Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:49

Фақат непотизмми? Саида Мирзиёеванинг янги лавозими эътибор марказида


Саида Мирзиёева, маҳаллий блогерлардан бирининг айтишича, "масъулиятни ўз зиммасига олиш ва матбуотни ҳимоя қилишдан қўрқмаслигини амалда исботлаган".
Саида Мирзиёева, маҳаллий блогерлардан бирининг айтишича, "масъулиятни ўз зиммасига олиш ва матбуотни ҳимоя қилишдан қўрқмаслигини амалда исботлаган".

25 ноябрь куни Ўзбекистон давлат хабар агентлиги ЎзА жойларда Президент администрацияси раҳбарининг ёрдамчилари лавозимлари ташкил этилаётгани ҳақида хабар берди. Аммо бу ҳақда имзолангани айтилган президент фармони ҳануз матбуотда эълон қилингани йўқ. Хабарда айтилишича, янги лавозим “ҳудудлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва жойлардаги вазиятдан келиб чиқиб, тезкор чоралар кўриб бориш мақсади”да жорий қилинмоқда.

Бундан аввал Шавкат Мирзиёев жойлардаги ҳокимларни "президентнинг вакили" ва амалда дахлсиз деб эълон қилгани назарда тутилса, президент администрация вакилига қандай зарурат борлиги ва унинг ваколатларига нималар кириши ҳозирча тушунарсиз. Администрация бу ҳақда бирон изоҳ бергани йўқ.

Сўнгги тўрт ойда Ўзбекистон президентининг администрацияси таркиби деярли буткул янгиланди. Аммо тайинловлар орасида энг кўп эътиборни тортгани 14 ноябрь куни президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёеванинг отаси администрациясида масъул лавозимга тайинланиши бўлди.

Озодликнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Крис Риклтоннинг ёзишича, ушбу тайинлов Қорақалпоғистондаги қонли воқеалардан сўнг ҳукумат тепасида бошланган кадрлар ўзгаришининг бир қисмидир. Қуйида мақола таржимаси билан танишинг.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёеванинг оғир дамларда вазиятга мудохала қилиш ва ундан чиқишга кўмаклашадиган одати бор.

Эндиликда унинг зиммасига мураккаб даврда отасининг ҳукумати имижини қутқариш вазифаси юклатилди.

Мирзиёеванинг шу ой бошида Президент Администрациясида алоқа ва ахборот сиёсати бўйича раҳбар этиб тайинланиши жорий йил ёзида Қорақалпоғистонда камида 18 кишининг ўлимига сабаб бўлган намойишлар ортидан Мирзиёев маъмуриятидаги кенгроқ ўзгаришларнинг бир қисмидир.

Аммо сўнгги кадрлар алмашинуви Мирзиёевнинг олти йиллик бошқарувининг илк давридаги ислоҳотлар ортидан мурватларни бўшатиш ва яна бураш ўртасида абадий қолиб кетганга ўхшаётган мамлакат учун нимани англатади?

38 ёшли Мирзиёеванинг юқори лавозимга тайинланиши билан бир вақтда ислоҳотчи сифатида танилган Адлия вазири Русланбек Давлетов президентнинг янги ташкил этилган ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтказилди. Мирзиёеванинг кўзга кўринган иттифоқчиси Комил Алламжонов эса Президент Администрацияси раҳбарига ўринбосар этиб тайинланди.

Шу йил ёзида Қорақалпоғистонда юз берган намойишларда 18 киши ҳалок бўлган.
Шу йил ёзида Қорақалпоғистонда юз берган намойишларда 18 киши ҳалок бўлган.

Шу йил июлида Қорақалпоғистондаги норозилик намойишларининг қонли бостирилиши ортидан Президент Администрацияси раҳбарлигидан четлатилган Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ўрнини 44 ёшли собиқ ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов эгаллаганди.

Буюк Британияда жойлашган Central Asia Due Diligence (CADD) директори Алишер Илҳомовга кўра, ўзгаришлар Мирзиёев ўзининг собиқ хўжайини, авторитар биринчи президент Ислом Каримов давридаги қаттиққўл амалдорларни қайтариши мумкинлиги ҳақидаги фаразларни йўққа чиқарган.

“Қорақалпоғистондаги воқеалардан сўнг улар эски одамларга, эски услубга қайтиш ҳақида гапира бошлашди. Шу маънода бу гап-сўзлар ҳукуматга қўл келди, чунки у ёшроқ амалдорларни тайинлаш орқали бунинг аксини намойиш этди”, дейди Илҳомов.

Расмийлар, жумладан, Мирзиёев ҳам, июль ойида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларга коммуникациядаги камчиликлар сабаб бўлганини маълум даражада тан олди, аммо барибир расмий Тошкент бу ҳудуднинг конституциявий мақомига ўзгартириш киритиш таклифи сабаб бошланган норозиликларда номи айтилмаган “хорижий кучлар”ни айблашда давом этди.

Халқаро ташкилотлар Каримов ўлимидан кейинги илк йилларда дунёга қисман очилган Тошкентни сўз эркинлигидан чекингани учун танқид қилишди.

Ўзини ислоҳотчи деб эълон қилган Мирзиёев президентлик муддатини амалдаги конституцияда белгиланган кетма-кет икки муддатдан ортиқроққа узайтириш ҳақида ўйлар экан, бу каби воқеалар Ўзбекистоннинг танлаган йўли борасида қатор саволларни туғдирди.

Сиёсий тандем?

Мирзиёеванинг лавозимга тайинлангани ҳақида 14 ноябрь куни эълон қилинган баёнотда отасининг матбуот котиби янги агентлик “жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати” учун масъул бўлишини айтди.

Комил Алламжонов АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Элизабет Трюдо билан. Тошкент, 6 октябрь, 2022.
Комил Алламжонов АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Элизабет Трюдо билан. Тошкент, 6 октябрь, 2022.

Мирзиёева биринчи марта 2019 йилнинг апрель ойида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари лавозимига тайинланганди. Ушбу лавозим уни автоматик равишда президент маслаҳатчиси ўринбосарига айлантирди ва унга оммавий ахборот воситаларида кенг ваколатлар берди.

2020 йил январь ойи охирида у ижроия ҳокимиятисиз бўлса‑да, катта таъсирга эга нодавлат ташкилоти – Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раҳбари ўринбосари этиб тайинланди.

Ушбу лавозимларда Алламжоновнинг ўнг қўли бўлган Мирзиёева очиқча гапиришдан қўрқмайдиган сиёсатчи билан тандемда экани ҳақида тасаввур уйғотди. Алламжоновни айримлар Каримовдан кейинги “илиқлик” даврининг олдинги сафларидаги сиёсатчи деб таърифлашади.

“Агар Алламжонов Мирзиёева орқали элитага президент оиласининг дастаги билан иш олиб бораётгани ҳақида мужда бераётган бўлса, Мирзиёева маълум мақсадларга эришиш учун Алламжоновнинг профессионал тажрибасига таянади”, дейди Илҳомов.

Бу жуфтликнинг агентликдаги фаолияти 2005 йилда Андижон воқеаларидан сўнг блокланган айрим веб-сайтлар очилган ва мамлакатга кириши тақиқланган Би‑би‑си мухбири аккредитация қилинган пайтга тўғри келди.

Аммо бу қисман очилиш эди. Яқинда Озодлик радиосининг Ўзбек хизмати мухбирларига қисқа муддатли аккредитация берилган бўлса ҳам, Озодлик вебсайти мамлакат ичида ҳануз тўсиб қўйилганича қолмоқда.

2021 йилда ЛГБТ ҳуқуқлари тарафдори бўлган блогер Тошкентда ҳужумга учраши ортидан, Алламжоновнинг ЛГБТ ҳуқуқларига қарши турган консерваторлар томонига ўтгани бу очилиш чекланган бўлганини яна бир намойиш қилди.

44 ёшли собиқ ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов шу йил июлида Президент Администрацияси раҳбари этиб танланган.
44 ёшли собиқ ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов шу йил июлида Президент Администрацияси раҳбари этиб танланган.

“Хорижий ташкилотлар Ўзбекистон ёки бошқа давлатга талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти ва анъаналарини ҳисобга олишлари керак”, дея ёзғирди Алламжонов.

Бу воқеалар Администрация бошлиғининг янги ўринбосари кураторлик қиладиган “сўз эркинлигига жузъий ёндашув” белгиси эди. Ўтмишда Алламжоновнинг бизнес фаолияти журналистик суриштирувлар марказида бўлган”, дейди Илҳомов Озодлик радиосига.

"Унинг овози ҳал қилувчи бўлади"

Мирзиёева ҳукмрон оиланинг жамоатчилик орасида энг кўп танилган аъзосидир. Унинг эри, ишбилармон Ойбек Турсунов Президент Админстрацияда лавозим эгаллагани ҳақидаги хабарлар ҳеч қачон расман тасдиқланган эмас.

Синглиси Шаҳноза Мирзиёева Мактабгача таълим вазирлигида масъул лавозимда ишлайди.

Қариндошларидан фарқли ўлароқ, Мирзиёева мунтазам равишда мамлакатдаги воқеаларга ўз муносабатини билдириб келади.

Шу йил бошида ўзбекистонлик бир куёвнинг тўй куни келинни ургани акс этган видео интернетда тарқалгач, Мирзиёева ҳодисани қоралаганлар қаторига қўшилди.

“Биз бу каби ҳодисалар ҳақида бир марталик экан, деб сукут сақламаслигимиз керак, деб ёзди Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифаларида. Шунинг учун ҳам биз аёлларни мустақил ва кучли қиладиган, уларга янги уфқларни очадиган таълимга интилишимиз керак”.

Бу ҳодисадан икки йил аввал, Тошкентдаги таниқли либерал «Илҳом» театри жойлашган бино эгаси билан келишмовчилик туфайли театр ёпилиш хавфи остида қолганида ҳам Мирзиёева вазиятга дарҳол аралашганди.

Шу билан бирга у ўзининг она ва маданий анъаналар посбони сифатидаги имижини ҳам парваришлаб келади.

Ёзда эълон қилинган видеода унинг тўнғич ва кенжа ўғиллари жойнамоз устида тиз чўкиб ўтирганини кўриш мумкин.

“Кенжатойимни тўғри йўлга бошлашда акаси намуна бўлаётганини кўриб, дилим яйраб кетади. Она учун фарзандларини иноқ, яқин дўст бўлиб улғаяётганини кўришдан ёқимлироқ нарса йўқ”, деб ёзди у пост остида.

Ўзбекистондаги бир қанча оммавий ахборот воситалари учун мақолалар ёзган машҳур блогер Никита Макаренко Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият жуда оғирлигича қолаётган бўлса‑да, Мирзиёеванинг матбуот эркинлигига содиқлиги самимий, деб ҳисоблайди.

“Саида Мирзиёева [давлат агентлигида] ишлаганида масъулиятни ўз зиммасига олишдан ва ОАВ ни ҳимоя қилишдан қўрқмаслигини амалда исботлади. Кўпинча муҳим ҳолатларда унинг овози ҳал қилувчи бўлиб чиқди ", дейди Макаренко.

“Албатта, идеал дунёда журналистлар ва блогерларни кучли қонунлар ва уларнинг ижроси ҳимоя қилиши керак. Аммо ҳозирча бизга қандай бўлса ҳам иттифоқчи керак”.

Бироқ Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида сўз эркинлигининг чегараси сақланиб қолмоқда, буни яқинда бир Instagram фойдаланувчисининг гўёки беҳаё постлари учун қамалгани ҳам тасдиқлади.

Севинч Саъдуллаева очиқ оёқлари ва эркак бошини қўйиб тургани акс этган видеолари учун узр сўраганидан сўнг беш кунлик қамоқнинг бир кунини ўтаб озодликка чиқди.

Алламжонов ҳам, Мирзиёева ҳам бу иш юзасидан изоҳ бермади.

"Яқинларни яқинда ушлаш"

Марказий Осиёда президентларнинг фарзандлари нуфузли давлат лавозимларини эгаллаган кўплаб мисоллар мавжуд.

Қозоғистонда биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоевага бир қатор нуфузли лавозимлар, жумладан, Сенат спикери лавозими ҳам берилди, бу эса уни президентликка даъвогар қилиб қўйди.

Қозоғистоннинг собиқ раҳбари оиласининг кўплаб аъзолари қатори у ҳам январь ойидаги қонли воқеалардан сўнг сиёсий ролидан воз кечди.

Тожикистонда президент Эмомали Раҳмоннинг фарзандларига алоҳида ваколатлар берилган.

Саида Мирзиёева Президент администрациясида лавозимга тайинланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:03 0:00

Раҳмоннинг қизи Озода Раҳмон унинг маъмурияти раҳбари бўлиб, ўғли Рустам Эмомали отасининг меросхўри сифатида кўрилади.

Ўзбекистонда Мирзиёеванинг машҳурлиги 2016 йилда вафот этган Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан муқоясаларга йўл очган.

Аммо ҳозирда бир қатор коррупцияга алоқадор жиноятлар учун қамоқ жазосини ўтаётган дипломат, тадбиркор ва модалар дизайнери Каримова ҳеч қачон Мирзиёева эгаллаб турганидек қудратли лавозимни эгалламаган ва асосан ишончли шахслар орқали ҳукуматга таъсир ўтказишга урингани маълум.

Каримованинг қулаши ҳали отасининг тириклигида, ҳукмрон оила ичидаги жанжалларни фош этувчи ижтимоий тармоқлардаги постлари учун ҳибсга олинганида юз берди.

Голландиянинг Гронинген университети қошидаги ОАВ ва журналистика тадқиқот маркази доценти Рашид Габдулхаковнинг фикрича, Мирзиёевлар оиласи ўша даврдан “маълум даражада сабоқ олган”.

“Агар Гулнора бир муддат назоратдан чиқиб кетишига қўйиб берилган бўлса, ҳозирги ҳолатда биз президент қизини ёнида ушлаб турганини кўряпмиз”, дейди Габдулхаков.

Ҳозирда президентни ўраб олган кўплаб амалдорлар ичида оилавий ришталардан фойда кўрадиган фақат Мирзиёева эмас.

Британияда таҳсил олган, Лондондаги Европа тикланиш ва тараққиёт банкида ишлаган Сардор Умурзоқов Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ўқитувчи ва ректор бўлиб ишлаган марҳум Ўктам Умурзоқовнинг ўғлидир. Мирзиёев шу институтни тамомлаган.

Иккала оила ҳам Жиззах вилоятидан бўлиб, Мирзиёевнинг дастлабки касбий ҳаётига Ўктам Умурзоқов таъсир кўрсатган деб ишонилади.

Ўғил Умурзоқовнинг бошқарувдаги мавқеи ўтган ой у Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашиш учун Анқарага якка ўзи борганида ҳам яққол намоён бўлди.

Бу ҳақда фақат Президент Эрдўғоннинг матбуот хизматигина хабар берди.

Бу каби кўринишлар Умурзоқов Мирзиёевнинг вориси сифатида тайёрланаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фаразларга ҳам йўл очган.

Аммо Алишер Илҳомовнинг Озодлик радиосига айтишича, Қорақалпоғистондаги воқеалардан сўнг ва президентлик муддатини чўзиш арафасида мамлакат ташқариси ва ичкарисида ўз имижини яхшилашга уринаётган Мирзиёев учун ўзининг ёш командасига эътиборни жалб қилиш мантиқий қадамдир.

Форум

XS
SM
MD
LG