Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:16

Украина президенти Зеленский ўзига бош вазир изламоқда


Володимир Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” партияси етакчилари.
Володимир Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” партияси етакчилари.

Украинада 21 июль куни ўтказилган парламент сайловларида президент Володимир Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” партияси энг кўп овоз олди. Эндиликда президент бош вазир тайинлаши керак.

Зеленский ҳукумат тепасига иқтисод ёки молия соҳаларида тажрибага эга бош вазир келишини истамоқда.

Президент партияси етарлича овоз олгани учун коалиция тузиш шарт бўлмайди. Шу сабаб Зеленский муаммосиз бош вазир тайинлаши мумкин. Аммо президент таклиф қилган номзодни Верховна Рада депутатлари тасдиқлаши керак бўлади. Ушбу масалада Россия билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдори бўлган партия қийинчилик туғдириши мумкин.

21 июль куни сайлов ўз якунига етганидан кейин Зеленский:

- Бизга профессионал таълимга эга, аввалам бор Украинада, ундан кейин Ғарбда ҳурматга сазовор бўлган, мустақил, кучли одам керак. Бошқаларга ўрнак бўла оладиган, иқтисодий гуру керак, - деди.

Зеленский талабларига мос келадиган икки номзод борлиги айтилмоқда. Булар 2014-16 йилларда Украина иқтисод вазири лавозимида ишлаган литвалик Айварас Абромавичюс ҳамда собиқ молия вазири Олександр Данилюклардир.

Абромавичюс сайлов натижаларини олқишлади. Либерал қарашларга эга бўлган сиёсатчи 2016 йилда президент Петро Порошенко ҳамда унинг бизнес ҳамкорларини коррупцияга қарши етарлича курашмаётганликда айблаб, истеъфо берган эди.

Данилюк эса 2018 йилнинг июнигача молия вазири лавозимида ишлаган. Данилюк ҳам ишдан кетаётганини эълон қилганида коррупцияга қарши курашдаги камчиликларни танқид қилиб, “мамлакатини сотмаслигини” айтган эди.

Киев бир неча йилдан бери Ғарб молиявий ёрдамига таяниб келади. Халқаро валюта жамғармаси Украинага 3,9 миллиард доллар қарз беришга рози бўлган. Кузда Зеленскийнинг ушбу маблағнинг сўнгги 2 миллиардини олиш мақсадида жамғарма билан музокара олиб бориши кутилмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Киевга қолган қарзни беришидан аввал мамлакатда коррупцияга қарши курашда муайян натижа кўришни хоҳлайди.

18 июль куни Украина Марказий банки эълон қилган билдирувда “Аввалги ютуқларни чиппакка чиқарувчи суд қарорлари, қонуний ташаббуслар ва бошқа қадамлар ҳамда муҳим ислоҳотларни амалга оширишдаги кечикишлар Украина иқтисодини заифлаштириб, ХВЖ билан ҳамкорликни давом эттиришимизга таҳдид солади”, дейилади.

Бош вазирликка номзод бўлиши мумкин бўлган бошқа шахслар орасида “Нафтогаз” ширкати ходимлари Андрий Коболёв ҳамда Юрий Витренколар бор.

Аммо ушбу икки тадбиркор ҳукуматга қарашли ширкатда ишлаганига қарамасдан, йирик бонуслар олгани учун танқидга учраб келади.

Бош вазирликка яна бир бор номзод 2014-16 йилларда Украина Миллий банки директори ўринбосари лавозимида ишлаган Владислав Рашковандир. Рашкован айни дамда Халқаро валюта жамғармасининг Украинадаги директори ўринбосари вазифасини бажармоқда.

Яна бир етакчи номзод 35 ёшдаги Максим Нефёдовдир. Иқтисод вазирлигида ишлаб келган Нефёдов парламент сайловларидан бир ҳафта олдин Украина чегара хизмати етакчиси этиб тайинланди.

XS
SM
MD
LG