкониятларни ишга солишни талаб қилганди. Ўш съездда у Политбюро аъзолигига ҳам сайланганди. Тошкентга қайтиб келганда, аэропортда ундан суҳбат олаётган мухбирга, Совет Иттифоқини сақлаб қолиш бу келажагимизни сақлаб қолишдир, деганди.

Мустақиллик декларацияси қабул қилингани, аммо эълон қилиниши кечиктирилгани, кейин парламент қабул қилган матнга Каримов томонидан ўзгартиришлар киритилгани ҳақида китобимда батафсил ёзилган.

Қаранг, 1990 йил 20 июнда мустақил бўламиз деб ҳужжат қабул қилинди. Ўша кун байрам бўлган, нафақат парламентда балки кўча-куйларда ҳам. Биз сессияни телевидениеда жонли кўрсатишга эриша олгандик.

Лекин ордан ярим йил ўтиб, 1991 йилнинг 17-марта куни СССРни сақлаб қолиш ҳақидаги референдум ўтказилди. Бунда Молдова, Латвия, Литва. Гуржистон, Арманистон сингари республиклар қатнашмадилар. Аммо Ўзбекистон қатнашди, жуда катта тарғибот ишлари олиб борилди ва Каримов 93.7 фойиз одам қўллаб овоз берди, деб эълон қилди. Аслида бундай эмас эди. Чунки халқимиз уйғонган ва кўпчилиги мустақиллик тарафдори эканлигини яширмаган давр эди. Буни йил охирида кўрдик. Ўша йили декабрда ўтган референдумда 98.3 фойиз одам мустақиллик учун овоз берди. 17- март билан 29-декабр орасида нима ўзгардики, бу қадар кескин бурилиш бўлди. Ҳеч нарса ўзгармади. Фақат кўзбўямчилик қилиб, референдум натижаларини ўз ниятларига қараб ўзгартиришганди.

4. Мустақиллик декларациясига ва СССРдан алоҳида бўлиб чиқишга 1990 йилда қарши бўлган биринчи президент нега бир йил ўтиб шошилинч тарзда мустақилликни эълон қилишга қарор қилган?

Жаҳонгир Муҳаммад: 1991 йилнинг 18-21 август кунлари Москвада Давлат Тўнтариши (ГКЧП) юз берди. СССРни, яккапартиявий режимни сақлаб қолиш учун фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Аммо ГКЧП тезда йиқилди. Ислом Каримов СССРни сақлаб қолувчилар тарафида эди. Москвада катта текшириш очилиб, СССР тарафдорлари бирин-кетин қамоққа олина бошланди. Шунда Каримов 31-август куни шу пайтга қадар ўзи рад этиб келган Мустақиллик декларацияси талабини қонун шаклида қабул қилишни Парламентга олиб чиқди. Гапнинг очиғи ўшанда ҳамма “шок” бўлиб қолди. Ҳали кечагина мустақиллик бу орқадан пичоқ уриш, биз мустақил яшай олмаймиз, деб турган одам кутилмаганда минбарга чиқиб, мустақил бўламиз, деб турибди. Ҳеч ким қарсак ҳам чалмади. Ваҳоланки, Мустақиллик Декларацияси қабул қилинганда зал ҳайқириқлардан ларзага келганди. Бу сафар мустақиллик Каримовнинг ўзига асқотганини ҳамма англади. Шунинг учун ҳам у “қарсак чалмайсизларми”, дегандан кейингина енгил қарсак бўлди. Шунда ҳам Каримов йиллар давомида Мустақиллик декларацияси эълон қилинган кунни, умуман ўша муҳим воқеани эсдан чиқартиришга уринди.

Биз ҳам Россия ва бошқа мамлакатлар каби 20 июнни Ўзбекистон куни, деб эълон қилишимиз керак. Шундагина бу борада адолат қарор топган бўлади.

5. Ҳозирги кўп танқид қилинаётган парламент ўша эски биринчи чақириқ парламентидан қандай хулосалар чиқарса бўлади? Нимани ўрганса бўлади?

Жаҳонгир Муҳаммад: Биласизми, у пайтда парламентда беш юз нафар депутат бор эди. 1989 йил Ўзбекистон Компартияси Марказий комитети бўлажак депутатлар рўйхатини олдиндан тасдиқлаганди. Лекин баъзи жойларда демократик руҳдаги баҳслар туфайли халқ вакиллари ҳам сайланиб қолди. Парламентнинг 90 фойизи Коммунистик партия идораси кўрсатган номзодлар ва қолган 10 фойизи мустақил сайланган депутатлар эди. Биз Каримов фаолиятини таҳлил, танқид қилиб 12 саҳифали баёнот тарқатганимизда унга 36 нафар депутат қўл қўйганди. Манашу озчилик парламентда икки-уч йил давомида демократик муҳитни сақлади. Улар бирма-бир йўқотилгач, жимжитлик бошланди. Лекин шу қисқа давр кўп нарсага асос бўлди. Биргина мисол келтирайин: матбуот ҳақидаги илк қонун лойиҳасини тайёрлаганимда, биринчи моддасидаёқ “Ўзбекистонда цензура бекор қилинади” деб ёзгандим. Қабул қилинган. Аммо цензуранинг телефон шакли ишлаб кетди. У пайтда қонунларни ёзиб, назоратини амалга ошириш ҳам мушкул эди. Жуда кўп баҳсларимиз шу туфайли юз берган.

Бугунги технология даври бўлганда анча нарсага эришар эдик. Эсимдан чиқмайди, Ошкоралик қўмитаси раис ўринбосари эдим, Ўзбекистон телевидениесида “Депутат минбари” рукнида Олий суд “Гдлян иши” бўйича қамалганларни озод қилиш масаласини орқага ташламоқда деб фактлар билан танқид қилдим. Каримов “қайнаб” қолди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети Олий судга мурожаат қилди. Суд ҳам дарҳол депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этиш бўйича Олий Кенгашга сўров киритди. Тергов бошланди. Ҳаммаси ими-жимида. Бугун бундай босимлар йўқ. Бўлса ҳам бир зумда дунёга ёйилади.

Аммо депутатлар жим. Президент гапиргандан кейин улар ўша мавзуни ”дўмбира қилишади”. Олдинроқ гапириш керак.

Халқ вакили халқ дардини гапирмаса, унинг оладиган пули ҳалол эмас. У халқнинг ҳисобига маош олади ва болаларини боқади. Демак, қарзини адо этиши керак. Биз шу принципда ишлаганмиз. Бугун ҳам шундай бўлиши шарт деб ўйлайман.

6. Сўнгги пайтлар Каримов хақидаги танқидий материалларга қарши кескин реакция билан кўпроқ ёш авлод чиқмоқда. Ёши каттароқлар бу мавзуда сукут сақлашни мақул топишмоқда. Бу нима билан боғлиқ деб ўйлайсиз?

Жаҳонгир Муҳаммад: Бизнинг авлодимиз орасидаги мухолифларнинг Каримов ва унинг режими ҳақида гапирмаган гаплари қолмади. Лекин ўша даврнинг мулозимлари сукутда. Битта-иккитаси гапиришга уринаман деса, олдин қаерда эдинг, деб уни “уриб ташлаяпмиз”. Бу масаланинг бир томони, иккинчи томони эса, 27 йил давомида мукофот олмаган одам оз. Улар буни Ислом Каримов берди, деб ўзларини қарздордек ҳис этишади. Агар сиз ўзингизни шу мукофотга лойиқ деб билсангиз, уни сизга Каримов эмас, халқ берган, яъни Каримов ўртада воситачилик қилган деб тушунинг. Учинчидан, кўпчиликда яна эски давр қайтиб қолади деган ҳадик бор. Бу ҳадик кейинги пайтда анча кучайди. Иқтисодий ислоҳотларнинг амалга ошиши қийин кечмоқда, сиёсий ислоҳотлар деярли бошланмади. Қолаверса, кекса авлод мулозимларининг кўпчилиги салла деса, бош кесиб келишган.

Аммо ёшлик жасорат даври. Ўзингизни шу ёшда кўрсатмасангиз кейин қийин бўлади. Буни тушуна олган ёшлар отга қамчи урмоқдалар. Улар ўқиб, таҳлил қилиб, Каримов даври ёнғоғини чақдилар - пуч чиқди. Пуч ҳосил берадиган дарахт эмас, яхши ҳосил берадиган дарахтнинг ниҳолини экишга киришмоқдалар. Бундан мамнун бўлиш керак,

7. Ҳозирда Ўзбекистон ахборот майдонида сиёсий-ижтимоий соҳада ёзадиган блогерларнинг ўрни катта. Баъзи мансабдорлар ва гуруҳлар уларга хавф сифатида қарамоқда. Сизнингча тарих такрорланадими ёки бизни воқеаларнинг бошқача ривожи кутмоқдами?

Жаҳонгир Муҳаммад: Совет даврида камчиликларни ёзган одамлардан нафрат қилишга ўргатишарди. Бу ишни матбуот, журналистлар бажаришарди. Бугун энди камчиликларни блогерлар ҳам кўтариб чиқишмоқда. Совет тарбияси генига қадар сингиб кетганлар блогерларни камситишга уринишмоқда.

Блогер ким? Интернет оламида ўзининг ўрни, жойи ва айтадиган сўзи бўлган одам. Ундан хавфсираш эмас, аксинча ундан миннатдор бўлиш керак. Сиз кўрмаган нарсани кўрсатиб берса, сизни қоқилиб кетишдан сақлайдику? Шундай экан, уни ҳурмат қилинг, дегим келади амалдорларга.

Тарих такрорланиши борасида…Ўзбекистонда кўп нарса катта қўшнилар билан чамбарчас боғлиқ. Масалан, Россиядаги вазиятни кўриб турибмиз. Бу алабатта, бошқа раҳбарларни чўчитади. Улар Қаддафий замони қайтиб қолмасмикан, деб ўйлаб қолишади. Лекин замон орқага қараб эмас олдинга кетмоқда. Агар Мирзиёев тезроқ Каримов даврининг қўрқоқ амалдорларидан қутилиб олмаса, улар хавфсизликни баҳона қилиб, мамлакатни яна ёпиқ зонага айлантиришга уринадилар. Тарих такрорланиб туради. Аммо айни тарих -Каримов режими қайтмайди. У энг ёмон режим эди. Қолаверса, Мирзиёев ҳам Каримов эмас! Унга нисбатан юмшоқ. Каримов даврини бутун дунё золим-диктатура деб тан олганди. Бугун эса, енгил авторитар режим дейишмоқда. Агар орқага қайтилса, бу Ўзбекистон учун ўнгланмас хато бўлади ва мамлакатнинг тақдири хавф остида қолади. Буни Мирзиёев яхши тушунади деган фикрдаман.

8. Яқинда президент Шавкат Мирзиёевнинг иқтидорга келганига 3 йил бўлади. Ўзбекистон бу вақт оралиғида нимага эришди ва яна нималарни амалга ошириш керак?

Жаҳонгир Муҳаммад: Уч йил жуда катта муҳлат. Бир қанча ишлар қилинди. Қўшнилар билан алоқалар яхшиланиши, конвертация йўли очилгани, одамлар гапира бошлагани, халқни эшитишаётгани, хориждаги ўзбекларга муносабат бир қадар ўзгаргани, иқтисодий ислоҳларга қўл урилгани яхши одимлар.

Биз бир пайтлар айтган гапларимиз учун “ватан хоини” дейишарди. Ўша гапларимизни Мирзиёев такрорлади. МХХ зулми 37-йиллардан ҳам ёмон бўлгани, прократурани ўғрилар, молияни калламушлар, матбуотни маддоҳлар, амалларни хоинлар эгаллаб олганини бот-бот айтди.

Энди қўрқмасдан сиёсий ислоҳотларага ўтиш керак. Биринчидан, эркин умумий ва маҳаллий сайловлар, иккинчидан ҳақиқий мухолифатга йўл бериш, учинчидан коррупцияга қарши курашни люстрация орқали давом эттириш, Каримов командасидан воз кечиб, халқ командасини тузиш керак. Суд тизимида фавқулодда ҳолат эълон қилиниши лозим. Барча суд мажлисларига журналистлар, блогерларни таклиф этишни йўлга қўйиш зарур. Суд залларидан бевосита кўрсатувлар давомли равишда бериб борилиши лозим. “Давлат сири” деган баҳонани 10 йил орқага суриб қўйиш керак. Очиқ судларгина адолат ўрнатилишига олиб келади.

Каримов мамлакатни қонунсиз феодал ўлкага айлантирди. Шунинг учун ҳам ҳозирги президентга осон эмас. У қонун, тартиб, интизом ўрнатаман деса, кўпчиликка ёқмайди. Айниқса, истаган ишини қилиб юрган тўралар ва тўрачаларга. Мамлакатда сиёсий ислоҳотлар зарур. Акс тақдирда бу норози "тўра тўраевич"ларнинг қўли баланд келиши, президентни алдов-қалдов билан ўз йўлларига юритишлари мумкин.

9. Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиб қолсангиз унга нима деган бўлар эдингиз?

Жаҳонгир Муҳаммад: Биз душман эмасмиз! Биз ватанга ҳам, халқимизга ҳам, фақат яхшилик, адолат, омад ва эркинлик қудратини истадик! Бугунга қадар бу принципга хиёнат қилмадик, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Сизга ҳам яхшилик истаймиз! Халқни коррупция зулмидан қутқазадиган ва адолатни қарор топтириш учун курашадиган ҳар қандай раҳбарни қўллаймиз. Бу жуда кўп одамнинг юраги остида ётган арслони. Шундай экан, бу Сизга куч берсин ва туб ислоҳотларга йўл очинг!

Ичи қуриган дарахтнинг шохларини кесишга вақт сарфламаслик керак. Кучни янги кўчат экишга сарфлаш керак. Тезроқ ҳосил беради.

10. Қачондир Ўзбекистонга қайтиш ниятингиз борми?

Жаҳонгир Муҳаммад: Агар Каримов даврининг зулмга асосланган тузумига сиёсий баҳо берилса ва қатағонга учраган одамлар реабилитация қилинса, мен ўша куниёқ қайтаман.

11. 10 йилдан сўнгги Ўзбекистонни қандай тасаввур қиласиз?

Жаҳонгир Муҳаммад: Башорат қилолмайман. Лекин Ўзбекистонда инқилобий ўзгариш бўлишига ишонмасдим ва ривожланиш эволюцион бўлишини тахмин қилардим. Шунинг тарафдори эдим. Каримовнинг зулм режимидан кейин юмшаш бўлди. Аммо кейинги юмшаш тезроқ бошланиши амалдаги Президентга боғлиқ.

Ўн йилдан кейин Ўзбекистон дунёнинг кучли давлатларидан бири бўлишини жуда орзу қиламан. Бунинг учун имкониятлари етаридан ҳам зиёд. Меҳнаткаш, меҳнатдан қочмайдиган, ўз нонини қидириб топадиган камсуқум халқимиз бор. Уни камситмай, ҳақоратламай, меҳнатига етарли ҳақ берсангиз, бас, бу халқ билан Ўзбекистонни гуллатиб юбориш мумкин.

P.S. Саволларни ўзбекистонлик бир ёш, иқтидорли журналист юборганди ва камина унинг илтимосига биноан "чегарадан чиқмай" жавоб қилгандим. Шунда ҳам у суҳбатни нашр этолмаганди. Аммо мардлик қилиб узр сўраганди.

XS
SM
MD
LG