"БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 20 йил давомида инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистонга нисбатан энг танқидий ташкилот бўлган. Шунга қарамасдан, шу кенгашга аъзо бўлишга ҳаракат қилдик", деб баёнот берди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.
17 октябрда Халқаро пресс-клубда (Тошкент шаҳри) "Ўзбекистон — БМТ: муҳим ташаббуслар ва ҳамкорлик натижалари" мавзуида ўтказилган анжуманда қилган чиқиши чоғида Абдулазиз Комилов, жумладан, бундай деган:
"3 йил олдин вазият мутлақо бошқа эди. Инсон ҳуқуқлари йўналишида олдимизда турган муаммолар нималардан иборат эди? Авваламбор, турли халқаро ташкилотларда, катта давлатлар, халқаро марказларда қандайдир муносабат туғилдики, Ўзбекистон ҳеч қачон ислоҳ қилинмайдиган давлат, жамият. Нега деганда мана шу ислоҳотларни уч йил олдин бошлаган бўлсак, ундан олдин 20 йил мобайнида биз ҳеч қачон бу ташкилотлар билан шундай яқин ишламаган эдик ва инсон ҳуқуқларига етарли эътибор берилмаган эди".
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 13 октябрда ўтказилган Бош ассамблеясида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланди.
Ташқи ишлар вазирлигига қарашли "Дунё" ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тарихда биринчи марта уч йиллик муддатга сайланди. Кенгаш 15та давлат вакилларидан иборат бўлади.
БМТ Янгиликлар маркази маълумотига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб Боливия, Хитой, Кот-д'Ивуар, Габон, Куба, Франция, Малави, Мексика, Непал, Покистон, Россия. Сенегал, Украина, Ўзбекистон ва Буюк Британия кегашда фаолият олиб боради.
БМТ Бош ассамблеяси органи ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга 47 та дават аъзодир. Кенгаш аъзолари уч йиллик муддатга яширин овоз бериш йўли билан сайланади.