Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:25

Давлат мулки кимга сотилишини ҳокимлар белгилайди


Ўзбек расмийлари стратегик аҳамиятга эга бўлмаган давлат мулки объектларидан тезроқ қутулмоқчи. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 17 январь куни имзоланган "Тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни янада ривожлантириш, давлат мулки объектларини сотишни соддалаштириш ва тезлатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармондан ана шундай хулоса чиқариш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, фармон хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, уларга товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун давлат мулки объектларини сотишни соддалаштириш ва тезлатиш ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлмаган давлат мулкларини хусусийлаштиришда бюрократик тўсиқларни йўқотиш, хусусий мулкка сотилган объектлар негизида рақобатбардош маҳсулотларни (хизматлар) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Объектларни ҳоким сотади

Ҳужжатда давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш ҳуқуқи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига берилиши қайд этилган. Бу объектлар инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида сотилиши мумкин.

Президент фармонида бу мулкларни сотиб олишда устунлик ҳуқуқи энг аввало янги иш ўринлари яратган, давлат мулкини ижарага олган ва объектни капитал таъмирлаган, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича асосий воситаларни модернизация қилган шахсларга берилиши айтилган.

"Откат"ни ким жиловлайди?

Постсовет ўлкаларининг қарийб барчасида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам коррупция (шу жумладан, откат) муаммоси кенг илдиз отган. “Transparency International” халқаро ташкилоти ўз ҳисоботларида Ўзбекистонни ҳар йили коррупция чуқур илдиз отган давлатлар қаторида санаб келади.

Бу муаммога кунда-кунора дуч келиб турган ўзбек тадбиркорларида “Объектларни сотишда ҳокимларни таъмагирлик қилмасликдан ким ёки нима тўса олади?” деган савол туғилиши табиий.

Албатта, Шавкат Мирзиёев шу йил 3 январь куни 17 йилдан бери ортга суриб келинган “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги қонунни имзолади ва у 4 январдан кучга кирди.

Қонунга мувофиқ, коррупцияга қарши курашни бевосита Ўзбекистон Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти каби давлат органлари амалга ошириши керак. Аммо бу идоралар ҳам коррупцияга қарши самарали курашишлари мумкинлиги ҳақида тадбиркорларда тўла ишонч йўқ.

Бюрократик тўсиқлар камайибди

Айни пайтда президентнинг сешанба кунги фармонида “Ўзбекистон Республикаси даъвогар-резидентларидан танлов савдоларида қатнашиш учун бизнес режа ва буюртманомадан ташқари бошқа бирорта ҳужжатлар талаб қилиш ҳамда хусусийлаштириш натижаларини бекор қилиш ёки қайтадан кўриб чиқишни талаб қилиш тақиқланади”, дейилиши, шунингдек, давлат раҳбари ҳар чиқишида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш биринчи галдаги вазифа эканини бетўхтов такрорлаётгани ўзбек ишбилармонларида қандайдир умид учқунларини уйғотиши мумкин.

Ҳужжатдан келиб чиқилса, давлат мулки объекти харидори бир шахс бўлганда ҳам у билан (тендер) олди-сотти шартномаларини тузишга рухсат берилган. Хусусийлаштирилаётган объект бўйича сотиб олиш тўловларини тўлаш учун эса 3 йил муддат берилади. Булар ҳам давлат мулкини хусусийлаштиришда тадбиркорларга берилган енгилликлар қаторида саналмоқда.

“Фармонда, шунингдек, фонд биржасида акцияларни аҳоли ва тадбиркорларга бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) оммавий таклиф этиш кўзда тутилган”, дейилади Давлат рақобат қўмитаси хабарида.

XS
SM
MD
LG