Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:37

Ҳуқуқ-тартибот ходимларига тинтув ва ҳибс жараёнини видеога олиш мажбурий бўлади


Ўзбекистон президенти ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига тинтув, тергов, ушлаб туриш жараёнларини видеотасвирга олиш мажбуриятини юкловчи қарорни имзолади.

“Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори келаси йил 1 апрелдан кучга кириши айтилган.

Янги қарор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари зиммасига улар томонидан шахс ушланганидан сўнг унинг ушлангани ва ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг оила аъзоларидан бирини, улар бўлмаган тақдирда эса, бошқа қариндошларини ёки яқин кишиларини дарҳол хабардор қилиш бўйича мажбуриятларни ҳам юклайди.

2020 йил 1 июлдан бошлаб ҳуқуқни чеклайдиган процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, жумладан шахсни ушлаб туриш ҳолатлари ягона электрон ҳисобга олиш тизимига киритиб борилади.

Шунингдек, қарорда қийноққа солиш, руҳий ва жисмоний тазйиқ, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний усулларда олинган кўрсатувлардан далил сифатида фойданишга йўл қўймаслик таъкидланган.

Бундан ташқари, фармонга мувофиқ суд ва прокуратура органларининг қийноққа солинганлик ҳақидаги аризаларни мажбурий тарзда кўриб чиқиши тартиби жорий этилмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда ҳибсга олиш пайти ҳуқуқ-тартибот ходимлари куч қўллаши кенг тарқалганини айтиб келишади.

Шахснинг ҳибсга олингани ҳақида яқинларига маълум қилмаслик ҳам Ўзбекистонда кўп учрайдиган холат экани айтилади.

Тошкентдаги "Симай" адвокатлик бюроси юристи Умидбек Давлатов Озодлик билан суҳбатда ушбу ўзгаришларни Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлашдаги муҳим қадам бўлишини таъкидлайди.

- Бу ерда мақсад қонун устуворлиги ва ҳибсга олиш жараёнининг шаффофлигини таъминлашдир. Менимча бу қонун кучга кирганидан кейин қийноқ қўллаш, куч қўллаш холатлари бўлмаса керак, чунки тергов ҳаракатлари бошиан оҳиригача видеога олинадиган бўлса бундай холатда ҳеч қанақа руҳий, жисмоний тазийиқ бўлмайди, - дейди Умид Давлатов.

Бундан олдин 2017 йилнинг март ойида инсон шаъни ва ғурурини поймол қилувчи ҳар қандай зўравонлик, тажовуз ва бошқа турли ҳаракат ва усулларни қўллашни ички ишлар ходимига тақиқловчи қонун кучга кирган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатда инсон ҳақлари энг кўп милиция томонидан поймол этилишини айтиб, йиллар давомида уларнинг ваколат ва мажбуриятларини аниқ белгилаб берувчи махсус қонунни қабул қилишга чақириб келганлар.

XS
SM
MD
LG