Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:33

Кристиан Ласслетт: Тошкент ҳокимига алоқадор университетга текинга ер ва имтиëзлар берилаётгани таажжуб уйғотмоқда


Open Democracy ташкилоти ҳисоботига илова қилинган сурат. "Акфа" университети бинолари ташқи кўриниши.
Open Democracy ташкилоти ҳисоботига илова қилинган сурат. "Акфа" университети бинолари ташқи кўриниши.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими коронавирус пандемияси даврида абгор аҳволга тушиб қолган бир пайтда, ҳукумат Тошкент шаҳар ҳокимига алоқадор гуруҳлар асос солган янги хусусий тиббиёт университетига текинга ер ва эксклюзив имтиëзларни инъом қилаётгани таажжубланарли.

Бу таажжуб Британиядаги Open Democracy ташкилоти 29 июль куни эълон қилган тадқиқотда билдирилган.

Унда ўқиш Ўзбекистондаги бошқа олийгоҳлардагидан бир неча баравар қиммат бўлган хусусий университетга ҳукуматнинг эксклюзив имтиёзлари берилаётгани юқори доиралардаги манфаатлар тўқнашуви борасида жиддий хавотирлар уйғотиши айтилган.

Тадқиқот муаллифи, Британиядаги Алстер (Ulster) университетининнг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслеттнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, бу ерда гап Ўзбекистоннинг энг бадавлат одамларидан бири¸ мамлакатдаги энг йирик хусусий ҳолдинг эгаси¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли деб кўрилаётган "Акфа" университети ва бу университетга Тошкентнинг энг қиммат районидан 30 гектар ер ва бошқа имтиëзлар бериш ҳақидаги ҳукумат қарори лойиҳаси ҳақида бормоқда.

25 июнь куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамага қўйилган расмий сайтда¸ "Акфа Университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган Ўзбекистон президенти қарори лойиҳаси эълон қилинганди. Лойиҳанинг муҳокамага ажратилган муддати 10 июлда якунига етган. Қарор қабул қилинганми-йўқлиги Озодликка маълум эмас.

Қарор лойиҳасида "Акфа" университетига бозор нархи бўйича 7000 АҚШ доллари экани айтилаётган Кибрай туманидаги 30 гектарлик ерни текинга бериш ва олийгоҳни уч йилгача даромад ҳамда бошқа солиқлардан озод қилиш кўзда тутилган.

Халқаро майдондаги давлат ва хусусий бизнес манфаатлари тўқнашувини тадқиқ қилиб келаëтган профессор Ласслет президент қарори билан Тошкент ҳокимига тегишли университетга текинга ер ва имтиëзлар берилиши таажубланарли ҳол дейди:

- Тошкент шаҳар ҳокими коронавирусни жиловлай олмаётгани танқидга учраётган бир пайтда ҳокимга яқин гуруҳлар бошқарадиган хусусий тижорат тиббиёт университетига муҳим ер майдонлари ва бошқа имтиёзлар инъом этиляпти. Бу жуда таажжубланарли. Ҳукуматнинг 2019 йил қарорига биноан "Акфа" университети "Акфа Медлайн" ҳусусий компанияси томонидан таъсис этилиб, унинг аксарият улуши Тошкент шаҳар ҳокимининг рафиқасига тегишли. Бундан эса қарор кимнинг манфаатини кўзлаб чиқарилаётганини англаш мумкин, - деб таъкидлайди Ласслетт Озодлик билан суҳбатда.

Британиялик профессор "Акфа" университетида ўқиш пули Ўзбекистондаги бошқа олийгоҳлардаги контракт нархларидан бир неча баравар қимматлигига эътибор қаратади.

- Ўқишга қабул қилинган талаба йилига 5700 АҚШ доллари тўлаши керак. Бу Ўзбекистондаги ўртача йиллик иш ҳақидан икки баравар кўп. Ҳукуматнинг "Акфа"га бераётган имтиёзлари эса сўнгги пайтларда мамлакатда очилган Британия Менежмент университети ва бошқа университетларга таклиф қилинган имтиёзларга қараганда анча катта, - дейди Ласслетт.

Ўзбекистоннинг Активларни бошқариш бўйича давлат агентлиги ва Монополияга қарши давлат қўмитаси ҳам "Акфа Университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган президент қарори лойиҳасини танқид қилиб чиққан.

Монополияга қарши қўмита ҳужжат лойиҳасининг айрим бандлари “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига зид экани ҳақида 10 июль куни баёнот берди.

Давлат активларини бошқариш бўйича давлат агентлиги эса 12 июлдаги баёнотида "ерни очиқ ва рақобатбардош танлов асосида ажратиш кераклиги"га урғу берган.

"Акфа"университетига имтиёзлар бериш ҳақидаги президент фармони лойиҳаси, шунингдек, ижтимоий тармоқларда танқидга дуч келмоқда.

Ўзбекистнлик таҳлилчи Алишер Илҳомов Facebook саҳифасида: "Акфа" университетида тиббиёт соҳасидаги кадрлар тайёрлаш соҳасида монополия пайдо бўлишидан хавотир бор, чунки ҳозирда уларга талаб жуда катта. Ҳукумат "Акфа"никидан бошқа дипломларни ҳам тан олмасликкача бориши мумкинми? ", - деб ёзди.

Акфа университети эса танқидларни рад этиб, таклиф этилаётган давлат имтиёзлари Ўзбекистонда хусусий олий ўқув юртини очишга тайёр бўлган халқаро университетларга тақдим этилаётган имтиёзларга ўхшашлигини таъкидлаган.

Лондондаги Open Democracy гуруҳи Ортиқхўжаев ҳоким лавозимидан ўзига тегишли ширкатларнинг бойиши йўлида фойдаланаётган бўлиши ва бундан олдин Tashkent City лойиҳаси "пул ювиш ўчоғи"га айланиши эҳтимолидан хавотир билдирганди.

Ташкилот икки йил аввал Ўзбекистонда ташкил этилган 67 та ширкат ҳужжатларини ўрганиш асосида уларнинг Ортиқхўжаевга тегишли Akfa-Artel гуруҳига боғланганини аниқлаганди.

XS
SM
MD
LG