Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:34

"Фожиамиз қонун-қоидаларни билмаслигимизда, қизиқмаслигимизда!"


OzodTarmoqда ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган, Озодлик тингловчиси (ўқувчиси, томошабини) қизиқишини уйғотиши мумкин матн, аудио ва видеоларни бериб борилади.

OzodTarmoq рукнида берилаётган материалларда воқеа-ҳодисаларга берилаётган баҳолар мутлақо муаллифлар позициясидир. Муаллифлар позицияси Озодлик позициясига мос келмаслиги мумкин.

OzodTarmoqнинг бугунги сонида блогер Баҳодирхон Элибоев 23 сентябрда ўз Facebook саҳифасида эълон қилган​ пост эътиборингизга ҳавола қилинади. Матн таҳрирсиз берилмоқда. Стилистика ва имло муаллифники.

***

Хоразмда баъзи одамлар маҳаллий расмийларнинг айрим қарорларидан норози бўлиб Тошкентга пиёда боришга аҳд қилишибди. Рости бир кулгим келади, бир йиғлагим келади. Эҳ, майли....

Инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишда турли кўринишдаги намойишлардан фойдаланиши мумкин. Мисол учун:

Якка тартибдаги пикет

Якка тартибдаги пикет учун, одатда, тегишли идоралардан рухсат олинмайди. Бундай пайтда ИИБ ходимлари унинг пикет қиладиган жойида масофани белгилаб беришлари керак бўлади. Мисол учун 50 қадам радиус ичида пикет қилаверинг дейилиши мумкин.

Оммавий пикет.

Биз ҳозирда Хоразм мисолида оммавий пикетнинг "кўча юриши" кўринишини кузатмоқдамиз. Лекин тадбирни фикри кимдан чиққан билмадиму, хатолар мавжуд. Халқаро ташкилотлардан ёрдам сўраётган аёл киши қонуний пикет қилиш дарслигиниям сўраса бўларкан.

Келажакда мени ўқиётганларгаям керак бўлиши мумкин деб айрим қоидаларни санаб ўтаман:

1. Аввало, оммавий пикетга чиқишдан олдин, бошқа барча чораларни қўллаб кўрганмисиз-йўқми, шуни аниқлаб олинг. Суд қароридан норозимисиз, юқори инстанцияларгача бордингизми? Зарур деб ҳисоблаган ташкилотларга ҳуқуқингиз бузилаётгани ҳақида хабар бердингизми? Қандай жавоблар келди? Маҳаллий ОАВ билан боғландингизми? Яъни "муаммоми? Қани тур, кетдик пикетга!" дейишни маслаҳат бермайман.

2. Қўлингизда барча ҳаракатларингизнин пучга чиққанини исботловчи ҳужжатлар бор ва сиз оммавий пикетга чиқмоқчисиз. Маъқуллайман! Гап йўқ! Лекин бу ҳақда ИИБни хабардор қилиш керак. Акс ҳолда иш чатоқ. Ноқонуний бу! Ҳоким қонунларни бузди дегани сизнинг ҳам бузишингиз мумкин дегани эмас. Ҳокимдан ақлли бўлишингиз керак! Ҳоким ўзини ҳимоя қилиб олади, сиз қандай ҳимояланасиз? Фақат қонуний ҳаракат билан.

3. Майли, ҳеч кимни хабардор қилмадингиз. 1-2 та журналист ва блоггерларни айтиб йўлга чиқдингиз. Тушунарли. Паспорт борми? Шахсингизни аниқлайдиган ҳужжатлар ёнингиздами? Чунки ИИБ ходимлари келиб шахсингизни тасдиқлайдиган ҳужжат сўраши мумкин. Паспорт йўқми, олиб кетишади.

4. Буниси энди бевосита Хоразмдаги воқеага дахлдор. Қайси йўлдан юряпсиз, эътибор беринг. Кўрган видеомда хоразмликлар серқатнов йўлнинг ўртасида боришяпти. Ёш болалар бор. Сизнинг нима ҳаққингиз бор, уларнинг ҳаётини ҳавф остига қўйишга? Оммавий пикетнинг қоидаларидан бири ҳаёт учун хавфсиз ҳудуд бўлишидир. Хоразмликлар, нима қиляпсизлар?! Сизнинг ҳуқуқингиз бузилса, энди сиз бошқаларнинг ҳам ҳуқуқини бузишингиз керакми? Йўл ҳаракати қоидасини буздингиз-ку. Йўловчилар учун махсус йўлак бор. Бу оддий қоида-ку! Энди нима бўлади? Олиб кетишади.

5. Ўзбекистонда 35 млн аҳоли бор. Ҳаммаси сиз ўйлагандек ўйлашга мажбур эмас. Ғоявий рақибларингиз кўчада сизга қарши чиқдилар. Мисол учун, "йўқолсин ҳоким!" деган шиор билан боряпсиз. Лекин қаршингиздан бир гуруҳ фуқаролар чиқиб "ўзинг йўқол! Ҳоким яхши одам" деб қолди. Нима бўлади? Оммавий пикет оммавий тартибсизликка айланади. Бу эҳтимолни ҳисобга олганмисиз? Йўқми? ИИБдан келишади ва олиб кетишади.

Бу юқоридаги гаплар одамлар учун эди. Энди ҳукуматга ҳам бир гап айтиб қўйсам:

Сизлар пикет, митинг, оммавий намойишлар ҳақида қонун пакетини қачон маъқуллайсизлар? Ўзи умуман шаклланганми бу пакет?

Конституциямизнинг 33-моддаси тинч намойишлар ҳуқуқини кафолатлайди. Лекин қонуности ҳужжатлар, протоколлар нега ҳануз йўқ? Ёки сизлар 33-моддани аза, тўй, туғилган кунлар, чойхоналар деб ўйлаганмидингиз?

Қачон бу масалани кўриб чиқасизлар? Манаман деган ривожланган давлатларда ҳам одамлар нимадандир шикоят қиладилар, нимадандир кўнгли тўлмайди. Нима сиз бошқараётган давлатда ҳаммаси чики-чикими? Эътироз бўлмайди деб ўйлаганмидингиз?

Менимча, бу қонунни атайин қабул қилмаяпсизлар. Чунки намойиш қилиш ҳуқуқини оммавий тартибсизлик деб баҳолаб жазо бериш осон-да а? Бу яхшимас, ўртоқлар. Бу ҳуқуқий давлатнинг иши эмас.

Хоразмда содир бўлаётган ҳолат кейинларда яна юз бериши мумкин. Бундай ҳаракатларни эса қонуний кафолатлаб қўйиш керак. Сизларга гапим шу.
...
Ҳурматли ҳамюртлар, илтимос, озгина ҳуқуқий китобларгаям қараб қўйинглар. Ичкарига осонликча олиб киришмасди шунда. Интернетдаги фикрлар ўз йўлига, китоб ҳам ўқиб туринглар. Плиз.

Ўқиганингиз учун раҳмат!

XS
SM
MD
LG