Линклар

Шошилинч хабар
02 июл 2025, Тошкент вақти: 03:45

Тадбиркорлар: "Мол мозор"ни деб "Молочная кухня" ёпилаяпти, прокуратурани деб Сергели ярмаркаси синди


Тадбиркорлар 11 сентябрь куни Тошкентда матбуот анжумани ўтказди.
Тадбиркорлар 11 сентябрь куни Тошкентда матбуот анжумани ўтказди.

11 сентябрь куни Тошкентда бир гуруҳ тадбиркорлар оммавий ахборот воситалари ҳамда дипломатик корпус вакиллари учун матбуот анжумани ўтказди.

Анжуманда “қорамоллар қабристони” бўлган деган сабаб билан бузилиши кутилаётган "Молочная кухня" корхонаси раҳбари ҳамда бузилган Сергели ярмаркасида ишлаган тадбиркорлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб, президент Мирзиёевга ёзган мурожаатини ўқиб берди ва журналистлар саволларига жавоб қайтаришди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология маркази мутахассисларининг шу йил апрель ойида берган хулосаларига кўра, пойтахтнинг “Бодомзор” маҳалласига туташ “Шиблий” маҳалласи ҳудудида қорамоллар қабристони бўлган.

СЭС вакиллари хулосаларига кўра, санитария хусусиятларидан келиб чиқиб, бундай ҳолатда халқ орасида “Молочная кухня” номи билан танилган йирик тадбиркорлик субъекти фаолияти тўхтатилиши керак.

Матбуот конференцияси орқали президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган тадбиркорлар вакили, "Молочная кухня" раҳбари Шуҳрат Қаюмов нафақат тадбиркорларнинг ақлини шоширадиган, балки оддий одамларнинг ваҳимасига, жамоанинг нотинчлигига сабаб бўладиган бу маълумотларнинг ҳаққонийлигига изоҳ сўрамоқда.

“2 йилдан бери маҳаллий маъмурлар, санитарлар билан судлашиб, пойтахт марказидаги афсонавий “қорамоллар қабристони”га оид маълумотларга аниқлик кирита олмаяпмиз. Ахир, бу қандай гап? Модомики, шундай иддао мавжуд экан, менинг тадбиркорлик субъектим фаолиятидан қатъи назар жамоат хавфсизлиги учун ҳам бу афсонага аниқлик киритилиши керак-ку?!” дейди Шуҳрат Қаюмов.

Анжуман аввалида тарқатилган матбуот хабарномасига кўра, табиий сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхона фаолиятининг тўхтатилиши ортидан 200 дан ортиқ ишчи кўчада қолмоқда.

Корхона раҳбарининг айтишича, давлат ўта рентабелли бўлган мазкур корхона туфайли ҳар ойда тушадиган миллиардлаб сўмлик солиқдан маҳрум бўлади. Корхона ишчиларининг болалар учун қурилган болалар боғчаси тугатилади.

Матбуот анжуманининг яна 10 дан ортиқ иштирокчиси “Сергели ярмаркаси” савдо мажмуаси ўрнига Сергели туман прокуратураси қурилиши оқибатида 2000 дан ортиқ тадбиркор синганини, уларга на товон пули, на фаолиятини давом эттириш учун ер ажратилганини жамоатчиликка билдиришди.

Маълум бўлишича, Сергели ярмаркасининг йирик миқдорда солиқ тўлаб, ишлаб турган савдо иншоотлари ва деҳқон бозори ўрнида Сергели тумани прокуратурасининг маъмурий биноси қурилиши бошланган. Шу муносабат билан бу ердан ҳайдаб чиқарилган тадбиркорлар суд-ҳуқуқ идораларида саргардон.

“Биз тадбиркорларни Тошкент шаҳрининг янги прокурори Валиев қабул қилиб, 10 кун муддатда бизнинг ҳуқуқ ва манфаатларимиз тикланишига ваъда берди. Бироқ кейинчалик юқоридан босим бўлган шекилли ваъдасидан тонди. Ҳолбуки, биз тадбиркорлар Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Шароф Рашидов томонидан асос солинган ярмарка ривожига 20 миллиард сўмдан ортиқ ички инвестициялар киритмоқчи эди. Ҳайронмиз, бу президент Мирзиёевга нисбатан саботажми?” деди тадбиркор Гўзал Расулова.

Матбуот анжумани довомида тадбиркор Шуҳрат Қаюмов ўзининг хусусий капиталига қурилган “Молочная кухня” ўрнида Беларус билан қўшма фармацевтик компания қурилиши ҳақида маълумотларга эга эканини иддао қилди.

“Кўринмас ва қудратли бир амалдор бизнинг хусусий мулкимиз жойлашган ерни хорижликларга ваъда қилган. Шу боисдан ҳам судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари зимдан бошқарилмоқда. Агар айбимни, қоунбузарлигимни топиб беришса, шу ердан икки қўлимни кўтариб чиқиб кетаман. Биргина шу йилнинг 8 ойида давлатга 2 миллиард143 миллион солиқ тўладим. Маҳаллий тадбиркорга бундай муносабатни кўрган бирор хорижий инвестор мамлакатга кирмайди. Гапларимнинг тадбиркорни ўзи елкасида кўтариб юришни ваъда қилган президент Мирзиёевга етиб боришини хоҳлардим” деди Шуҳрат Қаюмов.

Матбуот анжуманига таклиф қилинган Ҳукумат, Бош прокуратура, парламент вакиллари келишмади.

--

XS
SM
MD
LG