Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:10

Google, Yandex ва Facebook серверларини локаллаштириш Тошкент ҳукуматига нега керак бўлиб қолди?


Иллюстратив сурат:
Иллюстратив сурат:

Ўзбекистон ҳукуматининг Google, Yandex ҳамда Facebook каби ширкатларини ўзбекистонлик фойдаланувчилар шахсий маълумотларини мамлакатни ўзида сақлашга мажбурлаш режасини Интернет соҳаси мутахассислари сўз эркинлигини назоратга олиш уриниши​ сифатида кўрмоқда. ​

Озодлик билан суҳбатда бўлган Интернет соҳаси мутахассислари фикрича, бу режа 2015 йилдан кучга кирган Россиянинг матбуотни назорат этувчи "Роскомнадзор" идораси ишлаб чиққан қонунни эслатмоқда.​

20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Google, Yandex ҳамда Facebook ширкатларини ўзбекистонлик фойдаланувчиларига оид шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудида сақлашга мажбурлашни режалаштираётганини айтиб ўтди.

Ижтимоий тармоқлар бўйича россиялик мутахассис Владислав Носов 21 февраль куни Озодлик билан суҳбатда бундай деди:

- Ўзбекистон ҳам тармоқларни назоратга олишда Россия қонунчилигидан нусха олган кўринади. Бу ўзгача фикр таъқиб қилинадиган Ўзбекистон ёки Россия каби давлатлар махсус хизматларига фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотни икки қўллаб топширишдай гап. Лекин, Россия йирик жарималар билан ҳам Facebook ширкатини бунга мажбурлай олмади, - дейди Носов.

Лойиҳасини "Роскомнадзор" 2014 йилда ишлаб чиққан ва 2015 йили қабул қилиниб, кучга кирган қонунга биноан Интернет ширкатлари россиялик фойдаланувчиларга оид маълумотларини Россия ҳудудида сақлашга мажбур.

Аммо, Twitter ва Facebook каби Американинг илғор ширкатлари Россияда йирик миқдорда жарималарга тортилишлари мумкинлигига қарамай фойдаланувчилар маълумотларини Россияга кўчиришдан бош тортиб келмоқда.

Facebook ширкати раҳбари Марк Цукерберг инсон ҳуқуқлари поймол қилинадиган мамлакатларда дата-марказлар очмаслигини айтган.

"Баъзи мамлакатларда тўсилиш хавфи бўлса ҳам биз ўз принципларимизга содиқ қоламиз", - деганди Цукерберг ўтган йили март ойида.

Ўзбекистонда чиқадиган "УзИнфоКом" нашри бош муҳаррири Александр Сучков Озодлик билан суҳбатда Google, Yandex ва Facebook серверларини локаллаштириш мураккаб технологик жараён эканини айтаркан, бундай деди:

- Бу ерда кимнидир назорат қилиш ҳақида гап бораётгани йўқ. Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида бўляпти. Менинг билишимча, бу ширкатларнинг бошқа мамлакатларда маълумот серверлари бор, - дейди Сучков.

Google 2015 йилда Россия қонуни талабларини бажариш учун айрим серверларини Россия маълумот марказларига кўчириб ўтган эди.

Аммо бошқа ширкатлар Москва талабини бажаришдан бош тортиб келади. Москва суди Twitter ва Facebook ширкатларига фойдаланувчилар маълумотларини Россияга кўчириб ўтмагани учун 60 минг доллардан жарима тўлашни буюрди.

XS
SM
MD
LG