Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:53

Беларусда президентлик сайлови: Лукашенко олтинчи марта ўз номзодини қўйди


Мамлакатни 26 йилдан буён бошқариб келаётган Александр Лукашенко оммавий норозиликлар манзараси остида олтинчи марта ўз номзодини қўйган.
Мамлакатни 26 йилдан буён бошқариб келаётган Александр Лукашенко оммавий норозиликлар манзараси остида олтинчи марта ўз номзодини қўйган.

Беларусда бугун президентлик сайлови ўтказилмоқда. Мамлакатни 26 йилдан буён бошқариб келаётган Александр Лукашенко оммавий норозиликлар манзараси остида олтинчи марта ўз номзодини қўйган.

Сайлов арафасидаги кампаниялар давомида мингдан ошиқ мухолифат тарафдори қўлга олинди, бир неча номзод сайловдан четлатилди, Россия мамлакатни беқарорлаштиришга уринаётганини иддао қилинди, кутилмаган номзод Лукашенко учун жиддий рақибга айланди.

Сайловда тўрт номзод беллашмоқда. Аммо асосий эътибор турмуш ўртоғи Сергей Тихановский қамоққа олинганидан кейин ўз номзодлигини кўрсатган Светлана Тихановскаяга қаратилган. Сергей Тихановский қамоққа олинишидан олдин Лукашенкони «суварак» деб атаб, беларусларни уни шиппаклари билан босиб ўлдиришга чорлаган эди.

Овоз бериш маҳаллий вақт билан соат 8:00 да бошланди ва кеч соат 20:00 гача давом этади. Дастлабки натижалар 10 август куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Таҳлилчилар сайловда Лукашенко ғалаба қозониши бу гал ҳар доимгидек жуда осон бўлмаслигини айтишмоқда. Беларус коронавирус инфекциясидан ўлганлар сони жон бошига энг юқори мамлакатларнинг бирига айланди. Беларусь халқи бунда Лукашенкони айбламоқда, чунки президент COVID-19 пандемиясини «оммавий психоз» дея таърифлаб, ижтимоий масофа сақлаш чораларини жорий қилишдан бош тортди. Президент ароқ ичиб, трактор ҳайдаб ёки ҳаммомга бориб инфекцияни олдини олиш мумкинлигини иддао қилди.

Жаҳон банки ҳисобларига кўра, жорий йилда Беларус иқтисоди 4 фоизга қисқаради.

Сайлов Беларус ва унинг анъанавий ҳамкори Россия ўртасидаги муносабатлар совиб кетган бир пайтга тўғри келди. 2019 йилнинг декабрида Лукашенко Москванинг икки давлат ўртасида иқтисодий иттифоқ тузиш тўғрисида 20 йил олдин тузилган режаси амалга ошишига тўсқинлик қилди. Ўшандан бери Москва Минскка юбориладиган нефть ва газ кўламини қисқартирди.

Шу сабабдан Минск ғарб давлатлари билан алоқаларини яхшилашга уринмоқда. Февраль ойида АҚШ давлат котиби Беларусга йигирма йилда ташриф буюрган энг юқори лавозимли Америка расмийси бўлди. Март ойида АҚШ Беларусга ўзининг илк нефть танкерини юборди. Айни дамда иккинчи танкер мамлакатга йўлга олган. Қолаверса, жорий ойда АҚШ ва Беларусь 12 йилда илк маротаба бир-бирига элчи юбориши кутилмоқда.

Тихановская ўтказган сайловолди тадбирларига минглаб одам келди. Тихановскаяни сайловдан у ёки бу сабабга кўра четлатилган номзодлар қўлламоқда.

Лукашенко Тихановская ва унинг қўллаётган аёлларни «бечоралар» деб атаб, мамлакат аёл президент сайлашга тайёр эмаслигини айтган.

8 август куни Тихановская сайлов кампанияси етакчиси Мария Мороз қўлга олинди. 10 август куни унинг суди бўлиши кутилмоқда.

Қароргоҳи Минскда бўлган «Весна» инсон ҳуқуқлари гуруҳи муддатидан олдин овоз бериш кунлари сайлов участкаларида полиция сайловчиларга босим ўтказгани ва уларни қўрқитганини билдирди.

Марказий сайлов комиссиясининг хабарига кўра, сайловчиларнинг 41,7 фоизи овоз бериб бўлган. Муддатидан олдин сайлов сешанба куни бошланган эди. Бугунги кўрсаткич шу пайтгача бўлган сайловлар учун рекорд натижа бўлди. Расмий маълумотга кўра, бундан беш йил олдин ўтган сайлов давомида сайловчиларнинг 36 фоизи муддатидан олдин овоз берган.

Мухолифат муддатидан олдин сайловда кузатувчиларни ташкил этиш мушкул бўлгани сабабли ўз тарафдорларини бу жараёнда иштирок этмасдан, 9 август куни овоз беришга чақирган эди. Лукашенконинг мухолифати айнан муддатдан олдин ўтказилган сайловда овозларни сохталаштириш мумкин деб ҳисоблайди.

Сайлов арафасида Лукашенко Ички ишлар вазирлиги ҳамда армия расмийлари билан учрашиб, ҳар қандай норозилик юришини бостириши мумкинлигига шама қилди. Президент ўзига қаршиларни хориж давлатлари молиялаштирадиган «қўғирчоқлар» деб атади.

Лукашенко ўтган ой қўлга олинган бир гуруҳ шахс Россиядаги хусусий ҳарбий ширкат пудратчилари экани, улар Беларусдаги вазиятни беқарорлаштириш учун мамлакатга юборилганини иддао қилди.

Сайлов арафасида бир неча номзод жараёнидан шубҳали айбловлар билан четлатилди, фаол ва журналистларга қарши босим мисли кўрилмаган даражада кучайтирилди. Сайлов кампанияси бошланганидан бери 1 100 нафардан ошиқ одам, жумладан, сиёсатчилар, сайлов кампанияси уюштирувчилари ва журналистлар ҳибсга олинди.

XS
SM
MD
LG