Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:07

OzodTarmoq: "Ё вирусга қарши курашаётганлар билан бирга бўламиз, ё қириламиз, бошқа танлов йўқ!"


OzodTarmoq рукнида берилаётган материалларда айни кунларда жамоатчилик орасида кенг муҳокамага сабаб бўлаëтган воқеа-ҳодисалар ҳақида билдирилаётган айрим мулоҳазалар эътиборингизга тақдим этилади. Воқеаларга берилаëтган баҳолар мутлақо муаллифлар позициясидир. Муаллифлар позицияси Озодлик позициясига мос келмаслиги мумкин.

OzodTarmoqнинг бугунги сонида таниқли блогер Шаҳноза Соатованинг ўз Telegram саҳифасида эълон қилган постни эътиборингизга ҳавола қиляпмиз. Матн таҳрирсиз берилмоқда.

Сарлавҳа, стилистика ва имло муаллифники.

*************************************

“Занжирни уз, уйда қол” деяпти ҳамма. Лекин бунинг нималигини англаш учун инсон, ҳар қандай инсон, ўзининг шунгача бўлган даражасидан бир поғона юқорилаши, янада инсонроқ бўлиши керак.

Сен бошқа одамлар учун ҳам жавобгарлигингни билиш – бу биз учун янги ва керакли тажриба. Биз доим аввало ўзимиз учун, ўзимизнинг муҳофазамиз учун ҳаракат қилганмиз. Энди бошқаларни муҳофазалаш ўзимизни муҳофазалаш билан тенглигини англашимиз керак. Бу бир томондан ажойиб, бошқа томондан эса ҳеч биримиз ўрганмаган одат. Лекин ўргансак, ўзимизга фойдага қолади. Хулосаларимиз муҳим.

***
Шифокорлар... Улар, шубҳасиз, қаҳрамонлар. Фронтнинг олд қаторидаги жангчилар. Эртага бу балолардан эсон-омон чиқиб олсак, улар ҳақида дунё бўйлаб юзлаб асарлар ва фильмлар яратилса керак. Улар орасида ўзбек асарлари ҳам бўлишига умидим бор. Лекин ҳозир уларга беморлар ва карантиндагилардан ҳам қийинроқ. Карантиндагилар муддат ўтиб чиқиб кетишади, касаллар, иншааллоҳ, тузалади. Улар эса шу бало буткул бартараф бўлмагунча ҳар куни ишда, ўз жонларига хатарни елкаларига ортмоқлаб жуда муҳим вазифаларини бажариши керак. Бемор келади-кетади, шифокор эса умуман эпидемия тугамагунча шунинг ичида. Шу сабабли ҳам уларга қийин. Шу кунга уларга қилган муносабатимиз учун, албатта, уяляпмиз, афсусланаяпмиз. Лекин бу кам...

***
Кеча онамни аранг қўшнининг жанозасига чиқишдан қайтардим. “Эртага кўз-кўзга тушса, нима деган одам бўламан” дейдилар. “Онам, ўша эрта келиши учун, ўша одамнинг кўзига кўзингиз тушиши учун бугун уйда қолишингиз керак. Соғ-саломат кўришишга етказсин” дедим. Онам жанозага чиқмадилар, аммо хафа бўлдилар, қон босимлари кўтарилди... Мен ҳам тўғри иш қилганимни билсам-да, кун бўйи дилим хира юрдим.

Ҳа, менталитет билан курашиш қийин, балки бефойда. Лекин на илож, чидаймиз-да.

***
Вирус бор, биз бор – учинчи томон йўқ
!

Вирусни хориждан олиб келганам – биз, карантиндагилар ҳам – биз, касалланганлар ҳам – биз, унга қарши курашаётганлар ҳам – ўзимиз. Давлат ҳам биз, халқ ҳам биз.

Вирус Хитойники, Италияники, Францияники... эмас, у ҳам умуминсоний. Карантиндагилар нафақат ўзлари учун, биз учун ҳам мажбурий чекловда ўтиришибди, уларга ҳам хайрихоҳлик ва ёрдам керак.

Биз ҳамма учун уйда ўтирибмиз, ҳамма учун (ўша ҳамманинг орасида ўзимиз ҳам бормиз).

Дунёнинг қайсидир чеккасида лабораторияда вакцина яратиш устида бош қотираётган олим ёки ниқоб тикиб текинга тарқатаётган қўшнимиз, шифокорларга бепул таом олиб бораётган саховатпеша ёки ўзида коронавирус борлигидан шубҳаланиб лабораторияга борган инсон – ҳаммаси биз учун ҳаракат қиляпти. Бутун инсоният бир бутунга айланди.

Ё вирусга қарши курашаётганлар билан бирга бўламиз, ё қириламиз, бошқа танлов йўқ.

Шундай фикрлай бошлаганимизда, балки вирус ҳам чекина бошлайди.

XS
SM
MD
LG