Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:13

Мамлакатлар ўтган йили 28,3 млрд. долларлик гуманитар ёрдам сўради


Яманлик бола мамлакат шарқидаги Мариб вилоятидан кўчирилганлар жамлоғидаги вақтинча чодирлар олдида турибди. Янги ҳисоботга кўра, уруш хароб қилган Яманда гуманитар ёрдамга муҳтожлар сони энг юқори ўринлардан биридадир.
Яманлик бола мамлакат шарқидаги Мариб вилоятидан кўчирилганлар жамлоғидаги вақтинча чодирлар олдида турибди. Янги ҳисоботга кўра, уруш хароб қилган Яманда гуманитар ёрдамга муҳтожлар сони энг юқори ўринлардан биридадир.

Глобал миқёсда гуманитар ёрдам бериш аста-секинлик билан бўлса-да, ортиб бормоқда, бугунги кунда шундай ёрдам олишга муҳтож деб ҳисобланадиган кишилар сони 200 миллиондан ошиқ.

Ўтган йили мамлакатлар ёрдам сўраб қилган мурожаатларининг 61 фоизи қондирилди, аммо молиявий тақчиллик 11 миллиард АҚШ доллари бўлди. Бу ҳақда Global Humanitarian Assistance ташкилотининг жорий ойда эълон қилинган йиллик ҳисоботида маълум қилинди.

Учта энг йирик донор мамлакат – АҚШ, Германия ва Буюк Британия тўланиши керак бўлган аъзолик бадаллари миқдорини камайтирди. Ҳисоботни чоп этган Development Initiatives халқаро ривожланиш ташкилоти бу ҳол давом этмаслигига умид билдирди.

− Биз ушбу учта йирик донор мамлакатнинг позициясини яқиндан кузатиб боришимиз ва бу давом этаётган тамойил эмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак, − деди Development Initiatives ташкилотининг тадқиқот ва таҳлил масалалари бўйича директори Дэн Коппард.

АҚШнинг гуманитар ёрдам учун ажратадиган харажати ўтган йили 6 фоиз ёки 423 миллион доллар қисқарди, Германия билан Британия эса 2017 йилга нисбатан 11 фоиз кам маблағ ажратди.

Шунга қарамасдан, 2018 йилда жами кўрсатилган гуманитар ёрдам ҳажми 28,9 миллиард доллар бўлди, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам мамлакатларнинг илтимосини қондириши учун йўналтирилгани йўқ.

Мамлакатлар ўтган йили 28, 3 миллиард долларлик мисли кўрилмаган ёрдам сўради.

80,6 миллион аҳолиси бор 6 та мамлакатда одамлар уруш, яшаб турган жойидан кўчиш ва табиий офатлар оқибатида хонавайрон бўлди.

Уруш вайрон қилган Яман билан Сурияда эҳтиёжманд одамлар сони ниҳоятда кўп.

“Айни дамда даврий, чўзилиб кетган ва мураккаб бўҳронлар манзараси аҳолининг энг қашшоқ қатламлари шўрини қуритмоқда, сиёсий ва экологик жиҳатдан мўрт вазият қашшоқликни янада оширади”, дейилади ҳисоботда.

Уруш, қурғоқчилик ва озиқ-овқат хавфсизлиги чораларининг йўқлиги Афғонистондаги 10 миллион кишига дахл қилди. Ўтган йили Кобул сўраган 560 долларлик ёрдамнинг 78 фоизи етказиб берилди.

Москва дастаклаётган бўлгинчиларга қарши Украина шарқида олтинчи йил давом этаётган уруш оқибатида 3,5 миллион киши гуманитар ёрдамга ўта эҳтиёжманд бўлиб қолди, Киев сўраган 187 миллион долларлик ёрдамнинг эса фақат 39 фоизигина берилди, холос.

Можаролардан зарар кўрган Покистон ҳам 123 миллон доллар сўраган эди, аммо танг аҳволда қолган 3,2 миллион киши учун сўралган ёрдамнинг 62 фоизини олди.

Яшаб турган жойидан мажбурий кўчиш ҳоллари еттинчи йил изчил ўсиб, 2018 йилда 70,8 миллион кишига етди ва бу ўтган йилга нисбатан 3 фоиз кўпдир.

Сурункали можаролар Сурия, Яман, Афғонистон ва Украинада ушбу ҳодисанинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG