Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:33

Мирзиёев ғалладан бўшаган ерларни камбағалларга беришни буюрди. Фермерлар норози


Қорақалпоғистонда камбағал оилаларга фермер еридан томорқа ажратиш пайти олинган сурат.
Қорақалпоғистонда камбағал оилаларга фермер еридан томорқа ажратиш пайти олинган сурат.

Шу кунларда бутун мамлакат бўйлаб фермернинг буғдойдан бўшаган ерлари “Темир дафтар”га киритилганларга 20 сотихдан томорқага бўлиб берилмоқда.

Фермерларга буғдойдан бўшаган далаларининг 20 фоизини камбағалларга томорқа учун ажратиш мажбурияти юкланган. Фермерларга кўра, қаршилик қилганларга ерларини тортиб олиш билан таҳдид қилинмоқда.

Манбалар ҳисоб-китобича, томорқа олганларнинг атиги 30 фоизи ерига бирор экин эккан. Бошқалари ерни фермернинг ўзига пуллаб, қайтариб бермоқда.

"Темир дафтар"дагиларга эътибор кучаяётганини кузатувчилар бу йил кузда ўтказилиши режалаштирилган президент сайлови билан боғламоқда. Кейинги икки ойда камбағалларни қўллаш мақсадида иккита ҳукумат қарори қабул қилинди.

Фермернинг ери камбағал учун тортиб олинмоқда

Озодликка Намангандан боғланиб, хавфсизлик сабаб аноним қолишни сўраган фермерга кўра, унинг буғдойдан бўшаган 10 гектар ери “Темир дафтар”га киритилганлар учун тортиб олинган:

“Фермерлар учун ҳукуматнинг бу қарори кутилмаган зарба бўлди. Ҳар бир фермернинг ғалла майдонларининг 20 фоиз қисми камбағалларга томорқага бериш учун олиб қўйиляпти. Мениям 10 гектар еримни олишди. Қаршилик қилолмадим. Еримни тортиб олиш билан таҳдид қилишгач, рози бўлдим. Буни Хитой тажрибаси дейишди. Лекин бизда самара бериши қийин. Сабаби бу аниқ режага асосланмаган мажбурий ҳолат бўлиб, фермерларнинг ерга эгалик ҳуқуқини поймол қилинишидир. Маъмурий буйруқбозлик тизими ва қатор кераксиз ташкилотларнинг фермерлар устидан ҳукмронлик қилиши қишлоқ хўжалигини инқирозга олиб бормоқда”.

Расмий маълумотга кўра, Наманган вилоятида бу йил 1600 та фермер хўжалиги томонидан 67750 гектар майдонда буғдой етиштирилган. Ҳозиргача фермерларнинг буғдойдан бўшаган ерларидан жами 10 минг гектарида камбағаллар турли эканларни экишга улгурган.

Томорқа олган аёл: Хурсандман

Наманган вилояти Уйчи туманида яшовчи “Темир дафтар”га киритилган оила бекасининг Озодликка айтишича, у 20 сотих томорқасига мош эккан.

Исмини очиқламасликни сўраган аёл томорқа олганидан хурсандлигини яширмади:

“Жуда хурсандмиз. Худо хоҳласа мош яхши пишса, сотиб пулини рўзғорга ишлатамиз. Бугун яна бир хушхабар эшитдик. Президентимиз Мустақиллик байрамига “Темир дафтар”даги оилаларнинг ҳар бир боласига мактаб учун 500 минг сўмдан берилишини айтибди. Демак, 2та болам учун 1 миллион оламиз”.

"Камбағал фермернинг ерини унинг ўзига пуллаяпти"

Уйчилик аёлдан фарқли “Темир дафтар”дагиларнинг барчасида ҳам томорқаларидан фойдаланиш режаси йўқ.

Озодлик суҳбатлашган наманганлик фермерларга кўра, томорқа олган камбағалларнинг атиги 30 фоизи экин экишни режалаган:

“Ҳар битта массивдан камида 250 гектар ер майдони томорқа учун тортиб олинмоқда. Томорқа олган фуқаролар эса ерни бошқа шахсларга сотиб юбормоқда ёки фермернинг ўзига пулламоқда. Баъзилари 300 кило буғдой эвазига ердан воз кечмоқда. Баъзилари 500 минг сўмга ерни фермерга қайтаришга рози бўляпти. Фермерлар ўз еримизни камбағаллардан сотиб олиб, ўзимизга қайтаряпмиз. Ер олганларнинг 30 фоизигина томорқасига бирор нарса экяпти, қолганлари келишиб, сотиб кетмоқда”.

Фермерлар: Милиция билан қўрқитиб, еримизни олишмоқда

Фермер ерини камбағалларга томорқа учун бериш амалиёти нафақат Наманганда балки бутун мамлакат бўлиб, кузатилмоқда.

“Фермер хўжалигимизда 70 гектардан ортиқ ғалла майдони бор. Бу йил 250 тоннадан ортиқ ғалла олдик. Энди шу бўшаган ерларни такрорий экин учун тайёрлаб, мош экамиз деб турганимизда ҳокимликдан келиб,“шу ерни 20 гектарини “Темир дафтар”дагиларга берасан”, деяпти. Ёнида милиция ходимлари билан келган.“Улар эплай олмайди ерни”, десак, “йўқ берасан, эпламаса ўзинг ёнида қараб турасан, керак бўлса экиб ҳам берасан, президент топшириғи” деяпти", - дейди ери олиб қўйилишидан қўрқиб, исмини очиқламаган жиззахлик фермер.

Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидаги Озодлик боғланган фермерлар ҳам томорқасини беришга рози бўлмаганларга босим бўлаётганини айтишди.

“Ҳокимиятдагилар қаматиб юбораман, деб қўрқитиб, фермерни қон қақшатяпти. Олдин ёшларга бир гектардан ер беринглар дейишди. Бердик. Нима бўлди, ҳеч иш қилинмади. Ерларни бегона ўт босиб ётибди. Ҳозир энди “Темир дафтар”дагиларга беринглар деяпти, бу ҳам ҳудди шундай бўлади, ҳаммаси номига, тепага ҳисобот бериш учун қилиняпти холос, деҳқонни косаси оқармайди бунақада”, - дейди нишонлик фермер аноним қолиш шарти билан.

Расмийлар: Фермерлар мажбурланмаяпти

Озодлик боғланган ҳокимликлар вакиллари фермерлар ерлари томорқага мажбуран олинаётганини инкор қилди.

Жумладан, Жиззах вилояти ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги масалаларига масъул расмийси томорқа учун ерлар фермер хўжаликлари имкониятидан келиб чиқиб ажратилаётганини айтди.

“Қайтанга фермерлар раҳмат айтишяпти, чунки уларга ҳам фойда, экиндан бўшаган ерларга ишлов беришга улгуролмаётганлар бор. Ҳеч қанақа мажбурлаш бўлаётгани йўқ”, - деди исмини очиқламаган ҳокимлик мулозими Озодлик билан суҳбатда.

Андижон вилоятининг Улуғнор туманидаги “Собитхон ота” фермер хўжалиги раҳбари Элёрбек Ҳакимов ҳам камбағалларга томорқа учун ерни ўз хоҳиши билан берганини айтади:

“Бизга зиёнига бўлса ҳам бердик, Худо ризқимизни бераверади. Макка экяпти, картошка экяпти. Ўзлари қараб ўзлари экяпти. Фойдаси ўзларига. Дорисини ҳам ўзлари олади, ўзлари қарайди. Меҳнат қиладиган одам бўлса, ер кўп. Ўртача икки марта ҳосил олса бўлади. Бир мавсумда ўртача 5 милллион сўм фойда кўрса бўлади”.

Мирзиёев фермер ерини камбағалга 10 йилга бермоқчи

Фермерларнинг ерини камбағалларга томорқага бериш амалиёти Мирзиёевнинг жорий йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Мирзиёев 17 июнь куни Андижон вилоятига сафари чоғида ҳам “Темир дафтар”дагиларга томорқа бериш масаласига тўхталиб, томорқани камбағалларга 10 йил муддатга бериш тартиби йўлга қўйилишини таъкидлади:

“Ғалладан бўшаган ерларни кам таъминланган одамларга, керак бўлса ўзимиз экиб берамиз, ўзимиз қаратиб берамиз, биринчи босқичда, ўзимиз махсулотни ҳам сотиб оламиз. Ўзини умиди бўлса келгуси йил ўзи қилади. Ўн йилга берамиз”.

Режага кўра, жорий йилдан бошлаб, ғалладан бўшаган қарийб 100 минг гектар ер майдонларини ишсиз аҳолига деҳқончилик учун бериш орқали ярим миллион кишини иш билан таъминлаш кўзланган.

Сайлов олди “Темир дафтар”дагиларга эътибор кучайди

Ўтган йили мамлакатнинг камбағал қатламини “Темир дафтар”га киритиб, уларга моддий кўмак кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилган.

2020 йилнинг августида мамлакат бўйлаб 1 млн 726 минг кишидан иборат 409000 оила “Темир дафтар”га киритилгани расман билдирилган эди.

Жорий йил бошида “Темир дафтар”дан оммавий чиқариш бошланиб, ушбу “дафтар” ёпилиши айтилганди.

Бироқ апрель ойидан бошлаб, яна “Темир дафтар”дагиларга эътибор кучайди.

28 апрелда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори ҳам “Темир дафтар”га киритилганларни моддий қўллаб-қувватлашга бағишланди.

30 июнь куни эълон қилинган расмий хабарга кўра, “Темир дафтар”да қайд этилган оилаларнинг ҳар бир фарзандига ўқув қуроллари ва мактаб формаси сотиб олиш учун август ойида 500 минг сўмдан моддий ёрдам берилади.

2 мингта камбағал оилага квартира олиши учун 60 миллиард сўм ажратилади, уйга муҳтож бошқа оилаларга уй қуриши учун 33 миллион сўм гаровсиз кредит берилади.

“Темир дафтар”га киритилган 8 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларига, хотин-қизлар ва ёшларга ихчам иссиқхоналар қуриш, парранда, қуён ва асалари етказиб бериш, аҳоли томорқаларида тўқсонбости экинлари, саримсоқпиёз ва сабзавот экинлари экиш ҳамда артезиан қудуқлари қазишга 76 миллиард сўм берилади.

“Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун, контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG