Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 04:33

Россиядан депортация қилинган украиналик қочқин Тошкентдаги приёмникдан топилди


Айла Сафронова Тошкентнинг махсус приёмнигида 12 декабрдан бери қолмоқда

Озодлик Россиядан Ўзбекистонга депортация қилинган украиналик қочқин Айла Сафронова Тошкентдаги махсус приёмникда эканини аниқлади. 20 яшар Айла Сафронова билан бориб учрашган Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимояси альянси фаоллари уни оғир руҳий тушкунлик ҳамда бошқа касалликлари қўзиган ҳолатда топганини маълум қилди. Айла Сафронованинг Ўзбекистонда нимада айбланаётгани номаълумлигича қолмоқда.

Украиналик қочқин Айла Сафронова Ўзбекистон пойтахтидаги Ички ишлар бошқармасига қарашли махсус приёмникда ушлаб турилибди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаб берган Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимояси альянси (ПАУ) фаоли Елена Урлаева 26 декабрь куни Айла Сафронова ушлаб турилган муассасани қийинчиликлар билан топиб, қочқин қиз билан шахсан учрашганини Озодликка сўзлаб айтди.

Айла сақланаётган махсус приёмник. (Фото Елена Урлаева томонидан тақдим этилди)
Айла сақланаётган махсус приёмник. (Фото Елена Урлаева томонидан тақдим этилди)

Елена Урлаеванинг айтишича, бу муассаса Тошкент аэропорти яқинидаги Бошлиқ массивада йўл ёқасида жойлашган ва идора раҳбари исми Акмал Бобожонов бўлиши мумкин.

- Бу махфий бир жой экан, у жойни кўпчилик билмайди. У бир тарқатувчи приёмникка ўхшайдиган жой экан. У ерда қизимиз Умирова Заря номи остида ушлаб турилибди. Мен унинг сурхондарёлик қариндошиман, деб у билан учрашдим. Менга посилка бериш баҳонасида у билан учрашишга рухсат беришди. Мен уни камерадан олиб чиқишганини кўрдим. Учрашувимиз 7-тача опер, милиция ходимлари гувоҳлигида ўтди. У ҳақиқатан Россиядан олиб келтирилгани, танасида Украина шарқидаги жангларда олган осколка жароҳати борлиги, совуқ камерада унинг касали қўзиб қолгани – қорин бўшлиғида шиш пайдо бўлганини айтиб берди. Афсуски, учрашув муҳлати қисқа бўлгани боис кўп гаплаша олмадик, деди Елена Урлаева.

Ҳуқуқ ҳимоячиси 20 яшар Айланининг руҳий ҳолати ҳам жуда оғир эканини таъкидлади:

- Унинг қўрқа-қўрқа юришидан, оҳиста гапиришидан стресс ҳолатида эканини тахмин қилдим. Биринчидан, уни оғир жиноятчига ўхшатиб кишанда олиб келишди. Иккинчидан, у камерада сақланаётгани ҳам ёш жувонга жуда оғир руҳий босим бўлди. У Украинага жўнатилишдан қўрқаётганини гапирди. Қизиғи, у Ўзбекистон томонидан нимада айбланаётгани номаълумлигича қолмоқда. Тахминларимга кўра, у қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган экан. Аммо, бу жуда шубҳали иш – уни яхшилаб ўрганиш керак, - деди Елена Урлаева.

Ҳуқуқ ҳимоячиси альянс фаоли Малоҳат Эшонқулова билан бирга Ўзбекистон Омбудсмани ва Россия элчихонаси идораси олдида Айла Сафронова ҳимоясига пикет уюштиргани ва унга тез тиббий ёрдам кўрсатилиши талаби билан чиққанини билдирди.

Елена Урлаева билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:12 0:00
Бевосита линк

Елена Урлаева маҳаллий милиция, прокуратура ва бошқа идораларга сўров жўнатгани ва ҳозирча жавоб олмаганини ҳам айтди. У Россиядан Айланинг адвокати ва бошқа яқинлари билан алоқада бўлиб тургани, яқин кунларда унга тегишли бўлган ҳужжатлар етиб келишини маълум қилди.

Ҳозирда Айла Сафронова ҳуқуқларини Ўзбекистонда ҳимоялаш учун Альянс томонидан махсус адвокат ёллангани ҳам билдирилди.

Елена Урлаева Айла билан шу кабинетда учрашди
Елена Урлаева Айла билан шу кабинетда учрашди

Елена Урлаева бу қизнинг иши жамоатчиликка овоза қилиниши зарурлигини гапириб, шундай деди:

- Агарда бу қизни қийноқларга солишса, у сурхондарёлик ўзбек эканлигида, ИШИДчи эканлигида осонлик билан кўнади ва унга нисбатан енгиллик билан жиноий ишлар сохталаниши мумкин. Шу сабабли бу инсонни қутқаришимиз лозим, бу ҳодисани кўпчиликка етказишимиз зарур, дедиЎзбекистон Ҳуқуқ ҳимояси альянси (ПАУ) раҳбари Елена Урлаева.

Бундан олдинроқ, Озодлик Россиянинг Тюмень шаҳридан ўғирлаб кетилгани иддао қилинган ва Тошкентга жўнатиб юборилган 20 ёшли Айла Сафронова иши тўғрисида хабар берганди.

Украинанинг Славянск шаҳрида туғилган ва Россияда 3 ёшидан бери яшаб келган 20 яшар Айла Сафронова 9 декабр куни Ўзбекистонга депортация қилинди ва ҳозирда маҳаллий прокуратура текшируви остида изоляторда сақланмоқда.

Ҳимоячисининг айтишича, Айланинг онаси Натали ва укаси Денис ҳам Тошкентга депортация қилиниши хавфи остида қолмоқда ва шунинг учун улар полиция ва миграция идораси ходимларидан яшириниб яшашга мажбур. Тюмень маъмурлари фикрича, бу оила аъзолари ўзбекистонлик ва улар ҳужжатларни қалбакилаштирганликда айбланмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG