Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:11

Косово шимолидаги серблар норозилиги чегарада вазиятни кескинлаштирди


Косово-Сербия чегараси.
Косово-Сербия чегараси.

Сербия билан қисман тан олинган Косово Республикаси ўртасида янги кескинлик юзага келди – бу гал можарога Косово ҳукумати мамлакатга киришда серб фуқароларининг ҳужжатлари ва автомобиль қайд рақамларини мажбурий алмаштиришни жорий этиши сабаб бўлди.

Якшанба куни Косово шимолида яшовчи этник серблар Сербия билан чегарадаги икки муҳим ўтиш маскани яқинидаги йўлларни тўсиб қўйишди. Кейинроқ Косово полицияси норозиларнинг хатти-ҳаракатлари туфайли “Ярине” ҳамда “Брняк” ўтиш масканларини одамлар ва транспорт учун ёпишга мажбур бўлганини билдирди.

Косово ҳукумати 1 август санасидан бошлаб республикага келган Сербия фуқаролари у ерда олган шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини Косовонинг уч ой муддатга амал қиладиган ҳужжатларига алмашишини шарт қилиб қўйди. Мазкур қоида Белграднинг Сербияга борувчи Косово фуқароларига нисбатан анчадан бери қўллаётган амалиётига мувофиқдир, дея қайд этади Озодликнинг Болқон хизмати.

Косоводаги ҳибслардан сўнг Сербия ўз армиясини шай ҳолатга келтирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:33 0:00

Янги қоидалар автомобилларнинг рақамли белгиларига ҳам тааллуқли. Косово шимолида истиқомат қилувчи серблар ҳануз Сербия давлат муассасалари берган рақамлардан фойдаланиб келишади. 2008 йилда Белграддан мустақиллик эълон қилган расмий Приштина сентябрь ойи охирига қадар қайд рақамларини Косово Республикасини англатувчи аббревиатурали белгилар билан алмаштиришни талаб қилмоқда.

Косово бош вазири Альбин Курти 31 июль куни юзага келган кескинликка изоҳ бераркан, ушбу воқеалардан олдин Сербия ҳукумати расмийлари иғвогарларча баёнотлар эълон қилганини айтди. Курти ҳуқуқ-тартибот идоралари қонун ҳимоясига шайлигини билдирди, шунингдек фуқароларни ҳушёрликка ва Косово ҳукумати расмий хабарларини кузатиб боришга чақирди.

Белград эса, ўз навбатида, Косово ҳукуматини айбламоқда. Сербия ҳукуматининг Косовога доир ишлар бошқармаси директори Петар Петкович Альбин Куртини вазият учун ягона айбдор қилиб кўрсатди ва у “ўзининг масъулиятсизларча ҳаракатлари билан Косово ҳамда Метохияни янги инқирозга бошлаётгани”ни айтди.

Сербия президенти Александр Вучич 31 июль куни Белградда ўтказилган матбуот анжуманида тинчлик бўлсин деб дуо қилажагини ва барчадан, жумладан Косоводаги серблардан ҳам можарога олиб келиши мумкин бўлган ишлардан тийилишни илтимос қилишини айтди.

Айни чоғда Вучич, ўз таъбирича, “Косово мустақиллигини тан олган қудратли ва йирик мамлакатлар вакилларига” мурожаат этиб, улардан халқаро ҳуқуқни ва жойлардаги вазият ҳисобга олишни илтимос қилди ва “ён берилмайди”, “Сербия ғалаба қозонади”, дея қўшиб қўйди.

“Улар сербларни таъқиб-тазйиққа олсалар, серблар билан ёмон муомалада бўлсалар, уларни ўлдирсалар, Сербия ғолиб чиқажак. Мен фақат шуни айтмоқчи эдим”, деди Вучич.

Косово мустақиллигини тан олмаётган Россия ҳукумати ҳам Приштинани минтақада вазиятни қасддан кескинлаштиришда айблаб чиқди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова Косово маъмурияти киритган янги қоидаларни асоссиз, инсонни камситувчи ва “Косоводан серб аҳолини қувиб чиқариш йўлидаги навбатдаги қадам” деб атади. Захарова, шунингдек, “Приштина ортида турган АҚШ ва Евроиттифоқ”ни ҳам эсламасдан ўтолмади.

Форум

XS
SM
MD
LG