Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:55

OzodMaktub: “52 ўзбекнинг қозоқ автобусида ëниб кетганининг асл сабаби нима?”


Озодликка мактуб йўллаган транспорт соҳаси мутахассисларидан бири¸ Ўзбекистон транспорт тизими тубдан ислоҳ қилинмас экан¸ манзилига арзон етиб олиш учун авария ҳолатидаги автобус ва машиналарда Қозоғистон ва Россия йўлларида ëниб кетаëтган¸ музлаб қолаëтган¸ аварияларда ўлиб кетаëтган ўзбекистонликлар сони ошиб боражагидан баҳс этади.

***

Ассалому алайкум, Озодлик ходимлари. Мен Ўзбекистондаги вазирликлардан бирида ишлайман. Истасангиз, мени бир эксперт қатори қабул қилинг. Ўзингизга маълум сабаб билан исмимни ошкор қилманг.

Мени президентимизнинг барча соҳаларга бирдек муносабатда бўлмаётгани ўйлантираяпти. Албатта, жамиятимизда бўлаётган ўзгаришлардан хурсандмиз. Танқидлар ҳам ўринли бўлаяпти. Аммо соғлиқни сақлашни, таълимни, прокуратурани, милицияни, МХХни, солиқни ва бошқа соҳаларни танқид қилаётган президент транспорт соҳасига келганда жим қолаяпти.

Хабарингиз бор, яқинда Қозоғистон йўлида 52 юртдошимиз фожиали ҳалок бўлди. Лекин шундан кейин ҳам транспорт соҳасида бирор киши жазоланмади, ишдан кетмади. Нормал давлатда бунақа фожиа учун вазирдан бошлаб қанчадан-қанча масъул истеъфога чиққан бўларди! Бунинг олди олиниб, чора кўрилмаса, эрта-индин бундан каттароқ катастрофалар бўлиши мумкин.

Иккинчидан, ҳаммасида коррупция бор. “Темир йўллар”да коррупция, “Ҳаво йўллари”да коррупция, “Тожикистон ва Қирғизистонга скидка бердим”, деди – алдади. Чунки скидкани қайси тарифдан беради? Тарифни 200 фоизга ошириб қўйиб, 30-40 фоиз скидка бераяпти. Мана сизга Темирйўл. Қўшниларнинг ҳаммаси бундан норози. Ҳеч ким ҳали биз билан оғайни бўлгани йўқ-ку. Нимага десангиз, темир йўлда сиқиштираяпти бизникилар.

Транзит юк ташишлар қочиб кетган, Афғонистон ҳам ишламаяпти, Туркманистон умуман ишламайди. Турманистон билан Қозоғистон ўзларига алоҳида йўл қилиб олган. Президент нега бу камчиликларга кўз юмаяпти? Транспорт блокини бошқараётган Раматов дўсти бўлгани учунми? Ё булардан у кишининг хабари йўқми?

Унитар ширкат бўлса, хозрасчёт асосида ишлайди. “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” сингари давлат акциядорлик ширкатлари эса давлат белгилаб берган тариф асосида ишлаши керак. Тарифларни эса Давлат томонидан ташкил қилинган тариф қўмитаси ёки агентлиги қўйиши керак бўлади. Бутун дунёда шунақа. Лекин булар тарифни ялпи ички маҳсулот(ЯИМ)га қараб белгилаяпти. Хозрасчёт асосида ишлашаяпти. Хозрасчёт бўлса, нега булар нега ўзларининг пулига эмас, давлатнинг пулига самолёт ва поезд сотиб олаяпти? Бу жуда долзарб мавзу.

Тунов куни президент “жамоат транспортида йўлкира ҳақини пасайтириш керак”, деди. Нега бу гапни президент айтиши керак? Автобус ёки метро билетининг нархи масаласини Давлат тариф комиссиясими, қўмитасими, агентлигими – ўша ташкилот ҳал қилиши керак. Бизда Минтранс йўқ бўлгани учун бу комиссия ёки қўмита микроэкономика ёки Молия вазирлиги қошида тузилиши мумкин.

Бизда транспорт соҳасини ривожлантиришга ҳар йили ЯИМнинг 30 фоизигача пул ажратилади. Аслида аксинча бўлиши керак - транспорт соҳаси 30-40 фоиз даромад келтириши керак. Бу ерда давлат пулини ўмариш бўлаяпти. Банкрот ҳолда бўлиб туриб, ҳар йили самолёту поезд сотиб олишни канда қилишмаяпти булар. Қаердан олишаяпти? Менинг пулим, халқимнинг пули, ўзбекнинг пули ҳисобидан олишаяпти. Улар биздан сўрашдими “шу пулга самолёт олсак бўладими” деб?

Халқ 100-150 доллар маош олиб ўтирган бир пайтда одамларга керакми шу скоростной поездлар? Бизга нима керак? Иш жойи керак, овқат керак, нон керак.

Транспорт соҳаси Криловнинг “Оққуш, қисқичбақа ва чўртанбалиқ” масалидаги аравага ўхшаб қолди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” у ёққа тортади, “Ўзбекистон темир йўллари” бу ёққа тортади – арава эса жойидан жилмай турибди.

Транспорт соҳаси бошдан-оёқ коррупцияга ботган – автобусдан бошлаб маршруткаларгача. Талабалар юролмайди маршруткада. Бир пайтлар трамвай бўларди, троллейбус бўларди. Қани улар? Электр сарфи билан одам ташиш энг арзон йўл эди. Нега Европа экологик тоза электрга ўтаётган бир пайтда биз автобусга ўтаяпмиз?Автобус арзон эмас-ку. Халқа йўли бўйлаб метро қураётгани яхши ишдир, лекин бу ҳам хориждан вагон сотиб олиб келиб, чўнтак қаппайтиришни ўйлаб қилинаётган иш, менимча. Хуллас, транспортда катта ислоҳотлар ўтказилиши керак.

Агар бу соҳада ислоҳотлар ўтказилмаса, эртага бизни янада каттароқ фожиалар кутиши, Худо кўрсатмасин, бу сафар самолёт қулаб, 50 эмас, 500 одам нобуд бўлиши мумкин. Президентимиз бу масалаларга ҳам эътибор қаратади, деган умиддамиз.

(Хат жузъий тузатишлар билан чоп этилди – таҳр.)

***

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Озодлик бу мулоҳазалар учун масъул эмас.

XS
SM
MD
LG