Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:09

Москвада муҳожирлар патентларидан тушаётган даромад 30 фоизга ошди


2016 йилда меҳнат муҳожирларига ишга рухсатнома – патент сотиш Москва шаҳри бюджетига ўтган йилга нисбатан 30 фоиз кўпроқ даромад келтирди. Москва мэрияси расмийларига кўра, ўтиб бораётган 2016 йилда мигрантлардан шаҳар ғазнасига 231 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағ йиғилган.

Россияда меҳнат муҳожирларидан йиғилаётган солиқлар шаҳар ва минтақа бюджетларига йирик даромад келтирмоқда.

Москва шаҳар маъмуриятининг Иқтисодий сиёсат ва тараққиёт департаменти раҳбари Максим Решетников Россия пойтахтининг ўзида 2016 йилда 400 минг патент сотилганини маълум қилди:

- Патент сотишдан бўлган тушумлар ҳисобига шаҳар бюджети жорий йилда 14 миллиард рублга ошди – бу ўтган йилга нисбатан 30 фоизга кўпроқдир, деди Максим Решетников ТАСС агентлигига берган интервьюсида.

Москва мэрияси департамент раҳбари ишга рухсатномалар олганларнинг аксар қисми Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Молдова ва Украина ватандошлари эканини маълум қилди.

Решетников сўзларига кўра, Москвада патентсиз ишлаётган мигрантлар қолаётган бўлса-да, охирги 3 йилда улар сони кескин камайиб кетган.

У минтақада нолегал ҳолатда қолаётган мигрантлар сонига оид аниқ рақамлар келтиришнинг иложи йўқлигини ҳам гапириб, 2016 йилда миграция қайдига Москва орқали Россияга кириб келган МДҲ ватандошлари олиниши, аммо уларнинг бир ҳудуддан иккинчисига кўчиши инобатга олинмаслигини билдирди:

- Яна бир муаммо шундаки, легаллашган айрим мигрантлар патентларини ўз вақтида тўламаяпти. Аммо таъкидлашим лозимки, ишга рухсатномаларни ўз вақтида тўлаётган муҳожирлар сони ҳам шу йилда 53 фоиздан 78 фоизга кўпайди, деди Иқтисодий департамент раҳбари.

Москва мэрияси матбуот хизмати тарқатган маълумотга биноан, 2015 йил давомида Москвада мигрантларга сотилган патентлар сони 455 мингни ташкил этган. Россия пойтахти 2015 йилда патент сотишдан 11 миллиард рубл (~182 млн. долл.) фойда кўрган эди.

Москвада хорижлик ишчилардан олинаётган даромаднинг кўпайишига, шунингдек, охирги икки йилда патент нархларининг 1300дан 4200 рублгача оширилгани таъсир этганини эслатиш лозим.

Айни пайтда, охирги йилларда ўзбек мигрантларининг Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари камайиб бораётгани қайд этилди.

Йилнинг 3-чораги натижаларига қараганда, Россиядан Ўзбекистонга 2016 йилнинг 9 ойида жисмоний шахслар томонидан $2,013 млрд. пул ўтказилган. Бу кўрсаткич 2015 йилнинг 9 ойига оид кўрсаткичдан 14,4%, 2013 йилнинг 9 ойига оид кўрсаткичдан 59,4% оздир.

XS
SM
MD
LG