Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:17

Черногорияда қуроллар савдосини фош қилган журналист 1,5 йилга қамалди


 Журналист Йово Мартинович
Журналист Йово Мартинович

Черногория пойтахти Подгорица шаҳар суди журналистик суриштирувлари билан танилган журналист Йово Мартиновични 1,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Суд Мартиновични гиёҳванд моддаларни ташиш ҳамда жиноий тўдаларга аъзо бўлишда айбдор деб топди.

Мамлакатдаги жиноятчилик ҳақидаги материалларини ҳам хорижий, ҳам маҳаллий нашрларда ёритиб келган Мартинович ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, журналистик фаолияти учун расмийлар ундан ўч олаётганига ишонишини айтди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Мартиновичга чиқарилган суд ҳукмини “Европа Иттифоқига қўшилиш истагини изҳор қилиб келаётган мамлакатда матбуот эркинлиги соҳасида ортга ташланган хавотирли қадам” дея қоралади. Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси эса суд ҳукмини Черногория матбуот эркинлигига салбий таъсир кўрсатувчи “аянчли адолатсизлик” дея танқид қилди.

Мартинович 2015 йилнинг октябрида қўлга олинган пайтида француз телеканали учун Болқон давлатларидаги ноқонуний қурол-аслаҳа савдоси ҳақида материал тайёрлаётган бўлган. Бунинг ортидан уни 15 ой қамоқда ушлаб туриб, кейин шартли равишда қўйиб юборишган эди.

Журналист ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, мухбирлик фаолияти давомида жиноий тўдалар билан фақат профессионал журналист сифатида алоқага чиққанини айтиб келади.

Суд ҳукми ўқиб эшиттирилиши ортидан Мартинович:

- Журналист бўлганим учун айбдор деб топилдим, - деди.

“Чегара билмас мухбирлар” суднинг “ўта адолатсиз” қарорини қоралар экан, Мартинович фақат ва фақат журналистик суриштирувлари туфайли жиноий тўдалар билан алоқага чиққанини кўрсатувчи етарлича далиллар борлигини таъкидлади.

Ташкилот билдирувида суднинг “ошиғич қаттиққўл” ҳукми мамлакатда матбуот эркинлигига бўлган ҳурмат пастлаб бораётганининг яққол тасдиғи эканлиги айтилади.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотларни ҳамда ғарб давлатлари ҳукуматларини ушбу ҳолат бўйича чора кўришга чорлади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Марказий Осиё бўйича координатори Гулноза Саид Черногория расмийларини Мартинович шикоятини шубҳа остига олмай, ушбу ноҳақликни тўғрилашга чорлади.

Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича вакили Арлем Дезир ҳам суд қарори хавотирли эканлигини айтди.

2025 йилгача Европа Иттифоқига аъзо бўлишга умид боғлаган Черногорияни иттифоқ уюшган жиноятчиликка қарши курашишга ҳамда матбуот эркинлигини таъминлашга чорлаб, мамлакатга босим ўтказиб келади.

Май ойида Европа Иттифоқи мамлакат журналистлар ҳимояси ҳамда матбуот эркинлигини таъминлаш учун етарлича чора кўрмаса, иттифоққа аъзо бўлиши мушкул бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Бундай огоҳлантиришга суриштирув журналисти Оливера Лакич Подгорицада номаълум шахс томонидан отиб яралангани сабаб бўлди.

XS
SM
MD
LG