Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:21

Нега Трамп “Толибон” билан музокараларни бекор қилди, бу ўзига хос музокара тактикасими?


АҚШ президенти Дональд Трамп 
АҚШ президенти Дональд Трамп 

АҚШ президенти Дональд Трамп “Толибон” ҳаракати ва Афғонистон ҳукумати билан Кемп-Дэвид қароргоҳида ўтказилиши режалаштирилган махфий учрашувни бекор қилиш тўғрисида шов-шувли қарор қабул қилди. Жангарилар гуруҳи билан музокара тўхтатилиши дипломатларнинг 18 йиллик урушга барҳам бериш йўлидаги деярли бир йиллик ҳаракатларини зое кетказди.

Қатарда ўтказилган 9 туркумдан иборат ҳолдан тойдирувчи музокаралардан сўнг АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ўтган ҳафта “Толибон” ҳаракати жангарилари билан “принициал жиҳатдан” битимга эришилганини хабар қилган эди.

Битим лойиҳасига кўра, “Толибон”нинг хавфсизлик кафолатига жавобан Афғонистондаги барча чет эл қўшинлари 16 ой ичида олиб чиқиб кетилиши, толиблар эса Кобул ҳукумати вакиллари билан ўт очишни тўхтатиш ва вазиятни сиёсий жиҳатдан тартибга солиш бўйича бевосита музорака бошлаши керак эди.

Трамп 7 сентябрда “Толибон” 2 кун олдин Кобулда бошқалар қатори бир Америка аскарининг ҳам умрига зомин бўлган террорчилик ҳужумидан сўнг музокарани тўхтатганини маълум қилди. Бироқ таҳлилчилар президент қарори бундан теранроқ музокара тактикаси бўлиши мумкинлигини ва бу битимга эришишдаги муваффақиятсизликдан чўчиш эканини тахмин қилмоқда.

Оқ Уй маъмуриятининг етакчи арбоблари ҳам, Вашингтондаги бошқа юқори лавозимли амалдорлар ҳам битимга қарши. Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон толибларнинг ваъдасида туришига ишониб бўлмаслигини айтиб келади. Республикачи сенатор Линдсей Грэҳем АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш “қўпол хато” бўлишини таъкидлади.

Вашингтондаги сиёсий доиралар вакиллари ушбу битим жангарилар гуруҳи олган мажбуриятларини бажармаслиги, урушга барҳам бермаслиги, қўшинлар олиб чиқиладиган бўлса, Афғонистон янада хавфли уруш домига тушиб қолишидан хавотир билдирмоқда.

Трампнинг сайловолди кампаниясидаги энг катта ваъдаси АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш бўлган эди.

Хабарларга кўра, у Вашингтон ташқарисидаги президент қароргоҳида битим имзоланганини эълон қилмоқчи бўлган. Бунга президент Ашраф Ғани розилик билдирган, аммо толиблар битим имзоланмагунча Трамп билан учрашишни рад этган.

Мутахассислар Трамп бундан обрў олмоқчи бўлганини, аммо иш бермагач, Кобулдаги террорчилик ҳужуми баҳона бу ишни бекор қилганини айтди.

Демократ сенатор Эми Клобушар Трамп ташқи сиёсатга томоша ўйинидай муносабатдан бўлаётганини, лекин у томоша ўйини эмаслигини билдирди.

АҚШда кўпчилик яқинда давлат котиби Майк Помпео “Толибон” террорчилари” деб атаган ҳамда 2001 йил 9 сентябрда унинг шаҳарларига ҳужум қилган “ал-Қоида”га бошпана берган ташкилот вакиллари билан махфий музокара ўтказилганидан ажабланаётганини яширмаяпти.

АҚШ билан “Толибон” музокараси тикланиши эҳтимолдан холи эмас, чунки муаммонинг ҳарбий ечими йўқ, яна бир томони, ҳеч ким мавжуд боши берк кўчага кириб қолган вазиятни ўз фойдасига мустақил ҳал қила олмайди. Қолаверса, АҚШ ҳукумати ҳам, “Толибон” ҳам музокара тикланишидан умидвор.

Таҳлилчилар Трампнинг музокарани қўққисдан тўхтатиб қўйганини “Толибон” ён беришига эришиш учун тактик юриш деб атамоқда.

Ўт очишни бутунлай тўхтатиш АҚШнинг музокаралар вақтидаги дастлабки талабларидан бири эди, лекин бу кейинчалик АҚШ – “Толибон” келишувидан сўнг ўтказиладиган афғонлараро музокараларга қолдирилди.

Халилзодга кўра, “Толибон” АҚШ қўшинлари олиб чиқиладиган ҳудудларда зўравонликни камайтиради ва олиб чиқилаётган қўшинларга ҳужум қилмайди.

Таҳлилчилар толиблар Афғонистон ҳукумати қўшинларига қарши ўт очишни тўхтатишни рад этганини, чунки зўравонлик уларнинг музокараларга босим ўтказишдаги асосий қуроли эканини айтмоқда. Бунинг жабрини эса афғон халқи тортмоқда.

“Толибон” билан АҚШ ўртасидаги музокаралар тўхтатилганидан Кобул ҳукумати енгил тортди. Президент Ашраф Ғани 28 сентябрдаги ўзи ғалаба қилишни кутаётган сайлов барбод бўлишидан қўрқаётган эди.

− Бугунги кунда сайловнинг муқобили йўқ, − деди кобуллик таҳлилчи Ҳорун Мир. – Ҳар қандай муқобил механизм миллий сиёсий муросага келиш учун жуда кўп мунозарани талаб қилади. Биз ойлар эмас, ҳафталар нуқтаи назаридан ўйлаяпмиз.

Битимга эришилмагандан сўнг афғон халқи толиблар янада фаоллашишини кутмоқда, чунки ушбу жангари гуруҳ одамлардан сайловда қатнашмасликни талаб қилмоқда ва сайлов участкаларига ҳужум уюштиражагини айтмоқда.

Сўнгги ҳафталарда бутун Афғонистон бўйлаб зўравонликлар кучайиб кетди, Кобул ва бошқа вилоятлар марказларида бир неча марта одамлар ўлимига сабаб бўлган бомба ҳужумлари рўй берди. Аммо Мирнинг фикрича, толибларнинг “муқобил бошқарув куч сифатида ҳеч қандай дастури йўқ”.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG