Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 23:48

COVID-19 мигрант ишчилар аҳволини янада оғирлаштирмоқда


14 апрелда Ленинград вилоятидаги 470 мигрант ишчи яшаб турган ётоқхонада 35 киши инфекция юқтиргани аниқланган эди.
14 апрелда Ленинград вилоятидаги 470 мигрант ишчи яшаб турган ётоқхонада 35 киши инфекция юқтиргани аниқланган эди.

Москвада чет элликлардан чўчишга оид ҳазил оғиздан-оғизга кўчиб юрибди: шаҳарликлар коронавирус сабаб “ўзини қаттиқ яккалаш”га мажбур бўлган пайтда кўчаларда фақат мигрант ишчилар юргани Россия пойтахтини аслида ким бошқараётганини кўрсатиб бермоқда.

Одатдагидай ишлаб юрган мавсумий ишчиларни кўрган кишида ўлим хавфини солаётган пандемия сабаб жорий этилган қаттиқ чораларнинг уларга дахли йўқдай таассурот қолади. Лекин начора.

Кўпчилиги ўзи истаганда ҳам уйига кета олмаслиги сабаб Москвадаги мигрантлар ҳам дунёдаги 200 миллион меҳнат мигранти сингари қийин аҳволга тушиб қолган. Улар иқтисодий абгорлик ҳамда саломатлиги ва хавфсизлигига таҳдидга, инқироздан чиқишга уриниши ортидан очиқдан-очиқ камситишларга дучор бўлмоқда.

Россиянинг март ўрталарида халқаро учоқ рейслари ва темирйўл алоқасини тақиқлагани ишчиларнинг ўз мамлакатлари ҳам шундай йўл тутгани билан қўшилиб, 100 минглабдан 7 миллионгача бўлган ҳужжатли ва ҳужжатсиз ишчиларни қийин аҳволга солиб қўйди.

Россиялик амалдорлар фикрича, иқтисодиётга ҳам, ишчиларга ҳам “ўзини яккалаб” ўтиргандан кўра ишлаш хавфсизроқдир.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Россия минтақаларида 1-2 миллион мигрант ишчи бор, улар ватанига кета олмагани сабабли ётоқхонада ўтиргандан ишлагани маъқул, деган эди ҳукумат вакилларидан бири апрель бошида ҳали эпидемия бошланмаган пайт.

14 апрелда Ленинград вилоятидаги 470 мигрант ишчи яшаб турган ётоқхонада 35 киши инфекция юқтиргани аниқлангач, уларнинг ишлаш рухсатномалари муддатини автоматик равишда чўзиш таклиф қилинди.

Россиядаги мигрант ишчиларнинг асосий кўпчилиги Марказий Осиё мамлакатларидан бўлиб, улар 2019 йилда уйига 8 миллиард доллардан ошиқ пул жўнатди. Бироқ коронавирус билан боғлиқ инқироз сабаб жўнатилаётган пул ҳажми икки баробар қисқариб кетди.

2019 йилда украиналик меҳнат мигрантлари уйига 12 миллиард доллар жўнатди, бу мамлакат ЯИМнинг 10 фоизидир. 3 миллиондан ошиқ украиналик чет эллар, асосан ЕИ мамлакатлари: Польша, Чехия Республикаси ва Италияда ишлаётган эди. Коронавиурс эпидемияси бошлангач, уларнинг аксарияти уйига қайтди ва ишсизлик янада ортиб кетди.

Мартда 155 мингдан ортиқ украиналик – сайёҳлар, мигрант ишчилар ва бошқалар – уйига қайтиб келди.

Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) огоҳлантиришича, чет эллардаги мигрант ишчиларни инқирозлар вақтида қул қилиб ишлатиш, уларнинг, жумладан, одам савдоси жабрдийдаси бўлиш хавфи ортиб кетади. Уйига қайтишни ўйлаётганлар эса ўзи билан бирга коронавирус инфекциясини олиб келишда айбланиши мумкин.

ХМТ хабар қилишича, март бошида коронавиурс эпидемияси тарқалган Хитойнинг Уҳан шаҳридан олиб чиқилган украиналиклар “ижтимоий соғлиққа таҳдид деб қаралган ҳолат жамоатда зўравонлик келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатди”.

Ижтимоий тармоқлар ва бошқа ахборот воситаларида киберқўрқитиш ҳоллари кўп учрамоқда.

Promo-LEX ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти фаоли Ирина Коробченконинг айтишича, яқинда Молдовада ҳам мигрантлар ҳақида нафратомуз гап-сўзлар янграган. Ушбу мамлакатдан чет элларга бориб ишлаётган мигрантлар сони тахминан 430 минг кишидир.

‒ Пандемия қай тарзда тарқалишига қараб... бундай нафратга тўла гап-сўзлар янада кўпайиши ва ҳатто зўравонликка айланиб кетиши мумкин, чунки ҳар қандай жамият айбдор қидиришга мойил, ‒ деди у “Озодлик” радиосининг молдован тили хизматига.

14 апрелда кремлпараст “Известия” газетасида чоп қилинган “Изоляция меваси: Мигрантлар наркотиклар савдосига қўл урмоқда. Чет элликларнинг оммавий тарзда ишсиз қолиши уларни уюшган жиноятчиликка етаклаши мумкин” мақоласига ёзилган изоҳларда ушбу нафрат, бевосита айтилмаса-да, кўзга ташланади.

XS
SM
MD
LG