Линклар

Шошилинч хабар
08 октябр 2024, Тошкент вақти: 15:04

Пандемия ва монополия. Ўзбекистонга ярим йилда хориждан 5700 тижоратчи келди


Тошкент халқаро аэропорти.
Тошкент халқаро аэропорти.

2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга қарийб 700 минг хорижликлар сафар қилган бўлиб, улардан атиги 5700 нафари – тижорий мақсадларда кириб келган. Шу билан бирга, Давлат статистика қўмитаси йил бошидан ўтган вақт мобайнида мамлакат экспорт улушининг камайгани ва импортининг ошганини қайд этган.

Бу пандемиядан олдинги - 2019 йилдаги рақамлар (6,7 миллион)га нисбатан тақрибан 5 баробарга кам.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳукумати пандемия даврида иқтисодий фаолиятни дастаклаш учун давлат ғазнасидан тақрибан 8 миллиард доллар маблағ сарфлаганини айтган. Бу маблағларнинг катта қисми давлат монополияларини қўллаб-қувватлашга ажратилган. Мустақил иқтисодий таҳлилчилар давлат ғазнасига тўланадиган солиқларнинг катта улуши зиммасига тўғри келадиган ўрта ва кичик бизнес давлатнинг дастагидан маҳрум қолганини айтишади.

Хорижлик тижоратчилар сонининг камайгани мамлакат ташқи савдо оборотига қандай таъсир кўрсатади? Озодлик суҳбатлашган иқтисодий таҳлилчилар деярли бутун ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқни монополлаштирган давлатда майда ва ўрта бизнеснинг ташқи савдодаги ўрни аҳамиятсиз, деган фикрда.

Ярим йилда Ўзбекистонга тижорий мақсадларда келганлар сони – 5700 киши

Жорий йилнинг дастлабки 6 ойида Ўзбекистонга хориждан 691,7 минг нафар чет эллик сафар қилган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумот тарқатди.

Давстатқўм қайдича, Ўзбекистонга келган хорижликлардан 577,8 минг нафари қариндошларни йўқлаш учун, 65,7 минг нафари дам олиш мақсадида, 27,4 минг нафари хизмат юзасидан, 11,8 минг нафари даволаниш учун, 3,3 минг ўқиш мақсадида ташриф буюрган.

Аввалроқ қўмита биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга 147,2 минг киши кўчиб келгани, 156,8 минг киши эса кўчиб кетгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Давлатстатқўм келтирган рақамлардан 2021 йилнинг биринчи ярим йилида Ўзбекистонга атиги 5 минг 700 нафар одам тижорий мақсадлар билан келгани англашилади.

Шу билан бирга, Давлат статистика қўмитаси 2021 йил январ-август Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг умумий ҳажми қарийб 25 млрд. АҚШ долларини ташкил этганини ҳам маълум қилди.

Кўрсатилган муддат ичида Ўзбекистон экспорт улуши 9, 3 миллиард долларни (7, 7 миллиард маҳсулот сотиш ва 1, 6 миллиард хизматлар кўрсатиш) ташкил этгани айтилди. Бу 2020 йил январ-август ойларида 20, 1 фоизга пасайиш қайд этилгани демакдир. Импорт ҳажми эса 15, 7 миллиард долларга етиб (14, 7 миллиард товарлар ва 1, 0 миллиард хизматлар), ўсиш 20, 9 фоизни кўрсатган. Рақамлар ташқи савдо айланмаси салдоси -6,5 млрд. АҚШ долларини ташкил этган.

Қўшниларда вазият қандай?

Иқтисодий кузатувчилар барча Марказий Осиё давлатлари тайёр маҳсулотлар экспортини кўпайтиришдан манфаатдор эканига эътибор қаратиб келмоқда.

Бироқ коронавирус чекловларининг жорий этилиши бу мамлакатлар ўртасидаги транспорт ва бошқа йўлларнинг ҳам қисман ёпилишига олиб келди. Айниқса, бу ҳолат минтақанинг марказида жой олган Ўзбекистон учун муҳим экани кўзга ташланди.

Ўзбекистон учун транспорт соҳасида қўшни давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш жуда муҳимлигича қолмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон темир йўл транспорти соҳасида 9 та йирик халқаро транспорт йўлакларидан фойдаланади. Улардан 6 та йўналиш Қозоғистон ва 2 та йўналиш Туркманистон орқали ўтади.

Ўзбекистонга қўшни давлатларда ҳам коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин чекловлари иқтисодиётнинг, айниқса савдо соҳасига салбий таъсирини кўрсатди.

Тожикистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йилнинг етти ойида мамлакат савдо ҳажми 3, 55 миллиард доллардан ошди.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 44, 7% ли ўсишни кўрсатди.

Қирғизистон Ташқи савдо айланмаси 2021 йил январь-апрель ойларида 2, 1 миллиард долларни ташкил этди ва 2021 йилнинг январ-апрелига нисбатан 13, 9 фоизга ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Экспорт етказиб бериш 8, 7%га камайиб, 590, 4 млн долларни ташкил этди, импорт тушумлари, аксинча, 26, 2%га ошиб, 1 млрд 493,9 млн долларни ташкил этди.

Марказий Осиё давлатларидан ягона Қозоғистонда 2021 йил биринчи ярмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш динамикасини кўрсатганини кўриш мумкин.

Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазирлигининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-июль ойларида Қозоғистон Республикасининг ташқи савдо айланмаси 53, 7 миллиард долларни (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан +7,4 фоиз) ташкил этди. Шу жумладан, экспорт кўрсаткичи 32 млрд долларни (+ 10, 6%), товар импорти эса 21, 7 млрд долларга (+ 3, 0%) етиб, ўсиш кўрсатди. Умумий ҳисобда, савдо баланси 10, 4 миллиард долларлик ижобий кўрсаткичда сақланиб қолган.

Иқтисодий таҳлилчи: Ҳамма муаммо – давлат монополиясида

Юзага келган вазиятда тижорат ва савдо мақсадларида келиб-кетаётган бизнесменларнинг сони ярим йилда 5700 кишига тушиши мамлакатдаги иқтисодий фаолият ва сармоя муҳити ҳақида қандай тасаввур беради?

Тижорий алоқалар кескин камайиб кетган бир пайтда Ўзбекистон ўзининг савдо муаммоларини қандай ҳал этмоқда? Экспорт улушининг камайиши ва импортнинг ошиши фақат Covid-19 билан боғлиқми?

Тошкентлик иқтисодчи Аҳмад Иброҳимнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари визасиз борди-келди қилаётгани сабабли бу мамлакатлардан кириб келаётган бизнесменлар ҳисобга киритилмаган.

- Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари Россия, Хитой, Қозоғистон, Туркия бўлиб, бу мамлакатлардан бизнесменлар визасиз ҳам келаверади. Юқоридаги 5700 киши , бу - виза жорий қилинган мамлакатлардан келган шахслардир. Ўзбекистон 73 давлатга визасиз кириб келишга йўл очиб берган. Иккинчидан, бизнесменларнинг Ўзбекистонга келиб-кетаётгани мамлакат экспорт-импорт жараёни билан тўғридан-тўғри боғлиқ жойи йўқ, - дейди суҳбатдош.

Аҳмад Иброҳим Ўзбекистонга келаётган хорижлик бизнесменлар сони мамлакатнинг ички ва ташқи савдо оборотига жиддий таъсир ўтказмаслигига деярли барча соҳалар давлат монополиясига айлантирилганини сабаб қилиб кўрсатди.

- Чунки бизда йирик бизнеснинг ўзи йўқ! Хусусан, Ўзбекистонда йирик бизнеснинг асосий улуши давлат монополиясига айлантирилган. Навоий, Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатлари, Бекобод металлургия, цемент заводлар, автомобил ишлаб чиқариш, дори-дармон ишлаб чиқариш, кимё саноати, пахта ва газ сотиш – ҳаммаси давлат қўлида. Ҳатто банк соҳасининг 80 фоизи давлат монополияси! Ўзбекистоннинг экспорт ва импорти билан, асосан амалдорлар шуғулланмоқда. Яъни оддий бизнесменлар бизда бу кўрсаткичларга таъсир ўтказмайди. Бир нарсани аниқ айтиш мумкинки, Ўзбекистон экспорт улушининг камайиши бевосита пандемия чекловлари билан боғлиқ. Бироқ импорт ўсишининг сабаби – қаттиқ локдаун маҳалда ҳам бизда қурилиш ишлари тўхтатилмади. Катта баланснинг юзага келганини эса, ўзбек ҳукуматининг Осиё банки, Ислом банки, Хитой ва бошқа кўплаб молия институтларидан кредитларни олаётгани ва 2020-21 оғир йилларда кредит портфелининг ўсиши билан изоҳлаш мумкин. Ўзбекистонда амалга оширилаётган саноқсиз лойиҳаларнинг тагини суриштириб кўрсангиз – ҳаммаси кредит эканини кўрасиз, - деди иқтисодий таҳлилчи.

Review.uz таҳлилий нашр маълумотига биноан, Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан тўртта давлат, хусусан, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркия билан фаол ташқи савдо балансини сақлаб келмоқда. Қолган 16 та давлат билан пассив ташқи савдо алоқалари сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон жаҳоннинг 174 та мамлакатлари билан савдо алоқаларини ўрнатган бўлиб, ташқи савдо алоқаларнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (19,2 %), Россия (17,9 %), Қозоғистон (9,9%), Туркия (8,6 %), Жанубий Корея (4,8 %), Қирғизистон (2,4 %) ва Германияга (1,9%) тўғри келади.

Шу йилнинг 20 август куни Тошкентда ўзбекистонлик тадбиркорлар билан "очиқ" деб айтилаëтган мулоқотни ўтказган президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорларга $600 миллион доллар ажратилишини ваъда қилди.

Бундан ташқари, президент бундан буён Ўзбекистонда 20 августни Тадбиркорлар куни, деб эълон қилишни таклиф қилди.

XS
SM
MD
LG