Емайл: bobomatovu@rferl.org
Россиянинг барча минтақаларида визасиз мамлакатлардан кириб келган хориж ишчиларига зарур бўлган ишга рухсатнома - патентнинг бир ойлик нархлари эълон қилинди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2017 йилда Россиянинг кўплаб вилоят ва ўлкаларида ойлик патент тўловлари ошди.
Янги йилнинг биринчи ўн кунида биргина Санкт-Петербургда ўнлаб муҳожир турли жиноятларга алоқадорликда гумонланиб қидирувга берилди ёки ушланди. Андижонлик Бобур Россияда юрган ўзбек муҳожирлари орасида содир этилаётган жиноятчиликнинг аксарини "йўқчиликдан" эканини гапиради.
Санкт-Петербургда “Александр Невский майдони” метро бекатида 22 яшар Ўзбекистон ватандошини поезд остига туртиб юборган шахс ушланди. 20 яшар ҳамюртини зўрлаган ва тунаб кетган ўзбекистонлик муҳожир қидирилмоқда. Петербург полицияси 20 яшар Ўзбекистон ватандоши Пётр Буюк кўпригидан ўзини дарёга ташлаб юбориши сабабларини ўрганмоқда.
Россиянинг Краснодар шаҳрида икки одамни ўлдирганликда гумонланаëтган 31 яшар ўзбекистонлик қидирувга берилди. Элликқалъалик Бахтиёр Давлетов ўзи билан бирга қурилишда ишлаганларни ўлдириб¸ қочиб кетганликда гумонланмоқда.
Россияга кириш тақиқланган ўзбекистонлик 42 ёшли аёл ярим йилдан буён 6 яшар қизчаси билан Қозоғистонда сарсон бўлмоқда. Уралск шаҳрида ночор аҳволда қолган қаршилик Зулфия Мамаражабова қўлида Россияга киришга рухсат берувчи суд қарори бўлишига қарамасдан, миграция “қора рўйхатидан” ўчирилмаётганидан Озодликка арз қилди.
Таниқли қрим-татар фаоли Недим Халилов Қримдаги Симферополь шаҳри суди қарори билан Ўзбекистонга депортация қилинадиган бўлди. Бир ой олдин эълон қилган очлик акциясини давом эттираётган қримлик фаол Ўзбекистонда туғилган. Лекин бу мамлакатдан 1991 йилда кўчиб кетган Халилов ўзини Ўзбекистон фуқароси, деб ҳисобламайди ва фуқаролиги йўқ шахс, деб тан олинишини талаб қилиб келмоқда. Халиловнинг ҳимоячилари эса, шу тариқа рус махфий хизматлари Россия томонидан қўшиб олинган Қримдаги татарлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келгани учун уни ўз юртидан чиқариб юбораётганини гапирмоқда.
2016 йилда меҳнат муҳожирларига ишга рухсатнома – патент сотиш Москва шаҳри бюджетига ўтган йилга нисбатан 30 фоиз кўпроқ даромад келтирди. Москва мэрияси расмийларига кўра, ўтиб бораётган 2016 йилда мигрантлардан шаҳар ғазнасига 231 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағ йиғилган.
Россиядан Ўзбекистонга депортация қилинган украиналик қочқин Айла Сафронова Тошкентдаги махсус приёмникда экани аниқланди. Айла Сафронова билан бориб учрашган Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимояси альянси фаоллари уни оғир руҳий тушкунлик ҳамда бошқа касалликлари қўзиган ҳолатда эканини гапирмоқда. Шунингдек, ҳанузгача 20 яшар бу қизнинг Ўзбекистонда нимада айбланаётгани номаълумлигича қолмоқда.
Россиянинг Ростов-Дон шаҳридан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Тошкентга олиб кетаётган автобус Саратов вилоятида бузилиб, йўлда қолиб кетди. 43 ўзбекистонлик 6 кун давомида бошқа транспорт кутиб, совуқда, автобус салонида яшади. Қутқарувчиларнинг айтишича, ҳозирда бу йўловчилар Қозоғистон чегараси томон жўнатиб юборилган, лекин, эндиликда, бузилган автобусда Ўзбекистондан келган янги 15 киши яшай бошлади.
23 декабр куни Россия президенти Владимир Путин 12 маротаба Катта матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берди. Бир кун олдин ўтказилиши кутилган бу учрашув Туркияда отиб ўлдирилган элчи Карлов билан видолашув маросими туфайли қолдирилган эди. Анъанавий бўлиб қолган бу учрашув кузатувчилар томонидан йил сарҳисоби сифатида қабул қилинди.
21 декабрь куни Россия Давлат Думаси суд ҳакамларига миграция қонунчилигини бузган айрим хорижликларни мамлакатдан бирданига бадарға қилмаслик рухсатини берувчи қонун қабул қилди. Янги қонунга кўра, бир йил давомида қоидани такрор бузган муҳожирга 7 мингдан 10 минг рублгача жарима солиниб, депортация қилинади.
Россия Транспорт вазирлиги Тожикистоннинг Somon Air авиаширкатининг Россия минтақаларига қатновларини 23 декабрдан бекор қилди. Бу қарор Тожикистон авиация расмийларининг русларнинг “Ямал” ҳамда “Уральские авиалинии” ширкатлари парвозларини Тожикистонга рухсат берилмагани ортидан қабул қилингани айтилмоқда. Шу тариқа, 22 декабр куни Тожикистон ва Россия ўзаро парвозлар тўғрисида келиша олмагани маълум бўлди. Москванинг “Жуковский” аэропортида эса Хўжандга учиб кета олмаётган бошқа тожикистонлик муҳожирлар қолмоқда.
Россия олийгоҳлари 2016 йилда Ўзбекистондан тўрт мингдан кўпроқ талаба қабул қилган. Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев йил якунларига бағишланиб 20 декабрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида келтирган бу рақамларга кўра, жами Россияда 17 мингдан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда.
Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) ўтказган сўровга кўра, охирги икки йилда Ўзбекистонга ишончи ошган россияликлар сони 7 фоизга кўпайган. Хусусан, Ўзбекистонда янги сайланган президент Шавкат Мирзиёевга ўз ишончини билдирган руслар сони ҳам 6 фоизни ташкил этди.
Украинанинг Славянск шаҳрида туғилган ва Россияда 3 ёшидан бери яшаб келган 20 яшар Айла Сафронова 9 декабр куни Ўзбекистонга депортация қилинди ва ҳозирда маҳаллий проткуратура текшируви остида изоляторда сақланмоқда. Тюмень расмийлари бу оила аъзоларини ҳужжатларни қалбакилаштирганликда ва улар аслида ўзбекистонлик эканликда айблаб келмоқда.
13 декабрида Петербург марказида “жиҳодчилик”да гумонланаётган 22 яшар ўзбекистонлик ҳибсга олинди. Полиция бошқармасида бу шахс "Ўзбекистонда террорчилик уюштириш ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланиб қидирувда бўлгани ва террорчилар базасида махсус тайёргарликдан ўтганлигини" иддао қилишмоқда. Айни пайтда, Россия ФСБси охирги пайтларда террорчиликда гумон қилиниб, қўлга олинганларнинг асосий қисми Марказий Осиё минтақасидан келган меҳнат муҳожирлари экани тўғрисида баёнот берди.
1,5 миллиондан зиёд меҳнат муҳожири Россияда ноқонуний фаолият юритмоқда. Рус социологлари олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, нолегалларнинг асосий қисми МДҲ давлатларидан, жумладан Ўзбекистондан келаётган меҳнат муҳожирларидир.
Россиянинг Калуга шаҳридан Озодликка ёзган 26 ёшли ўзбекистонлик аёл ёлғиз ўзи фарзандини боқишга қийналаётгани, ишсиз экани, бир неча йилдан буён нолегал ҳолатда яшашга мажбур бўлаётганини сўзлаб берди. 2008 йилда Россияга келган Озоданинг айтишича, у 2013 йили сурхондарёлик Давронбек исмли йигит билан танишиб, никоҳдан ўтган, бироз вақтдан кейин фарзандли бўлган ва... шундан сўнг эри ғойиб бўлган.
Москва вилоятида фото ва видеоаппаратура ҳамда декоратив чихуахуа итларини ўғирлаганликда айбланиб уч нафар Ўзбекистон фуқароси ушланди. Озодликка тақдим этилган видеотасвирларда 20дан 35 ёшгача бўлган ушланган йигитлар гей-клубда фоҳишалик билан шуғулланиб келганига иқрор бўлганини кўриш мумкин. Сўроқ давомида улар бу буюмларни ва қимматбаҳо итларни “хизмат ҳақи эвазига” олиб кетганини гапириб берди.
Россиянинг “Лукойл” ширкати Тошкентда ўзининг биринчи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасини қуришга киришди. Озодлик манбаларига кўра, яқин келажакда Ўзбекистонда “Лукойл” бренди остидаги автозаправкалар тармоғи вужудга келиши мумкин.
Давомини ўқинг