Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:51

666-қарор ижроси: Ўқитувчи ўқувчининг сочини дарс пайтида кесиб ташлади


Ўтган ой Самарқанднинг Ургут туманидаги мактаб директори ўринбосари 11-синф ўқувчиларининг сочини қайчилаб, тан жароҳати етказган эди.
Ўтган ой Самарқанднинг Ургут туманидаги мактаб директори ўринбосари 11-синф ўқувчиларининг сочини қайчилаб, тан жароҳати етказган эди.

10 октябрь куни Озодликка боғланган ота-оналарга кўра¸ Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 27-ўрта мактаб ўқитувчиси "сочининг тепаси сариққа бўялган ўғил боланинг бошига ҳужум қилган".

Бу "ҳужум" ўқувчининг кескин жисмоний қаршилигидан сўнг қайтарилган¸ жаҳл отига минган ўқитувчи эса "ўғил болалар қолиб¸ сочи узун икки қизга ташланган".

Сочи ҳеч бир сабабсиз қайчиланган болаларнинг ота-онаси Озодлик билан суҳбатда 9 сентябрь куни бўлган бу воқеа юзасидан мактаб раҳбарияти¸ туман Халқ таълими бўлими ва Халқ таълими вазирлигига шикоят билан мурожаат қилганлари¸ аммо воқеа бўйича ҳеч ким қонуний изоҳ бермаганини билдирди.

27-мактаб директори Озодликнинг изоҳ сўраб қилган қўнғироғига жавоб бермасдан алоқани узиб қўйди. Халқ таълими вазирлиги эса¸ бу ишни қилган “ўқитувчининг ҳайфсан олгани¸ ўқитувчиларга 666-қарор бўйича тушунтириш берилгани”ни билдирди.

Ўқувчининг сочига "ҳужум"

Фарзанди Тошкентдаги 27-мактабнинг 9-В синфида ўқийдиган ота-оналар 9 сентябрь кунги воқеа ҳақида ҳали ҳам ҳиссиëтга берилмасдан гапириш ўзлари учун оғирлигини билдирди.

Фарзандларига шундоқ ҳам руҳий босим бўлаëтганини таъкидлаган айрим ота-оналар¸ бу жараëн кучайишидан чўчиб¸ шахслари очиқланмаслигини сўради.

Химия дарси тугашига 10 минут қолганда 9-В синфининг куратори синф хонасига бостириб кириб¸ сочининг тепаси сариққа бўялган ўғил болага¸ э йўқ¸ бе йўқ¸ қайчи билан ташланади. Бу бола ўқитувчига 5 минутча қаршилик қилади¸ бу орада қайчи синади. Бу боланинг сочини қирқа олмаган куратор¸ ўқувчининг қайчисини олиб¸ бошқасига ташланади. Унинг сочини ҳам юлиб¸ ҳам кесади. Бу орада узун сочи орқасига боғланган иккита қизга кўзи тушган ўқитувчи¸ уларнинг сочига ҳам қайчи солади. Қизимнинг сочини тутамлаб қирқиб олади”¸ деб ҳикоя қилади воқеа тафсилотини сочи қирқилган қизлардан бирининг отаси Ўразимбет Қурбонов.

9 сентябрь куни сочи ҳеч бир изоҳсиз синфдошлари кўз ўнгида қайчиланган қизлардан бири сурати.
9 сентябрь куни сочи ҳеч бир изоҳсиз синфдошлари кўз ўнгида қайчиланган қизлардан бири сурати.

Бу ҳужумдан шокка тушган болалардан иккитаси уйига йиғлаб борган¸ иккитаси эса¸ ота-онасига бу ҳақда гапиришга ҳам қўрққан. Тафсилотларни бир-бири билан ўртоқлашган ота-оналар эртасига мактаб директори олдига изоҳ талаб қилиб борган.

Мактаб директори бизни ҳайдаб чиқаришга уринди. Биз ўқитувчи бу ишни қайси асосда қилганига тушунтириш берсин¸ болаларимизни 30 дан ошиқ синфдоши олдида хўрлаган ўқитувчи улардан бутун синф олдида кечирим сўрасин¸ дедик. Директор¸ ўқитувчининг ўқувчидан кечирим сўраши ҳақорат¸ бунга йўл қўймайман”¸ деб туриб олди. Ўқитувчини изоҳ беришга чақирмади ҳам”¸ дейди ота-оналардан бири.

Бундай қониқарсиз жавобдан сўнг ота-оналар Мирзо Улуғбек туман Халқ таълими бўлими¸ туман Ички ишлар бўлимига шикоят билан чиқишган.

Ички ишларда аризамизни қабул қилишда роса қаршилик бўлди. Босим бўлди¸ биз қаттиқ турганимиздан кейин¸ ниҳоят 18 сентябрь уни чала-чулпа қайддан ўтказишди. Лекин ҳозиргача бирор чора кўрилмади. Ўқитувчига ҳайфсан берилди¸ дейишдан нарига ўтишмаяпти. Болаларимизни таҳқирлаган ўқитувчи ҳалиям куратор¸ ҳалиям дарс бериб юрипти”.

Озодлик гаплашган ота-оналар таълим мутасаддиларидан ўқувчининг ташқи кўринишини бир қолипга солиш жараëнининг нега бу қадар зўравонликка айланиб кетгани юзасидан расмий изоҳ кутаëтгани¸ аммо ҳозиргача ўз талаблари эътиборсиз қолаëтганини айтади.

Биз болаларимизни мактабга таълим олсин¸ ўқисин¸ деб юборамиз. Булар эса¸ таълим бериш у ëқда қолиб¸ сочинг 2 смдан узун¸ пайпоғинг калта¸ сочинг турмакланмаган¸ деган нарсалар билан вақт ўтказаяпти. Соч қирқишнинг химия дарсида бўлгани айни шунинг исботи! Булар шаклни қўйиб¸ моҳиятга шунча вақт ва кучини сарфласа бўлмайдими? Мактабда тузук-қуруқ илм берилмагани учун биз пул тўлаб ҳар кун боламизни репититорга юбораяпмиз. Ўқитувчи илм бериш ўрнига¸ ахлоқ полициясига айланиб бораяпти”¸ дейди Озодлик гаплашган ота-оналардан яна бири.

Ўразимбет Қурбоновнинг Озодликка айтишича¸ ота-оналарнинг изоҳ талаб қилишда давом этаëтгани ортидан 27-мактаб маъмурияти¸ хусусан¸ тажовуз қилган ўқитувчи бу болаларга босимни кучайтирмоқда.

"Кеча қизимни яна дарс пайтида йиғлатган. Отанг қаерга борса-борсин¸ қўлидан ҳеч нарса келмайди¸ деб. Эртага қизимни руҳшуносга олиб бораман¸ қаттиқ стрессда ҳозир . Мактабга боришдан қўрқиб қолган. Ҳатто қоровулгача уни кўрсатиб¸ тўполончининг боласи¸ деб камситган"¸ дейди Қурбонов.

Озодлик 27-мактабда ўқувчиларга қилинган жисмоний тажовуз бўйича изоҳ сўраб Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилди.

Вазирлик матбуот хизмати қисқа жавобида бу воқеанинг ўрганиб чиқилгани¸ “ўқитувчининг ҳайфсан олгани ва ўқитувчиларга 666-қарор бўйича тушунтириш берилгани”ни билдирди.

Эътирозларга сабаб бўлаëтган 666-сонли қарор

Шу кунларда Ўзбекистон мактабларида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 август куни қабул қилинган 666-сонли қарори ижроси бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда.

Бош вазир Абдулла Арипов қўл қўйган бу қарор “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланади.

(Қарорнинг ягона формага ўтишга оид икки банди ижроси кечиктирилди¸ аммо қолган бандлари кучда қолди - таҳр.)

Қарорда¸ ўқувчиларнинг мактабга қандай ташқи қиëфада келиши майда тафсилотларгача белгилаб берилган.

Хусусан¸ унда ўқувчининг мактабга тор кийимда келиши тақиқланади¸ қизлар учун юбканинг узунлиги тиззадан 5 — 15 см пастда бўлиши; ўғил болалар учун шимнинг узунлиги оёқ тўпиғидан пастда бўлиши; оёқ кийимлар пошнасининг 3 сантиметрдан баланд бўлмаслиги; кўйлакнинг энг юқоридаги фақат битта тугмасидан ташқари бошқа тугмаларнинг қадалган бўлиши; кийимларнинг тоза ва дазмолланган бўлиши шарт" қилиб белгиланган.

Қарорда соч¸ тирноқ¸ макияж ва тақинчоқлар ҳақида ҳам алоҳида талаб белгиланган бўлиб¸ унга кўра:

ўғил бола ўқувчиларнинг сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда келишларига; қиз бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди”.

Ўқувчи¸ аниқроғи¸ ўсмир ëшидагиларнинг татуировка қилиш қандай тақиқланган бўлса¸ мактабга у ëки бу динга мансубликни кўрсатувчи кийимда¸ хусусан¸ рўмол ва ҳижобда келиши ҳам тақиқланган.

Айни пайтда¸ қарорда бундай талабларга бўйсунмаслик учун жавобгарлик ҳам белгиланган.

Унга кўра, мактаб формаси талабларига бўйсунмаган ўқувчиларга аввалига огоҳлантириш берилади¸ бу ҳолат ўқувчининг кундалик дафтарига қайд этилади¸ ота-онаси хабардор қилинади ва бу чоралар натижа бермаган тақдирда¸ мактаб ва маҳалла йиғилишларида ота-оналар иштирокида муҳокама қилинади.

Янги ўқув йилидан Ўзбекистон бўйлаб мазкур қарор ижроси билан шуғулланиш қаттиқ топширилгани ортидан¸ Озодликка келаëтган хабарларга кўра¸ мактабга қарорда белгиланган ташқи қиëфада келмаган ўқувчиларни мактабга киритмаслик¸ уларни бутун мактаб олдида изза қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

10 октябрь куни Озодлик гаплашган ота-оналар¸ мактабга рўмолда келаëтган қизлар баробарида¸ сочи бўялган ўқувчилар ота-оналари ҳам мактаб раҳбарияти¸ баъзи ҳолларда эса¸ участка нозири томонидан савол-жавобга чақирилаëтганини айтади.

XS
SM
MD
LG